“Сўнгги қўнғироқ”нинг нархи қанча?

Соҳиба бу йил 11-синфни тугатиб катта ҳаётга қадам қўйиш арафасида турибди. Бир кунлик байрам учун ота-оналар фарзандим синфдошларидан кам бўлмасин, деб катта маблағ сарфлашади. 25 май кунидан бир кун аввал Соҳиба гўзаллик салонига бормоқчи.

— Қизим, оддийроқ ҳолатда тайёрланиб боравер. Бир кунлик шодиёна учун бунча ташвишнинг нима кераги бор? Биз ёшлигимизда бундай нарсаларга у қадар эътибор қилмасдик…

— Эй адажон, замондан орқада қолиб кетгансизларда. Ҳозир у даврлар эмас-ку!

Ота қизининг гапларини эшитиб кўп гап­ларни айтмоқчи бўлди. Лекин хафа қилгиси келмади. Ноиложликдан:

— Қанча керак деб сўради?

— Ўзингиз яхшисизда, адажон, ҳозирча бир миллион. Яна қўшимча пул керак бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Берилган маблағ фақат бўяниш-у соч турмаги ва яна алламбалоларга сарфланди. Фақат… энди навбатдаги либос масаласи. Эртакдаги маликаларнинг кўйлагидек шоҳона кўринишдаги либос тайёрлатмаса бўлмайди. Буни қарангки, биргина кўйлак учун яна юз доллар керак экан. Шундай қилиб, оиланинг даромадидан анча-мунча пул сарфланади.

Сир эмас, айни вақтда битирувчилар орасида ажойиб одат урфга кирган. Тадбирдан сўнг шаҳар айланиш. Бунга ҳам қиммат машиналардан буюртма қилинади. Соҳиба ва унинг синфдошлари мана шу турдаги машиналардан гаплашишган. 5та “Малибу” уларнинг хизматига шай. Ҳар бири учун соатига юз минг сўмдан келишилган. Эрта-ю кеч тиним билмасдан меҳнат қилиб фақатгина ойликка яшаётган, қўшимча даромади йўқ ота-оналар учун бу каттагина маблағ. Шу ҳақда айрим фарзандлар чуқурроқ мулоҳаза қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дарвоқе, сайрдан сўнг унутилмас кечки байрам тадбири ҳам бўлади. Унга 11 йил бирга ўқиган барча синфдошлар, азиз устозлар ва ота-оналар ташриф буюришади. 11-“Б” синфи ҳам шаҳримизнинг обрўли ресторанига буюртма қилишган. Ҳар бир кишига бир юз эллик минг сўмдан тушган. Байрамда рақслар, синфдошлар, ота-оналар ўртасида ҳар-хил мусобақалар бўлиб ўтади. Айрим ҳолатларда ёшлар ўртасида йигит-қиз жуфт-жуфт ҳолатда “валс” тушадиларми-ей…

Яна денг тадбирга хонандалар ҳам гаплашилган-да. Уларнинг нархи ҳам анчагина баланд. 11-“Б” синфи барча анъана-ю урф-одатларга амал қилади. Байрам дастури алламаҳалгача чўзилади.

Тўғри, мактабда ўн-ўн бир йил ўқиган ёшлар учун қадрдон мактабларини ташлаб кетиш, мустақил ҳаётга учирма бўлиш нақадар завқли бўлиш билан бирга маҳзун. Юрак­лар оғрийди, орзиқади.

Аммо наҳот, мактаб, синфдошлар, азиз устозлар билан хайрлашиш учун шу қадар дабдабаю асаса керак бўлса?!

Шундай экан, энди ўзингиз “Сўнгги қўнғироқ” нархини ҳисоблаб кўринг-чи?!

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 18 =