Истеъмолчилар ҳуқуқи: сўзда эмас, амалда

Бугунги кунда ҳар бир истеъмолчи ўзига сифатли хизмат кўрсатувчи муассасани танлаб, унинг хизматларидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу унинг ҳуқуқи. Бу Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида истеъмолчи товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишига талаб қўйишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мувофиқлаштирувчи орган сифатида истеъмолчиларнинг молиявий хизматлар бўйича мурожаатларини ҳам кўриб чиқади. Бугунги кунда Агентликка бўлаётган мурожаатлар, шикоятлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган мурожаатларда баъзи банклар томонидан аҳолига сифатсиз хизматлар кўрсатилаётганлиги билдирилмоқда.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, Агентликка 2021 йил ва 2022 йилнинг I чораги давомида молиявий хизматлар билан боғлиқ 760 та мурожаат келиб тушган. Уларда асосан банклар томонидан кредитлар берилмаётганлиги, кредит тўловларини кечиктириш, тўлов тизимлари фаолиятидаги узилиш ва носозлик­лар, кредит шартлари, кредитга олинган товарларнинг нуқсонли эканлиги, пластик картадан пул ечиб олиниши, банкоматлар етишмаслиги ёки ишламаслиги, нобанк кредит ташкилотлари фаолияти, суғурта масалалари, кредит ташкилотларида қўшимча хизматлари ва комиссия тўловлари ҳамда бош­­қа масалалар бўйича истеъмолчилар муаммоларга дуч келишганлиги билдирилган.

Агентлик истеъмолчиларнинг банк хизматларига оид масалалардаги мурожаатларини кўриб чиқишда Респуб­лика Марказий банки билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Агентлик томонидан мурожаатлар ижобий ҳал этилиши натижасида 53 минг нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди ва 810 млн. сўм миқдоридаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди. Хусусан, мазкур мурожаатларнинг 70 фоизи истеъмолчилар фойдасига қаноатлантирилган бўлса, 13 фоизига тегишли тушунтиришлар берилиб, 7 фоизи ваколатли идораларга чора кўриш учун юборилди.

Агентликка истеъмолчиларнинг банкоматлардан фойдаланиш билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар тўғрисида келиб тушган мурожаатларда 65 фоизи банкоматда картадан пул ечилган, лекин нақд пул берилмаганлиги, 15 фоизида банкоматларда нақд пул йўқлиги ва бошқа муаммолар қайд этилган.

Ҳақиқатан ҳам мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ахборотлар таҳлилига кўра, жойларда банкоматлар етишмаслиги, доимий ишлаши таъминланмаслиги, носозликлар юзага келганда банкоматларга техник хизмат кўрсатиш муддати узоқлиги, фойдаланувчилар учун зарур маълумотлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Жумладан, банк фаолияти соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Рес­публикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунлар, Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Мавжуд ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан жорий йил май ойининг биринчи ярмида республика ҳудудларида жойлаштирилган 691 та банкомат бўйича ўтказилган кузатувларда, уларнинг 31 тасида банк номи, ишонч телефон рақами ва тўлов тизими ҳақидаги маълумот йўқлиги, шунингдек, 5 тасида банк номи ва 57 та банкоматда мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази телефон рақами ёзиб қўйилмаганлиги аниқланган.

Шунингдек, 2 та ҳолатда 24/7 шоҳобчаси ёпиқлиги, 31 та банкоматлар носозлиги сабаб ва ишламаётганлиги, 91 та банкоматда нақд пул йўқлиги қайд этилди.

Ёки, 39 та банкоматнинг ахборот хавфсизлиги таъминламаган ҳолда видеокузатув тизимлари ёрдамида банкоматлар билан ишлаш жараёнларии назоратга олинмаганлиги ҳамда 50 та банкоматнинг жойлашган ҳолати қониқарсизлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги Низомга (рўйхат рақами 3294, 2021 йил 3 апрель) мувофиқ, тижорат банклари томонидан ўрнатилган банкоматлар ва ўз-ўзига хизмат қилувчи қурилмаларда (инфокиоск) банк номи, мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази телефон рақами ҳамда қурилма уланган тўлов тизими логотипи бўлиш лозимлиги белгиланган (44-банд).

Банклар томонидан ўрнатилган банкоматларнинг иш фаолияти ва нақд пул билан таъминланганлиги устидан доимий назорат ўрнатилиши лозим.

Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчиларининг тўлов тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги Низомга (рўйхат рақами 3268, 2020 йил 30 июнь) мувофиқ, тижорат банклари банкоматларни видеокузатув тизимлари ёрдамида ахборот муҳофазасини таъминлаши ва банкоматларга жисмонан таъсир этишни назорат қилиши керак.

Бундан ташқари, айрим юртдошларимиз томонидан электр энергияси ва табиий газ учун банк ёки почта кассалари орқали тўлов амалга оширилганда, асоссиз равишда комиссия пули олиб қолинаётгани юзасидан эътирозлар ҳам билдирилган.

Аслида эса коммунал хизматлар (электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, иссиқ ва иссиқ сув таъминоти, ичимлик суви ҳамда маиший чиқиндиларни олиб чиқиш) тарифлари банк хизматлари харажатларини инобатга олган ҳолда шакллантирилган. Шунга мувофиқ, коммунал ташкилотлар тижорат банклари билан келишув битимини имзолаб, банк хизматлари учун устама ҳақини ўз тушуми ҳисобидан амалга ошириши лозим бўлса-да, бундай келишув битимлари тузилмаганлиги сабабли, истеъмолчилар бир хизмат учун икки маротаба ҳақ тўлашга мажбур бўлган.

Айрим ҳолатларда эса баъзи бир тижорат банклари ва тўлов тизимлари хизматлари учун шартномалар асосида коммунал ташкилотларидан устама ҳақи олган бўлишига қарамасдан, қўшимча равишда аҳолидан ҳам устама ҳақ ундириб келган. Масалан, АТИБ “Ипотека банк” филиаллари томонидан аҳолидан коммунал хизматлари учун тўловларни банк кассалари орқали амалга оширилганда, ҳар бир тўлов учун қўшимча 1 000 сўм миқдорида комиссия пули ундириш ҳолатлари кузатилган.

Агентлик ушбу масала юзасидан банкка нисбатан иш қўзғатган, бугунги кунда банк томонидан ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Умида МАНСУРОВА,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш агентлиги

бош мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =