Мамлакатдаги етакчи ахборот манбаи

Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзА)

ташкил этилганига 30 йил тўлади

Жаҳон тараққиётининг турли даврларига назар ташланса, жамият ҳамиша ахборотга кучли эҳтиёж сезиб келгани маълум бўлади. Ахборот майдони учун кураш нафақат мамлакатнинг ичида, шу билан бирга, унинг ташқарисида ҳам кечади. Мустақил давлат ахборот сиёсатида эркин бўлмоғи, ўз мақсадларини оммага, қолаверса, жаҳон аҳлига тезкор, холис етказиб берувчи миллий ахборот агентликларига эга бўлиши тақозо этилади.

Ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда эндигина мустақиллик йўлига қадам қўйган давлатимизнинг Миллий ахборот агентлиги бундан роппа-роса 30 йил муқаддам — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон ахборот агентлиги (ЎзТАГ)ни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га айлантириш тўғрисида”ги Фармонига биноан ташкил этилди.

2019 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, ЎзА — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги республика ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий ахборотларни тарқатувчи расмий ахборот агентлиги экани қайд этилди ва агентлик фаолияти тубдан қайтадан такомиллаштирилди, моддий-техник базаси замонавий талаблар асосида янгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик самарали давом этаётгани, хусусан, Уюшма томонидан ўтказилган тадбирлар ЎзА мухбирлари томонидан мунтазам ёритиб келинаётганидан мамнунмиз. Журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича Уюшма ва Агентликнинг биргаликда амалга оширилаётган ишлари, шубҳасиз, миллий ахборот маконининг равнақига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, ЎзА мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатини, жа­миятимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни, амалга оширилаётган туб ислоҳотлар моҳиятини, аҳамияти ва самараларини холис, изчил ва Ўзбекистон миллий манфаатлари нуқтаи назаридан ёритадиган расмий давлат ахборот агентлиги ҳисобланади.

Халқ хизматида куну тун бўлиб, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб яшайдиган, жамиятда юз бераётган муҳим ўзгариш­лар, устувор ғоя ва ташаббусларнинг маъно-моҳиятини одамларга тезкорлик ва холислик билан етказадиган, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига дадил кириб борадиган журналистлар ҳақида сўз юритилганда, биринчи навбатда, кўз олдимизда ЎзА мухбирлари гавдаланади.

Негаки, республикамиз миқёсидаги янгиликлар, ахборот ва хабарларни тезкор ва холис етказиб бериш амалиёти ушбу Агентликда муҳим тамойил сифатида қадрланади.

Яна бир муҳим жиҳати, ЎзА Ўзбекистон Рес­публикаси қонунлари, Президент қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузалари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат қарорлари, энг муҳими, улар фаолиятига оид ахборотлар биринчи бўлиб ёритиб бориладиган расмий ахборот манбаидир.

Мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатини, амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш; жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш; ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шакл­­да Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш; юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривож­лантириш ҳам ЎзА фаолиятида устувор вазифалардандир.

Маълумки, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига турли йилларда бир қанча таниқли журналистлар раҳбарлик қилган. Айниқса, Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори этиб тайинлангандан кейин ЎзАдаги эски қолиплар ўзгарди. Агентлик фаолиятида катта ижобий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, мақолаларда фикрлар хилма-хиллиги намоён бўлди, танқидий-таҳлилий чиқишларга кенг ўрин берилди. ЎзА турли соҳа вакиллари учун том маънода минбар вазифасини ўтай бошлади. Ижтимоий ҳаётдаги шундай муаммолар ёритилдики, дастлабки пайтларда буни кўпчилик тасаввурига ҳам сиғдира олмади.

Тан олишимиз керак, кейинги беш йилда журналистикамизда рўй берган ўзгариш, янгиланиш ва ривожланишларни илгари тасаввур этиш қийин эди. Соҳа ва унинг вакилларига кенг эркинликларнинг берилиши журналистларга кўтаринкилик бағишлаши баробарида уларда замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юриш ҳисси ва масъулиятини оширди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бугун нафақат юртимизда, балки жаҳон ахборот майдонида ҳам ўз ўрнига эга тузилма сифатида танилмоқда. Дунёдаги ўнга яқин етакчи ахборот агентликлари билан ўзаро алоқа ўрнатилгани ва агентликнинг Веб-сайтига саккиз тилда материаллар жойлаштирилгани ҳам шундан далолат беради.

Ўзбекистон Президентининг юртимиз ҳудудларига, хорижий мамлакатларга сафарлари ҳақидаги ахборотлар ЎзА мухбирлари томонидан тайёрланиб, республиканинг барча ОАВларига тезкор етказиб берилаётгани эътирофга молик.

Яна бир қувонарли жиҳати, сўнги йилларда ЎзА Медиа маркази ташкил этилиб, ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлаш, аудио ва видео материалларни қайта ишлаш, уларни ЎзАнинг веб-сайтига жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида,   республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Гарчи 30 йил тарих учун қисқа вақт бўлса-да, шу давр ичида ЎзА миллий журналис­тикамизда ўзига хос мактаб яратди. Агентликда қанчадан-қанча ёш кадрларнинг қалами чархланди, улар бугунги кунда етук мутахассислар сифатида мамлакатимизнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида, сиёсий-ижтимоий соҳаларида фаолият олиб бормоқда.

Янги Ўзбекистоннинг ахборот маконида юқори мақомга эга бўлиш мақсадида Ўзбекис­тон Миллий ахборот агентлиги ўз фао­лиятини янгича, айтиш мумкинки, жаҳон ахборот майдони эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Қолаверса, мамлакат ОАВнинг, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг олдинги қаторида бўлиши ҳам замон талаби. Шундай экан, ҳали Агентлик тизимида ҳам яна қатор ишлар амалга оширилишига ишонамиз.

Мухтасар айтганда, Агентлик ижодий жамоасининг намуна сифатида кўрсатиладиган жиҳатлари бисёр. Эзгу мақсад йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган азиз ҳамкасбларимиз — ЎзА ижодий жамоасини Агентлик ташкил этилганининг 30 йиллиги билан муборакбод этиб, уларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва улкан ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − fourteen =