Қадр топган қорақалпоқ эли бу!

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан

 

Ватан остонадан бошланади, деган   нақл нақадар рост! Остонадан оёқ оширдингми, қадрдон маҳллага, севимли гузарларга, жонажон кўчаларга юзланасан. Уларнинг ободлигини, чиройини кўриб кўзлар яшнайди, юзларида, нигоҳларида шодлик, турмушдан мамнунлик балқиб турган қўни-қўшниларни, ёру биродарларни учратиб кўнгиллар қувнайди. Бундай фараҳга, бундай шукуҳга не етсин?! Мана шу илк учрашув, илк таассурот бизга доимо ҳамроҳлик қилади. Мана шу ширин дийдор, ҳузурбахш манзаралар сабаб дилимиз ёришади, хаёлотимизда янгидан-янги орзулар, режалар туғилади, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига   иштиёқ уйғонади. Шунинг учун ҳам бугун юртимизда, Янги Ўзбекистонда маҳаллаларни ободонлаштиришга, у ерда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу оламшумул лойиҳалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурларда белгиланганидан, стратегик тараққиёт йўналишига устувор киритилганидан, “Инсон қадри ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш йили”нинг энг муҳим вазифалари қаторидан жой олганидан халқимиз хабардор.

Бугун ушбу режаларнинг бемисл шижоат билан ҳаётга татбиқ этилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айниқса, чекка туман ва қишлоқлардаги бунёдкорлик ишлари, обод бўлаётган гўшалар, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар, имкониятлар барчамизга қувонч, ғурур бахш этади. Куни кеча давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида кўркига кўрк қўшилаётган, яшнаш-­яшариш палласига кирган чекка маҳаллаларга ташриф буюрди, у ердаги аҳоли билан дилдан суҳбатлашди, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига тамал тоши қўйди.

Биз Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан Давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг Қорақалпоғистонга бориб, узоқ йиллар давомида экологик қийин бўлган ҳудуд аҳли билан суҳбатлашиб қайтдик, бу элнинг Президентимиз ташрифидан нақадар шод, хурсанд бўлганига шоҳид бўлдик. Шундоқ Нукус шаҳри биқинида жойлашган Чимбой гузарида қисқа фурсат ичида амалга оширилган ишлар билан танишиб, очиғи ҳайратда қолдик. Бўлар экану, бундай шарт-шароитларни, ободончиликни бир ярим ойга етар-етмас вақтда амалга оширилиши ҳудди тушга ўхшайди, дейишди чимбойликлар.

Қуйидаги сўзимиз ана шу маҳалла хусусида.

Атиги қирқ кун ичида ташландиқ, хароба овул гўзал бир шаҳарчага дўнди! Атиги қирқ кун ичида икки мингдан зиёд хонадонга оби ҳаёт, зангори олов, нур кириб борди! Қиш осмонида қуёш чарақлагани каби тунд чеҳраларга шоду хуррамлик, мамнуният, адолатга, ҳақиқатга ишонч балқди! Одатда, бундай ҳодисаларни мўъжиза, деб атаймиз. Мўъжизалар эса эртагу чўпчакларда бўлади, деймиз. Аммо бизнинг ҳикоят айни ҳақиқатдир! Ишонмаганлар Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти Нукус шаҳри биқинидаги Чимбой гузарига келиб кўрсин! Бу ердаги эл-улусдан сўраб-суриштирсин! Қирқ кун аввал Чимбой гузари қандай аҳволда эди? Қум уюмларига кўмилиб ётган, қуюқ юлғунзорга, янтоқ-тиканларга бурканган, чала-ярим иморатлардан иборат бир маскан эди! Катта бир шаҳарнинг шундоққина қаншари остида бундай аянчли, ташландиқ маҳалла бўлишига, албатта, биров ишониши қийин. Аммо афсус­ки, ҳаммаси рост, аччиқ ҳақиқат! Ана, яқиндагина барпо этилган равон, асфальт йўл бўйлаб кетаётган Айбика Жўлдас қизи ҳам ҳаммасига гувоҳ! У асли Кегайли туманидан. Бир парча томорқасида амал-тақал тирикчилик қилиб юрарди… Ҳамма кўргулик ўн беш йил аввал, маҳзун кунларнинг бирида бош­ланди. Эри, уста Нурлан гўё хушхабар топиб келди. Нукуснинг ёнгинасида одамларга ер-участкалари бўлиб бериляпти экан, таниш топиб қўйдим, оз-моз харажат эвазига бир ҳовлилик жой олиб беради, деди. Эрнинг сўзларидан Айбиканинг қувончи кўкка ўрлади. Бир юмалаб шаҳарлик бўлиб кетиш орзусида ўртанди. Кегайлидаги кенг-мўлгина, бироқ сувсизликдан қавжираб ётган томорқа, уй-жой сотилди. Унинг пулига ўзлари режа қилгандек, Нукус биқинидаги Чимбой гузаридан тўрт сотих ер “гаплашиб” олишди. Чала-ярим хонадон тикланди. Не тонгки, улар каби шаҳарга яқин бўлиш илинжида юрган одамлар кўп экан. Ер-участкалар талаш бўлди. Аҳоли сони тобора орта борди. Шу баробарида, барча орзулар аста-секин саробга айлана бошлади.

— Яшашга мутлақ шароит йўқ эди, — деб эслайди Айбика, — овулдагидан баттар аҳволга тушдик. Йўл, кўча деганлари ёзда чанг-қум, қишда ботқоқ, шаҳарга етиб олиш учун аввал беш чақирим яёв юриб, катта трасса бў­йига чиқиб олишимиз керак эди. Йўл азобидан безиллаб қолгандик. Сув, газ, электр масалаларини-ку айтмаса ҳам бўлади.

Кунлар кетидан кунлар, йиллар ортидан йиллар ўтарди. Чимбой гузари аҳолиси ободончилик сўраб идорама-идора югуришди, раҳбарларнинг эшигини қоқишди. Лекин ҳеч қандай наф бўлмади.Сал инсофи бор раҳбар ваъдани қуюқ қилди, зарию зўрига ишонганлари дўқ-пўписа билан бўсағадан қувиб солди. Маҳаллангиз давлат планида йўқ, ўзбошимча ўрнашиб олгансизлар, гузарни яқинда текислаб ташлаймиз, чет эллик бизнесменларга сотамиз, эсингиз борида у ердан тезроқ кўчиб кетинг, дейдиганлар ҳам топилди, ҳатто. Начора, осмон узоқ, ер қаттиқ: чимбойликлар оғир аҳволда қолди, кимдир кўчиб кетиш пайига тушди, кимдир хўрликларга чидаб амал-тақал кун кўришда давом этди.

— Эрим Нукусдан иш тополмади, Урал томонларга кетди. Бироқ хасталикка чалиниб уч йил аввал вафот этди, — деб кўз ёшлар билан ҳикоя қилади Айбика, — мен уч нафар бола билан бева қолдим. Шаҳарда коса-товоқ ювиб кун кечирдим. Ўтган кузда мен ҳам касал бўлиб қолдим. Коранавирусга чалиндим-ов, деб қўрққандим, бироқ, хайрият, ундай эмас экан.

Ҳа, ундай эмас экан. Шифокорлар ҳам тузук­роқ ташхис қўйиша олмади. Сизнинг касалингиз жуда оғир, уни дори-дармон билан тузатиб бўлмайди, деб қолди бир куни таниқли шифокор. Айбика унинг ҳузуридан отилиб чиқди. Уйи­­га келиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Кегайлидан келган синглиси рўзғорига қарашиб турган бўлди.

— Бир ойча бурун, эрталаб ғала-ғовурдан, гуриллаган, тариллаган товушлардан уйғониб кетдим, — деб ҳикоясини давом эттиради Айбика, — маҳаллани чини билан бузишга келишди-ёв, деган хаёлда ташқарига чиқдим. Қарасам… кўча тўла амалдор сиёқли одамлар, турли техникалар…

Ҳа, ўша тонгда Чимбой гузарини ободонлаштириш ишларига оқ фотиҳа берилди! Янада тўғрироқ таърифлайдиган бўлсак, Чимбой гузари ҳам мамлакатимиздаги неча-неча чекка ҳудудлар   каби улкан бунёдкорлик майдонига айланиб кетди.

Албатта, қурилиш,   таъмирлаш, ободончилик ишларинининг салмоқли қисми энергетика соҳаси ходимлари зиммасига тушиши сир эмас. Бу ерда ҳам “Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамиятига қарашли ишчи-хизматчилар, техникалар туну кун меҳнат қилди. 100 донадан зиёд сим устунлари тикланиб,   салкам 50 километр масофага электр тармоқлари тортилди, 11 дона трансформатор қурилмалари ўрнатилди.   Йўлсозларнинг, сув, газ таъминоти корхоналарнинг хизматлари ҳам беқиёс бўлди. Гузардаги 3 мингга яқин   хонадонлар ичимлик суви, зангори олов билан таъминланди. Кўча-кўйлар, йўллар текисланиб, бетон, асфальт қопламалар ётқизилди. Қирқ кун аввал сафарга кетиб, ниҳоят, уйига қайтган чимбойлик киши ўз маҳалласини, ўз хонадонини таниёлмай қолган бўлса, ажабмас.

— Албатта, бу ерда фақат ободончилик ишлари билан чекланиб қолинмайди, —дейди маҳалла фаоли Азира Болтабекова, — аҳолини иш билан таъминлаш, бандлигини йўлга қўйиш борасида ҳам қатор режалар амалга оширилмоқда.

Ҳа, дарҳақиқат шундай. Қишин-ёзин даромад берадиган қатор иссиқхоналар қуриб эгаларига топширилди. Кўпгина хонадонларга чорва моллари, паррандалар улашилди. Ўз тадбиркорлик ишларини юритиш учун зарур маблағлар билан таъминланди. Айниқса, гузар ёнида 300 нафар хотин-қизларни ўз бағрига оладиган тикув-бичув корхонаси қад ростлагани барчани қувонтирди.   Қаҳрамонимиз Айбика Жўлдас қизи ҳам худди мўъжазгина гўшанинг қўли гул ходимасига айланди. Айни кунда ишчи-хизматчиларига махсус либослар тикиш билан банд.

Куни кеча ҳудуд билан танишиш, оддий одамлар билан дилдан суҳбат қуриш, улардан ҳол-аҳвол сўраш мақсадида ташриф буюрган мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевни Чимбой гузари аҳолиси хуш- кайфият, кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Ҳар бир сўзида элга, юртга меҳр-муҳаббат, фидойилик, эҳтиром рўй-рост сезилиб турган   давлатимиз раҳбарини қизғин олқишладилар. Чунки муҳтарам Президентимиз Чимбой гузарига ташриф буюришдан аввалроқ Қорақалпоғис­тон Республикасининг қатор туманларида бўлган, у ерларда қорақалпоқ элининг фаровон келажагини таъминлайдиган, турмуш даражасини янада оширадиган қатор лойиҳалар борасида сўз юртилган эди. Жумладан, Беруний туманида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда   шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйилди. Мазкур лойиҳа ишга тушгач, 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлади. Йилига 106 миллион куб метр табиий газимиз тежалади. Яна бир муҳим томони, станция қурилишида минг нафар қорақалпоқ ёшлари ҳам қатнашади. У ишга тушгач эса, 100 нафар малакали муҳандис ва техник ходимлар юқори даромадли дои­мий иш билан таъминланади. Албатта, бу ҳали ҳаммаси эмас. Давлатимиз раҳбари Берунийдаги нуфузли анжуманда қайта тикланувчи энергия манбалари шарофатидан келгуси беш йил ичида 3 мингга яқин янги корхоналар ташкил этилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга оширилишини алоҳида таъкидлади. Бунинг барчаси фарзанд­ларимиз, келажак авлодлар манфаати учун, деди. Қорақалпоқ эли, жумладан, Чимбой гузари аҳолиси ушбу оламшумул муждалардан беҳад севинди. Давлатимиз раҳбари билан ўз маҳаллаларида учрашишгач, дил сўзларини, қувончларини изҳор қилишга шошилдилар.

— Маҳалладаги ўзгаришларни, сизларнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим, — деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев енгил жиҳозлардан тезкор қурилган корхона фао­лия­ти билан таниша туриб, — қўлида ҳунари бор аёлнинг кайфияти яхши, оиласи ҳам барқарор бўлади. Бундай ишларни ҳали кўп қилишимиз керак. Албатта, қийин бўлади. Лекин биз бир оиламиз. Бирлашиб, ҳамма режаларни амалга ошира оламиз.

Биз бир оиламиз! Юракдан чиққан бу самимий сўзлар, чимбойликларнинг юрагига нурдек сингди! Бу улуғвор, сермаъно иборанинг ҳароратини, ифорини, лаззатини улар ўз ҳаётларида теран ҳис қилиб турардилар.

Ўша унутилмас учрашувдан шоду хуррам кайфиятда ёруғ, шинам, файзли хонадони томон қайтаркан, Айбика Жўлдас қизи ногоҳ ўша, касалингиз жуда оғир, уни дори-дармон билан даволаб бўлмайди, деган   шифокорни учратиб қолди. Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб юрган экан. Аёл мағрур юриб унинг ёнига борди.

— Касалинг оғир, тузалмайсан, деб айтгандингиз, — деди салом-аликдан сўнг, — мана, буткул соғайиб кетдим!

Шифокор жилмайди.

— Сиз ўшанда сўзимни охиригача тингламай чиқиб кетдингиз. Мен сизга жисмингиз эмас, руҳингиз касал, умидсизлик, тушкунлик сизни чарчатган, буни дори-дармон эмас, фақатгина меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик, эътибор тузатади, демоқчи эдим. Мана, юзлаб, минг­лаб чимбойликлар қатори сиз ҳам давлатмиз раҳбарининг, ҳукуматимизнинг ғамхўрлигига, эъзозига эришдингиз. Бу сизни оёққа турғазди. Қаддингизни тик қилди.

Айбика шифокорнинг сўзлари нақадар ҳақиқат эканлигини ич-ичида ҳис этди. Шук­рона, мамнуният балққан нигоҳлар билан атрофига боқди. Англадики, бугун фақатгина қадрдон маҳалласигина эмас, балки неча-неча шикаста дил, қўли калта, армони узун инсонларнинг кўнгли ҳам обод бўлди. Англадики, уйлар, кўча-кўй қатор-қатор чироқлар ёғдусидан ёришгани каби минг-минг қалблар, юрак­лар қадр-қиммат туйғусидан, шукуҳидан чарағон бўлди.

Луқмон БЎРИХОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 20 =