Жюль Верн башоратлари юртимизда амалга ошганми?

Машҳур француз адиби   Жюль Верн ҳақида ким   эшитмаган дейсиз?   Болалигимизда унинг “Ўн беш   ёшлик капитан”, “Капитан   Грантнинг болалари” сингари китобларини ўқиб, капитан Немо билан   “Сув остида 80 минг льё”лик сафарларда   бўлганмиз, номаълум, “Сирли ороллар”га   борганмиз, ойда юрганмиз, ажойиб саргузаштлар гувоҳи бўлганмиз.   Булар ҳақидаги фильмларни   ҳозир ҳам кўриб, тўймаймиз.   Одамларни жасоратга, сар­гузаштга, адолатга, маънавиятга   даъват этувчи бу асарларнинг   қаҳрамонлари умр бўйи биз   билан бирга. Жюль Верннинг   кишини ҳайратга солувчи   хислати фақат бадиий маҳоратидагина эмас, балки келажакни, фан-техника   тараққиёти истиқболини олдиндан   башорат қилишида ҳам намоён бўлади.

Адиб вафот этганда, унинг ижодхонасида жаҳон   халқларининг тарихи, урф-одатлари, маросимлари, ўша жойларнинг табиати   ҳақида қирқ мингга яқин   ёзмалар   топилган. Уларнинг   ичида Марказий Осиёга   оид маълумотлар ҳам бўлган. Унинг “Клодиус Бомбарнак”   номли романидаги воқеаларнинг асосий қисми Марказий   Осиёда, жумладан, бизнинг ўлкамизда бўлиб ўтади.

Келинг, аввал тарихга назар ташлайлик. Россия   империяси 1854-55 йиллари бўлиб   ўтган Қрим урушида   мағлубиятга учрагач, диққатини   шарққа, марказий Осиёга   қаратган. Аввал Оқмачит (ҳозирги Қизил Ўрда), кейин, Чимкент, Авлиё ота (ҳозирги Тароз), Олма-Ота шаҳарларини забт этгач,   1865 йили Тошкентни аёвсиз   жанглар билан босиб олади. Кейин, рус армияси   Самарқандни мавҳ этади, Зирабулоқ   яқинидаги жангда Бухоро   амирлиги қўшини тор-мор қилиниб, жуда оғир шартлар билан уни   ўзига вассал (қарам) давлатга   айлантирди. Кейин, Қўқон ва Хива хонликлари ҳам ўз мус­тақиллигидан маҳрум бўлдилар. Россия маъмурияти янги   босиб олинган жойларда   мустаҳкам ўрнашиб олиш, унинг   имкониятларидан тўла фойдаланиш,   рус капиталини киритиш   учун, аввало, темир йўл қуриш   лозимлигини режалаштиради. У вақтда   Осиё ва Африка қитъаси   мустамлакачи мамлакатлар томонидан   бўлиб олинган, энди бу жойларни   ўзлаштириб олиш учун кескин кураш олиб борилар эди. Шу   туфайли, Кўшк(Кушка), Термиз, Душанба ва бошқа жойларда чегара   шаҳарчалари — ҳарбий   қалъалар барпо қилинди.   1880 йили эса Каспий денгизининг   Узун-Ада (собиқ Красноводск)   ярим оролида дастлабки   темир йўл рельслари ётқизилди. Россия иқтисодиёти Марказий   Осиёнинг ичкарисига техника (паровозлар) ёрдамида шиддат   билан кириб кела   бошлайди.

Бу трансосиё   темир йўлининг аҳамиятини   ҳамма, ҳатто, Россиянинг рақиблари ҳам яхши тушунар эдилар. Ўша   вақтлардаги баъзи манбаларга   диққатни жалб қилмоқчиман:   Бу ҳақда дастлабки   маълумот 1888 йили Петербургда нашр   этилган “Кас­пий орти темир   йўли, унинг аҳамияти ва истиқболи”   китобида берилган. А.Родкевичнинг 1891 йили нашр   қилинган “Каспий орти ҳарбий   темир йўли бў­йича   сафарнома” ҳамда “Каспий орти ҳарбий темир йўлининг қурилиши   ва унинг Россия­-Осиё саноати ҳамда савдоси   учун аҳамияти ҳақида   очерк” китобларида бу масалани   ҳар томонлама таҳлил этишга ҳаракат қилган. Кейинроқ француз инженери Эдгар Буланжье ўзининг “Маврга   сафар” китобида бу мавзуга батафсил тўхталган. Жюль Верн   бу китоб­ларни, албатта, ўқиган. У   Марказий Осиё­­да бўлмаган, темир йўл қурилишини   кўрмаган, аммо бу   мавзуга жуда қизиққани аниқ. Трансосиё темир йўл қурилиши ҳақида жуда кўп маълумотлар   тўплаган, кейин эса, хаёлот   қанотида учиб, ажойиб асар   яратган!

Китоб 1892 йили   босмадан чиққан. Ўша вақтда   темир йўл қурилиши Амударё яқинида олиб борилар эди. Адиб хаёл гиламида   Марказий Осиё   харитаси устида турли   йўналишларда парвоз этган   бўлиши мумкин. Унинг   қаҳрамони Европадан Марказий   Россия, шимолий Қозоғистон,   Уйғуристон, Гоби чўллари   орқали Пекинга ҳали   қурилиши ҳеч кимнинг хаёлига   ҳам келмаган   йўналишда   сафар этиши мумкин   эди.   Турли-туман воқеаларга   ва ажойиботларга тўла   яна бир йўналиш — Туркия, Эрон, Афғонистон, Покистон,   Помир ва Ҳимолай   тоғлари оралаб Пекинга   сафар Жюль Верн­­ни   банд этган бўлиши   аниқ. Аммо у “адабий сайри” учун Марказий Осиё   орқали ўтадиган   йўлни   танлайди.

Жюль Верннинг   “Клодиус Бомбарнак”   романидаги воқеалар Узун-Ада темир йўл бекатидан бошланиб, Ашхобод, Мавр, Чоржўй, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қўқон, Марғилон,   Ўш, Қашқар орқали Пекинга борувчи   халқаро трансконтинентал   экспресс поездда бўлиб ўтади. Асар қаҳрамони — “ХХI аср”   газетасининг мухбири бекатларда   тушиб, шаҳарларни айланади, қадимий ёдгорликларни томоша қилади,   маҳаллий аҳолининг урф-одатлари, ўлка қиёфаси, табиати, тарихи ҳақида маълумотлар   тўплайди.

Романнинг юртимизга оид жойларидан айрим парчалар   келтирамиз:

“Амударёни илгари   Окус деб атаганлар.   У маҳобатда Ҳинд, Ганг   дарёлари билан тенг кўрилган. Қачонлардир бу   дарё Каспий денгизига   кейинчалик Орол денгизига   қуйилган. Амударё Помир   чўққиларида эриган сувни   дашт ва қумликлар   орқали икки ярим минг километрга   олиб боради. Поездимиз   сув сатҳидан 11 метр   баланд қилиб, минглаб қозиқлар   устига ўрнатилган бир ярим   километрлик кўприк орқали   ўтиб олди. Буюк трансосиё   йўлида энг катта   ҳисобланган бу кўприкни   генерал Анненков ўн ой   ичида қуриб битказди”.

“Бухоро шаҳри   бекатдан анчагина олисда экан, агар тор изли темир йўл бўлмаганда   Бухорони кўролмас эканман.   Ярим соатдан сўнг   Дарбоз дарвозаси орқали   кириб, шаҳарнинг чанг   кўчаларини пиёда айлана   бошладим.   Мен турли   биноларга кирдим, бозорда   бўлдим.   Бир дўкончада   16 хил навдаги чой   сотилишини билиб олдим. Лаби   Ховуз майдони кираверишида мис замбараклар ўрнатилган.   Амир саройи — Аркни кўрдим.   Унинг ўнг томонида   ҳашаматли Колон масжиди (Масжиди Колон) жойлашган. Ундаги   қуббалар ва минораларга   сон-саноқсиз лайлаклар ин   қуришган. Шаҳарнинг жануби шарқ   томонида бир гуруҳ   дарвеш­ларни учратдим. Ҳассага   таянган дарвеш­ларнинг кулоҳи   остидан чиқиб турган   сочлари шамолда ҳилпирайди.   Ҳориб-чарчаб, Девонбеги ариғи   четидаги қайрағоч соясида   “шивином” чойидан тўйиб   ичдим. Европада чойнинг бунақа навини ҳеч ким   билмайди…”

Ёки асардан ўрин олган қуйидаги тасвирларга эътибор қаратинг-а:

“Бухоро ва   Самарқанд   оралиғидаги 200 километрлик масофада 11 бекатда элга хизмат кўрсатилади.   Одатдаги поездлар бу   масофани бир кун давомида   босиб ўтаркан. Бизнинг экспресс   поездимиз эса бу   масофани уч соатда босиб   ўтди” (!)

“Самарқанд шаҳри иккига бўлинади.   Янги шаҳар руслар   томонидан барпо этилган бўлиб, замонавий меъморчилик услуби   билан фарқланади. Шаҳарнинг   эски қисми эса муҳташам обидалар   билан бой бўлиб,   уларни жиддий ўрганиш   учун бир неча ҳафта вақт   сарфлаш зарур. Аравада зиёрат   қилиб, Биби хоним майдонига   келдик. Бу ерда шу номли   салобатли масжид қад   кўтарган. Бу майдон   Регистон каби тўғри   бурчакли шаклда бўлмаса ҳам, унга нисбатан нафисроқ   кўринди.”

“Тан олишим   керакки, арава бизни шаҳарнинг   шимоли-шарқ томонида жойлашган   Марказий Осиёда энг   муҳташам ансамбль — Шоҳи Зинда қабристонига олиб   келганда, янада кучлироқ   ҳаяжонга тушдим. Буни   қалам билан ифодалаш   қийин. Буни тасвирлаш учун   рассом бўлиш керак. Агар мен бу ердаги   инсон ақл-заковати билан   бунёд бўлган кошинлар, бино пештоқлари,   нақшларни тасвирлайверсам, умрим   етмаса керак, деб   қўрқаман. Осиё даҳоси билан   яратилган бу тенги   йўқ меъморчилик ансамбли   қаршисида инсон ақли   адашади.

Мен мухбир   сифатида Темур мақбарасини   кўрмасдан кетишни истамас   эдим.

Гўри амир   мақбараси тасаввуримдан ҳам   улуғворроқ экан. У   форслар салласи шаклида   ферузранг гумбаз билан   зийнатланган, сақланиб қолган   ёлғиз минораси эса ўзининг   асл рангинлигини сақлаб   қолган ярқироқ арабий   нақшларини кўз-кўз қилади.  

Гумбаз остидаги   асосий хонага қадам   қўйдик.   У ерда   номи жаҳонга машҳур   Жаҳонгир Темурнинг қабри   турарди.”

“Самарқанд кўчаларида   одамлар гавжум. Улар   турли рангдаги халатлар   кийиб олишган. Бошларида   маҳорат билан ўралган   салла. Самарқандда қирқ   мингга яқин аҳоли истиқомат   қиларкан”.

“Тошкентнинг эски   шаҳар қисми асосан   лой девор уйлар   ва қинғир-қийшиқ кўчалардан   иборат. Бозор ва   карвонсаройлари ҳам унчалик эмас”.

“Тошкентдан йўлга   чиқиб, 150 километр   масофада бўлган Хўжанд   шаҳрига кириб бордик.   Темир йўл бу ердан кескин   шарқ томон бурилиб, Қўқон томонга кетади. Биз   Қўқондан сўнг, Марғилон, Ўш шаҳарларидан ўтиб, Помир даралари   оша Туркистоннинг Хитой   билан чегараси томон   йўл олдик. Марғилон шаҳрида   60 минг аҳоли истиқомат   қиларкан. Бу шаҳар Фарғона   вилоятининг амалдаги пойтахти   ҳисобланади. Шаҳарда   қадимий обидалар деярлик   сақланиб қолмаган”.

“Марказий Осиёнинг   бу қисмини чуқур тектоник   кучлар мунтазам ташвишга   солади. Бу ерда юз берадиган   кучли ер силкинишлари катта   вайронагарчилик келтиради” (Бу сатрларни ўқир   экансиз, 1949 йили Ашхободда   ва 1966 йили Тошкентда,   шунинг­дек,   қўшни мамлакатларда юз берган бош­­қа   зилзилалар хотирангизга келади).

Жюль Верн   романининг қаҳрамони — “ХХI аср”   газетасининг мухбири Клодиус   Бомбарнак   ҳали амалда   бўлмаган транс­осиё магистрали бўйлаб, экспресс поездда сафар   қилиб, эсон-омон Пекин   шаҳрига етиб боради.

Китоб 1892 йили   нашрдан чиққан. Кас­пий   бўйларида қурилиши бошланган   темир йўл излари эса Чоржўй   яқинида Амударёга энди   етиб келганди. Китобдаги тасвирлар фантастика жанрига   астойдил ёндашган муаллифнинг   олдиндан башорат қила олиш   салоҳияти ниҳоятда юксак   даражада эканидан далолат   беради. Темир йўллар   харитасига диққат билан қарасангиз,   унинг излари Жюль Верн   башорат қилган йўналишдан   кам фарқ қилади. Дарҳақиқат, темир йўл қурилиши китобда   тасвир қилингандек, Бухоро, Самарқанд орқали Тошкентга келган, Ховос бекатидан унинг   шохобчаси Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Ўш ва Жалолободга   боради.

Халқаро трансосиё   йўли ҳозирги кунда Истамбул — Теҳрон— Машҳад — Марв —Чоржўй — Бухоро — Самарқанд — Тошкент — Олма-Ота — Ғўлжа — Урумчи орқали Пекингача   етиб борган!

124 йил аввал   нашр этилган “Клодиус   Бомбарнак” асарида ҳам унинг   бош қаҳрамони айнан   шу йўналишда сафар   қилади.

Маълумки, 2016 йил 22 июнда Ўзбекис­тон   ва Хитой давлатлари   раҳбарлари иштирокида Ангрен — Поп электрлаштирилган темир   йўли ҳамда Қамчиқ   туннелининг расмий очилиши   бўлди. Дастлабки электр поезди   телевидение орқали бу   тарихий воқеани кузатиб   турган миллионлаб кишиларнинг   кўз ўнгида Қамчиқ тоннелидан   ўтиб,   янги йўналиш   бўйича темир йўл   ҳаракатини бошлаб берди.   Энг юксак халқаро   талабларга жавоб берадиган     ушбу иншоот иккала   мамлакат мутахассислари ҳамкорлиги   ва уларнинг юксак   касб маҳоратларини намойиш   этди. Денгиз сатҳидан   2200 метр баландликда   барпо этилган бу   йўл нафақат Ўзбекистон   ҳудудлари ўртасида юк   ташишни енгиллаштиради, айни   вақтда Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит   коридорининг муҳим қисми   бўлиб қолади. Тоғлар   оша ўтган бу янги   йўлнинг узунлиги — 123.1 километр,   Қамчиқ довонидан ўтган   туннелнинг узунлиги эса — 19.2 километр!   Иншоотни   бунёд этиш давомида   285 та сунъий иншоотлар   ва сув ўтказиш қувурлари, умумий   узунлиги 2.1 километр бўлган 15 та темир йўл кўприклари, 4 та станция, 2 та   вокзал, 4 та разъезд,   хизматчилар учун тураржой   бинолари барпо этилган. Иншоотнинг умумий   лойиҳа баҳоси 1 миллиард 635 миллион   доллар миқдорида тасдиқланган.   Дастлабки   ҳисоб-китобларга кўра, шу   йилнинг ўзида темир   йўл 600 минг йўловчига   хизмат кўрсата олади.   Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш жоизки, иқтидорли олимлар, машҳур адиблар   хаёлида пишиб етилган   ғоялар эртами-кечми амалга ошар экан. Жюль Верн романидаги фантас­тик ғоя   Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекис­тонда амалиётга айланди.

Жюль Верннинг “Клодиус Бомбарнак”   романи 1961 йили Тошкентда — рус тилида (150 минг нусхада) чоп этилган. Уни ўзбек тилида нашр этиш эса ҳозирча амалга ошмади. Аммо ўйлаймизки, ушбу қизиқарли асарни ўзбек ўқувчилари ҳам ўз она тилларида мутолаа қилишга ҳақли. Қолаверса, юқорида таъкидлаганидек, машҳур адиб ушбу китобида юртимиз ҳаётига оид кўпдан-кўп ғаройиб маълумотларни келтирган.

Анвар ТОЖИЕВ,

меҳнат фахрийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − five =