Умаршайх мирзо ҳақида

Умаршайх мирзо жуда саховатпеша инсон эди. Сўнгги пайтларда унинг омади унчалик чопмаётганди. Зиёфатга келган меҳмонлар билан у хўп улфатчилик қилди. Синчини чақириб, Бобурнинг келажагини башорат қилиб беришини талаб қилди, шоҳлар учун битилган тақдирнома (“Шоҳнома”)дан мисоллар келтирди. Умаршайх мирзонинг қилган улкан ишлари унинг ўз мулки сифатида сақланиб қолди. Авваллари у каптарбозликка ишқибоз эди. Унинг каптарлари унга мамлакатнинг турли чеккаларидан хат-хабарлар олиб келишар ва у каптарларини ҳавода дўмбалоқ ошиб ўйин кўрсатишга ўргатар ва каптарлар атрофида лочинларнинг учишига йўл қўймас эди. Лекин Бобур туғилган куни подшоҳнинг бутун вужуди янги туғилган шаҳзодага қаратилганди.

Отаси ҳақида Бобур шундай ёзади: “Ғоят саховатли эди. Хулқи ҳам саховатича эди. Хушхулқ, ҳазилкаш, гапга чечан ва ширинсўз киши эди. Шижоатли ва мардона киши эди. Юрт олиш дағдағаси туфайли анча ярашлар урушга ва дўст­ликлар душманликка айланар эди. У Амир Темурнинг салтанатини охирги йилларида қўлида сақлаб турган ҳукмдор — Абусаид мирзонинг тўртинчи ўғли эди. Паст бўйли, юмалоқ соқолли, сарғиш юзли, норғил киши эди. Тўнни роса тор кияр эди. Шунчаликки, белбоғ боғлаганда қорнини ичига тортиб боғлатар, боғлагандан сўнг қорнини қўйиб юборса, кўпинча белбоғлари узилиб кетарди. Киймоқ ва емоққа бетакаллуф эди. Саллани дасторпеч ўраб қўярди. У замонда саллалар бутун — тўрт ўрама бўларди. Текис чирмаб, учини осилтириб қўярдилар. Ёз пайтлари маҳкамадан бошқа ерларда аксар мўғилча бўрк киярди”.

“Эътиқодига келсак, у ҳанафий мазҳабида, покиза эътиқодли киши эди. Беш вақт намозни канда қилмас эди. “Шоҳнома”га ихлоси баланд бўлса ҳам, аксар Қуръон тиловат қилар эди. Ўзи хушхулқ, жасур ва мард киши эди. Ўқни ўртача чоғлиқ отар эди. Мушти жуда қаттиқ эди, унинг муштидан йиқилмаган йигит йўқдир. Авваллари кўп ичарди, кейинчалик ҳафтада бир ёки икки марта ичадиган бўлди. Кейинги пайтларда кўпроқ маъжун истеъмол қиларди, ҳазил, шўхликка ўч, ҳамиша нард ўйнар, гоҳо қимор ҳам ўйнарди”.

Харольд ЛАМБнинг

“Бобур — йўлбарс” асаридан.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =