Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи

Нуриддин домла Холиқназаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин!

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари интиқиб кутадиган Рамазони шариф ойи кириб келди. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан, Сиз, азизларни фазилатли Рамазон ойи билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз.

Рамазон ойи раҳмат ойи, Рамазон ойи мағфират ойи, Рамазон ойи гуноҳлардан ювилиб, дўзахдан паноҳ бўладиган ой. Ҳақ таоло барчамизни мана шундай муборак ойга насиб этиб турибди. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки:

“Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади.” (Имом Бухорий).

Шу боис, ҳар йили юртдош­ларимиз ушбу ойни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандчилик ила кутиб оладилар.

Аллоҳга шукрки, масжидларда мўмин-мусулмонлар билан таровеҳ намозларини адо этамиз, хатми Қуръонларни ўқиймиз, юртимизга қут-барака ёғилишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Бу йил юртимиздаги 1520 дан ортиқ масжидда хатми Қуръонлар қилинади, инша Аллоҳ.

Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди.

Унда Рамазон ойини халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат ва шукроналик туйғуларини юксалтириш, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида урғу қаратилгани барча мўмин-мусулмонларни мамнун этди.

Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, кейинги йилларда республика бўйлаб масжидлар сони 2100 тадан ошди. Сўнгги 5 йилнинг ўзида 70 тага яқин янги масжид oчилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.

Охирги 5 йилда 3 та диний таълим муассасаси – Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди, қабул квоталари бир неча баравар оширилди. Шунингдек, умра зиёратлари бўйича ҳам катта натижаларга эришилди.

Ислом дини таълимотларини илмий ўрганиш ва кенг тараннум этиш борасида муҳтарам Президентимизнинг юксак эътибори ва ташаббуслари ила пойтахтимизда Марказий Осиёда ягона бўлган Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда.

Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда.

Турли ҳудудларда Ҳадис, Калом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ илмий мактаблари иш олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад – она Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-­осойишталикни асраш ва ёшларни комил инсон этиб тарбиялашдир. Мухтасар қилиб айтганда, барча соҳа ва йўналишларидаги ишлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади.

Мана шундай улуғвор мақсадлар йўлида барчамиз бир тану бир жон бўлиб, давлатимиз раҳбари атрофларида бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак.

Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.

Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади”, дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг “раҳмат кунлари” ҳисобланади.

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг “мағфират кунлари” ҳисобланади. Абу Фазл Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Рамазон истиғфор ойидир. Яъни бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Имом Аҳмад ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, “Солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди”, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади”, дедилар”.

Рамазон ойида саҳарлик қилишнинг алоҳида фазилати бор.

Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)

Ифторлик фазилати.

Ифторлик бир қараганда кечки таомланиш. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Ҳатто барча пайғамбарлар ифторлик қилишга буюрилганлар. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз – пайғамбарлар жамоаси ифторни эрта қилишга ва саҳарликни кечга суришга буюрилганмиз”, деганлар.

Ифторлик бериш фазилати. Бу ҳам Рамазонга хос амаллардан саналади. Ибн Можа Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дедилар.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Рамазон ойидан унумли фойдаланиш учун алоҳида тайёргарлик кўриш керак, бир қанча одобларга риоя этиш лозим. Жумладан:

Рамазон билан табриклаш, унга етишгани учун шукр қилиш, хурсандчилик изҳор этиш;

Рамазон кирганини хонадон аҳлига, хусусан ёш гўдакларга билдириш, сездириш. Бу уларга махсус Рамазон туҳфалари улашиш, саҳарлик-ифторликларга алоҳида эътибор бериш, оиланинг нафақасини одатдагидан кенг қилиш каби ишлар билан рўёбга чиқади.

Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “…Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки, савоб кўпаяди, рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади.

Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларингизга муборак айлаб, бу ойдан онадан янги туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқиш­ларимизни насиб айласин. Парвардигори олам бу йилги Рамазонда кўплаб хайр-баракаларини ёғдирсин! Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин! Бандаларнинг гуноҳларини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + fourteen =