Баҳор мадҳи

Музайяна Алавия (1909-1988) таниқли фольклоршунос олима, шоира, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати. Илмий ва ижодий фаолияти билан ўзбек ада­биёти ривожига муносиб ҳисса қўшган.

Қуйида мустақил тадқиқотчи Лобар Қўчқорова М.Алавия­нинг шахсий архивидан фойдаланган ҳолда нашрга тайёрлаган баҳор ва Наврўз шукуҳи мадҳ этилган иккита шеърни газетхонлар ҳукмига ҳавола этмоқдамиз.

Таҳририят

 

                     БАҲОР

Келди, латиф келинчак баҳор,

Кўк атласининг оқдан гули бор,

Дала, қир ясаниб бўлди лолазор,

Эгнида ипак, гул қизлари дилдор,

Булбуллар қувониб айтади ёр-ёр.

 

Кумуш булутлар ерга сув урди,

Ел аста эсиб тоза супурди,

Нашъа билан тонг елга буюрди,

У мужда билан гулга югурди,

Қўнмай чаманлар оралаб юрди.

 

Ғунчалар кутди кулгуси билан,

Суюнчисига инжуси билан,

Сувдаги наргис жодуси билан,

Келин, қиз қўлда кўзгуси билан

Доим кўнгилдир орзуси билан!

 

Март билан бизни табриклар баҳор,                                                                            

Дўстлар билан дер, яшанг бахтиёр,                                                                                

Сизни биз кўриб меҳнатда илғор,

Порлоқ мақсадли сиз, тинчлик шиор,                                                                            

Кўриб, Музайян, келамиз такрор.

                                                            1958

 

        КЕЛИНЧАК БАҲОР

Яшилдан кийинди келинчак баҳор,

Безагида гул, ғунча-ю чечак бор.

 

Қушлар қўшиғига уй қуради,

Чаҳ-чаҳлашиб эрта саҳар туради.

 

Ўз чиройин кўз-кўз қилиб ер юзи,

Қир-адирда маъраб қўй билан қўзи,

 

Юз очиб, кўрсатиб кўклам кўркини,

Ғунчалар бошидан олди бўркини.

 

Бинафшадан хол қўйиб боғу баҳор,

Ҳар кўнгилда меҳру севги анча бор,

 

Қия, тепа қурди лоладан чодир,

Қиялаб теради ёшлик – баҳодир.

 

Келди кўклам бошқача чирой билан,

Тун машъали – юлдуз тўла ой билан.

 

Сайроқ қушлар бир ўзгача сайрайди

Қарилар ҳам ёшлар каби яйрайди.

 

Юракда тўлади шавқ билан завқи,

Кўксига ярашиб гулларнинг барқи.

 

Баҳра олмоқ ҳар чиройдан, гўзалдан

Тилаги – тинчликдир азал-азалдан.

 

Одам хизматида сахий табиат,

Инсон учун бу эҳсону, бу неъмат.

 

Қизлар сурур билан одоб, иболи,

Сочи ярашиқли, сўзи даволи.

 

Шавқ ошганда тилга келади қўшиқ,

Бу қўшиқ оловли севгига тўлиқ.

                                                           1987

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − ten =