Сиёсат (Воқеий ҳикоя)

Султонмурод ОЛИМ

 

СИЁСАТ

(Воқеий ҳикоя)

Ош – ўзбекнинг жони. Талаба бўлганимдан кейин онамнинг ошларини шундай соғиндимки… Бир гал бир сабоқдошимиз ош дамлади, ярми – қовурмоч, ярми – шавла бўлиб чиқди. “Бу гал уйга борганимда онамдан ош дамлашни обдон ўрганиб оламан!” – деб аҳд қилдим. Шу-шу, қаерда ош дамланаётган бўлса, иложи борича, капгирни бировга бергим келмайди. 40 килогача дамлаганман, ишқилиб.

1976 йили ўқишни битириб, уйга борсам, Олимхон бобом минг чақиримдан – Фарғона водийсидан Бухорога келиб, ҳовлимизга файз киритиб, даврага нур сочиб ўтирган эканлар.

Бир куни ёнларига чақириб:

– Ўғлим, онангиз отангизнинг топганини қирқ йилдан бери ҳаром қилиб юрибдилар, – дедилар.

Онам саккиз йилча фарзанд кўрмаган оиланинг тўнғичи, ўғил кўрмаган ота-онанинг икки эрка қизидан бири, ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси, унча-бунча бухороликларда учрамайдиган даражада ҳазилкаш, қайнаталари билан мутойиба қилиб кетаверадиган эрка келин эдилар. “Оббо, – деб ўйладим ўзимча, – онам бирор бундайроқ гап айтиб юбориб, бобомни ранжитиб қў­йибдилар-да”.

– Хўш, нима бўлди? Қанақасига онам дадамнинг топганларини ҳаром қилиб юрибдилар? – деб сўрадим. “Журналист” деган имтиёзли диплом олган йигитчанинг ўша пайтдаги бодилигини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак, албатта.

– Онангиз ошни эплаб пиширолмайдилар. Лекин: “Ошим ‒ андоқ, ошим ‒ мандоқ!” – деб мақтанганлари мақтанган. Бир нима дея олмасам. Дарров гапимга гап тўқийдилар. Ўлганимнинг кунидан ейман-да, болам. Анави, райОНО мудирига келин бўлган синглингиз ҳам – онасининг қизи. Олманинг тагига олма тушади-да. Ошни эплолмайди, десангиз. Пиширгани – нақд шовланинг ўзи. Гуручлари шалвираб кетади. Ўлганимнинг кунидан ейман-да, болам. Емай, десам ‒ оч қолсам. Энди ўзингиз бир ғайрат қилсангиз. Бундоқ пиёзларни қизартириб, а, фарғонача-тошкентча қилиб бир ош дамламасангиз, бўлмай қолди, ўғлим. Ёшни Худо асрайди, қарини – таом-да. Сизнинг ошингиз бош­қача-да, ўзи. Дадангиз айвондаги каравотнинг тагига ўрикнинг ўтинларидан ҳам йиғиб қўйган эканлар…

Бу гапларга эримаган – кесак. Белни “беш жойи”дан бойлаб, енгларни етти шимариб, эрталабдан тараддудни бошлаб юбордим-ку. Энг муҳими, бу иш ҳар икки куннинг бирида айнан такрорланиб турди.

Орада Тошкентдан қўнғироқ бўлиб қолди (Қишлоғимизда фақат бизнинг уйда 1957 йилдан бери телефон бор эди). Ғайбулла Саломов домла излаштир­яптилар экан. Каминага иш топиб қўйган эмишлар.

Бобомдан дуо олиб, қанот чиқаргандай Тошкентга учдим-ку. Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг ўша пайтдаги директори Матёқуб Қўшжонов университет каминани қаерга ишга жўнатганини суриштирдилар. Айтдим. Шунда Бухоро вилояти партия қўмитасидан розилик хати   олиб келишим лозимлигини уқтирдилар. Ўша куниёқ орқага қайтдим.

Отам ҳовлимиздан чорбоғимизга чиқадиган жойга бобом учун махсус айвон солдириб қўйган эдилар. Ҳеч кимга билинтирмай ҳовлига кириб бориб, сюрприз қилиш учун чорбоққа чиқадиган эшикдан мўраласам, бобом ўша “тахт”ларида ёстиқларни қўлтиқлаб ўтирибдилар-у, ким биландир гаплашяптилар. Қулоқ тутсам, синглим келган экан. Айвон атрофларини супириб-сидириб юрибди.

Мана, бобою невара ўртасида бўлиб ўтган ўша суҳбат:

– Қизим, онангиз отангизнинг топганини қирқ йилдан бери ҳаром қилиб юрибдилар.

– Хўш, нима бўлди? Қанақасига онам дадамнинг топганларини ҳаром қилиб юрибдилар.

– Онангиз ошни эплаб пиширолмайдилар. Лекин: “Ошим ‒ андоқ, ошим ‒ мандоқ!” – деб мақтанганлари мақтанган. Бир нима дея олмасам. Дарров гапимга гап тўқийдилар. Ўлганимнинг кунидан ейман-да, болам. Анави, Тошкентда ўқиб келган маҳмадана журналист акангиз ҳам – онасининг ўғли. Олманинг тагига олма тушади-да. Ошни эплолмайди. Пиширгани – нақд қовурмоч. Гуручлари – тошдай. Ўлганимнинг кунидан ейман-да, болам. Емай, десам ‒ оч қолсам. Энди ўзингиз бир ғайрат қилсангиз. Бундоқ бухороча қилиб, жувоз ёғига бир ош дамламасангиз, бўлмай қолди, қизим. Ёшни Худо асрайди, қарини – таом-да. Сизнинг ошингиз бошқача-да, ўзи. Сиз пиширган ошни есам, очиғи, бир ош егандай бўламан-да.

Шу гап устига:

– Ассалому алайкум! – деб, бостириб кирдим-ку.

Ачомлашиб сўрашиб бўлинганидан кейин, мен ҳам қўядиганлардан эмас, мулло Олимхон бобомни “ўқ”қа тутдим-ку:

– Ўртоқ Топилдиев, Тўрақўрғон тарафларда ҳам тут уруғи бўладими?

Ўз неварасининг қочиримини ўз бобоси тушунмайди, дейсизми?

– Тут уруғини нима қиласиз, болам, ҳозир ёз бўлса, тутни кўк­ламда экадилар-да.

– “Тут уруғи”ни тез айтсангиз, “тутуруқ” бўларкан, дейман-да. Бу денг райОНО мудирига келин бўлган синглимиз ҳам онасининг қизи эди, олманинг тагига олма тушган эди, ошни эплолмас эди, пиширгани – нақд шовланинг ўзи, гуручлари шалвираб кетар эди, ўлганингизнинг кунидан ердингиз, емай, десангиз, оч қолиб кетар эдингиз-ку!?

– Эҳ, болам-а, болам, – дедилар шунда бобом. – Университетда беш йил кўп гапни ўқибсиз-у, ақл кирмабди-да, аттанг-а. Ахир, шундай қилмасам, бу қари чолни ким боқади? Онангиз билан синглингизнинг ошини ёмонлаб, сиз пиширган паловни мақтайман. Бундан эриб кетиб, сидқидилдан пиширасизми, ахир?   Онангиз билан сизнинг ошингизни “ёмонлаб”, синглингиз пиширган паловни мақтайман. Бундан эриб кетиб, сид­қидилдан пиширадими, ахир? Эртага, мана, сиз ҳам Тошкентингизга равона бўласиз, синг­лингиз ҳам эриникига кетади. Ана ундан кейин онангизга нима дейишимни битта ўзим биламан, ўлсам, сизларга айтмайман.

Нима, шу невара айтмаганларига қўядиганларданми? Айттирдим:

– Онангизга яна бошқача гапираман. Сиз – келинжон, дарахтнинг туби, болаларингиз – шох, дейман. Қачон шох туб бўлибди, ахир?! Иккаласи пиширган ош ҳам бўлмайди. Анави, Тошкентда ўқиб келган маҳмадона журналист ўғлингиз пиширган ош ош эмас, нақд қовурмоч, гуручлари – тош­дай. Ўлганимнинг кунидан ейман-да, болам. Емай, десам ‒ оч қолсам. Анави, райОНО мудирига келин бўлган қизингиз ҳам, очиғи, эрининг топганини ҳаром қилиб юрибди. Ошни эплолмайди. Пиширгани – нақд шовланинг ўзи. Гуручлари шалвираб кетади. Ўлганимнинг кунидан ейман-да, болам. Емай, десам ‒ оч қолсам. Энди ўзингиз бир ғайрат қилсангиз. Бир бухороча қилиб, қизил сабзилардан аралаштириб, гуручини қайнаган сувга обдон ивитиб, жувоз ёғига бир ош дамлаб берсангиз. Ошни соғиниб кетдим-да, қизим. Анчадан бери ош егандай бўлганим йўқ, дейман-да. Шундай қилмасам, бу қарини ким боқади, ахир?..

– Мадрасада сизларга бош­қача таълим берган экан-да, а, бобо? Биз ҳам “ўқидим” деб юрибмиз экан-да-а?! ‒ дедим.

– Сизларга илм ўргатган, бизга сиёсатни ҳам. Илм ҳақиқат излайди, сиёсат мақсад-да, болам…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − ten =