Жаҳонни қамраётган “Олтин қалам”

Инсоният тафаккурининг ривожланишида оддий қаламнинг беминнат хизмати беқиёс. Оламшумул ғоялар ҳам, муҳим тарихий воқеа-ҳодисалар ҳам, буюк алломаларнинг асарлари ҳам дастлаб қалам орқали қоғозга муҳрланган ва шу йўл билан авлоддан-авлодга етказилган. Ўзбекистон Қаҳрамони, севимли шоиримиз Абдулла Орипов “Ўзбекистон” қасидасида “Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер” дея битиб, қаламга алоҳида урғу бергани бежиз эмас, назаримизда.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида ўтказиладиган танловлар дунё миқёсида, мамлакатимизда ҳам кўп бўлишига қарамасдан, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг нуфузи баланд,   нафақат маҳаллий, балки хорижлик журналистлар ҳам “Олтин қалам”га интилмоқда десак, асло муболаға бўлмайди.

Албатта, буни сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй­-ҳаракатлар жараёнида табиий ҳолат сифатида қабул қиламиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати туфайли нафақат қўшни давлатлар, балки узоқ ва яқиндаги хорижий мамлакатлар билан алоқалар мус­таҳкамланиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, хорижлик журналистларнинг Янги Ўзбекистонга қизиқишини сезиларли даражада оширмоқда.

Ҳар йили 3 майда Жаҳон матбуоти эркинлиги кунини дунё бўйлаб кенг нишонлашдан бош мақсад ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, барча минтақаларда ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, сайёрамизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни холис ва ҳаққоний ёритиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган беҳаловат касб эгалари — журналистларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Бу муҳим сананинг тарихига назар ташласак, 1991 йил 3 май куни Африка мамлакатлари мустақил матбуоти вакиллари Намибиянинг Виндхук шаҳрида декларация қабул қилиб, жаҳондаги барча мамлакатлар ҳукуматларини матбуот эркинлиги ва унинг демократик хусусиятини таъминлашга даъват этган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси қарорига кўра, 1993 йилдан бошлаб ҳар йили 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни сифатида нишонланиб келинмоқда. ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган 1986 йили хизмат вазифасини бажараётганда ҳалок бўлган колумбиялик журналист Гильермо Кано номидаги мукофот шу куни фидойи журналистларга матбуот эркинлигига қўшган ҳиссаси учун топширилади.

Ўзбекистонда ҳам бу сана кенг нишонланади. 2006 йили Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан халқаро миқёсда танлов ўтказиш ташаббуси билан чиққан. Миллий ва халқаро журналистиканинг ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фаол фуқаролик позициясини намоён этишлари учун шароит яратиш, журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни шакллантириш, ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий журналистика ривожига ҳисса қўшишни рағбатлантириш мақсадида Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган “Олтин қалам” Миллий мукофоти таъсис этилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу ишлар доирасида 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ҳар йили юксак савияда ташкил этилади. Бу танлов   халқаро майдонда матбуот ва сўз эркинлиги соҳасида мамлакатимиз нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари доимий равишда оммавий ахборот воситалари вакилларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Куни кеча эса ажойиб бир хушхабар эшитдик. “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, жаҳон бўйича 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди. Бу ҳам   мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлиги таъминланаётганининг бир эътирофидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Икромович Асадов Журналистика соҳасида “Олтин қалам” мукофотини топшириш маросимида иштирок этди ва тантанали тадбирда сўзга чиқиб журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини эслатиб ўтди.

“Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилгани бўйича жавобгарликни кучайтириш бўйича бугун керакли ишлар бошланган”, – деди Ш.Асадов.

“Шубҳасиз, қаерда миллий матбуот эркин ва кучли бўлса, ўша мамлакатда халқчил ислоҳотлар ҳам бардавом бўлади. Кучли матбуотни эса ўз фаолиятида холислик, адолат ва ҳақиқат мезонларига амал қилувчи профессионал журналистлар яратишига ишончим комил”, – дея алоҳида таъкидлади Президент матбуот хизмати раҳбари.

Шу ўринда, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловда хорижлик журналистларнинг иштироки масаласига яна эътибор қаратсак ўринли бўлади. Зеро, яқин йилларгача “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси танловнинг асосий йўналишида эмас, рағбатлантирувчи номинациялари қаторида бўлган ва бор-йўғи бир нафар хорижлик журналист мукофотланган. 2021 йилдан бошлаб уларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон   ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси танловнинг асосий йўналишига киритилди. Журналистика соҳасида “Олтин қалам” XV танлови ғолиб ва совриндорлари сафидан “Business Turk” журнали бош муҳаррири Рузубай Акурен (Туркия Республикаси) жой олиб, Ўзбекис­тонда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёнини Туркияда кенг ва таҳлилий ёритиб келаётгани ва мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ривожига қўшаётган ҳиссаси учун 1-ўринга муносиб кўрилган. 2-ўринни Тожикистон Республикаси ҳукумати қошидаги Телевидение ва радио қўмитаси “Овози тожик” радиоси ўзбек бўлими катта муҳаррири Атобек Ғоибов ўзбек-тожик маданий, ижтимоий-иқтисодий алоқаларини тарғиб этувчи кўрсатувлари, радиоэшиттиришлари ва мақолалари учун қўлга киритган. “NDR” телерадиокомпанияси, “Deutschlandfunk” радиостанцияси ва “Zentralasien-Analysen” журналининг Марказий Осиё бўйича иқтисодий эксперти Биргит Ветцель (Германия Федератив Республикаси) ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг ёритилган материаллари учун 2-ўринга сазовор бўлган. Шунингдек, “Sputnik” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Дилшода Раҳматова (Россия Федерацияси) Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик муносабатлар ҳақидаги материаллари учун, “Хабар” телеканали бош муҳаррири Жасин Биркенов (Қозоғистон Республикаси) Мўйноқда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистонда пандемия даврида аҳолига кўрсатилаётган кўмак, Ўзбекис­тон ва Қозоғистон муносабатларига бағишланган туркум репортажлари учун 2-ўринни эгаллаган. Бундан кўриниб турибдики, ўтган йили 5 нафар хорижлик журналист “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг асосий йўналишларидан бири – “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси бўйича мукофотланган.

Бу йил “Олтин қалам” XVI танловида йигирмага яқин давлатдан қирқ нафардан зиёд журналистлар қатнашгани, улар орасида Европа, Осиё, Африка, Америка қитъасидан ОАВ вакиллари борлиги танловга хорижда ҳам қизиқувчилар сафи кенгайиб бораётганидан далолат беради ва бутун дунёни қамраб олаётганининг бир исботидир. Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва Тожикистон Республикасидан Журналистлар уюшмаси раислари ва вакиллари “Олтин қалам” танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимига иштирок этиш истагини билдиргани ва улар мукофотларни топширишда бевосита қатнашиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Хўш, буларнинг сабаби нимада? Биринчидан, танловлар орасида “Олтин қалам”нинг нуфузи баланд, мукофотлари миқдори молиявий жиҳатдан салмоқли. Иккинчидан, фақат ижодий ишлар мавзунинг ижтимоий аҳамияти, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати, ижодий фаолиятга янгича ёндашув каби мезонлар бўйича баҳоланди. Учинчидан, шаффоф ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Олтин қалам” XVI танловида 448 нафар ОАВ вакиллари 5 мингга яқин ижодий ишлари билан қатнашди. Буни ҳудудлар кесимида айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳридан 150 нафардан зиёд, Қорақалпоғис­тон Республикасидан 40 нафар, Сурхондарёдан 29 нафар ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ўнлаб журналистлар танловда иштирок этди.

Бу йил ҳам “Олтин қалам” танловида журналистлар энг кўп иштирок этган номинация босма нашрлар йўналиши бўлди ва 140 нафар журналистнинг бир ярим мингга яқин ижодий ишлари кўриб чиқилди. Мазкур номинация бўйича танловда қатнашган энг ёши улуғи иштирокчи 82 ёшда бўлса, энг ёш иштирокчи 16 ёшда экани, улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис Сенати аъзоси каби устоз журналистлар борлиги эътиборга моликдир.

Танловда телевидение йўналиши бўйича 126 нафар журналист иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг мингдан ортиқ ижодий ишлари кўриб чиқилди. Эътиборли жиҳати, танловнинг бу йўналиши бўйича ижодий ишларини тақдим этган журналистлар орасида давлат мукофотлари соҳиблари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида ўтказилган турли танловларда ғолибликни қўлга киритган таниқли журналистлар ҳам бор.

Бу йил “Олтин қалам” XVI танловида радио йўналиши бўйича 40 нафарга яқин журналист қатнашди ва уч юздан кўпроқ ижодий ишлар кўриб чиқилди. Мазкур номинация иштирокчиларининг аксарияти журналист аёллар эканини таъкидлаш жоиз. Танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият, ижодий фаолиятга янгича ёндашув, энг муҳими, журналистнинг фуқаролик позицияси ижодий ишларда яққол кўринди.

Танловнинг интернет-журналистика номинацияси бўйича   45 нафар журналист иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан тўрт юздан ортиқ ижодий иш кўриб чиқилди. Мазкур номинация бўйича танловда қатнашганларнинг асосий қисмини ўттиз беш ёшгача бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари ташкил қилди. Иштирокчилар орасида ғолибликка муносиблар кўп, аммо ғолиблик ўринлари чекланган.

“Олтин қалам” XVI танловининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган материалларни баҳолашда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг расмий jurnalistiar.uz сайти орқали кенг жамоатчилик иштирокидаги онлайн баҳолаш ҳам инобатга олинди. Сайтда танлов иштирокчиларининг электрон рўйхати шакллантирилиб, “Олтин қалам-2022” саҳифасига уларнинг ижодий ишлари жойлаштирилди. Бунда ҳар бир танлов иштирокчисининг алоҳида саҳифаси бўлиб, ижодий ишларини баҳолаш тизими ҳам автоматлаштирилди.

Бундан ташқари, баҳолашнинг дастлабки босқичида ижодий ишлар ҳар бир йўналиш бў­йича ишчи ҳайъат аъзолари томонидан ўрганилиб, ҳар бир ижодий иш 5 баллик тизим асосида баҳоланди. Иккинчи босқичда ижодий ишлар кенгайтирилган ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва ҳар бир ижодий иш 5 баллик тизим асосида баҳоланди. Ҳакамлар ҳайъати тасдиғидан ўтганидан сўнг электрон йиғилган баллар ҳам қўшилиб, якуний натижа чиқарилди.

Ғолиблар учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилди:

Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот. Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 200 баробари миқдорида (яъни 54 000 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланди.

Асосий мукофотлар:

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар); Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар); Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ – 1-, 2-, 3-ўринлар); Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).

Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун – 1 та биринчи ўрин, 4 та иккинчи ўрин (босма ОАВ, ТВ, радио, интернет).

Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 160 баробари миқдорида (яъни 43 200 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирландилар.

Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 140 баробари миқдорида (яъни 37 800 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирландилар.

Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 120 баробари миқдорида (яъни 32 400 000 сўм) пул мукофотини қўлга киритишди.

Танловнинг рағбатлантирувчи номинациялари ғолиблари диплом, “Олтин қалам” статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 50 баробари миқдорида (яъни 13 500 000 сўм) пул мукофоти соҳибига айланишди.

Шу ўринда мазкур номинацияларга тўхталиб ўтсак, улардан ҳар бири ҳозирги кунда долзарб ҳисобланади.

“Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материаллари учун”. Кўп йиллар давомида “давлат – жамият – инсон” тамойилга амал қилиб келинган бўлса, энди барча ҳаракатлар “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойилга қаратилди. Инсон биринчи ўринга қўйилди. Аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, айниқса, инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

“Маҳалла, оила ва гендер тенглик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун”. Маҳалла ўзини-ўзи бошқариш органларининг энг ёрқин кўриниши, айни пайтда фуқаролик жамиятининг асоси ва таянчи деб тан олингани билан ўзининг юксак мавқеига эга. Оилаларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакл­лантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳалла муҳим ўрин тутади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларининг жамиятдаги нуфузини оширишга жиддий эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътирофга молик. Инсон, аввало, оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакл­лантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Гендер тенглик масаласи ҳам жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунинг­дек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Танловнинг “ОАВ билан фаол ҳамкор ахборот хизмати” номинацияси бўйича сўз юритсак, хабарингиз бор, бир пайтлари ахборот хизмати пойтахтдаги давлат ташкилотларидагина бўларди ва уларда фаолият олиб борадиган журналистларнинг шу соҳага оид тор доирадаги мақолалари   онда-сонда газеталарда кўриниб қоларди. Бунга ҳеч ким эътибор бермас эди. Бугунги кунда эса давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ҳатто чекка туманларда ҳам кузатилади. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу рақам 3000 га етди. Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланди. Турли ташкилотларнинг ахборот хизматларида фаолият олиб бориб ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган журналистларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда. Мисол учун, Энергетика вазирлигидаги ахборот хизмати ходимларининг таҳлилий мақолалари хориждаги нуфузли нашрларда ҳам чоп этилаётгани бизни қувонтиради.

“Олтин қалам” танловига “Ўзбекистон тарихи ёритилган энг яхши материал учун” ва “Энг яхши фоторепортаж” номинация киритилгани ҳам эътиборга лойиқ. Негаки, она Ватанимиз тарихини оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб бериш орқали ёш авлод онгида миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғулари шакллантирилади. Фоторепортаж жанри ҳам матбуотда муҳим ўрин тутади.

“Олтин қалам” XVI танловида халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари томонидан номинациялар эълон қилингани янада эътиборга молик. Жумладан, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 4 та номинация бўйича, Хитой Халқ Рес­публикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 4 та номинация бўйича, Озарбайжон Рес­публикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳ.Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан 2 та номинация бў­йича, Германия халқаро ҳамкорлик жа­мияти томонидан 2 та номинация бўйича ижодий ишлар қабул қилинди. Энг асосийси, халқаро ҳамкорлар томонидан эълон қилинган номинациялар ғолибларига ушбу давлатларга саё­ҳат сертификатлари ҳам тақдим этилди.

Мухтасар айтганда, “Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти учун халқаро танлов Янги Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнларига монанд кўтаринки руҳда, юксак савияда бўлиб ўтди. Танлов ғолиб ва совриндорларини яна бир бор қутлашдан бахтиёрмиз.

Олимжон ЎСАРОВ,

“Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти учун

халқаро танлови ташкилий қўмитаси раиси,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 4 =