Инсоф эсдан чиқмасин!

Бугунги кунда юртимизда хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, шифохоналар, автомактаблар ва яна бир қанча хусусий ташкилот ва муассасалар юзага келди. Хўш, буларнинг фаолиятидан оддий халқ қай даражада фойдаланяпти?

Хусусий боғча ва мактабларда давлатникига қараганда яхшироқ шарт-шароитлар мавжуддир, хусусий шифохоналарда ҳам хизмат кўрсатиш даражаси сифатлироқ бўлиши мумкин. Аммо… уларнинг хизматидан фойдаланиш кимларга насиб этаяпти?

Имкониятинг бўлмаса ана давлат муассасасида ўқи, давлат шифохонасида даволан, деб айтишингиз мумкин. Бироқ…

Бугун “қўлидан иш келадиганлар”- нинг кўпчилиги ўзи учун бир ташкилот очиб оляпти. Бундай қила олмаганлари ҳам ҳамкасблари очган ўша ташкилотларда фаолият юритишмоқда. Ўқитиш пуллик ва жуда қиммат. Тиббий хизмат кўрсатиш ҳам арзон эмас.   Қобилиятли кадрларни ўзида йиғаётган бу каби масканлар ўзи қўйиб олган баланд нарх-навонинг ҳисобига ходимларига давлатга қараганда анча юқори маош тўламоқда. Натижада давлатнинг бепул таълим берадиган мактабларида ўртамиёна ўқитувчилар, шифохоналарида эса “бош оғриғига қорин оғриқ дори” ёзиб берадиган шифокорлар ишлайдими?

Йўқ, албатта. У жойларда ҳам соҳасининг билимдон, тажрибали кишилари меҳнат қилишади. Лекин…

Албатта, хусусий ташкилотлар керак, аммо улар аҳоли имкониятларини ҳам ҳисобга олиши зарур эмасми? Барчамизга аён бўлганидек ривож­ланган ҳамда ривожланаётган давлатларда ҳам деярли 90 фоиз муассаса ва ташкилотлар хусусий. Ҳа, Ко­реянинг фалон коллежида ўқиш палон пул дейишингиз мумкин, бироқ ўша давлат аҳолисининг даромади-чи? Буни ҳисобга олмаймизми?

Ҳамма ҳам фарзандини энг обрўли боғча, мактабларга бергиси келади. Лекин ўта баланд нарх-наво туфайли барча ҳам бунга эриша олмайди. Давлат боғчаларида битта бола учун 246 минг сўм ойлик тўлов тўланса, хусусий боғчаларда бундан (икки баробар бўлса ҳам майли эди.) беш-ўн баробар кўпроқ тўлов қилинади. Энди ўйлаб кўринг, юртдошларимизнинг ўртача ойлик маоши икки-икки ярим миллион сўм деб олсак,   қанча одам фарзандини бундай боғчаларга бера олади. Тўғри, болангизни давлат боғчаларига бераверинг-да, дейишингиз мумкин. Аммо бунинг учун узоқ вақт навбат кутиш ҳам керак. Бу нав­бат келгунича кичкинтойингиз мактаб ёшига ҳам етиб қолади. Нима қилиш керак? Мактабга борадиган фарзандингизни энди навбат келди деб боғчага бермайсиз-ку.

Айтмоқчи бўлганим ўша хусусий боғчалар, мактаблар, клиникаларни ташкил қилаётганлар ҳам ўзимизнинг орамиздан чиққан одамлар. Бугунги ибора билан айтганда — тадбиркор ишбилармонлар. Тушунамиз, улар ўз хизматига ўзлари нарх белгилайди, лекин бу дегани ҳеч бир истиҳоласиз ўз халқининг чўнтагини охирги миригача қоқиб олиш керак дегани эмас-ку!

Бу масаланинг эътибор қаратишимиз зарур бўлган яна бир жиҳати бор. Айтайлик, қиммат нарх тўланадиган ва номи оғиздан-оғизга ўтиб, “осмонга чиққан” боғчада тарбия олаётган болалар билан оддий давлат боғчаларида паст нархли тўлов билан тарбия олаётган (Бу гапдан сўнг давлат боғчалари жуда арзон эканмиз деб қимматлаштириб қўйишмасинда ишқилиб) болаларимиз ўртасида қандайдир паст-баландликни, табақага ажратишни юзага келтириб қўймаяпмизми?

Хусусий тадбиркорларга ва юқоридагидек “ишбилармонлар” га имконият яратилиб, хусусий ташкилот ва муассасаларнинг кўпайгани яхши. Аммо билганингни қилавер деб, нафси тусаганича нарх қўйиб олишида ҳам меъёр бўлиши керак эмасми?

Камол ҚАЙСАР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − five =