Лоқайдлик ҳам эви билан-да

Зарафшон дарёси бўйида жойлашган Жондор тумани юртимизнинг ўзига хос гўшаларидан. У бой тарихга эга. Жондор араб истилоси,Чингизхон босқинининг тилсиз гувоҳидир. Бу муқаддас заминда умргузаронлик қилган, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган аждодларимиз ўз она-юртлари эрки, озодлиги учун мардонавор курашганлар. Масалан, мозийдан биламизки, оддий элакчи оиласида вояга етган ғалвирсоз Маҳмуд Торобий Чингизхон қўшинларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилиб ғалаба қозонган. Қутайбага қарши қаҳрамонларча курашган ёвқур аждодларимиз, Варахша ҳукмдорлари Бухорхудотлар ва Туркон хотуннинг ёв билан тенгсиз курашдаги жасоратларини айтмайсизми?!

Юқоридагилардан хулосага келиш мумкинки, ёвқурлик, баҳодирлик, тантилик, она-юртга садоқатли бўлмоқ каби фазилатлар жондорликларга бобо меросдир.

Жондорликлар табиатан танти, меҳнаткаш, бағрикенг. Далада ҳам жасорат, матонат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиб, пахта, ғалла, пилладан, полиз ва сабзавотдан юқори ҳосил олиб келишмоқда.

Туманнинг юзлаб пахтакору ғаллакорлари, боғбонлари ҳалол меҳнатлари эвазига ўз даврида давлатнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишган. Булар орасида меҳнат қаҳрамонлари — Рустам Бобоев, Даврон Бобоев, Иззат Эллиев, Теша Салимов, Сайфулла Нас­руллаев, Абдулла Кўкламов; собиқ иттифоқ қаҳрамони Нарзи Ражабов; Ўзбекистон Қаҳрамонлари — Фарҳод Соҳибов, Тўра Нарзиевлар бор.

Афсуски, юртимизнинг бугуни, эртаси учун курашган, давлат томонидан қаҳрамонликка лойиқ топилган бу инсонларни бугунги кунда ёшларни-ку қўя туринг, ўрта ва кекса авлод вакиллари ҳам тузукроқ билишмайди. Ахир, ўтмишини билмаган халқнинг келажаги йўқ, деб бежиз айтилмайди. Уларнинг икки фронтдаги матонат ва қаҳрамонликлари ёш авлодга намуна қилиб кўрсатилса, туман марказидаги истироҳат боғида “Қаҳрамонлар хиёбони” бунёд этилса, бу ерда ёшларга қаҳрамон ота-боболаримизнинг ҳаёти, ибратли умр йўли ҳақида ҳикоя қилинса, нур устига нур бўларди. Бизнингча, бу хиёбон ВАТАН ҳақида энг яхши сабоқ вазифасини ўтайдиган манзилга айланарди. Ушбу мулоҳазаларни ёзишдан аввал, анча олдинроқ туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилдик. Афсуски, орадан бир йил ўтди ҳамки, жўяли гап айтишолмади.Бепарволик ва лоқайдлик ҳам эви билан-да.

Сафар АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 6 =