Хива миноралари ёхуд асрлар қаъридаги синоат

Қадимий Хивадаги кўҳна обидаларни минораларсиз тасаввур этиш қийин. Агарки, дунёга машҳур минораларни хаёлан йўқ дея тасаввур қилсангиз, шаҳар қиёфаси нақадар ғариб ва кўримсиз бўлиб қолганлигини кўришингиз мумкин… Хива минораларининг кўплиги ва уларнинг чиройи, юртнинг қудрати, бойлигини намойиш қилиб, қалъа атрофининг доимий кузатуви билан душманни қўрқувга солган.

Минора сўзи араб тилида — маёқ, машъал   маъноларини билдиради. Ислом дини мамлакатларида миноралар масжид ва мадрасалар ёнида барпо этилиб, унда мусулмонлар намозга чорланган.

Бироқ ислом дини Хоразмга кириб келмасидан ҳам олдиноқ воҳада миноралар бўлган ва   улар карвонлар учун “маёқ” вазифасини ўтаган. Бепоён қумликлар бағрида фақат минора-маёқ барпо этилибгина қолмай, улар ёнида қудуқ-сардобалар ҳам қазилган.

Ислом дини кириб келганидан сўнг эса миноралар масжидлар ёнида бунёд этилган ва   мусулмонларни намозга чорлаш вазифасини бажарган.

Машҳур наққош Абдулла   Болтаев ўзининг Хива обидаларининг қурилишига бағишланган   китобида минораларнинг бунёд этилиши бў­йича ҳам ўзининг устозларидан ўрганганлари асосида ёзиб кетган. Асарда бу ҳақида шундай фикрлар бор: “минорани бунёд этишда уста энг биринчи бўлиб миноранинг эгасидан сўрайди. Яъни, миноранинг баландлиги, узунлиги қанча метр бўлажагини билиб, шунга қараб минора солинажак ерини 5-6 метр   чуқурлигида қазиб тупроқларини олиб ташлайди ва пойдеворини яхшилаб оҳак ва цемент билан янги ғиштдан ишлаб чиқади. Минора ер юзасига етганида   минора қанча метр бўлишини билиб, шунга қараб юмалоқлаб фарёр   билан ишлайди. Ер юзига чиқиб бир метр ўргандан сўнг, қора қоғоз (сув ўтмас смолали қалин   картон) ёки мум ҳам мармар   қўяди. Миноранинг ғиштларига сайқал бериб ишлайди. Минорани режа бўйича ишлаш учун катта майдонда қозиқ қоқиб, қора ип боғлаб миноранинг тагини 8 метр, учини 6 метр қилиб, узунини ҳам 60-70 метр қилиб ипни қозиққа   боғлайди. Устани ўзи юқори ерда ипни   кўринишига қараб, уста кўзи (тажриба, билими) билан қарайди…”.

Минора қуришда, аввало, мўлжалланган жой бир неча метр чуқурликда ва   кенгликда   қазилар, тагзаминда то ернинг устки қатламигача   катта-катта тоғ тошлари териб чиқилар ва булар “тирноқ” деб аталиб, ҳар томондан камида 20-30 метрлар масофадан ўраб   келиниб, ер устига етгач, бирлаштирилганича яхлит ҳолга келтирилган.

Шундан кейингина бир текис ғиштлардан минора қурила бошланган. Миноранинг   ҳар 30-40 сантиметрида қаттиқ ўзакли ёғоч (кўпинча қайрағоч дарахти)дан зинапоялар қўйилган. Бу зинапоялар минора   деворини мустаҳкамлаш учун ҳам хизмат қилган.

Миноранинг баландлиги ошган сари баланд ёғочлардан ҳавозалар қўйилиб, тевараги одамлар кўзи тушмаслиги учун қамиш чипталар-чийлар билан ўралган. Ғиштни фақат бир кишигина ўлчовларга асосланиб терган. Анъанага кўра, устанинг исми миноранинг бунёдкори сифатида пештоқига албатта   ёзиб қолдирилган.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, ХХ аср бошларида Хивадаги ҳар бир масжид ва   мадраса ёнида минора бўлиб, улар сони 7 тани ташкил қилган. Афсуски, уларнинг аксарияти вақт ўтиши билан емирилган бўлса, яна айримлари собиқ шўролар томонидан йўқ қилиб   юборилади.

Ҳозирги кунда Хивада атиги 12 та минора сақланиб қолган. Улар қуйидагилар:

1. Масжиди жоме минораси.

2. Исломхўжа минораси.

3. Тўрт шоҳбоз минораси.

4. Кўк-Муҳаммад Аминхон минораси.

5. Саййид Ниёз Шоликорбой минораси.

6. Тўра Мурод тўра минораси.

7. Полвон қори минораси.

8. Абдол бобо минораси.

9. Кабутархона минораси.

10. Чилла авлиё минораси.

11. Муҳаммад маҳрам минораси.

12. Бикажон бика минораси.

Улар турли даврларда турлича услуб ва кўринишда бунёд этилган бўлиб, баландлиги ҳам ҳар хил. Тарихий   қўлёзмаларда уларнинг ким томонидан ва қачон қурилгани ҳақида аниқ сана ва маълумотлар бўлса-да, халқ оғзаки ижоди намуналарида миноралар қурилиши билан боғлиқ кўп­лаб ривоятлар   мавжуд.

Эътиборлиси шундаки, миноралар ноёб меъморий ёдгорлик сифатида ҳанузгача кўрку тароватини кўз-кўз қилиб, қуёшнинг   заррин нурларида жилоланиб турганига қарамай кимёгар, муҳандис ва олимлар минораларга зийнатланган ғишту тошлар, турли ранглар таркибини тўла аниқлай олмаяптилар. Хусусан, 1908-1910 йилларда қурилган, узунлиги 57 метр бўлган Исломхўжа минорасига феруза, ложувард, оқ, сариқ ва кумуш рангли сопол ғиштлар ишлатилган. Айрим олимлар минораларга ишлатилган қоришма тупроқ   хорижий давлатлардан келтирилган десалар, баъзилари ўша тупроқ бия сутига қорилган, қир ва адирларда ўсадиган доривор ўсимликлар қайнатилиб, уларнинг сувига лой қорилган ва махсус хумбузларда уч ой пишитилган, дея тахмин қиладилар.

Қисқаси, қурилган давридан ҳозиргача тарихнинг тилсиз гувоҳи бўлиб, пардоздан чиққан санъат асаридай ўтмиш аждодларимиз маҳоратини оламга намойиш этаётган ноёб меъморий обидалар ҳозирги кунда ҳам шаҳарларнинг кўрку тароватидир, десак хато қилмаган бўламиз. Афсуски, собиқ шўро мафкурасининг қаттоллиги оқибатида 1930-50 йилларда Хоразм воҳасида мавжуд бўлган қуйидаги миноралар бутунлай йўқ қилиб   юборилади:

1. Поянда минораси.

2. Абдукарим оқсоқол минораси.

3. Боғча,Иброҳим хўжа минораси.

4. Мусофирхона минораси.

5. Муҳаммад Раҳимхон 2 минораси.

Хуллас, миноралар — тарих. Улар бугун Хивага борган ҳар бир сайёҳга ўзининг виқор ва салобатини намойиш этиб турибди.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =