Журналистиканинг катта мактаби

Журналистиканинг асосини азалдан холислик, фақат ҳақиқатни гапириш, ёзиш, фикр юритилаётган мавзуга адолат билан ёндашиш ташкил этади.

Мустақиллик йилларида ўзбек журналистикасининг шакл­ланиш жараёни осон кечмади. Тўғри, бизда жадид боболаримизнинг ибрати бор эди. Аммо ягона мафкура ҳукмрон давр, матбуотга совуқ муносабат журналистлар учун кўп сабоқлар берди.

Минг шукрки, кейинги йилларда ОАВ фаолиятида, муҳитида эркинлик шабадалари эсиб, демократия нишоналари пайдо бўла бош­лади. Айни пайтда электрон шаклдаги нодавлат ОАВ воситалари ривожланмоқда, давлат нашрлари қаторида хусусий матбуот анча ривож топди.

Шу йил 5 февралда давлатимизнинг асосий расмий ахборот агентлиги ҳисобланган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА ташкил этилганига 30 йил тўлади.

ЎзАнинг асосий вазифа ва функциялари, мамлакатимизда амалга оширилаётган катта ислоҳотлар Агентлик фаолиятида қандай ўз ифодасини топаётгани тўғрисида кўп ижобий гаплар айтишимиз, берилаётган факт ва рақамларни санаб, яхши ўқилган мақолалардан мисоллар келтиришимиз, умрини журналистикадек машаққатли юмушга бағишлаган устозларнинг исм-шарифини номма-ном эътироф этишимиз мумкин, албатта. Зеро, ташкил бўлганига 30 йил тўлган қутлуғ санада бу ярашиқли ҳам бўлур эди.

Аммо азалий анъанадан сал четга чиқиб, бугунги журналистикамизнинг долзарб муаммолари ҳақида айрим мулоҳазаларимизни билдирсак, буям ўринли бўлса керак.

Дунё ҳар дақиқада ўзгариб турибди. Бугунги ОАВга кечаги талаб, кечаги мезонлар билан баҳо бериб бўлмайди. Кеча биз андиша қилиб айтолмай турган баъзи гаплар бугун ижтимоий тармоқларда, интернет каналларида, хусусий ОАВда баралла янг­рамоқда. Гоҳида ўзини “эркин журналист”, “блогер” деб атаётган айрим “ҳамкасб”ларнинг чиқишларини кўрганда лабингга учуқ тошади. Биз гўё матбуотимиз ўтмишига қора чизиқ тортиб бўлдик. Одоб-андиша қоидаларига, қадриятларимизга, муқаддас туйғуларимизга эскилик сарқити сифатида қарашга даъватлар сезилмоқда. Мулоҳаза ва тийран таҳлил ўрнига бетгачопарлик, ўлчамасдан қўлга қайчи олиш, юзинг-кўзинг демасдан ҳамма гапни айтавериш, фикрнинг яланғоч ифодаси тобора “урф”га кириб бормоқда.

Ана шундай “очиқлик”, “демократия” шароитида миллий журналистика қайси йўлдан бориши, бутун ҳаётини шу соҳага бағишлаган ҳамкасбларимиз қандай йўл тутиши керак?

Булар ҳаммамизни ўйлантирадиган оғриқли жиҳатлар албатта. Негаки, бугун майдонга ўзини ташлаётганларга қараганда томошабин бўлиб турганлар кўпроқ.

Очиғини айтайлик, бугунги кунда айниқса, ўзбек босма матбуоти давлат даражасидаги кўмакка муҳтож. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Гулистон”, “Маърифат” каби нашрлар, болаларга ихтисослашган газета ва журналларнинг жуда кам нусхаларда чоп этилаётгани ачинарли ҳол. Бу ҳаммамизни ҳушёрликка чорлайдиган ташвишли аҳволдир.

Биз эса ёмон, бузғунчи ахборотлардан фарзандларимизнинг мурғак онгини ҳимоя қилишимиз лозим. Бунинг учун ҳимоя воситаларимиз кучли бўлиши, миллий мафкура тарғиботи ҳаммага етиб бориши зарур.

Шубҳасиз 30 ёшни қаршилаётган ЎзА ўтган йиллар мобайнида собиқ ягона мафкура тарғиботчисидан том маънода халқ манфаатлари ифодачисига, яъни давлат ва халқимиз ўртасидаги кўприкка айланиб улгурди.

Агентлик ахборот тўплаш ва тарқатишга доир фаолиятини сиёсий ташкилотлар ва жамоат ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади.

Бугун ЎзА ўз Веб-сайти, Медиа марказига, ҳудудларда мухбирлик пунктларига эга. Ҳар куни 300 га яқин катта-кичик ахборот, хабар, турли жанрларга оид мақолалар Веб-сайтга қўйилиб, бир қисми республика ОАВларига узатилади. Унга саккиз тилда материаллар жойлаштирилади. Кейинги пайтда видео-ахборот   шаклидаги материаллар ҳам кўпаймоқда.

Албатта, сўнги тўрт-беш йил давомида мамлакатимизда кечаётган жиддий ислоҳотлар жараёнида ЎзА фаолиятида ҳам катта ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бу, айниқса, берилаётган мақолаларда фикрлар хилма-хиллигига риоя қилинаётгани, танқидий-таҳлилий чиқишларга кенг ўрин берилаётганида кўзга ташланади. ЎзА бугун ҳаммага – депутату дипломатга ҳам, оддий ишчию деҳқонга ҳам, ҳокиму вазирларга, ҳатто мухолифатчиларга ҳам минбар. Мамлакатимиз ОАВларида кечаётган ислоҳотларнинг бошида бугун шак-шубҳасиз — ЎзА ҳам бормоқда. Ижодий жамоа ўзларининг фидокорона меҳнати билан Ўзбекистонда демократик қадриятлар ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Айтиш мумкинки, жамоамиз ҳар дақиқада ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги ва эътиборини ҳис қилган ҳолда меҳнат қилмоқда.

Агентлигимиз бугунги кунда жаҳоннинг ўнга яқин етакчи ахборот агентликлари билан ўзаро алоқа ўрнатган. Лекин қанийди, ҳеч бўлмаганда жаҳоннинг етакчи мамлакатларида ҳам ўз мухбирлик пунктларимизни ташкил қилолганимизда! Чунки ахборотни биринчи манбадан олиб бериш журналистиканинг олтин қоидаларидан биридир.

Йиллар давомида ЎзАда журналистиканинг катта мактаби шаклланди. Бу ерда камол топган кадрлар ҳозирги пайтда мамлакатимизнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида, сиёсий-ижтимоий соҳаларида фаол меҳнат қилмоқда.

Қарийб йигирма йилдан буён камина ҳам ЎзАда ишлаётган инсон сифатида шу нарсани таъкидлашни хоҳлардимки, бу ерда ўз ишини яхши кўрадиган, фидойи одамлар – маҳорат ва профессионаллик нуқтаи назаридан катта амалий тажрибага эга журналистлар, техник ходимлар жамоаси шаклланган.

Бу ижод даргоҳида иш одатда тунда тугайди. Шанба, якшанба кунлари ҳам кўпинча иш бўлади. Ишдан сўнг тунги соатларда ЎзА биносидан уйга кетиш учун ташқарига чиққан 15-20 чоғли навбатчилар гуруҳига секин разм соламан. Улар бир-бирига қувноқ ҳазил-ҳузуллар билан машиналарга ўтиришади, чеҳраларида чарчоқ сезилса-да, кайфиятлари ҳамиша чоғ бўлади.

Бу ушбу даргоҳдаги илиқлик, ижодий руҳнинг баландлигидан, ўз иши, меҳнатидан кўнгил тўлиб ишлаш саодатидан бўлса керак.

Бундай жамоа билан катта ишларни амалга ошириш, ҳар қандай мушкул вазифани уддалаш мумкин. Навқирон ёшинг муборак бўлсин, азиз ижод даргоҳи!

Абдужалол ТАЙПАТОВ,

ЎзА Стратегияни белгилаш ва

мониторинг бўлими бошлиғи

Суратларда: ЎзА жамоаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =