Шихло сиркасининг сири борми?

Анорнинг энг зўри Қувада, бодомнинг энг зўри Деновда, олманинг энг зўри Хазораспда, бодрингнинг энг зўри Олтиариқда етиштирилади. Хўш, сирканинг энг зўри-чи, қаерда биласизми? Билмасангиз айтайлик — Шихлода   тайёрланади. Яқинда бир   дўстим сим қоқиб:   “Бозордан шотут сиркасини   харид қилган эдик. Орадан бир-икки ой ўтар-ўтмас   сирка айниб қолди.   Шихло сиркаси икки   йилдаям бузилмаганди. Бунинг қандай сир-синоати бор экан? Шу   ҳақда мақола ёзсангиз бўлмайдими?” деди. Унинг таклифига биноан   “Шихло қайдасан?”, дея   йўлга тушдик.

Қадимий Хива шаҳрида ҳаракатланувчи 2-рақамли “Дамас” ҳайдовчисига: “Мени Шихло маҳалла   идорасига олиб бориб қўйсангиз” дедим. Алҳол, идора   ёнида тушдим. Бир   қаватли, замонавий русумда   қурилган шинамгина бино. Маҳалла   фуқаролар йиғини раиси Рашид Каримов билан суҳбатлашдим. “Маҳаллангиз нафақат вилоятда, балки республика миқёсида   ҳам мева-чевалари, асосан, сиркаси билан машҳур. Шу ҳақда ёзмоқчи эдим. Энг маҳоратли сиркачи билан таништирсангиз” деб илтимос қилдим. Кейин илова қилдим: “Бу касб ота-бобосидан мерос қолган бўлса янаям яхши”. Рашид ака кулимсираб қўйди ва деди: “Бор шундай одам!”

Сиркачининг уйи маҳалла идорасига яқин жойда экан. Хоразмча нақшинкор дарвоза. Кираверишда долон. Удум бў­йича нон, чой, қанд-қурс қўйилди. Хонадон соҳиби баланд бўйли, оқ-сариқдан   келган, исми-шарифи — Икром Матмуродов   экан. Ранг-рўйига қараб ёшроқми деб ўйлабман. Суриштирсам — 1945 йилда таваллуд топган экан. Саксон   ёш остонасида…

Мезбон секин   гап бошлади: “Оилада тўрт фарзанд бўлганмиз. Мен энг кичиги эдим.   Бобомиз — онамнинг отаси Искандар буванинг қўлида тарбияланганмиз. Бобомиз жуда ҳам ҳалол, сабр-қаноатли, хушмуомала инсон эди. Саксон-тўқсон ёшларидаям боғда меҳнат қилиб юрганлари ёдимда. Менга бир мартагина танбеҳ берган. У ҳам бўлса,   болалик пайт­ларимда узумзорга   кириб энг чиройли   узумни узиб олганимда… “ Аввал қушлар чўқилаган, уринқираган узумни   ейиш керак . Чунки,   ундай узумни қишга   сақлаб бўлмайди-да, болам” деган.   Эшитган танбеҳимнинг боши   ҳам, охири ҳам   шу ”.

Суҳбатдошим гурунгини   тинглар эканман, аввалига уни   шу ёшигача боғбонлик   билан шуғуллангандир, деб   ўйладим. Аммо, суриштирсам, олий маълумотли,   Тошкент   халқ хўжалиги институтини   битказган экан. Дастлаб   Хивада молия соҳасида беш йил   ишлабди. Кейин Хоразм   вилоят фирқа қўмитасига   инструкторликка тавсия қилганлар.   Қизиғи шундаки, ўша пайтда обкомнинг биринчи   котиби бўлган Мадиёр Худойберганов ундан суҳбат чоғида: “Қаердансан?” деб сўраган. Унинг “Шихлоданман” деган   жавобини эшитиб: “Сиркачиликни ҳам   биласанми?” дебди. “Биламан”.   Хоразмнинг биринчи раҳбари, машҳур инсон Худойберганов   “Тушунарли” деб самимий   кулимсираб, уни шу тариқа   ишга қабул қилган   экан.

“Ўн йил   мобайнида инструктор, сўнг   бўлим мудири бўлдим”   деди у. Хуллас,   то пенсияга чиққунига   қадар вилоят миқёсида   нуфузли лавозимларда ишлабди.

Айтишича, у даврларда сиркачилик билан шуғулланишга вақти умуман бўлмаган. Бобосининг ҳунарини онаси Лаълихон   Искандарова давом эттирган. “Онам тикувчи эди. Бобом оламдан ўтганидан сўнг сиркачилик билан астойдил шуғулланган онам   қаерга отланса, албатта совға сифатида ўзи тайёрлаган сиркани кўтариб борар эди. Дастурхонимизда ҳамиша бир шингил   узум, олма, сут-қатиқ, сирка бўлган”, — деди   Икром ака. Шу   гурунглар асносида мен   Икром аканинг ёш   кўриниши сабабини ҳам   ўзимча илғагандек бўлдим.

Ҳикоя қилишича,   фарзандларининг ҳаммаси давлат   ишида ишлар экан.   Неваралар эса   ўқишда.   Сиркачилик билан эса чолу кампир шуғулланишади. Аслини олганда, уларни чол-кампир деб ҳам бўлмайди.

— Нега ҳамма бозорда Шихло сиркасини сўрайди. Бунинг сири нимада?, — дея   савол бердим. — Ери зўрми   ё бошқа сабаблари   борми?

Суҳбатдошим кулимсираб: “Гап фақат ердамас, бу маҳаллада сиркачилик илмини ота-боболаридан ўрганганлар яшайди. Асрларни бўйлаган нодир тажриба, малака сиркачилик   санъатини юксак мақомга   олиб чиққан. Масалан, мен 7 ёшимдан   бош­лаб шу ҳунарга қизиққанман. Бобомнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатардим. “Болаликда олинган илм тошга ўйилган нақш” деганларидай, 7   ёшда кўрганганларим кечагидай ёдимга муҳрланган. Яъни, сирка тайёрлаш технологияси босқичма-босқич мия катакларимга жойлашган”.

Мавзудан сал чекиниб, Шихло қишлоғи тарихига оид қисқача маълумот: Хоразмда “Шайхлар”ни “Шихло” деб талаффуз   қиладилар. Демак, қишлоқнинг   ҳақиқий номи “Шайхлар”.   Бинобарин, бу ерда   шайхлар кўп яшагани   боис шу ном   берилган. Ўтган асрнинг   эллигинчи йилларида поччам   (опамнинг турмуш ўртоғи)   шу қиш­лоқдаги колхозда раис эди. Ёзги таътилимиз   Шихлода ўтар эди.   Табаррук макондаги   икки   нарса аниқ ёдимда   қолган. Биринчиси —   антиқа гул. Гриппга   чалинганларга шу гулни   ҳидлатар эдилар. Кўзи   ёшланиб, бурни битиб,   аксириб турган беморлар   гулни беш-олти марта   ҳидлаб, шу тариқа дарддан   буткул фориғ бўлар   эдилар. Иккинчи нарса   бу — Шихло сиркаси. Энди   таърифласам, Шихло сиркасининг   тенги йўқ. Масалан, шибирғони   узумининг сиркаси… Ёқутдек   товланади. Ҳар қандай   таомни ошқозонда эритиб,   ҳазмини енгиллаштиради; қонни   суюлтиради; қон босимини   нормаллаштиради. Бобом — шоир, тарихнавис Бобожон   Тарроҳ таомни ҳеч   қачон сиркасиз тановул   қилган эмас. Эҳтимол, шу   боис умрида бирон   марта касалланмагандир. Дори-дармон истеъмол қилмаган, укол олмаган. Олланазар акангиз   (Аянинг турмуш ўртоғи. С.С.) эса паловни сиркасиз   емайди. Ёши тўқсонга   яқинлашса-да, кўз тегмасин, ҳали бардам. Шихло қишлоғи бошқа овуллардан   мева-чевасининг ширинлиги, ерининг   унумдорлиги, сувининг   тозалиги билан фарқланади”, — дейди тарихнавис Анвара Отамурадова.

Назаримда биз   энди-энди, мавзунинг моҳиятига яқинлашгандай эдик. Хўп, дас­турхонда сиркалар, мен эса ана сирканинг шифобахш   хусусиятлари ҳақида ҳам тузуккина тасаввурга эга бўлдим. Энди уни тайёрлаш жараёни, яъни технологияси ҳақида ҳам озми-кўпми билиб олсак   ёмон бўлмасди.

— Узум сиркаси учун асосан кузги   ҳосил танланади. Дастлаб узумлар   терилиб, кейин уни   доналарга ажратиб, янчиб, эзғилаб, яхшилаб аралаштириб   сопол хумларга солинади.   Шу қоидага диққатли   бўлиш керакки, хомашё, албатта, иссиқ хоналарда сақланиши шарт.   Маҳсулот камида 4-5 ой туриши лозим, — дейди сиркашунос Икром   ака. — Сирканинг истеъмолга яроқлилигини   билиш учун   ярим тайёр маҳсулот   татиб кўрилади. Бир татиб   кўргандаёқ вазият ойдинлашади. Сўнг эса масаллиқ   махсус чакида ( чакка. –С.С.)   халтачаларга солиб осиб   қўйилади. Халтачаларнинг тагига   суюқлик оқиб тушиши   учун   катта ҳалол   тоғоралар жойлаштирилади. Суюқлик   одатда бир кун   давомида оқиб, халта   ичида фақат меванинг   чиқиндилари қолади. Шуни   ёдда сақлаш муҳим,   сирка учун мевалар   зинҳор ювилмаслиги лозим.   Ювилдими — тамом, ундан сирка   ясалмайди, аксинча, у тез айнийдиган   сифатсиз маҳсулотга айланади.

Кейинги жараён   сиркани докада сузиб     олдиндан тайёрлаб қўйилган   идишларга қуйиб чиқилади.   Аслида сирка беш-олти   ойда истеъмолга яроқли бўлади. Аммо шуниси   ҳам борки, масаллиқ   қанча кўп турса,   унинг сифати шунча   яхшиланади. Эл-улус “Йил   ошган сирка ўткир   бўлади” деб беҳудага   айтмаган.

— Сирка қаерда сақланса мақсадга мувофиқ бўлади?

— Совуткичда сақлаш шарт эмас, хона ҳароратида турсаям бўлаверади. Асл   сирка 100-150 йилдаям айнимайди, де­йишади.

Гурунг жараёнида   оға айтган   бир   факт эътиборимни тортди. Қизиқ, хомашё то   сирка бўлгунига қадар,   яъни бир-бир ярим   ой давомида дастлаб шаробга   айланаркан. Мабодо, жараён тўхтатилса   қарабсизки, тап-тайёр табиий   шароб…

— Узум сиркаси ҳақида кўп ва   хўб маълумотларга эга   бўлдик.   Хўш, олма   сиркасининг хусусиятлари борасида   нималар дея оласиз?

— Мазкур жараёнда   нав   у қадар аҳамият   касб этмайди. Лекин,   барибир олманинг “беш   юлдуз”, “семеринка” навларидан   сирка   тайёрланса, бундай сиркалар бошқаларидан алоҳида таъми билан   ажралиб туради. Олма сиркасининг   шифобахшлиги ҳам узумникидан сира қолишмайди. Масалан, мадорсизликда бир стакан сувга   икки чой қошиқ   олма сиркаси, икки чой   қошиқ асал солиб   аралаштириб кунига икки   маҳал ичилса организм   тетиклашади. Агарда кишининг   юраги тез-тез уриб, безовталанса бир стакан илиқ   сувга икки чой   қошиқ олма сиркаси   қўшиб ичилса дард   чекинади. Маълумки,   ортиқча   вазн бугунги кунда   аср муаммосига айланган.   Ортиқча вазнни осон   ва самарали бартараф   қилишда ҳам олма   сиркасининг ўрни беқиёс.   Семизликда ҳар куни   овқатланишдан олдин икки   чой қошиқ олма   сиркаси илиқ сувга   қўшиб икки ой   мунтазам ичилса, натижаси албатта   аъло бўлади.

Суҳбат жараёнида   ойдинлашдики, Икром Матмуродов   2004 йилда 2 гектар   ер олиб фермерлик   билан шуғуллана бошлаган.   У раҳбарлик қилаётган   “Исмоил ота Шихло”   фермер хўжалиги шундоққина   маҳалла ҳудудига яқин   Оқёп қишлоғида жойлашган экан. Шихло ҳудуди эса   яқинда Хива шаҳри тасарруфига киритилиб маҳаллага айлантирилган. Хуллас, Оқёпда минг   тупдан ошиқроқ ток­лари, олмазорлари бор.   Воқеан, “сопи ўзидан”.

—Тўғри, сиркамиз   аъло. Ҳатто, асл дейиш   мумкин. Демак, Хива Шихло сиркасини   ҳайиқмасдан, бемалол хорижга   экспорт қилса бўлади.   Бизку, маҳсулот сифатига   тўла кафолат бера   оламиз, бироқ, муаммо   шундаки, бунинг учун бизда   махсус экспортбоп бежирим   идишлар йўқ. Айни кунларда   ушбу масала ечими   хусусида ўйлаб юрибман.

Ҳеч кимга   сир эмас, аср инсонларининг   орзуси икки нарсага   бориб тақалади. Биринчиси —   соғлом бўлиш. Иккинчиси   эса навқирон кўринишни   сақлаб қолиш. Энг   ғаройиби, мазкур икки   хусусият жуда кўп   табиий маҳсулотларга, жумладан сиркачиликка ҳам   боғлиқдай назаримизда. Алалхусус,   бунинг далилини ўзим   суҳбатини олганим Шихлонинг   энг намунали хонадон   соҳиблари — сиркашунослар Икром ака ва   унинг рафиқаси Раънобийи   опалар мисолида кўрдим.

Манбаларда келтирилишича, Пайғамбаримиз замонларида   сирка қайси мевадан тайёрланганидан қатъий назар ҳамиша   дастурхон кўрки бўлган.   Айниқса, узум билан олма   сиркаси бағоят тансиқланган. Бундан ташқари, шотут,   анжир, анордан ҳам   сиркалар тайёрланган. Чунки, Шарқ   мамлакатларида бу ноёб   неъматнинг шифобахш хусусиятлари тўғрисида табиблар доим   гапирганлар. Камина ҳар   сафар Туркияга борганимда   туркларнинг бир одатини   кўриб бениҳоя ҳайратланганман. Хонадон, кафе, ресторанларда   икки-уч хил зайтун (тузланган, шакарланган) меваларининг ҳар доим   дастурхон кўрки бўлиб туриши завқимни келтирган. Кейин билсам, зайтун ўта даражада   шифобахшлиги боис тўтиё   қилинган. Энди қаранг:   Шихло сиркаси айни   даврда Хоразмнинг ўзида ҳам у қадар   қадрланмаяпти (Хусусан,   ҳозирга ёшлар учун сирка   алмисоқдан қолган кўҳна   матоҳ). Ҳамма билган уксус   эса ҳатто олис   қишлоқларнинг ошхонасига   ҳам кириб борди.   Кабоб уксуссиз тановул қилинмайди. Аммо, таассуфки биз уксуснинг фойдали ёки зарарли хусусиятлари   ҳақида деярли ҳеч нарса   билмаймиз. Қиссадан ҳисса   шуки, “ёнимиздан оқаётган   сув” — сирканинг қадрига етиб,   уни дастурхон кўркига   айлантирсак, ҳеч бўлмаганда   кўпчиликдаги мавжуд муаммо     овқат ҳазм қилишдаги   дилгирликларнинг олди олинган   бўлурмиди? Икром ака:   “Фарзандларим бу жабҳага   қизиқмадилар, Худога шукурки,   охтиқим (неварам.-С.С.) Расулбек   менга ворис бўлди   — унинг сиркачиликка ихлоси баланд” деганида   юқорида зикр этилган   фикрлар идрокимни чулғади.

Сайёра СОЛАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + two =