Ҳаёт ва ҳикмат (анъананинг давоми)

Биров айтиб берган воқеа асосида асар ёзиш ‒ адабиётда аввалдан бор. Машҳурдан-машҳур “Ревизор” комедияси мазмунини Гоголга Пушкин айтиб берган. Ўзбекис­тон халқ шоири Жамол Камол 6 жилдлик “Сайланма”си (2018) 5-жилдидан ўрин олган “Анвармирзо ҳикоятлари”   туркумини яратишда ана шу эски адабий анъанани изчил давом эттирган. Яъни шоир Анвармирзо Ҳусаинов сўзлаб берган 61 воқеани шеърий ҳикоят тарзида битган.

 

Анвармирзо ‒ ким?

 

Анвармирзо ‒ болалик дўстим. 1969 йили ёзги таътилда туманимизда чиқадиган ҳозирги “Вобкентнома” газетасида камина 8-синфни, у эса 9-синфни битириб, бирга ишлаганмиз. Бу давр иккаламизни ҳам ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига етакладигина эмас, “тайёрлади” ҳам. Камина университетга қабул қилинганимда Анвармирзо “Тошкент университети” газетасида мен ҳақимда мақола ҳам эълон қилган.

Армия хизматига бориб келди, респуб­лика ёшлар ташкилотида масъул вазифада ишлади, кейин эса шу ташкилот вилоят қўмитаси котиби, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, юқори идора масъул ходими, “Ўзбекнефтегаз” компанияси раисининг биринчи ўринбосари ‒ Ўзбекистон давлат нефть таъминоти вазири бўлди, сўнг   Мос­квада “Рости ‒ русти” корпорациясига асос солиб, унинг директорлари кенгашига раислик қилди. Кўп яхши китобларга ҳомийлик ёрдами кўрсатди, халқ дипломатияси билан шуғулланди ва ҳоказо. Жуда китобсевар, зиёли, маърифатпарвар инсон.

Кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга, фалсафий мушоҳада қиладиган, қўлида қалами бор кишилар бир хазинага ўхшайди. Суҳбатига тўймайсиз. Шундай одамларни ўйлаганда, баъзи бир ёзувчиларимизга унчалар қойил қолмайман. Эътирозим шундаки, ҳикоя, қисса ё романга хомашё тугул, ҳатто, хамиртуруш ҳам бўла олмайдиган воқеаларни ёзишади, кўпроқ ижодхонада ўтириб олиб, тўқишади, чамамда. Ҳаётдаги ҳамма воқеа­-ҳодиса ҳам ёзгулик эмас. Баъзи кексалар адабиётга сал-пал алоқангиз борлигини билиб қолса, бўлди: “Менинг ҳаётимни ёзсангиз, бир катта китоб бўлади”, ‒ дейди. Йўқ, ишонманг. Ёзишга арзигулик, илмийроқ қилиб айтганда, асарга “материал” бўла оладиган, чинакам хомашё вазифасини ўтайдиган нарсанигина ёзиш ‒ мумкин. Шу маънода Ж. Камол ҳикоятларида арзигулик мағз ‒ бор.

 

Ҳикоят ‒ нима?

 

“Ҳикоя” билан “ҳикоят”нинг ҳеч фарқи ‒ йўқдай. Аслида, бу иккаласи ‒ бир сўз. Кўплиги ‒ “ҳикоёт” (“ҳикоятлар”) бўлади. Аммо адабиётшуносликда “ҳикоя” ‒ бошқа, “ҳикоят” ‒ бошқа тушунчани англатади. Ҳикоя ‒ бугунги ўзбек насридаги жанр. У русча “рассказ” ва “новелла”ни ифодалайди. Форсий ва туркий сўз санъатидаги, асосан, назмий ва қисман нас­рий йўл билан битилган муайян воқеа тасвирига бағишланган жанр ёхуд асарлар ичидаги шундай парча “ҳикоят” дейилган.

Ж. Камол форс-тожик шеъриятининг айнан ҳикоятлар билан бойитилган кўп-кўп асарларни ўзбек тилига ўгирди. Румийнинг олти дафтардан иборат йирик “Маснавийи маънавий”си, Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”, “Асрорнома”, “Илоҳийнома”, “Панднома”, “Булбулнома”, “Уштурнома” достонлари ‒ шулар жумласидан. Буларнинг бари ‒ маснавий, яъни жуфт қофияли байтлар асосида битилган. Булардан фақат “Панднома”дагина ҳикоят учрамайди. Қолганлари ҳикоятлар аралаш ҳолда ёзилган.   Таржимон ўзи шоир бўлса, ўгирган асари унинг оҳорий ижодига таъсир қилмай қолмайди. “Анвармирзо ҳикоятлари” туркумидаги барча асарлар ‒ ҳикоят. Уларнинг бари маснавийда битилган. Битта   фарқи ‒ булар бармоқ вазнида ижод қилинган.

Шоир жами 61 ҳикоятнинг ҳаммаси учун битта вазн танлаган: бу ‒ 15 бўғинли, туроқлари 4+4+4+3 бўлган вазн. Лекин шоир сатр­ларни иккига бўлиб ёзган. Аслида, аа, бб, вв ва ҳоказо тарзда қофияланган маснавийлар гўёки абвб тарзида қофияланган, тоқ мис­ралари 8 (4+4 туроқли) ва жуфт мисралари эса 7 (4+3 туроқли) бўғинли сатрлардан иборат тўртликлар каби тасаввур уйғотади. Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари орасида шундай бандлардан иборат шеърлар ҳам ‒ кўп-да. Бундай тарзда чоп этиш кўзни чарчатмайди, ўқишни қулайлаштиради, албатта. Аммо жанрий нуқтаи назардан булар ‒ аслан маснавий.

Шоир ва олим (филология фанлари номзоди) Ж.Камол наздида бадиий маҳорат бобида ХХ аср ўзбек шеъриятида Ҳамид Олимжонга тенг келадигани топилмайди. Ҳикоятлардаги тўқ қофиялар, жарангдор радифлар, равон услуб ва тушунарли баёнда ана шу устознинг яққол таъсирини сезиш қийин эмас.

 

Бир ҳикмат учун бир ҳикоят

 

Баъзи ҳикоятлар, аслида, икки ё тўрт сатрга сиғадиган ҳикматни кенгроқ, яъни шарҳлаб тушунтириш, унинг ҳақиқатига ўқувчини ишонтириш учун битилгандек. “Ногирон Софокл ҳикояти” ‒ шундай. У гўёки Софоклнинг ҳикоят сўнгида келтирилган: “Ғайрат билан ирода омон бўлсин”, ‒ деган хулосасини исботлаш учун қоғозга тушгандек. Чунки у бунинг натижасини ўз ҳаётида кўради-да. Болалигида Софоклнинг бўйни қийшиқ, бир оёғи иккинчисига нисбатан калта, шунинг учун оқсоқланиб юрар эди. Ўйлаб-ўйлаб, йўлини топди: денгиз бир тошни бўйнига, иккинчисини калта оёғига боғлаб олди. Азобга эса чидади. “Чидаганга чиқарган”, ‒ деб, шуни айтсалар керак-да ‒ йигит ниятига етди: шу тариқа унинг қийшиқ бўйни тузалиб, оёғи керагича чўзилди. Жаҳон, жумладан, ўзбек театри саҳнасини гуллатган “Шоҳ Эдип” фожиасини айнан Софокл ёзган.

 

Мартаба

 

“Мартаба” ‒ зўр сўз! Нима дедингиз? Аммо афсуски, уни ҳар ким ҳар хил тушунади.

Анвармирзо кечки бўлимда ўқиётган талаба сифатида олтмишлардан ошган, “беш панжаси ‒ ҳунар” бир уйғур наққошга шогирд тушади. Усто “Сибирларда ўрмон кесган… жафокаш” бир инсон эди. Жон-жаҳди билан ишлар, шогирдини ҳам: “Имиллама!” ‒ деб уришар эди. Уришса, майли:

“Биз безаймиз порахўрлар

           қасри, уй-айвонини,

Гарчи ширин бўлса ҳамки,

           ема, ‒ дерди, ‒ нонини”.

Тушликда жойнамозга ўтириб, пешинни ўқирди-да, кейин йиғлаб, Худо билан мулоқот бошлар эди:

“Эй Худойим! ‒ дерди. ‒ Магар

           кўрмайсанми Сен уни,

“Ҳокимман” деб фуқарога

           жабр қилар ҳар куни?

Кўрмайсанми у миршабни?

           Магарки, жин урибди,

Нон сотувчи хотинларни

           Қон қақшатиб юрибди!

Бозорни кўр, тарозида

           ҳар кун янги тош бўлар,

Нега ўша юлғичларга

           бозорқўми бош бўлар?.. (Б. 107).

Анвармирзонинг усто эришган маънавий мартабага ҳамон ҳаваси келади. Ҳаттоки, шу даражага етиш ‒ ҳалигача унинг кўнглидаги бир армон. Армонлиги шундаки, саждага бош қўйиб, Қуръон ўқиса, қанча жаҳду жадал қилса ҳам, ҳали ўша усто етган мартабага етгани ‒ йўқ. Аммо у умидсиз ҳам эмас ‒ бир кун келиб, ўша мартабага етишни орзулайди.

Ҳикоятда даврнинг манзарасини ҳам, ўшандай замонда ҳалол-пок, ҳаромдан ҳазар қиладиган, сўфийқалб, жойнамозга ўтирганида Яратган билан юзма-юз тургандай гаплашадиган, уни жамиятдаги адолатсизликлару очкўзликларни кўришга ундайдиган кишилар бўлганини ҳам кўз олдимизга келтирамиз. Ровийга қўшилиб, ўзимиз ҳам ўша юксак мартабаларга етишни дилимизга тугамиз.

 

Таниш чеҳралар

 

Туркумни, бир бутун асар, деб тасаввур қилиш ҳам ‒ мумкин. Хўш, унинг бош қаҳрамони ‒ ким? Ялпи олганда, бош қаҳрамон ‒ икки шахс: ровий (Анвармирзо) ва шоир. Иккаловларини ҳам яқиндан танийман. Муайян муддат улар билан бирга ишлаганман ҳам. Лекин ҳар бир ҳикоятнинг ўз бош қаҳрамони ва персонажлари ҳам ‒ бор. Улар орасида Юнусмирзо Ҳусаинов, Қори Абдулазиз Вобкандий, Ғайбулла Саломов, Нуриддин Муҳиддинов, Шамсиддинхон Бобохонов, Шайх Абдураззоқ Юнус, Асрор Самад, Тошпўлат Тожиддиновларни ҳам яқиндан биламан.

 

Макон ва замон

 

Ҳикоятлар қамраб олган макон ҳам, замон ҳам ‒ кенг. Қаламга олинган воқеаларга бу жиҳатдан муайян чегара белгилашнинг имкони ‒ йўқ. Зиёли оилада туғилиб ўсган, кўп китоб ўқиган, давлат ва жамоат ташкилотларида узоқ йиллар масъул лавозимларда ишлаган, тадбиркор, жаҳонгашта бир инсон онг-тафаккури, ҳаётий кузатувлари, мушоҳада-мулоҳазалари, чиқарган қатъий хулосаларини макон ва замоннинг тор ўлчовларига солиб бўлмайди-да, ахир.

Аммо қаҳрамонимиз Бухоро вилоятининг Вобкент тумани марказида туғилиб, ўсган. Ҳикоятлардаги воқеаларнинг кўпи бевосита ана шу макон билан боғланади. Шунинг учун Вобкент туркумнинг бош макони янглиғ намоён бўлади. 15 маснавийда айнан Вобкент ҳаёти билан боғлиқ тасвирларга асосланилади.

Шеъриятимизда мамлакатимиз минтақалари марказлари ҳақида асарлар кам эмас. Бироқ Қўқон, Марғилон, Шаҳрисабз, Олти­ариқ, Асака, Поп, Газли каби туман ва шаҳарларимиз, Водил, Олмос каби қишлоқларимиз аллақачон шеърият тимсолларига айланиб, улгурган. “Анвармирзо ҳикоятлари” шеъриятимизга Вобкент ва қисман Ғиждувон тимсолларини олиб кирди. Уларда бу қадим гўшалар тарихи, хусусан, авлиёлари, Вобкент минораси, ажойиб кишилари ҳақида қизиқарли ҳикоятлар ўқиймиз. Туркумда қарз қиёматга қолмаган: охирида энди шоир ўз ровийи бўлмиш Анвармирзога ҳикоят айтади ‒ “Шайх Абдураз­зоқ Юнус ҳазратларининг Навоийга атаб ҳаж адо этгани ҳикояти” шу асосда юзага келган.

Замон десангиз, масалан, Софокл эрамиздан олдинги 496/5 ‒ 406 йилларда қадим Юнонистоннинг Афинасида яшаган. Ёки Бухородаги Чашмайи Аюб ёдгорлиги бунёд этилишига сабаб бўлган пайғамбар (а.) қадим замонларда ҳаёт кечирган. Яна ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.). Бу ёғи Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Иван Бунин, америкалик буюк боксчи Муҳаммад Али ва яна қанча узоқ ва яқин   замондошларимиз. Макон десангиз, ҳикоятлардаги воқеалар Вобкентдан бошланиб, Осиё, Европа ва Америка қитъаларининг турли гўшаларига бориб туташади. Миллат ва элат маъносида ҳикоятларда ўзбек, тожик, уйғур, татар, араб, юнон, япон, яҳудий халқлари вакиллари тимсолларини кўрамиз.

 

Ўзбеклар ва жаҳон

 

Баъзи ҳикоятларда элимиздан етишиб чиққан машҳур кишиларнинг хориждаги обрў-эътибори, фаолияти ва шарафи билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган. Бунинг ўзи ‒ бир қизиқ мавзу. Айниқса, мустамлака зулмини бошидан кечирган, ўкситилган халқ учун бу ‒ умидбахш йўналиш.

“Бухорийлар, қайдасиз?” ҳикояти воқеасини Анвармирзога укаси ‒ Аҳмадмирзо ҳожи айтиб берган. Маълумоти бўйича у немис тили мутахассиси. Ҳажга борганида Каъбатуллоҳ эшигида новча бўйли бир чол айнан олмончалаб: “Овоз беринг, бухорийлар, қайдасиз?” ‒ деб юрганини эшитиб қолибди. Танишса, “Ҳабибуллоҳ Ҳофман” деган немис шифокори экан. У ҳажни бухорийлар билан бирга адо этишни дилига тукканини айтибди. Чунки у диёнатни, иймон аро матонатни                 Имом Бухорийдан ўрганган экан-да.

Ёки Анвармирзонинг Ғ. Саломов ва яна ўн уч кишининг ҳаж харажатларини кўтаргани, домланинг зиёратга хаста ҳолда бориб, “мисли йигитдек” бардам бўлиб қайтганлари, шундан кейин савобталабнинг тижорат ишлари юришиб кетгани баён этилиб, ҳикоят Москвада авлиёсифат бир улфатининг унга: “Бир улуғнинг хизматини қилибсен”, ‒ деган   бу гапи билан тугалланади. Атоқли давлат арбоби Ё. Насриддиновага Москвада ўқилган жаноза, Американинг Хьюстон фазо марказида ўзбек алломаси Ш. Воҳидов нутқ сўзлагани, Байканурда рус олими Уткиннинг Мирзо Улуғбек чизмаларини доскада тасвирлаб, унинг милтиқ ясаш назариясини яратганини исботлаб берганию буюк исломий олимнинг   бу одамзодни ўлдириш қуролини ясамагани, Анвармирзонинг Бутуниттифоқ давлат кинематография институтида таълим олаётган 34 талабага шартнома маблағини тўлаб бергани, Токио шаҳрида Навоийга ҳайкал қўйилиши тарихи, Россиянинг Урал ўлкасида Имом Бухорий рамзий қабрининг бунёд этилиши, Ҳазрат Эшон Бобохоннинг Москвада ўша вақтдаги Иттифоқ раҳбари қабулида бўлгани, Брежневнинг академик Р. Исломбековга олий мукофот топшириши сўзланган ҳикоятлар бизни атоқли ватандошларимиз ортидан Ер юзининг турли гўшаларига етаклайди.

 

Шеъриятимизда янгилик

 

Шеърий ҳангомалар ҳозирги ўзбек адабиётига бегона ҳодиса эмас. Ўзбекистон халқ шоирлари Э. Воҳидов, А. Орипов, А. Обиджон ижодида ҳам унинг айрим ёрқин намуналарини учратамиз. Бироқ шеъриятимизда ҳозирга қадар айнан ҳикоят жанрида бундай махсус туркум яратилмаган эди. Жамол Камол бу жанрни дадил олиб кирди. Буни олқишлаш, янги ижодий воқеа сифатида баҳолаш ‒ зарур.

Албатта, бундан, мавжуд ҳикоятларнинг бари бир савияда, ҳаммаси ҳам юксак бадиий маҳорат билан ёзилган, деган фикр келиб чиқмаслиги ‒ лозим. Лекин ишонингки, “Анвармирзо ҳикоятлари”даги аксар асарлар қизиқиш билан ўқилади. Чунки уларда бир-бирига асло ўхшамаган қаҳрамонлар, турли инсоний тақдирлар, қатъий   ҳаётий позициялар, кўпларга ўрнак бўладиган донолик ва теран   фалсафа ‒ мавжуд.

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + eight =