Беғубор гўдакдай шириндир дунё

                                                                               Аҳмад Хўжа

 

 

Бировни камситмоқ одатим йўқдир,

Сизни севадилар улар ҳам,

Бироқ,

Менинг муҳаббатим ғоят буюкдир,

Сизни мен севаман ҳаммадан кўпроқ!

 

Фарзандларинг кўпдир фидоий, содиқ,

Сени деб яшарлар улар ҳам, балким.

Лекин имон ҳаққи,

Айтаман очиқ,

Сени мен ортиқроқ севаман, халқим!

 

Менимча,

Ватанни севмас инсон йўқ,

Кимни йиғлатмаган бу азиз тупроқ.

Лекин менинг меҳрим беқиёс, буюк,

Ватаним, мен сени севаман кўпроқ!..

 

 

                             * * *

Ўлтирган – бўйрамиш,

Йўл юрган – дарё,

Турфа хил элларни кездим беармон.

Сокин ирмоқлардан тингладим наво,

Қорлар кўчкинидан эшитдим сурон…

 

Томоша қилганман, ҳайрат ичра лол,

Шовқинли Арслонбоб шаршарасини.

Унута олмасман, мангу безавол,

Гўзал Шоҳимардон манзарасини!

 

Беғубор Кавказнинг ҳуснига боқиб,

Кўз олдимдан ўтган ўзим ўсган ер.

Кура бўйларида гулханлар ёқиб,

Гуржи гўзалига атаганман шеър…

 

Биров пиёлада иссиқ чой тутди,

Биров айтиб берди, қайга элтар йўл.

Кимдир гўшасида кечқурун кутди,

Кимдир тонг маҳали силкиб қолди қўл…

 

Йўл юриб, эл кезиб, мен англаб етган

Сафар фалсафасин айласам баён —

Одамлар қуёшдай меҳрибон экан,

Она юрт осмондай экан бепоён!..

 

 

                           * * *

Замон елаётир нур каби шитоб,

Ажиб шиддат билан умр оқмоқда.

Дўстим, қадаҳларга тўлдиргил шароб,

Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда.

Беғубор гўдакдай шириндир дунё,

Латиф рухсорида кўринмайди доғ.

Олам яралгандай қайтадан гўё,

Башар поклигига қайтгандай бу чоғ.

Бугун ўйларим ҳам ғамлардан холи,

Кўмиб кетган янглиғ хору хасни қор.

Йўл бошида турган ўсмир мисоли

Янги йилга айтар тилакларим бор…

…Мен кўп бор кўрганман деҳқон заҳматин,

Чигит қадаганин такрор ва такрор.

Бу йил ҳам яшириб зангор талъатин,

Қайдадир тентираб юрмасин баҳор.

Хамирдек кўпчисин, бу олтин тупроқ,

Ошиқ қалбдай ёнсин, замин юраги.

Янги йил.

Деҳқоним учун ҳам кўпроқ

Жонажон қуёшдан зиё сўрагин.

Соз эрур ҳар неки билса ўз ҳаддин,

Ўрнини билгандай ҳар битта юлдуз.

Ўжар қиш олдида букмасдан қаддин,

Ўз тахтида турсин, сўнггигача куз.

Янги йил, сенда ҳам кўрмайлик зинҳор

Мунис оналарнинг қатра ёшини.

Ўтган йиллар каби меҳр айла нисор,

Маъсум гўдакларнинг сила бошини.

Сен омад, иқболдан бахш этгил дармон

Ҳижрон азобидан зада дилларга.

То боқа олсинлар улар ҳам шодон

Кўм-кўк чечакларга,

Алвон гулларга.

Бежиз даркор эмас отларга жилов,

Юган солмасдилар бўлмаса ҳожат.

Дунёга ўт қўймоқ истаса биров,

Сен унга ато эт ақлу фаросат.

Эзгу орзуларим билмас ниҳоя,

Сенга юрагимда тилаклар бисёр.

Гарчи, ёлғиз истак қилмас кифоя,

Фақат дуо билан соғаймас бемор.

Оламга қай тусли либос бичарсан,

Қандай қўшиқларни ўтарсан айтиб?!

Ҳамма йиллар каби сен ҳам кечарсан,

Ҳамма йиллар каби келмассан қайтиб.

Замон чархпалаги айланар шитоб,

Бир зум ортга боқмай умр оқмоқда.

Қалбимда уйғотиб ранго-ранг хитоб,

Янги йил келмоқда,

Эшик қоқмоқда…

 

                                     * * *

Журъат керак тўғри сўзни айтмоқлик учун,

Журъат керак гуноҳларни олмоқ учун тан.

Журъат керак хато йўлдан қайтмоқлик учун,

Журъат керак яшамоққа мағрур қад билан.

 

Журъат керак дилда меҳринг этмоққа изҳор,

Журъат керак ғаддорларга сочмоққа ғазаб.

Юрагингда журъат йўқми, ҳаётинг бекор,

Умринг зое, сен шунчаки ўтарсан яшаб.

 

Қай бир инсон не савдога экан мубтало,

Қай кимсанинг ҳоли забун, толеи кулмас —

Бунда “чархи кажрафтор”нинг айби йўқ асло,

Журъатсизлик сабаб бунга, бошқа гап абас.

 

Қайда тазйиқ, разолатнинг қўллари узун,

Қайда инсоф, адолатнинг қисқадир дасти —

Ўша элнинг фарзандлари безабон, маҳзун,

Ўша ернинг одамлари журъатсиз, асли.

 

Қаердаки, диёнатга тортилган чизиқ,

Қаердаки, нодон азиз, аҳли дониш хор-

Қаердаки, шоирларнинг тиллари қисиқ,

Демак, ўша эл қонида журъатсизлик бор.

 

Гоҳо журъат етишмади менга ҳам, афсус,

Юрагимга гар ёвқурлик бўлса эди ёр —

Бевақт яшил боғларимни босмас эди куз,

Менинг ҳам дил бўстонимда яшнарди баҳор.

 

Ағёрларнинг қаршисида эгмас эдим бош,

Балки улар аҳволидан юрардим кулиб.

Дўстларимга биров агар отса ногоҳ тош,

Турар эдим девор янглиғ ҳимоят бўлиб.

 

Яхши-ёмон, дўст-ғаним бор,

замон долғали,

Дунё нотинч,

                    шам мисоли титрама, юрак!

Ватанни бахт манзилига олиб боргали

Ҳали қанча журъат керак, жасорат керак…

 

Шу боисдан қалбингизда менга нисбатан

Бот-бот меҳр, ҳайрихоҳлик жўш урган

фурсат —

Бойлик, омад соғинмангиз менга қисматдан,

Сиз дадиллик тиланг фақат,

тилангиз журъат!..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =