Ёшлар тарбиясига бахшида умр
Урганч шаҳар марказидаги бир томони “Авесто” боғига туташ “Ниҳол” хусусий мактабига таниқли педагог Умида Собирова ҳақида нимадир ёзиш ниятида келдим. Ҳовли сатҳидан бино ичкарисига кирарканман, гўзал манзарадан ҳайратландим. Ҳаммаёқ чиннидай топ-тоза. Ораста кийинган ўқувчилар кишига тавозе ила салом беришади. Навбатчи ниятимни билгач, мени директор қабулхонасига бошлади. Деворда қаҳрамонимизнинг Президентимиз Ш. Мирзиёев билан бирга тушган сурати илинган. Менимча, бу сурат мамлакатимиз раҳбарининг Хоразмга ташрифи чоғида туширилган бўлса керак. Деворнинг бошқа тарафида эса ўқувчи ва ўқитувчиларнинг рейтингги белгилаб бориладиган жадвал. Жавон токчаларига ҳужжатлар, китоб-дафтарлар дид билан териб қўйилган. Дераза рахларида кўм-кўк гуллар…
Кўп ўтмай директор чиқиб мени хонасига бошлади. Унинг муомаласи шу қадар самимий эдики, худди минг йиллик танишлардек суҳбатга киришиб кетдик.
— Қўлимга илк бора бўр ушлаб “ўқитувчилик” қила бошлаганимда чамаси олти ёшларда эдим, — дея кулиб сўз бошлади Умида Собирова, — кўчамиздаги ўзим тенги болаларни уйга йиғиб, уларга “дарс” ўтардим. Кунгура печдан доска сифатида фойдаланганман. Қоп-қора печнинг ост қисми менинг шарофатим билан доим оқариб турарди. Раҳматли онам Ўғилжон Жуманиязова ҳам педагог бўлган. Мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, табиатан тиниб-тинчимайдиган, касбини жуда қадрлайдиган инсон эди. Дарсликларда берилган асар парчалари онамни қаноатлантирмасди. Шу боис албатта ўша асарларни тўлиғича ўқир, дарсларга пухта тайёргарлик кўрардилар. Ана шундай муҳит таассуротларда улғайдим. Олис болаликдаги туйғулар таъсиридами, ёки онасини хотирлагани учунми Умида оғир тин олди.
Умида таълим олган Хива педагогика билим юртининг донғи мамлакатга ёйилган, ўша даврнинг нуфузли даргоҳларидан бири ҳисобланарди. Билим юртида кўп йиллар раҳбарлик қилган, техникумда кучли, иқтидорли педагоглар жамоасини шакллантирган тажрибали раҳбар Роза Билоловани эса республикамизда кўпчилик танир ва ҳурмат қиларди.
Умр кутиб турмайди, яхши-ёмон кунлар бир-бирини қувалаб ўтаверади. Ҳаш-паш дегунча ўқишни битирди. Бўлажак педагог амалиётни Хива шаҳридаги М. Миршарапов номли (ҳозирги 6) умумтаълим мактабида ўтади. Яна кимнинг қўлида денг, мактабда қаттиққўл устоз дея ном чиқарган, тажрибали ўқитувчи Назира Шомурадованинг. Суҳбатдошим раҳматли устозини хотирларкан, амалиётни талабчан муаллиманинг қўлида ўтаб тўғри қилганини, ўқитувчиликда сочи оқарган соҳа мутахассисдан кўп нарса ўрганганини мамнуният билан таъкидлади. Ўқишни муваффақиятли тугатган Умида уйига яқин Хива шаҳар мактабларининг бири Темирязев номидаги ҳозирги 8-умумтаълим мактабида куни узайтирилган гуруҳ тарбиячиси бўлиб иш бошлади.
У мактабнинг ҳам, билим юртининг ҳам аълочи, жамоатчи ўқувчиларидан бири бўлган. Энди ҳам шунга муносиб ишлаб ўзини кўрсатиши керак! Одатий кунларнинг бирида ўзига бириктирилган гуруҳда очиқ дарс ўтди. Очиқ дарсни кузатган мактаб директори Ғайрат Юсупов унга олти ёшли ўқувчилардан иборат тажриба-синов синфини очиб беради. Буёғи жуда ғаройиб. Кичкинтойлар биринчи синф ўқув дастурини беш ойдаёқ ўқиб тамомлашади. Қизиғи, ёзги таътил давридаям тиним билмай, ҳар куни мактабга қатнаб, уч ой ичида иккинчи синф ўқув дастурини ҳам муваффақиятли ўзлаштиришади. Бу “шов-шув”ли хушхабар тезда воҳада овоза бўлади. Бу орада вилоятдаги малака ошириш институтининг бошланғич синфлар бўйича методисти Дилбар Усмонова бошчилигида бир гуруҳ комиссия аъзолари мактабга келиб, унинг ўқувчиларидан иккинчи синф ўқув дастури бўйича назорат иши олишади. Ҳайратомуз натижа. 26 нафар ўқувчининг барчаси ҳам фақат аъло баҳо олади. Бу натижадан ҳамма лол қолган. Ҳа, бу мактабда бир кун ҳам дарс қолдирмай, фақат аъло баҳода ўқиган, билим юртининг “юзи” — фаоли бўлган кечаги талаба — Умида Собирова эди. Ундан буни кутса бўлади. Воқеалар ривожи бундан-да қизиқ кечган: ўша ўқувчиларнинг бари янги ўқув йили — сентябрь ойидан учинчи синфга ўқишга қабул қилинади. Бу унинг муаллима сифатидаги илк муваффақияти эди.
Сўнг турмушга чиқди — яхши оилага келин бўлди, фарзандлар кўрди. Ҳаёт аччиқ-ширин ташвишларнинг ҳеч бири унинг иродасини буколмади, аксинча у ўз устида янада қаттиқроқ ишлашга ҳаракат қилди. Чунки у ўз касби, фарзандидай бўлиб қолган жонажон ўқувчиларини севарди. Аслидаям бошқача бўлиши мумкин эмас. Ҳаётда ҳар доим пешқадамликка интилиб яшаш керак. Бу унинг ўзгармас шиори. Яна у шуни ҳам англаб етдики, таҳсилни давом эттириши шарт!
Шу тариқа Умида 1999 йилда УрДУнинг бошланғич таълим ва тарбиявий ишлар факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Ўқиш давридаям университетнинг энг фаол талабасига айланди, олийгоҳдаги устозлар назарига тушди. Кейинчалик уни университетда ишга олиб қолмоқчи ҳам бўлишди. Бироқ Умида қадрдон ўқувчилари бағрига қайтди. Ўзининг севимли мактабига келиб ишини давом эттирди. Қўшимча ўтилган дарслар учун ортиқча ҳақ тўланишини кутмасдан ўқувчиларга дарсдан ташқари машғулот ўтказишни одат қилди. Хиваликларнинг кўпчилиги фарзандларини Умида Собированинг қўлида таҳсил олишини хоҳлашар, ноёб устоз сифатида овозаси вилоят миқёсига ёйилди.
Хом сут эмган банда ўзини эртага нималар кутиб турганини билмаскан. Энг азиз инсон — онасини йўқотгач, оиласи билан Урганчга кўчиб келишди. Касбига чин муҳаббат қўйган инсон ҳамиша мулоҳазали бўлади. Урганчда қайси мактабда ишлайман, янги жамоа билан тил топишиб кета оламанми, деган ўй унга тинчлик бермасди. Аслида бу ташвишлар унинг учун ортиқча. Чунки юқорида таъкидлаганимдек, у аллақачон вилоят миқёсида тажрибали устоз сифатида танилган. Дарҳақиқат, Урганч шаҳридаги 5-сон умумтаълим мактабига ишга жойлашиши билан жамоага киришиб кетди. Мактаб директори, олий тоифали ўқитувчи, халқ таълими аълочиси Нодира Вафоева ҳам уни ёлғизлатиб қўймади. Билмаганларини ўргатди, ҳаракатчан Умиданинг ташаббусларини хайрихоҳлик ила қўллаб-қувватлади. Шу боис, у бу даргоҳда ўн олти йил ишлади.
Маълумки, Ўзбекистоннинг янги юксалиш даврида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бирин-кетин хусусий мактаблар очила бошланди. Собиқ ўқувчиларидан бирининг отаси — ишбилармон Мақсуд Зоиров унга, шерикчилик асосида бирга ишлаш таклифини билдирди. “Мен мактаб қурдираман, сиз эса уни бошқарасиз,” — деди. Таъсисчи сўзининг устидан чиқди. Мактаб қурилиши узоққа чўзилмади. Шу тариқа, 2018 йили сентябрь ойидан “Ниҳол” хусусий мактаби ўз иш фаолиятини бошлади. Европа русумидаги мактаб, барча шарт-шароитлар муҳайё. Кенг, ёруғ, замонавий жиҳозлар билан безатилган шинам синфхоналар. Хуллас, ҳавас билан ўқигулик, жон куйдириб ишлагулик маскан бунёд бўлди. Бироқ тўлов масаласи ҳам бор. Хусусий мактабда етарлича ўқувчилар келиб ўқирмикан, умуман харажатлар қопланармикан? Иш бошламасида Умиданиям, таъсисчиниям бу каби саволлар ўйлантирди, албатта. Аммо ўқувчилар ортиғи билан йиғилди. Маҳоратли педагоглар суҳбат асосида танлаб олинди.
— Биласизми, 2018 йил мен учун тафсилотларга бой йил бўлди, — дейди Умида Собирова, — шу йилнинг 30 ноябрида мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга сафари чоғида бизнинг мактабимизга ҳам ташриф буюрдилар, мени мамнун этгани Президентимизнинг ўқувчи-ёшларимизга юксак ишонч билдирганлари бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир ўқувчига планшет, мактабимизга яп-янги автобус совға қилинди. Янги мактаб лойиҳаси учун шундоққина “Авесто” боғи ҳудудидан 3000 кв.м. жой ажратилди.
Кўп ўтмай 2019 йилнинг август ойида Умида Собирова шахсан Президент қўлидан “Дўстлик” орденини олишга сазовор бўлди. Бу мактаб жамоаси зиммасига янада масъулият орттирди. Бугунги кунда 208 нафар ўқувчи ўқийдиган “Ниҳол” хусусий мактабида 45 нафар ўқитувчи, 15 нафар ишчи-ходим хизмат қилади. Ташкил этилганига эндигина тўрт йил бўлган мактаб ўқувчилари жаҳон олимпиядаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашди.
“Ниҳол”да ўқувчиларга уч маҳал иссиқ овқат берилади. Ва яна мактабда мантиқ илми, инглиз тили ва математика фанлари чуқурлаштириб ўтилади. Ўқувчилар бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланиши моҳир мураббийлардан шахмат ўйинининг барча сир-асрорларини ўрганиш имкониятига ҳам эга. Умида Собированинг сулолавий давомчилари — фарзандлари Беҳзодбек ва Шаҳзодбеклар ҳам энг нуфузли олийгоҳларни битириб, она касбини давом эттиришяпти. Бир-биридан ширин-шакар, бийрон тилли жажжи невараларни айтмайсизми, улар аллақачон турли тилларда шеър ёдлашни бошлаб юборишган. Олманинг тагига олма тушади, дейишгани шу бўлса керак.
Хуллас, гўзал чеҳрали, фариштали аёл Умида Собирова ибратли оила соҳибаси, меҳрибон она, жонкуяр педагог, уддабурон раҳбар. Аминмизки, шу раҳбар етакчилигидаги устозлар меҳри ва касбига бўлган садоқати таъсирида албатта бу даргоҳдан ҳам халқпарвар, ватанпарвар, олижаноб, улуғ инсонлар етишиб чиқади.
Сайёра СОЛАЕВА,
“Hurriyat” мухбири