“2”ни кимга қўйиш керак?

ёхуд кўча ёзувларидаги хатолар саводхонликка қандай таъсир кўрсатмоқда?

 

Барча фанлардан яхши баҳоларга ўқийдиган Донохонни нима жин урди?! Бориб-бориб она тилидан олинган контроль ишдан “2” олиб ўтирса! Бўлиши мумкин эмас! Юз берган нохуш воқеадан дарди дунё­­си қоронғилашиб кетди. Ўқитувчисининг танбеҳи эса дард устига чипқон бўлди. Синфдошларининг олдида шолғомдай қизариб кетганини айтмайсизми!?  

Нима эмиш: у   “хуш келибсиз”, “маҳсулот”, “харид”, “шохобча” сўзларини тўғри ёзолмаган эмиш. “Номаъқулнинг нонини ебсиз!” аламини ичида шундай сўзлар билан ифодалади у. Ўқитувчисининг контроль ишдаги мазкур сўзларни қизил қаламда кўрга ҳассадай қилиб тузатиб қўйганлиги ўлганнинг устига тепган бўлди. Ахир, бу сўзларнинг ёзилишини кўча-кўйда кўравериб, ёд бўлиб кетган бўлса. “Ҳуш келибсиз”, “махсулот”, “ҳарид”, “шаҳобча” деб ёзилган сўзларнинг нимаси хато? Мен ҳали устозимга ҳақлигимни кўрсатиб қўяман!

Донохоннинг қарори жиддий эди. Катта танаффусда устози Маърифат Оқиловнанинг ҳузурига шахд билан бостириб бориб, томдан тараша тушгандай:

—Устоз, мен билан бироз тоза ҳавода айланмайсизми? ─ деди.

Аълочи ўқувчининг манзиратидан Маърифат Оқиловна эриб кетди. Ҳойнаҳой хатоларини бўйнига олиб, кечирим сўраса керак, деб ўйлади. Эгилган бошни қилич кесмас, деган мақол бор-ку! Икковлашиб мактаб ҳовлисига чиқишди. Болакайлар ҳовлини бошларига кўтариб бақир-чақир қилишарди. Ахир, уларнинг кучи танасига сиғмайдиган давр-да! Донохон мактаб дарвозаси томон юрди. Маърифат Оқиловна шогирдим кўпчилик ўртасида узр хоҳлик қилишдан уяляпти, шекилли, дея орқасидан эргашди. Шундоқ дарвозадан чиқишлари билан Донохон пештоқдаги ёзувга ишора қилди.

─ Устоз, қани айтингчи, “Хуш келибсиз!” деган сўзда мен хато қилибманми, сиз?

Маърифат Оқиловна мактаб дарвозаси манглайидаги “Ҳуш келибсиз!” деган ёзувни кўриб анграйиб қолди. Ҳар куни шу дарвозадан неча бор бўйлаб пештоқдаги саҳв (хато) ёзувга эътибор бермаганидан ўзини койиди. Ажин босган пешонаси терчиди. Рўбарўсида жангда ғолиб чиққан аскардек ғўддайиб турган шогирди олдида ер ёрилсаю, ерга кириб кетса. Ичидан бир нарса узилиб кетгандай бўлди. Бироқ бош ёрилса, бўрк ичида қабилида ўқувчисига сир бой бермади.

─ Энди бу ёққа юринг! – дея буйруқ оҳангида Донохон устозини мактаб ёнидаги дўконга бошлади. Маърифат Оқиловна туя ортидан йўрғалаган бўталоқдек шогирдига эргашди. Не кўз билан кўрсинки, дўконнинг кириш эшиги тепасига ўқлоқдек-ўқлоқдек ҳарфлар билан “Озиқ-овқат махсулотлари дўкони” деб ёзиб қўйилибди. Устозу шогирд узун-қисқа бўлиб дўкон ичига киришди. “Ҳаридингиз учун рахмат!” деган ёзувга кўзи тушди. Ҳар куни шу дўкондан харид қилиб, хато лавҳаларга кўзи ўрганиб қолганига ҳайрон бўлди. Сотувчи ҳам ҳушёргина йигит экан. Домлага қарата:

— Ҳуш келибсиз, опа!   Қайси кампитдан тортиб берай! – деди тавозе билан қўлини кўксига қўйганча. Маърифат Оқиловнанинг ҳуши бошидан учди. Қани, энди рўбарўсида турган лавҳалар эртаклардагидек бир юмалаб тўғри бўлиб қолсаю, шогирди қаршисида мулзам бўлишдан қутулса…

Устоз-шогирд дўкондан шундоқ чиқишлари билан пештоқига “Маиший хизмат шаҳобчаси” деб ёзиб қўйилган бинога рўбарў келишди. Маърифат Оқиловнанинг мазаси қочди. Пешонасини совуқ тер босди. Чидаб бўлмас даражадаги бош оғриғидан ўтириб қолди. Донохон эса бопладимми, “2”ни кимга қўйиш керак экан, дегандай ўқитувчисига маъноли қараб турарди.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =