Рамазон — гуноҳларни куйдиргувчи ой

Яратганга шукрки, минг ойдан афзал бўлган Рамазони шариф ойи муборак кунларни ўтказмоқдамиз. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Катта Қозиработ” жоме масжиди имоми Абдуқаҳҳор қори ЮНУСОВ билан ушбу саодатли ой фазилатлари ҳақида суҳбатлашдик.

 

— Ассалому алайкум, қори ака. Аввало, ойлар султони – Рамазони шариф билан самимий муборакбод этамиз. Ўқувчига, табиийки, ойнинг номи қизиқ. “Рамазон” сўзининг маъносини билиб олган муштарийлар мавзуни аниқроқ тушунишади. Шунинг­дек, рўзанинг айнан Рамазон ойи­­да бажарилишида ҳам ҳикмат бўлса керак, албатта. Шу ҳақда тўхталсангиз.

 

— Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.

Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Бу ном “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларини англатади. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан.

Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча, яъни рамзий маънога эгадир.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623 йилнинг 7 февралига тўғри келади.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Набий алайҳиссалом тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар.

Бошқа ойларда эмас, айнан Рамазонда рўзанинг тутилишида ҳикмат кўп. Чунки Аллоҳ таоло рўза тутиш учун ушбу ойни танлаган. Бу ойда Қуръон нозил бўлган. Ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бош­­қа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир. Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу — ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 183-185-оятлар).

Оятдан маълум бўладики, рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилинган. Лекин рўза тутишнинг шарт ва қоидалари турлича бўлган. Айрим умматлар Рамазон ойи ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиб қолганида Аллоҳдан ёки Унинг пайғамбаридан беижозат шаккоклик ила уни бошқа ойларга кўчириб, бу қилмишларининг жаримаси учун, ўзларича, яна ўн кун қўшимча рўза тутишган.

Демак, рўза Одам алайҳиссаломдан бери бажариб келинаётган ибодатдир.

— Рўзадорнинг одоблари ҳақида айтсангиз. Кўпчилик рўзани саҳардан шомга қадар еб-ичишдан тийилиш, ижмо қилиш, шаҳватдан тийилишгина деб тушунишади. Аммо рўза бу қадар жўн амал эмас-ку, тўғрими?

— Ҳалим бўлишлик, ўзгалар билан уришиб тортишмаслик, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиш рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;

Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.

Яна уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб, мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.

— Рўзанинг шартлари ҳақида батафсилроқ айтсангиз.

— Рўза мукаммал бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Биринчи шарт — лозим бўлиш шартлари. Бу шартлар тўртта: 1) Ислом. Мусулмон бўлмаган одамга рўза фарз бўлмайди. Ундай одам рўза тутса ҳам, рўзаси ибодат ўрнига ўтмайди. Кофир одам Рамазонда Исломга кирса, ўша кирган кунидан бошлаб рўза тутади. 2) Ақл. Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди, чунки у мукаллаф эмас. 3) Балоғатга етганлик. Балоғатга етмаган болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар. 4) Рўзанинг фарзлигини билиш.

Иккинчи шарт — рўзани адо этиш учун зарур шартлар. Булар иккита: 1) Беморликдан холи бўлиш. Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга ҳамда бемор шахсга рўза тутиш вожиб эмас. Покланганда ва тузалганда қазосини тутиб берадилар. 2) Муқим бўлмоқ. Мусофирга ҳам рўза тутиш фарз бўлмайди. Сафардан қайтганда қазосини тутиб беради.

Учинчи шарти — рўзанинг тўғри бўлиши шартлари. Булар учта: 1) Ният. Ниятсиз рўза тўғри бўлмайди. 2) Нифос ва ҳайздан холи бўлиш. Нифос ва ҳайзли бўла туриб, тутилган рўза ҳам рўза бўлмайди. 3) Рўзани бузадиган нарсалардан холи бўлиш. Рўза тутиб турганда уни бузадиган нарса ориз бўлса, рўза қолмайди. Ўрнига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

— Рўза аҳамиятига кўра, намоздан кейинги муҳим амал ҳисоб­ланади. Рамазон ойида имкони бўла туриб рўза тутмасликнинг оқибати қандай? Шу ўринда каффорат ҳақида ҳам маълумот бериб кетсангиз.

— Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким рухсатсиз ва касал бўлмай туриб, рамазонда бирон кун рўза тутмаса, гарчи бир умр рўза тутса ҳам, ўша бир куннинг қазосини ўтай олмайди” (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ухлаб ётган эдим. Ёнимга икки киши келиб билакларимдан тутди-да, мени чиқиш қийин бўлган тоғ олдига олиб боришиб, унга чиқинг, дейишди. “Тоқатим етмайди”, деган эдим. “Сизга чиқишни осон қилиб қўямиз”, дейишди. Мен кўтарилиб тоғнинг текис жойига (устига) етганимда кучли шовқин эшитилди. “Бу қанақа шовқин?” деб сўраган эдим, улар: “Бу дўзахийларнинг фарёди”, деди. Сўнг мени у ердан олиб кетишди. Бир жойда оёқларидан осиб қўйилган, лунжлари йиртилиб, қон оқиб турган қавмга дуч келдим. “Ким улар?” — деб сўраган эдим, “Улар рўзалари ниҳоясига етмай туриб ифтор қиладиган кимсалардир”, дейилди (Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон ривояти).

Нахаъий рамазоннинг рўза тутилмаган ҳар бир куни учун уч минг кун рўза тутиб беришни вожиб деб билганлар.

Саид ибн Мусайяб: “Ҳар бир кун ўрнига ўттиз кун рўза тутиб бериш вожиб”, деган бўлсалар, Имом Моликнинг устози Робийъа розияллоҳу анҳу: “Ҳар бир кун эвазига, ўн икки кун рўза тутилади”, деганлар.

— Ифторлик қандай бўлиши керак. Бугунги кунда ифторлик­лардаги дабдабабозликлар қанчалик тўғри?

— Ифторлик дабдабадан холи, Аллоҳ учун бўлиши керак.

— Рўза тутиши шарт бўлмаган кишилар ёки ҳолатлар ҳақида айтсангиз. Улар бунинг ўрнига нима қилишади?

— Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам, очишни мубоҳ қилувчи бир қанча ҳолатлар мавжуд. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талафот етиши, янги касаллик пайдо бўлиши, мавжуд беморлиги зиёдалашиши хавфи бўлган кишилар рўза тутмайдилар; Мусофир киши рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрлидир. Имкони бўлса, тутгани афзалдир. Рўза тутмаслиги мумкинлигига шариат томонидан рухсат берилган. Рўза тутганидан сўнг сафарга чиқса, рўзасини очишга рухсат берилмайди. Очиб юборса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Рўза тутганидан сўнг сафарни ният қилса-ю, ўз шаҳридан чиқиб кетишидан аввал еб-ичиб юборса, каффорат лозим бўлади; Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзининг ё боласининг жонига нуқсон, ҳалокат етиш хавфи бўлса, рўза тутмасликка, тутган бўлса, очиб юборишга рухсат берилади. Уларга каффорот вожиб бўлмайди; Очлик ёки чанқоқлик ҳалокат ёки беморликка олиб борса, рўзани очишлик узр саналади; Эркагу аёл ёши кексайиб, рўза тутишга қудрати етмаса, бу ҳолат умрининг охиригача давом этса, рўза тутмасдан бадалига фидя тўлашлари лозим бўлади. Шунингдек, сурункали касалликка дучор бўлганлар ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Уларга ҳар кунлик рўзаси эвазига фидя тўлаши вожиб бўлади. Айрим кишилар ёзнинг узун кунларида тутолмай, қишнинг қисқа кунларида тутишга қудратлари етса, рўза тутишлари фарз бўлиб, фидя кифоя қилмайди; Сафарбарлик ҳам рўза тутмасликка сабаб бўлади.

— Рўзанинг маънавий ва жисмоний фойдалари (тиббиёт томонидан исботланган фойдалари ҳақида) ҳам билиб олсак.

— Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Расул­уллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ана шу фойдаларга тарғиб қилганлар. Улардан баъзиларини айтиб ўтсак. Биринчидан, рўза инсон танасини турли касалликлардан асрайди. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семириб кетишдан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазот қилинглар, ўлжа олурсиз. Рўза тутинглар, соғлом бўлурсиз. Сафар қилинглар, бой бўлурсиз”, деганлар (Табароний ривоят қилган). Иккинчидан, рўза зеҳннинг саломатлиги, фикрнинг тўғри бўлиши, ҳофиза қувватининг фаоллашувида фойдали, унутувчанликни камайтиради. Кўп ейиш мияда намлик ва ботни кўпайтиради ва бу хотира қувватига оғир келади. Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш танани бўшаштиради, ибодат қилишга оғирлаштириб қўяди. Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади. Рўзада нафсни тийиш аъзоларнинг бемалол бўлишидан, шаҳватларга муккасидан кетишидан сақланишдир. Озуқанинг кўпайиб кетиши нафсни ёмон шаҳватларга ундайди. Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул ва ижобат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши борки, уларнинг дуосини рад қилмаслик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир: оғзини очгунча рўзадорнинг, нусрат топгунча мазлумнинг ва қайтгунича мусофирнинг”, деганлар.

Шаҳзод ШОДМОНОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 6 =