Муаммо элни қийнамасин, деб…
Аёнки, қарийб олти йилдан буён жойлардаги Халқ қабулхоналари “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиб ҳал қилиниши устидан назорат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 17 январдаги 5633-сонли Фармони ва “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 8 январь кунидаги 4102-сонли қарори билан туман (шаҳар) Халқ қабулхоналарининг ишлари янада такомиллаштирилиб, янги вазифалар ва ваколатлар берилди.
Шўрчи тумани бўйича Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2020 йилда 15883 та мурожаат тушган: болалар нафақаси тайинлаш, маиший газ баллонлари олиш, алимент ундириш, иш билан таъминлаш, электр таъминотидаги узилишлар, уй-жой билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик сув таъминоти, электр тармоқ ускуналари (сим, устун, трансформатор)даги муаммолар, тадбиркорлик учун кредит, ер майдони ажратиш (ёшлар мустасно), моддий ёрдам, фирибгарлик ва бошқа талон-торожликлардан жабрланиш, электр энергиясидан асоссиз қарздорлик, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш, тадбиркорлик субъектларидан ер майдони олиб қўйилганлиги, уй-жойни таъмирлашга ёрдам: кўринадики, бу масалалар халқ эҳтиёжидан келиб чиққан ва одилона ёндашишни тақозо этади.
Шўрчи туманидаги Халқ қабулхонасига тушган мурожаатлар таҳлилига кўра, 2021 йилнинг 12 ойида 2020 йилга нисбатан мурожаатлар сони 371 тага камайган. Уларнинг 98,6 фоизи қаноатлантирилган, улардан 37,2 фоизига ҳуқуқий маслаҳат ҳамда 0,9 фоизига тушунтириш берилган.
Соҳалар таҳлили шуни кўрсатдики, ўтган 2021 йил давомида алимент ундириш, соғлиқни сақлаш, пенсия тўлови, болалар нафақаси тайинлаш, мактаб таълими билан боғлиқ муаммолар, турар-жой ҳақида, томорқа учун ер майдони ҳамда тадбиркорлик учун ер ажратиш, иш билан таъминлаш, иш ҳақи ундириш, моддий ёрдам бериш юзасидан мурожаатлар камайган.
Ўтган йил маҳаллалар кесимида мураккаб мурожаатларнинг 114 таси Халқ қабулхонаси томонидан ҳал этилган. Масалан, туманнинг “Ғармақўрғон” маҳалласида яшовчи Жуманазар Ҳамроев ва бошқалар (51 нафар) томорқа ер майдонларини сувли ер тоифасидан шўрланган ер тоифасига ўтказишни талаб қилишган эди. Ушбу мурожаатни туман Халқ қабулхонаси ўз иш юритувига олиб ўрганиб чиқди. “Агрокимё” станцияси Сурхондарё филиалига хат орқали мурожаат қилиниб, мутахассис чақирилди. Мутахассис уйма-уй юриб фуқароларнинг томорқа ер майдонлари ҳақиқатдан ҳам шўрланиб кетганлигини аниқлади ва уларнинг томорқаларини сувли ер майдонидан шўрланган ер майдонига ўтказиш ҳақидаги асосли хулосалар туман кадастр агентлиги ва давлат солиқ инспекциясига билдирилди. Муаммо ижобий ҳал қилинди. Эллик нафар фуқаронинг солиқ юки енгиллашди.
“Шалдироқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўтган йил баҳор фаслидаги кучли довул сабабли маҳалладаги 2 та таянч устун синиб ағанаши оқибатида элликдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилиб қолганлиги ҳақида Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди. Муаммо икки кун ичида бартараф қилинди. “Какан” маҳалласида яшовчи Сапар Шониёзов ва бошқаларнинг маҳалладаги трансформатор пункти куйиб яроқсиз бўлиб қолганлиги ҳақидаги талаб ҳам қондирилди—трансформатор қисқа муддатда таъмирланди. “Гулистон” маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони, боқувчисини йўқотган Гулчеҳра Ўринованинг оилавий шароити яхшиланди, Зарина Холмўминова ва Муштарий Одинаеваларнинг фарзандларини 7-сонли МТТга жойлаштиришларида амалий ёрдам кўрсатилди. Шу маҳаллада яшовчи 2-гуруҳ ногирони, меҳнат фахрийси Жўрабобо Холбоевнинг уйи атрофидаги деворлар ва ёрдамчи бинолар таъмирланди.
“Гулистон” маҳалласида ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 19,1 км. узунликда полиэтилен шланглар тортилди. Янгидан 2 та артезиан қудуқлари қазилиб, 4 та янги сув миноралари ўрнатилиб, сув таъминоти яхшиланди. Маҳалладаги жами 25,6 км. ички йўлларнинг 14,8 км. йўл қум-шағал аралашмаси билан таъмирланиб, 10,8 км. ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилди. Шунингдек, 7-мактабгача таълим ташкилотининг эски биноси бузилиб, ўрнида 90 ўринли замонавий МТТ биноси қад ростлади. Маҳалладаги 715 ўринли 14-умумтаълим мактабида 4 млрд. 230 млн. сўмлик реконструкция ишлари бажарилди. Икки қаватли маҳалла идораси биноси қурилди. Маҳаллада ўта юклама билан ишлаётган 182-ТПдаги 160 кВА қувватли трансформатор 250 кВА трансформаторига алмаштирилди. Жами 84 та янги таянч устунлар ўрнатилиб, 1,1 км. СИП кабеллар тортилди. М-41 автомагистрал халқаро йўл четига 77 дона кечки ёритиш чироқлари ўрнатилиб, кўп қаватли турар-жой биноси таъмирланди. Оғир ҳудуд тоифасидаги маҳаллалардан “Ғармақўрғон” маҳалласига янги 400 кВА қувватли трансформатор, “Қўштегирмон” маҳалласига 30 дона темир бетон—таянч устун ва юқори қувватли трансформатор ўрнатилиб, 400 метр замонавий СИП кабеллари тортилди, “Қораариқ” МФЙда 750 метр яроқсиз симлар янгисига алмаштирилди.
“Олийҳиммат” маҳалласида эса 330 ўринли замонавий мактаб янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Элбаён” маҳалласидаги 89-қишлоқ оилавий поликлиникасини таъмирлаш, “Совжиронбобо” маҳалласидаги 50 ўринли 25-МТТ биносини реконструкция қилиш, “Конобод” маҳалласидаги 75 ўринли 16-МТТ биноси қурилиши маблағ ажратилмаганлиги туфайли тўхтаб қолган эди. Халқ қабулхонаси томонидан вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК МЧЖга таклиф хати юборилиши натижасида ҳозирда “Конобод” маҳалласида 16-МТТ биноси қурилиши олиб борилмоқда. Тумандаги “Шўрчисувтаъминоти”, “Шўрчигазтаъминоти”, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, туман бандликка кўмаклашиш маркази, туман электр тармоқлари корхонасида Халқ қабулхонаси талаби билан текширув олиб борилди. Қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан уларга тақдимнома ва таклиф хатлари киритилди, муаммолар ва уларни ҳал этиш жараёнлари хусусида матбуотда мақолалар чоп этилди.
Юқоридагилар фаолиятимиздан айрим мисоллар, албатта. Халқ қабулхонасига бўлаётган ҳар бир мурожаат эътиборда бўлиб, оммавий қабуллар ўтказилиб, мурожаатларни вақтида ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Райимберди ХЎЖАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Шўрчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири