“Маснавий”ни қандай таржима қилдим…

Ажаб дунё экан. Ҳар сафар бир нарсага бир нима сабабчи бўларкан. Кейин ҳалқа-ҳалқага уланиб, занжир ҳосил қилиб, алал-оқибат натижа юзага чиқаркан…

Адашмасам, ўтган аср, саксонинчи йилларнинг бошлари эди. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг Адабиёт назарияси бўлимида ишлардим. Афғонистондан ўзбек адабиётшунос олими Воҳид Жузжоний меҳмон бўлиб келди. Ўн кунча ҳамроҳлик қилдим. Тошкентни сайр эттирдим. Бухорога олиб бордим. Суҳбатларимиз асносида меҳмон менга Шайх Ҳаким Саноий ва Мавлоно Жалолиддин Румий ҳақида гапириб берди. Саноийдан гўзал бир рубоий ва Мавлоно Маснавийсининг дастлабки ўн байтини у киши айтиб турди, мен ёзиб олдим. Бир ўқишдаёқ ёдладим. Кейин турсам, ўтирсам, ўзимча так­рорлаб, кайфини суриб юрдим.

Бир куни китоб дўконига тасодифан кириб, московлик ёзувчи Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романига кўзим тушди. Дарҳол сотиб олдим. Бош кўтармай, икки кунда ўқиб чиқдим. Ўқиб тугатдиму китобдан олган таассуротларим остида ҳайрат, ҳаяжонга тушиб, тамом лол бўлиб қолдим. Воҳид Жузжонийнинг айтганлари бу китоб олдида дарёдан томчи эди. Кўз ўнгимда илоҳий ишқ билан йўғрилган буюк бир маънавий муҳит – гўзал ва мунаввар олам очилганди.

Бу китобни тезда таржима қилиш керак, деган қарорга келдим. Устоз таржимон Тўхтасин Жалоловга учраб, ниятимни айтдим. У киши романни варақлаб, шеърий парчалари кўп экан, менга қийинлик қиладиёв, деб қолди. Домла, сиз таржима қилаверинг, шеърий парчаларни таржима қилиш мендан, дедим. Барибир иш юришмади. Таржима орқага сурилаверди. Бир куни “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим” дедим-да, таржимага ўзим киришдим. Уч ой деганда тугатдим. Мен оққа кўчириб, раҳматли Воҳидам кетма-кет машинкалаб борди. Хуллас, эр-хотин баҳамжиҳат ишлаб, китобни нашрга тайёрладик. Нашриётга олиб бордим. Одил Ёқубов ора-орадан бир неча саҳифа ўқиб, яхши китобга ўхшайди, деди ва нашриёт режасига киритди. Роман 1986 йилда қирқ беш минг нусхада чоп этилди. Китобхонлар талаш қилиб олишди. Ўн кунда тарқалиб, тугади. Халқ орасида катта шуҳрат қозонди…

Ғафур Ғулом номидаги Республика адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлардим. Бир куни қўнғироқ бўлди. Телефон гўшагини кўтариб, “Ассалому алайкум, мен Сирожиддиновман” деган овозни эшитдим. Мен самарқандлик шоир Сирожиддинов деб ўйлаб, ҳол-аҳвол сўрашга тушиб кетдим:

— Самариддин, қалайсиз, дўстим? Бола-чақа омонми? Илҳом париси билан дийдорлашиб турибсизми?..

— Йўқ, – деди телефондаги овоз. – Мен бош­­қа Сирожиддиновман… Тошкент давлат университетининг ректори…

Мен бу одамни билардим. Ўзбекистонда математика фанининг отаси деб ном қозонган академик Саъдихон Сирожиддинов…

— Кечирасиз, домла, — дедим хижолат чекиб. — Танимабман…

— Зиёни йўқ, – деди у киши. – Хуллас, оғайни, гап бундоқ. Яқинда касалхонада анча ётиб даволандим. Сиз таржима қилган “Жалолиддин Румий” романини ўн бир киши қўлма-қўл қилиб ўқидик. Кеча касалхонадан чиқдим. Бугун ишга тушдим… Телефонингизни топиб менга улаб беришди. Сизга катта раҳмат. Худо хоҳласа, алоҳида бир ўтириб суҳбатлашамиз…

Афсуски, бошқа суҳбатлашиш насиб этмади. Кўп ўтмай, у киши дунёдан ўтди… Бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Гапни чўзмай, муддаога ўта қолай. Радий Фиш Тошкентга келди. Уйимга чақириб, меҳмон қилдим. У таниқли ёзувчи Геннадий Фишнинг ўғли экан. Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) университети турк тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган, тўққиз йил Истанбулдаги совет элчихонасида ишлаган, турк тилини яхши билиши туфайли ўзбек тилини тушунар эди. Жалолиддин Румий ҳақида китоб ёзишга уни буюк турк шоири Нозим Ҳикмат ундаган, шундан сўнг Мавлоно ҳаёти ва ижодини йигирма йил ўрганиб, ушбу асарни қоғозга туширган экан.

Гап орасида сўрадим:

— Сиз ўзга дин, ўзга маданият вакили бўлатуриб, мусулмон уламоси бўлмиш Мавлоно ҳақида шу қадар меҳру ихлос билан ёзгансиз…

— Мавлоно Жалолиддин Румий – умумбашарият шоири, – деди у тўлқинланиб. – У киши ҳақида фақат меҳру ихлос ила ёзиш мумкин. Бошқача ёзиб бўлмайди… Сиз Туркияга боришингиз, Мавлонони зиёрат қилишингиз лозим…

Шу бўлди-ю, Туркияга бориш орзусига тушдим. Йўлим очилиб, Истанбулга сафар қилдим. Кўниё шаҳрига бориб, Мавлоно ва унинг устози Шамс Табризий қабрларини зиёрат этдим. “Маснавийи маънавий”нинг турк адабиётшунос олими Абулбоқий Гулпинарли амалга оширган насрий баёнини қўлга киритдим. Илгари “Маснавий”нинг Теҳронда чоп этилган асл мукаммал нусхасини афғонистонлик бир талабадан сотиб олгандим. Ана шу саёҳату зиёратлар нашъаси ва мазкур насрий баён далдасида “Маснавий”ни таржима қилишга аҳд қилдим. Кўп ўтмай “Маснавий”нинг биринчи китобидан бир неча ривоят ва Мавлоно қаламига мансуб элликта рубоийни таржималаб, “Учмоққа қанот йўқ, вале учгаймен” номи остида нашр эттирдим. Бу гўё хамир учидан патир эди…

Шу орада мени Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раислигига сайлашди. Бир куни ишхонамга раҳматли Ғайбулла Саломов кириб келди.

— Хўш, – деди у кулимсираб, – мана, Ёзувчилар уюшмасига раис ҳам бўлдингиз. Энди бу ё­­­ғи нима бўлади?

— Нима бўларди, – дедим мен. – Баҳоли қуд­рат аравани тортаверамиз…

— Мени аравангиз билан ишим йўқ, – деди Ғайбулла ака. – “Маснавий” таржимаси нима бўлади?

— Бу вазифада ўлтириб, “Маснавий”ни таржима қилиб бўладими? – дедим мен.

— Қўйинг бу вазифангизни, – деди Ғайбулла ака. — Бу ишни бошқалар ҳам эплаши мумкин. Сиз “Маснавий”ни таржима қилишингиз керак…

Шу гапни айтди-ю, қош-қовоғини солиб, хонани тарк этди… Орадан бир неча йил ўтди. Ёзувчилар уюшмаси раислигидан бўшадим. Худди шуни кутиб тургандай, Ғайбулла ака қўнғироқ қилиб қолди.

— Ижодий ишга қайтганингиз муборак бўлсин, — деди у хушчақчақ оҳангда.

— Эшитиб, хурсанд бўлдик. Кеча университетда катта йиғин бўлди. Мен сиз тўғрингизда гапирдим. Жамол Камол “Маснавий” таржимасига киришди, деб эълон қилдим…

Эртаси куни таниқли шарқшунос олим Ориф Усмон қўнғироқ қилиб, айни шу сўзларни так­рорлади…

Учинчи кун – қадрдон акамиз, профессор Тўра Мирзаев… Кейин билсам, улар ўзаро келишиб олишган экан. Шунда қатъий, узил-кесил гапни раҳматли турмуш ўртоғим — Воҳида айтди:

— Киришинг, – деди у. – Мен ҳамма шароитни муҳайё қиламан…

Шундай қилиб, “Маснавийи маънавий” таржимасига киришиб кетдим. Тўрт йил сувдек оқиб ўтди. Мавлоно юрагида янграган доира садоси менинг ҳам қалбимда акс-садо берди. Таржима ниҳоясига етаркан, тўсатдан уйғониб, бағоят ширин, аммо чексиз ғаройиб, хайр­­ли бир тушдан айрилиб қолгандек ҳис этдим ўзимни… Қораламани оққа кўчиришга киришдим. Мен иккинчи қаватда кўчириб, Воҳидам уни биринчи қаватда машинкада терарди. Эсимда бор, ҳар куни пешинда – тушликни тайёрлаб, мени чақирар эди: “Тушинг, овқатингиз тайёр”. Мен “Хўп, ҳозир” дердим-да, ишдан кўнгил узолмасдим. “Тушинг, овқатингиз совиб қолади”, дерди у бироздан сўнг. “Мана, ҳозир” дердим-да, яна ишга шўнғирдим. У учинчи бор жаҳл билан қичқирарди: “Ҳой, томдаги жинни, тушасизми, йўқми?!” Шунда мен ишни тўхтатиб, пастга тушиб, овқатланардим. Овқатланиб бўлдим дегунча, Воҳидам яна қистовга оларди: “Бўлди, туринг энди, Жалол бобони куттириб қўйманг. “Ассалому алайкум!” деб кириб боринг. “Ва алайкум ассалом, омадими писарам? Акнун шуру кун” дейдилар бобо хурсанд бўлиб. “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм” деб ишга киришинг…”

Хуллас, “Масанавий”нинг олти китоби таржимасини нашрга тайёрладик. Ёзувчилар уюшмасида раҳматли Йўлдош Сулаймон раҳбарлигида муҳокама қилиниб, нашрга тавсия этилди. Кейин нашр этиш ташвиши бошланди. Нашриётма-нашриёт, эшикма-эшик юриб, роса сарсон бўлдим. Қайга борсам, фалон милён маблағ топиб келсангиз, босамиз”, дейишди. “Қайдан топаман ўша фалон милённи?” Охири сабрим тугади, бор дардимни қоғозга тўкиб солдим. Газетада босилди. Ана шу мақола сабаб Эрон элчихонаси таржимадан хабар топ­­ди. Бир куни телефон жиринглаб қолди. “Мен Эрон элчихонасининг култур-атташеси доктор Иброҳим Худоёр бўламан, — деди гўшакдаги овоз. – Жамол ака, элчихонамизга бир келиб-кетсангиз, сиз билан айтиб-эшитадиган гапимиз бор”.

“Мен элчихонангизнинг манзилини билмайман, — дедим. Бирор киши бошлаб борса, яхши бўларди. Мен Тил-адабиёт институти директори Тўра Мирзаев хонасида бўламан”.

Доктор Иброҳим Худоёр ғоят хуш қаршилади. Суҳбатлашдик. “Маснавий”ни қандай таржима қилганимни суриштирди. Хайрлашаётиб, “Ташвишланманг, таржимани нашр этишга биз кўмаклашамиз”, деди у қатъий оҳангда.

Уйга хурсанд бўлиб қайтдим. Одам қаттиқ қайғурганда, ухлаёлмаслигини билардим. Қаттиқ қувонганда ҳам ухлаёлмас экан. Эр-хотин қувончимиздан ўша кеча ухламадик ҳисоб. Ахир, олти китобни нашр этиш масаласи бирйў­­ла ҳал бўлган эди-да. Кўп ўтмай, биринчи китоб босилиб чиқди. Ўшанда Тошкентга ташриф буюрган Эрон президенти Саййидмуҳаммад Хотамий мени ана шу нашр учун мукофотлади. Кейин қолган беш китоб ҳам дунё юзини кўргач, Теҳронга таклиф этишди. Эроннинг янги президенти Аҳмади Нажод муҳташам “Ваҳдат” саройида тўпланган катта йиғинда Эрон ислом жумҳуриятининг халқаро давлат мукофоти билан тақдирлади мени. Шу орада Туркия Рес­публикаси Маданият вазирлигининг Жалолиддин Румий олтин медалига ҳам сазовор бўлдим. Шуниси ажабки, ўзбекча “Маснавий” ҳазрати Мавлононинг қадрдон шаҳри Кўниёда нашр қилиниб, уни туркийзабон зиёратчиларга тақдим этиш одат тусига кирди. Кўниёда сафарда бўлган адабиётшунос укамиз Султонмурод Олим унинг бир нусхасини қўлга киритиб, менга совға қилди. Яна шуниси ажабки, Эронга борган адабиётшунос олималаримиз уни Теҳрон китоб дўконидан харид қилиб қайтишди. Урумчи университетининг профессорлари “Маснавий” таржимасини бир киши орқали мендан сўраб олишди. Нашр этишдими-йўқми, билмайман. Аммо таржимамдаги Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романини уйғурчага мослаб бир неча бор нашр этишганидан хабарим бор. Ўзимизда “Маснавий” уч марта нашр этилди. Ҳозир тўртинчи нашри амалга оширилмоқда.

Мен форс тили мутахассиси эмасман. Бу соҳада бирор жойда дарс ўқиб, сабоқ олмаганман. Қандай қилиб “Маснавий”дек улкан бир асарни ўзбекчага ўгирдим? Баъзан шу ҳақда сўрашади. Жавобим шундай: Алишер Навоийнинг шарофати туфайли… Мен Навоийни кўп ўқиганман. Ҳозир ҳам ўқимаган куним йўқ. Хуллас, бу ишга мени руҳан Ҳазрати Навоий тайёрлади десам, ишонинг. Бунда ҳеч муболаға йўқ. Буюк бобомизнинг ижодий тажрибаси менга қўл-қанот бўлди. Гўё бир томонда Мавлоно, иккинчи томонда Навоий бошимда туриб, мени қўллаб-қувватлаб туришди. Мен ҳар куни қўлимга қалам оларканман, уларнинг руҳига юкиндим, улардан мадад сўрадим.

Навоий “Лисон ут-тайр”да ёзади:

 

Хома рафторин неча сурсам, неча,

Қирқ-эллик байт ҳар ярим кеча.

Саҳфага чекмай, қарорим йўқ эди,

Бу рақамда ихтиёрим йўқ эди…

 

Ана шу жўшқин сатрларни ўзимга шиор қилиб, ҳар куни дилимда ва тилимда такрорладим. Буюклар менга мададкор бўлишди. Бунинг учун Аллоҳга шук­роналар айтаман.

“Маснавийи маънавий” муаззам асар, мисоли ноёб жавоҳирлар тўла денгиз. Бағрида беҳисоб дуру гавҳарлар яшириниб ётибди. “Дунёнинг китоби” деб бекорга айтишмаган. Замондош ва келажак наслларимиз бу китобни ўқиб, ўша бебаҳо маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишини ўйлаб, хурсанд бўламан. Шу мазмунда бир саккизлигим бор:

 

Мавлоно Румийнинг дил сўзларидан,

Ажаб сархуш бўлиб кечди кунларим.

“Маснавий”нинг ҳикмат юлдузларидан,

Ёришди, чароғон бўлди тунларим.

 

Ажаб денгиз кўрдим, гавҳарлари мўл,

Аммо туб-тубида олмас тушунча:

“Ҳар қанча бор эсанг, шунча монанд бўл,

Қанча монанд эсанг, бор бўл ўшанча”.

 

Бугун бутун дунё “Маснавий”ни ўқийди. “Башарият шоири” деб донг таратган Мавлоно маърифатидан хабардор. Шу жумладан биз ҳам. Илоҳо, ана шу ҳамнафаслик боқий бўлсин. Тақдир Мавлоно Жалолиддин Румийдан, унинг буюк “Маснавий”сидан ҳеч қачон айирмасин бизни.

Омин, ё Раббул оламийн!..

Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =