Янги Ўзбекистоннинг глобал таклифлари

Бугунги кунда Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлар дунёнинг кўплаб давлатлари ОАВда ҳам кенг ёритилмоқда. Янгиланаётган жамиятимиздаги ислоҳотлар ўнлаб таниқли экспертлар, мутахассислар ва ҳатто, журналистларни-да мушоҳадага чорламоқда.

Қуйида “Туркия хабарлари Босфор” газетаси ва “Туркия 24” портали бош муҳаррири Талха Баликнинг мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилган оламшумул ишларга таҳлилий нигоҳи билан танишасиз.

Давлатлар ўртасидаги самимий муносабатлар, энг аввало мазкур мамлакатларнинг манфаатларига хизмат қилади, савдо-сотиқ ривожланади, халқлар ўртасида илиқлик, меҳр-оқибат кучаяди, борди-келди кўпаяди.

Мен бир журналист сифатида айни ҳолатни Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда кўп йиллардан буён мунтазам кузатиб келаман.

Биласиз, журналист халқи кўп синчков ва анча-мунча ҳиссиётли қавм бўлади.

Туркияда нашр этиладиган “Туркия хабарлари Босфор” газетасига 2006 йилда дўстларим билан асос солганман. Дарвоқе, у мамлакатимда рус тилида чиқадиган илк газета. 16 йил давомида нашримиз саҳифаларида қаламга олинмаган мавзу қолмади ҳисоб. Ўзбекистон ҳақида ҳам кўп ва хўп ёзилди-чизилди.

Муносабатларимизда “совуқ” давр кечаётган вақтларда ҳамкасбларим орасида “Ўзбекистоннинг кўзини очиб қўйиш керак”, дейдиганлар ҳам бўлди. Касбдош­ларимизнинг айримлари, нега Ўзбекис­тонни кўкларга кўтарасан, бундай давлатга фақат танқид ярашади”, деб мени озорлашарди. Биз, яъни “босфорчилар” бундай эҳтирослардан ҳамиша тийилганмиз.

Ўша пайтда мен уларга:

— Аввало, Ўзбекистон ва Туркия бир қавмдаги қондош-жондош, ака-ука давлатлар. Ака-укалар орасига ҳам гоҳо совуқчилик тушади, сан-манга борилади. Вақт-соати билан қариндошлар барибир топишиб оладилар. Унгача ҳар икки томонга Аллоҳдан сабр тилайлик, — дердим.

Бундан ўн икки-ўн беш йил аввал айт­ганларим, Яратганга шукур, 2016 йили амалга ошди.

Ўша йилнинг кузида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таъ­зиясига қатнашиш учун Туркия давлати раҳбари Ражап Таййип Эрдоған Самарқандга ташриф буюрди.

Таъзия маросимидан кейин Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказилди. Икки давлат етакчиларининг диллари дилларига тўғри келди, гап-сўзлари бир жойдан чиқди. Етакчилар бир куннинг ўзида мақсадни аниқлаштириб олдилар: пайсалга солмасдан муносабатларни яхшилаш чоралари кўрила бошланди.

Назаримизда, икки раҳбарнинг бир-бирларини бу қадар тез англашининг туб илдизлари бор. Мана қаранг: иккала раҳбар ҳам аввал ўз мамлакатларида ҳукуматни, ке­йинчалик давлатни бошқарганлар. Эрдоған 2003-2015 йиллари, яъни 12 йил Бош вазир лавозимида хизмат қилган бўлса, Мирзиёев 2003 йилдан эътиборан, яъни 13 йил Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган.

Мен иккала Президентни прагматик, узоқни кўра билувчи раҳбар, деб биламан. Мамлакатларимиз етакчилари бошчилигида барча соҳаларда тенглик асосидаги ҳамкорлик туфайли, ростини айтсам, бугунги Ўзбекистон-Туркия муносабатларини бошқа кўпгина мамлакатларга ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди. Қисқа муддатда борди-келдилар шу даражада кўпайдики, биз журналистлар уларнинг сонини санашда, кузатишда чалғиб ҳам кетдик. Мисол учун, газетамизнинг деярли ҳар сонида Ўзбекистонга оид хабар, мақола чоп этилади: кеча Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Анқарада музокаралар ўтказди, бугун Туркиянинг нуфузли ҳайъати Тошкентга учиб кетмоқда, эртага “Лазги” ансамбли Истанбул, кейинги кун Бурсада концертлар беради… Илоҳим кўз тегмасин!

Мен сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг нафақат Туркияда, балки жаҳонда ҳам обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганини кўриб ичимда суюнаман. Қаранг, давлат раҳбарининг йилига чет элга 4-5 марталаб сафарга чиқиши, бундан-да кўплаб хориж давлатлари етакчиларининг Тошкентда кутиб олиниши, булар оддий кундалик ташвишга айланди.

Пандемия вазиятида халқаро ишлар видеоконференцалоқа шаклида давом этди. “Катта еттилик”, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ва бошқа халқаро анжуманлар ҳам шу шаклда ўтказилди.

Аниқ эслайман, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2020 йилдаги йиғилишида Ўзбекистон Президенти тарихда илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлади. Шавкат Мирзиёев 75-сессияда бир қатор муҳим таклифларни кўтариб чиқди.

“Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш”, “Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш”, “БМТ шафеълигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш”, “БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конферен­цияни ўтказиш”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ БАнинг махсус резолюциясини қабул қилиш”, “Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ БА навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш” таклифлари… Булар ҳали ҳаммаси эмас.

Дарвоқе, қашшоқлик ва камбағаллик мавзулари айтилгани бир сари, уларни амалга ошириш яна бир гап. Эшитганим бор: Ўзбекистонда “темир дафтар”, яъни ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир аҳоли вакилларига ёрдам кўрсатиш ҳокимиятлар томонидан жиддий назоратга олинган. Маълумотларга кўра, бугун дунёдаги оилаларнинг тахминан ярми камбағалликда кун кечиради, Ўзбекистон тажрибаси жаҳондаги камбағалликдан қутулолмаётган давлатлар учун ҳам тайёр дастурдир.

Президент Ш.Мирзиёев ШҲТ йиғилишларидаги нутқларида ҳар доим ўта муҳим мавзуларда қарашларини баён этиб келади. 2019 йилда Бишкекдаги ўз нутқида дунёдаги геосиёсий вазиятга баҳо берар экан, замонавий халқаро муносабатлар туб ўзгаришлар даврини бошдан кечираётган ҳозирги пайтда “Шанхай руҳи” тушунчаси қанчалик аҳамиятли эканига барчанинг эътиборини қаратди. Айнан ушбу ташкилотга асос солиниши халқаро муносабатлар тизимига “Шанхай руҳи”ни олиб кирди.

ШҲТнинг 2020 йилдаги йиғилишида эса ШҲТ ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини таъкидлаб, аъзо давлатларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтиришга чақирди.

Ш.Мирзиёевнинг “Умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси — “Шанхай руҳини” мус­таҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим” деган сўзлари дунёвий аҳамиятга эгадир.

Яна бир муҳим гап шундаки, Ўзбекис­тон Президенти саммит иштирокчиларини Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишни қўллаб-қувватлашга чақирди. Шу муносабат билан “ШҲТ-Афғонис­тон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонис­тоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмак­лашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди.

Афғонистон ҳақида мен ҳам бир фикр айт­гим келди. Жабрдийда афғон халқи яна қанча пайт азобда яшаркин? Ўзбекистон ўзидан орттириб, шу мамлакатга мудом ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Мозори-Шарифдаги аэропортни таъмирлаб берди, электроэнергия етказиб беришда узилишлар бўлмаяпти, деб эшитаман. Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон халқаро темирйўл қурилиши битса, қанча-қанча халқларга улкан манфаатлар келтиради.

Биз Ш.Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб иш кўришини кузатар эканмиз, келажакда Карачи портидан фойдаланиш Ўзбекистонга қандай фойдалар келтиражагини сездик. Айни чоғда, Ўзбекистон зилзила ва сел тошқинларидан жабр кўрган афғон халқига пешма-пеш гуманитар ёрдамлар етказиб тургани ҳақида “Босфор” газетамизда қатор хабарлар эълон қилдик.

ШҲТнинг 2021 йилги юбилей саммитида ҳам Ўзбекистон етакчисининг ташаб­буслари халқаро ҳамжамият диққатига сазовор бўлганига гувоҳ бўлдим. Президент умумий хавф-хатар ва таҳдидларга ўз вақтида ва биргаликда жавоб қайтариш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ маконида дўстликни мустаҳкамлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, хусусан юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш, ковиддан кейинги реабилитация соҳаларидаги ҳамкорлик, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳамда ўзаро бозорларга чиқишни енгиллаштиришни назарда тутадиган минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Маълумки, бир йилдан бери Ўзбекстон ШҲТга раислик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида 90 га яқин турли-туман тадбирлар, учрашувлар ўтказилди. Самарқандда сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига қизғин тайёргарлик кўрилаётганидан хабарим бор.

Яхши биламан, Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш орқали минтақалараро қўшилган қиймат занжирларини яратишда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Тошкент шаҳрида ҳар йили “Иннопром – Марказий Осиё” саноат форумининг ўтказилиши бунинг учун янги имкониятлар очади. Президент ана шуларни асослаб берди.

Яна бир ўта ибратли воқеани айтмасам бўлмас. МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаган Ш.Мирзиёев 2021 йилги Санкт-Петербург саммитида асосий эътиборни учта: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликка қаратишни таклиф этди.

МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади.

Ўта муҳим масала бу. Ҳа, азизлар, глобал иқлим шароитида барқарор “яшил” тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга оширишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш ўта долзарб.

Янги Ўзбекистон етакчиси бошчилигида ана шундай муҳим, долзарб халқаро ташаббусларнинг аксарияти амалга оширилмоқда, улар режалар сафида қолиб кетмаяпти. Бу таклифлар ўзбек халқининг манфаатларидан келиб чиқиб жаҳон афкор оммасига етказилмоқда, қолаверса улар мамлакат имижини юксалтиришга хизмат қилиши муқаррар.

Турк Давлатлари Ташкилоти (эски номи Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши)га Ўзбекистон 1992 йилда аъзо бўлиб кириб, кейинчалик унинг фаолиятида қатнашмай қўйганди. Турк дунёси деганда уни Ўзбекис­тонсиз тасаввур қилиб бўлмасди. Ота-боболаримиз Туркияга бу тупроқлардан боришган, қавмдош мамлакатлар орасида нуфузи ва жуғрофий жойлашуви бўйича баобрў йирик давлатсиз бу Ташкилот доим камчиликни сезиб турарди.

2019 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекис­тонга унга қайта аъзо бўлиб кирди-ю, Турк дунёсининг бағри тўлди. Энди бу Ташкилот бошқа халқаро иттифоқлар сингари обрўси юксак ва эътиборли бўлди. Бу Ш.Мирзиёевнинг Турк дунёси ҳамкорлик ишига қўшган энг тарихий воқеа бўлиб қолди.

Мақолани тайёрлаш жараёнида Ўзбекис­тоннинг геосиёсий жойлашуви ҳақида гапириш лозим эканини ўйлаб қолдим. Марказий Осиёнинг барча давлатлари ва Афғонистон билан чегараси бўлган ягона мамлакатдир. XIX асрда ҳам бу минтақага кўз тикканлар озмиди? Аввалига Туркистон, кейинчалик Ўзбекистон 130 йиллик асоратдан қутилиб, яйраб яшайман, деб турганида 1999 ва 2005 йил воқеалари юз берди. Ғанимлар ҳали ҳам тинч ўтирганлари йўқ. Қорақалпоқ халқи бошига тушган оғир кунларни кўриб, эшитиб, қайғуга тушдим. Ана шунда яна Президентнинг қисқа кунда икки марталаб бу юртга бориши, халқ билан учрашиб, уларнинг кўнг­лига қарагани катта гап. Ш.Мирзиёев “Мен ҳам қорақалпоқман”, деди. Президентнинг бу сўзи унинг Оролбўйини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, Мўйноқдаги ўзгаришлар, кимсасиз, чўл-у биёбонларда боғ-роғлар яратишда исботини топаётир.

Дунё тарихида ўчмас ном қолдирган Шарл Де Голль (Франция), Конрад Аденауэр (Германия), Жорж Вашингтон (Америка) ва бош­қалар ҳали ҳануз ҳурмат билан тилга олинади. Яқин тарихимизда Хитойнинг юксалишини аввало Мао Цэздун, кейин Дэн Сяопин билан боғлашади, Туркияни Мустафо Камол Отатурк, Аднан Мендерес, Турғут Озал ва Эрдоғансиз тасаввур қилиш қийин. Бу шахс­ларнинг номларини тилга олганда доимо Ўзбекистон раҳбари кўз олдимга келаверади. Бу, у кишининг ҳам жонажон республикасини илғор давлатлар қаторига олиб чиқиш учун интилаётган реформатор сиёсатчи, бўлаётганидадир, балки…

ЎзА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 7 =