Алишер Навоийнинг башорати

Буюк шоир орзу қилган “Ойнаи жаҳон”

Тошкентда қандай яратилган эди?..

 

1928 йил. “Қизил Ўзбекистон”   (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)   газетасининг 23 апрель сонидаги “Узоқдагини   яқиндан кўрамиз” сарлавҳали   мақолани ўқиганлар учун   тасвирланган воқелик ўша кезлари худди   эртакни эслатган эди. Чунки, халқ ўртасида   тарқалган эртак ва   афсоналардагина дунёда   бўлаётган жараёнларни кузатувчи   “ойнаи жаҳон” тўғрисида   гапирилар эди-да.

Негаки, одамзод   азалдан ўзи яшаб турган   ҳудуддан олисдаги ўлкаларни   кўришга ишқибоз бўлиб, асосан, савдогар, сайёҳлардан   кўрган-кечирганларини   эшитавериб, ўзининг   у   ерларга бориш   имкони бўлмагани учун, “ойнаи жаҳон”   деган кўзгуни орзу   қилган. Бу   орзу эса халқ ўртасида   турли ривоятларни келтириб   чиқарган. Шу асосда   эса “Ойнаи Искандарий”, “Жоми Жамшид” каби ривоятлар   тарқалган. Ҳаттоки, Алишер Навоий   ҳазратлари ҳам “Фарҳод   ва Ширин” достонида   “ойнаи жаҳон” ни шундай   тас­вирлаб ўтганди:

Эмиш очиб анга   чун, қўйди гоми,

Кўрунди   тоқида рахшанда жоми.

Сафоу тоб аро   андоқки хуршед,

Дема хуршед, балки Жоми Жамшед.

Бўлуб гети аро   меҳри само ул,

Ҳамул   ойинаи гетинамо ул,

Бори махфий умур   изҳори анда,

Жаҳон ҳолоти равшан   бор анда.

Ташида   жилва айлаб маркази   хок,

Ичинда лек тўққуз   даври афлок.

Таши ул навъиким   комил замири,

Гети андоқки, соҳибдил замири.

Яъни Навоий ҳазратлари   ушбу достонда халқ   ўртасида тарқалган ривоятни бадиий   тафаккури шуъласи билан   ёритган.

Буни қарангки, орадан асрлар   ўтиб, Навоий   орзу қилган “ойнаи жаҳон” Тошкентда яратилди…

Бунгача эса тасвирни узатиш   бўйича кўплаб лойиҳалар   турли давлатларда кенг   тарқалганди. Булардан келиб чиқиб   тадқиқотчи Б.Розинг   телевиденияга назарий жиҳатдан   асос солган ва   ТВнинг истиқболини шундай   “башорат” қилганди: “Шундай   давр келадики,   ўшанда   электр телес­копия кенг   тарқалиб, ҳозирги телефон сингари   ҳаётий заруратга айланади. Миллионлаб шундай   асбоб — “электр кўзлар” ижтимоий   ва шахсий ҳаётда, фанда, техникада, саноатда, тиббиётда, қишлоқ хўжалигида хизмат   кўрсата бош­лайди”.

Дарҳақиқат,   шундай бўлди: 1928 йилнинг баҳорида   Тошкентда Борис Павлович Грабовский (1901-1966) ҳамда   Иван   Филиппович Белянский (1907-1978)лар ҳамкорликда Ўрта   Осиё алоқа округининг тажриба синаш   станциясида ишлаб,   электротехникага оид таж­рибалар   ўтказишади. Бу тажрибалар натижасида   улар ҳаракатдаги тасвирни   электрон нур ёрдами   билан бир жойдан   бошқа жойга узатадиган   ва қабул қиладиган “радиотелефот” аппарати   яратишди ва буни   лаборатория шароитида ишлаб   чиқишди.

Бу ҳақда биз юқорида   қайд этган газета   сонида шундай ёзилган: “Б.П.Грабовский ва   И.Ф.Белянский минг чақирим   узоқдаги нарсаларни кўрсатадиган аппаратни ихтиро қилдилар. Яна шу аппарат   воситаси   билан ер тагини   ярим чақиримгача кўриш   мумкин. У қишлоқ рўзғори   ва алоқа ишига   ҳам жуда қулай. Бутун мамлакат   шаҳарларидан Нижний ва   Тошкентда   бу тўғрида   тажриба қилинмоқда. Аппарат Тошкентдаги   тажриба   станциясида ишлатилди. Шанба куни округ алоқа идорасида   ихтиро   тўғрисида маъруза   бўлиб ўтди”.

Ўша йилнинг   26 июлида Тошкентда   ўтган бу борадаги   синов муваффақиятли ўтади. Профессор Н.Н.Златовратский   раислигидаги   комиссия аъзолари   ҳам   синов пайтида   ҳайратга тушишди. Чунки, аппарат   электрон токига уланган   пайт­­да мўъжазгина экранда   И.Белянскийнинг юриб турган   ҳолати, бош кийимини бир неча маротаба кийиб-ечгани кўриниб турарди. Орадан бир ҳафтача ўтиб, Тошкентнинг Янги шаҳар   қисмидаги кўчалардан бирида   ўша аппарат ўрнатилган   ҳолда, оддий одамларнинг ҳам   кўз ўнгидаям синовдан   ўтказилди. Бунда узатувчи ва   қабул қилувчи аппаратлар   тайёр бўлгач, улар ишга   солинди. Ушбу тасвирда кўчадан   ўтиб бораётган кишиларнинг, трамвай вагонларининг қиёфаси 35-45 метр   масофадан   туриб кўринди.

Шу тариқа олимлар   ва кенг жамоатчилик   томонидан синовдан ўтгач, ҳозирги ТВга асос солган   Иван Филиппович Белянский   ва Борис Павлович   Грабовскийларга   № 5592 ва   № 16733 –рақамли ихтирочи деган   патент   берилади. 1965 йилда   ҳар иккала ТВ   асосчисига “Ўзбекистонда   хизмат кўрсатган ихтирочи” деган   унвон ҳам берилади. Уларнинг дунёда “саккизинчи мўъжиза”   дегулик бу ихтиролари халқаро   миқёсда ҳам эътироф   этилади ва   ЮНЕСКОда   уларнинг шахсий фондлари   очилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон пойтахти Тошкент — ҳақли равишда телевидениянинг Ватанидир. Жаҳонда илк бор “ойнаи жаҳон” бизнинг заминимизда ихтиро қилинди. Албатта, бу ихтиро, янгиликнинг аҳамияти жуда беқиёс эди. Чунки ўша вақтда, яъни бундан 94 йил аввал ҳозиргидек ҳамма тикилиб ўтирадиган “қути” — телевизор йўқ эди. Бугун ҳаётни телевиде­ниясиз тасаввур қилиб бўлмайди, ҳозир телевизори йўқ бирорта хонадон бўлмаса ҳам керак.

Ҳа, бизнинг юртда азал-азалдан не-не улуғ кашфиётлар яратилмаган дейсиз! Лекин дунё­нинг ишларини қарангки, бундай ихтироларнинг давомини бошқалар, бошқа юртлар “илиб” кетиб, мислсиз даромад манбаига айлантиришган. Телевизор ҳам ҳудди шундай бўлди: Япония, Хитойга ўхшаган давлатлар 1960-1970 йилларга келиб телевизор ишлаб чиқаришда энг пешқадам мамлакатларга айланишади.

“Ойнаи жаҳон” кашф қилинган Ўзбекистонда эса 1970 йилларга келиб ҳам агар бўлса, бутун бошли қишлоқларимизда бир-икки нафар одамнинг уйида телевизори бўлгандир, ҳамма қўни-қўшнилар шуларникига чиқиб “ойнаи жаҳон” томоша қилишган.

Буларнинг бари ўз йўлига, албатта. Бизни ғурурлантирадигани — дунёда биринчи бўлиб телевизорни ҳаёлий равишда ўз асарига муҳрлаган инсон буюк бобомиз Алишер Навоий эди. Орадан қарийб тўрт ярим аср ўтиб ана шу афсона — “ойнаи жаҳон”ни ҳақиқатга айлантирган макон ҳам Ватанимиз пойтахти Тошкент бўлди. Бу ҳақиқат. Уни эса ҳеч ким ўзгартира олмайди.

  Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × one =