Аммо ҳануз дилдасан, дўстим…

Нажмиддин ИКРОМИЙ

 

Муаллиф ҳақида: Нажмиддин Икромий – Андижонда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (собиқ Тошкент давлат университети)нинг журналис­тика факультетини битирган. Республика ва вилоят босма оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Унинг шеър, ғазал ва ҳикоялари, таҳлилий-публицистик асарлари республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида мунтазам босилиб туради.   “Эрта ботган ой” шеърий тўплами, “Бошловчи журналист ва маҳорат машаққати” ҳамда “Амалий журналистика ва маҳорат” илмий-публицистик китоблари нашр этилган.

 

   ШЕЪР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

 

                       Адабиёт ўқитувчимиз  

                                    Мукаррама аяга

 

Мен шеърга айландим…

Энди мен йўқман…

Дардсиз ҳаётимга қўйилди нуқта.

Энди мен жавобсиз мангу сўроқман,

Адабиёт, деган улкан ҳудудда.

 

Сиз мени изламанг тунлар қаъридан,

На куннинг бағридан тополдим ором.

Мени чорлаб неча йиллар наридан

Ойбарчин санамлар қилса-да муқом.

 

Гарчи, болаликда битилган ашъор

Унут бўлган ҳисни дилимга жойлаб

Қўйган эса-да, Ишқ аталган дилдор

Васлидан ҳозир ҳам қақраяпти лаб.

 

Айтинг, яна нима керак одамга,

Мен шу йўқликда ҳам бахтлиман, ахир!..

Не қилай, сиғмасам шу кенг оламга,

Менга Адабиёт, шеърият тақдир!

 

* * *

Қўлларим қаламга айланди, қаранг,

Кўксимда урятган нарса – сиёҳдон.

Оқ қоғоз бағрини қизартиб яланг,

Дардимни айтаман мен кулиб шодон.

 

Кимдир айтар, балки, сен телба,

дарвеш,

Мазахлаб девона ёҳуларимни.

Майли, мен Мажнунга бўла қолай хеш,

Соғларга бериб хуш туйғуларимни.

 

Яна Қуёш чиқди, отди янги тонг,

Ҳеч кимса ўпмаган, ҳали бокира…

Юрак яшамоқдан урар экан бонг,

Унут бўлмас сира эски хотира.

 

Мен-ку сўзим айтдим сиз учун, устоз,

Далли болангизнинг эҳтироми шу!

Сиз эккан ниҳоллар ўсаркан қийғос,

Қалбда шеъриятга муҳаббат мангу.

 

Шунча ёзганларим шеър эмас, балки,

Кўнгилда сўзим кўп ҳали айтмаган.

Қоғозга тушмаган ё турган қалқиб –

Сиз менинг шеъримсиз ҳали битмаган!

 

          СИНФДОШЛАРИМ

Гарчи, биз авваллар ёт, бегонадай,

Туғилсак-да турли ота-онадан,

Ўн йил бир партада, битта хонада

Улғайган дўстларим ва қондошларим –

Синфдошларим!..

 

Мусаффо ва мурғак кўнгилларини,

Кенг очиб боладай, бир-бирларини

Севиб ва ишонган дил сирларини,

Кўнглида кири йўқ, энг сирдошларим –

Синфдошларим!..

Ҳали муҳаббатнинг нелигин билмай,

Ўзимча оҳ уриб, севиб-севилмай,

Юрган кунларимни маломат қилмай,

Ҳолимни тушунган чин дарддошларим –

Синфдошларим!..

 

Йиллар йил ортидан қувалаб ўтди,

Куз, баҳор ёмғири севалаб ўтди,

Неча йил, ой куним чувалаб ўтди

Сизларсиз қадрдон, қадрдошларим –

Синфдошларим!..

 

Кўкда ой, ерда қиз, ҳурларни суйдим,

Ишқ, севги, ҳижроннинг доғида куйдим,

Баъзида сизларни ўйламай қўйдим,

Сизсиз синиб битди, сабр, дошларим –

Синфдошларим!..

 

Энди дийдорингиз кўзимга сурай,

Кўнглингиз олмоққа изнлар сўрай,

Юз йил яшанг, мен ҳам ўлмасдан юрай,

Жондан азизларим, жон,

жондошларим –

Синфдошларим!..

 

СИНФДОШ ҚИЗГА

Йил ўтади, баҳорлар келар,

Дарахтларни тутади тўлғоқ.

Яна яшил ранглар туғилар,

Кўкси тўла йўргаклар оппоқ.

 

Чақалоқ гул узра сандувоч

Баётини ўқигани кез

Эсга тушдинг, қошлари қийғоч,

Мен севолган, эй, синфдош қиз!

 

Сен сорига талпинган кўнгил

Орзуларни рангларга қориб,

Қизғалдоққа айланди секин,

Хумосини кутмоқдан ҳориб.

 

Илк баҳорда очилган чоғи

Бир юракка қуриб тахтини, —

Яратганга етдими оҳи,

Бошқа қиздан топди бахтини…

 

Аммо ҳануз дилдасан, дўстим,

Хотирамнинг бир чети гулгун.

Илк ишқимдан қолган ёдгорим,

Доим менинг ёдимда тургин!

 

Йиллар ўтар, яна гулбаҳор

Келаверар такрор ва такрор.

Ҳар баҳорда илк муҳаббатга

Қайта-қайта бўламан иқрор.

 

Ҳар баҳорда девона кўнглим

Сен томонга елиб қолади.

Биласанми, йўқми, лиммо-лим

Орзуларни сендан олади!

 

          ҲИЖРОН

Менга қобоқ уйма, дил,

Айбим йўқ менинг сира.

Сену мени қийнайдир,

Ундан қолган хотира.

 

Ташласам нигоҳ қаён –

Юракларим тилинар –

Учраган ҳар бир аёл

Ўша бўлиб кўринар.

 

Кечмагандим ундан ҳеч,

У ҳам мендан кечмаган…

Қолмади эртаю кеч,

Ҳеч оғу биз ичмаган…

 

У мени Шошда ўйлар,

Мен уни Андижонда;

Ҳар кун бир янгиланар

Севги ҳар икки жонда!

 

Кел, қобоғинг оч, дилим,

Хуморимни ёз бугун;

Бағримни қилма тилим,

Шундоқ ҳам қалбда тугун…

 

Ўртага қўйиб жонни —

Илтижою дуомда;

Жаннатларда мен они

Тилаб олгум Худодан!..

 

      ЧЎПОН ҚИЗ

Олой тоғин пойида

Қуёш эрта ботаркан;

Эрта ботиб ойи-да,

Тонглар эрта отаркан.

 

Эрта тонгда хуш насим,

Дилга бирам ёқади;

Кунда ортиб ҳавасим,

Дилда ишқ уйғотади.

 

Чақмоқ чақса ҳў тоғда,

Акси қалбда билинар;

Аста чиқсам ўтовдан,

Чўпон қиз сут илинар…

 

Ичмасам, уяр қобоқ,

Ичсам – қалбда талотум;

Киприк гўёки садоқ,

Қошда ўқ бор бир отим…

 

Чўпон қизнинг юзлари

Гўё сутга чайилган;

Кўриб оҳу кўзларин

Ҳушим мендан айрилган…

 

Сафар қариб бораркан,

Билмам, энди нетаман;

Қалбим бунда қоларкан,

Қандай уйга кетаман?

 

О, дўстларим, Анжонга

Ўзларингиз қайтинглар;

Ёр-ошна, қадрдонга

Мендан салом айтинглар!..

 

Айтинг: Олой қимизин

Ичганлар бол тотаркан;

Чўпоннинг сулув қизин

Суйган қолиб кетаркан…

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 12 =