Ватан қолар экан, Ватан абадий

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

 

                          (Эски-янги шеърлар)

 

                                      АЗИЗИМ

Магар уйқуда юзунг кўргай эрдим,

                                 Вале ҳажрингда кўздин учти уйқу…

Бобур.

 

Тун шамоли эсмоқда. Юлдузлар жимир-жимир,

Дарахтларнинг сояси чайқалар шитир-шитир.

Дунёда армон ҳам кўп, валекин ором ҳам бор,

Ойнамизни япроқлар аллалар шивир-шивир.

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

 

Ой ҳам ботиб бормоқда. Тун ярмидан оғмоқда,

Сомон йўлидан нурли елпиғичлар оқмоқда.

Дунёда ҳижрон ҳам кўп, вале дийдор ҳам бордир,

Ойнамиздан эгилиб фаришталар боқмоқда.

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

 

Ўкинмагил, дунёда ким бу туйғуга етган,

Ким бу туйғуга етган – дарду қайғуга етган.

Ором олар бор олам. Сен ҳам тинчлан бир нафас,

Мену сендай дунёда ким бу уйқуга етган?

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

 

Менинг туну кунларим кўзларингдан киприкзор,

Сен менга интизору мен ҳам сенга интизор.

Уйқумда ҳам ўнгимда сезгум қарашларингни,

Уйқунгда ҳам ўнгингда зор-зор қарашларим бор.

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

 

Биз кўнгилдан тикладик бу кўшку тахтимизни,

Шабнамларга чайганмиз ишқимиз, аҳдимизни.

Бир умр бедорликдан васли саодат излаб,

Эҳтимол рўёлардан топгаймиз бахтимизни.

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

 

Ҳаммаси изга тушар. Бир гап бўлар эртага,

Қулоқ солгин, тинчланмиш ер усти ҳам ер таги.

Умримнинг афсуни ҳам афсонаси ўзингсан,

Сен бедор ҳаётимнинг гўзал, мунгли эртаги.

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

 

Бу дунёда икки зор онайизор бор доим,

Бири – сенинг адойинг, бири менинг адойим.

Икки онайизорким, умри зор, бедор ўтгай,

Дуоларин ижобат қилсин охир Худойим,

Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,

Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

                                                                                   2016

 

* * *

Тескарига оққан дарёлар қайтди,

Тоғларда йўқолган садолар қайтди.

Мени излаб кетган нидолар қайтди,

Болалик қайтмади. Қайтмади.

 

Сомонлар янчилмай қолган куз пайти

Адирлар заъфарон алвидо айтди.

Мени олиб кетган подалар қайтди,

Болалик қайтмади. Қайтмади.

 

Бу кўча, бу ҳовли, бу уй, бу тандир

Бир кун сесканади, сассиз сиқтайдир:

Ўн йил ғойиб бўлган олапар қайтди!

Болалик қайтмади. Қайтмади.

 

Қолдириб кетдимми уни даштларга?

Ёки топширдимми шиддат, шаштларга?

Бўзлаб чорласам-да битиб хатларга,

Болалик қайтмади. Қайтмади.

 

Қалдирғочлар қайтди. Тойлар от бўлди.

Юртнинг тоғу тоши менга ёд бўлди,

“Уҳ” деганим менинг хотирот бўлди,

Болалик қайтмади. Қайтмади.

 

Йилларни ағдарар бу кун сўроғим,

Қайдадир ул менинг эрка сўқмоғим?

Дилга жо бўлди бор яқин-йироғим,

Болалик қайтмади. Қайтмади.

                                                                 1986

 

                 ВАТАН АБАДИЙ

Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,

Насимлар эсдилар илиқ, арабий.

Бир осмон тўлдириб келди кўксимни,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Не зотлар ўтдилар Ватандин айро,

Севинчи савдою соғинчи саҳро.

Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Бобо қирлардаги бир хас ё тикан,

Шу ҳам кимларгадир зўр армон экан.

Кўп экан зар топиб, зор бўлиб юрган,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Ким ахир бу даҳри дундан ўтмагай?

Ким ахир бир куни асо тутмагай?

Тандан жон кетар, лек Ватан кетмагай,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,

Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.

Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Олмон тупроғида бир немис аёл,

Кўзда ёш, ўзбекча айлади савол.

Халқим, нону тузинг ҳамиша ҳалол,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Ҳар кекса, ҳар ёшнинг заҳматларида,

Азим чинорларнинг ҳикматларида,

Ҳазрат Яссавийнинг хилқатларида

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Айб эмас аввалий ва ё сониймиз,

Агарчи инсонмиз вале фониймиз.

Барчамиз ушбу кун Туркистониймиз,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Аста барг тўкмоқда зарҳал оғочлар,

Умр гўё тўлар божу хирожлар.

Келиб кетар экан қанча Сирожлар,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

                                                             1995

 

                            ДАРЁ

Ким шамол,

Ким отда учиб елишди,

Пешинми, шом чоғи ва ё эрталаб,

Шеърият шаҳрига кириб келишди.

Мен Тўполондарёни келдим етаклаб.

 

Сеҳрли бу шаҳар,

Гўзал бу шаҳар,

Ваъда айлар эди жозиб эртаклар.

Зангор дарвозасин очиб бир саҳар,

Мен Тўполондарёни кирдим етаклаб.

 

Бир пайтлар ҳазрати Хизрлар янглиғ

Кезган устозларнинг қутлуғ макони.

Тўтилар юрарди вазирлар янглиғ,

Мен юрдим етаклаб Тўполондарёни.

 

Нозик гулойимлар ташбеҳлар узиб,

Чалғитиб юрарди ўнгу рўёни.

Тонгги кўчаларнинг сукутин бузиб,

Етаклаб келдим мен Тўполондарёни.

 

Ярим ошқозони йўқ булбул билан

Дўст тутиндик кейин тўшаб бўйрони.

Мен унга термулдим,

У менга дилтанг:

Нима қилсак экан Тўполондарёни?

Улуғ уммонларнинг товуш, сасига

Дил бериб, ўргандик назмий дунёни.

Сўнгра Ёзувчилар уюшмасига

Етаклаб келдим мен Тўполондарёни.

 

Ҳайъат қабулига кирдик сўнг секин,

Ҳайъат бизга, биз ҳам ҳайъат ҳайрони.

– Сизни қабул қилдик майлига, лекин

Нима қилсак экан Тўполондарёни?

 

Уйли-жойли бўлди шоирлар қатор,

Шеър ахир кўнгилнинг эрка жайрони.

Бизнинг ҳам энди ўз рўзғоримиз бор,

Нима қилсак экан Тўполондарёни?

 

Шеърият, шеърият –

Ёддир, фарёд ҳам,

Не зотлар дил аро ёш олиб кетди.

Мен олиб келганим тошқин дарё ҳам

Бир тонг хайрлашмайин бош олиб кетди.

 

Балки чидолмади ҳасадгўйлару

Мен таништирганим дўсту ёрларга.

Бир-бирин кўролмай юрган кўзлару

Кўнгли қаролар ҳам ичи торларга.

 

Лойқа давралардан ғамларга тўлди,

Кетди. Йиллар ўтди. Ўзгарди замон.

Бугун Тўполондарё сувомбор бўлди,

Мен уни етаклаб юрибман ҳамон.

                                                            2007

 

                КЕЛИБ КЕТМОҚ

Саҳар туриб оламга боқ:

жилғалари равондир,

Чарақлаган тоғлар боши

шомга бориб тумондир.

Тойчоқларинг қаёндиру

қулунларинг қаёндир?

Кўрганларинг ўзингники,

кўрмаганинг гумондир.

 

Инсон бўлиб бу дунёнинг

бозорини кўрдингми?

Зарлари ҳам зорларию

озорини кўрдингми?

Саҳар туриб ўз отангнинг

мозорига бордингми?

Борганларинг ўзингники,

бормаганинг гумондир.

 

Келиб кетмоқ ўйин эрмас,

саёҳат ё зиёрат,

Умр йўли заҳматлару

меҳнатлардан иборат.

Кўнгилларга қурдингми бир

кўприкми ё иморат?

Қурганларинг ўзингники,

қурмаганинг гумондир.

 

Атрофингга қараб боргил,

англаб боргил йўлингни,

Кўз бўлсанг гар, қароғ деб бил

она Юртинг, элингни.

Бергил унга эътиқодинг,

меҳринг, жону дилингни,

Берганларинг ўзингники,

бермаганинг гумондир.

                                                                 2000

 

                            ҚАРЗ

Яратгандан олар жонлар қарзим бор.

(Халқ мулки)

 

Устоз чинорлардан қанча дарс олдим,

Улар токи борлар —

Мен ҳам ўлмайман.

Ёзувчилар боғидан кўп қарз бўлдим,

Сиз хижолат бўлманг,

Ўзим тўлайман.

 

Кўклам чоғларида оқ тунлар аро,

Оппоқ ўрик янглиғ ичдан гуллайман.

Мен ўз тоғларимдан қарзман бир дарё,

Сиз хижолат бўлманг,

Ўзим тўлайман.

 

Ҳануз ёд айласам — бағрим бўлар хун,

Ҳинд ё Кобул десам — жунжикар бадан.

Эй, сен дунёйи дун,

Эй, сен даҳри дун,

Ҳазрати Бобурдан қарзсан бир Ватан.

 

Сен ҳам барчамизга юз йиллик дарссан,

Шу миллат ҳурмати,

Сўзнинг хотири,

ХХ аср, сен биздан қарзсан

Бир Чўлпон, бир Фитрат ва бир Қодирий.

 

Ҳар бир яхшиликни дилдан қўллайман,

Осмон, варақларинг бунчалар мовий.

Шоирлик қарзимни ўзим тўлайман,

Пушкин тўламайди ва ё Навоий.

                                                           2007, 2010

 

                                МЕҲР

Гуллар тўкиб баҳор кетар сўрингиздан,

Эрта-индин ой ҳам кетар қирингиздан,

Нима фойда кўнгилдаги кирингиздан,

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

 

Майсалар ҳам бир-бирига суйкалади,

Қаранг, ҳатто чумолилар тўй қилади.

Нечун ҳасад кўксингизда куй чалади?

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

 

Бугун сизга оқ дастурхон тўшар ҳаёт,

Таронани тоғорага қўшар ҳаёт.

Ҳам сингил, ҳам ёрингизга ўхшар ҳаёт,

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

 

Келолмагай энди ҳаргиз тупроқ ёриб,

Отангизнинг мозорлари бунча ғариб,

Онангизнинг изларини ўпинг бориб,

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

 

Дунёнинг бу паллалари топилмайди,

Эшиклари тун-кун очиқ, ёпилмайди.

Меҳр кейин дўконларда сотилмайди,

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

                                                                         2001

 

                        НА КЕРАК?

Бир гулга бир дилдан дунё керакдир,

Бир дилга битта гул танҳо керакдир.

Бир элга меҳрдан дарё керакдир,

Меҳр гар бўлмаса, итоб на керак?

 

Тириклик бир азиз неъматдир азал,

Ўткармоқ жойиздир покиза, гўзал,

Насимлар наводир, япроқлар – ғазал,

Балоғат базмида шароб на керак?

 

Сийму зар ҳавоси рангларингдадир,

Не ҳасрат томоғинг, танглайингдадир?

Эй инсон, ҳисобинг манглайингдадир,

Бунчалар ҳисобу китоб на керак?

 

Садоқат дарсидан хабар бўлмаса,

Фаросат аҳлидан назар бўлмаса,

Кўнгилда ҳаёдан асар бўлмаса,

Ул ҳусну жамолга ҳижоб на керак?

 

Сув уза ярқ этган шуъладир умринг,

Осилган омонат тугмадир умринг,

Магар Ҳақ йўлида ўтмади умринг,

Сени бу чулғаган сароб на керак?

 

Илғагил дунёдан мунглуғ куйингни,

Энг аввал супургил кўнгил уйингни,

Саволу жавоб эт ҳар бир кунингни,

Саволинг бўлмаса жавоб на керак?

                                                              1994

 

ОНАМНИНГ КУЛЧАЛАРИ

Келтирди тонг чоғи бир

сабо ва бир қуш хабар:

Очилмиш баҳорнинг илк

бойчечак ‒ гулчалари.

Лекин мен учун энг зўр,

энг қувончли хушхабар ‒

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

 

Минг чақирим йўл босиб

келган совға-салом бу,

Меҳр билан бойланган

тўша-тугунчалари.

Ҳар бири қуёш янглиғ

чарақлаган олам бу ‒

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

 

Порлаб кетар рўзғорим,

ёришгай илиқ-илиқ

Кўнглимнинг музлаб ётган

энг тийра гўшалари.

Ҳар гал умид келтиргай,

келтиргайдир тириклик ‒

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

 

Айрилиқ, ҳижронларга

тўлуғ умрим мактаби,

Равшан тортгай унинг энг

зим-зиё кўчалари.

Қирқ йилким таскин бергай

энг тансиқ дийдор каби ‒

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

 

‒ Онангдан хабар олгил,

Сирож сен тез-тез бориб…

Фироқлардан кичрайган

жуссаси, қўлчалари,

Сизни кўзига суртгай

— устоз Абдулла Ориф,

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

 

Қисматимдан шодману

аммо Вақтдан хафаман,

Юзимга урилганда

кўкламнинг дўлчалари,

Сизнинг наздингизда лек

мен ҳамон талабаман,

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

 

Умр бер ҳам соғлиқ бер,

нур бергил кўзларига,

Худойим, бир аёлга

дард, заҳмат шунчаларми?

Меҳру соғинч бобида

ўхшайди ўзларига ‒

Онамнинг кулчалари.

Онамнинг кулчалари.

                                                  2015

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 3 =