Биринчи матбаачи. Нега у отувга ҳукм қилинган эди?

Ўрта Осиёнинг маҳаллий кишиларидан етишиб чиққан биринчи мат­баачи Отажон Обдаловнинг ҳаёти ўта аянчли кечган бўлса-да, мўъжиза дегулик эди. Хонлик даврида кимдир уни эъзозлаб,   шарт-шароит яратиб берса, бошқа бир хон зиндонбанд қилиб, бўғизлатмоқчи бўлди. Яхшилар ёрдамида бу зулмдан қутулиб, энди иш бошлаганида тахтга чиққан янги ҳукмдор уни яна зиндонга ташларди. Шўролар даврида ҳам унга осон бўлмади…

1876 йил. Хоразмнинг маърифатпарвар ҳукмдори Ферузхон девонларга тартиб берувчи ҳаттотлар ишини замонавийлаштириш ниятида Эрондан Иброҳим Султон деган матбаачини ишга таклиф этди. Шу тариқа катта пул эвазига қисқа муддатда иш ўргатилди. Кўҳна Аркда тош­босма қурилди. Ферузхон Петро Александровск (Тўрткўл)даги рус-тузем мактабини битириб, Пирнахосдаги “Кошило” ёнида ишлаб юрган Отажон Обдаловни матбаачига шогирдликка берди. Иш қизиб, устоз-шогирд матбаахонада айрим ҳужжатларни, 1876 йили эса илк бор Форобийнинг “Нисобус-сибиён” асарини чоп этишди. Шартнома муддати тугаб, Иброҳим Султон Эронга кетгач, бутун иш Отажонга қолди. У ўзига Муҳаммад Ёқуб, Худирган харрот, Худойберган муҳркон , Исмоил девонларни шогирд қилиб олди ва матбаа ишини жонлантирди.

Натижада 1880 йили Навоийнинг “Хамса”, 1882 йили “Чор девон”, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин”, Комилнинг “Девони Комил” каби асарлари тошбосмада чоп этилди. Шунингдек, Ферузхон саро­йидаги шоирларнинг девони ҳам Отажон Обдалов томонидан нашр қилинди.

Эътиборлиси шундаки, Ферузнинг ёзганлари бир неча жилд девон ҳолига келиб қолган бўлса-да, матбаахонасида ўз асарини чоп эттиришга шошилмади. Форобий, Навоий, Огаҳий асарлари тош­босмада нашр қилинганидан сўнггина 1897 йили ўз ғазалларини китоб ҳолида чоп қилдирди.

Хўш, халқ Отажон босма, дея атайдиган матбаачининг тошбосмаси қандай бўлган? 1908 йили Хивага келган рус шарқшуноси А.Самойлович бу ҳақда шундай ёзиб қолдирганди: “Феруз 1900 йили тошбосмани Кўҳна Аркдан Қиб­ла Тозабоғга кўчирган экан. Тошбосма уч хонадан иборат. Биринчи хонада котиб нашр қилинмиш асардан тошбосма сиёҳи билан нусха кўчиради, иккинчи хонада варақма-варақ ёзувли тошга қўйиб босилган ва қуритилган варақлар учинчи хонага, яъни омборхонага ўтказилади. Янги ташкил этилганида, тош­босма фақат битта вараққа мўлжалланган бўлса,1900 йилларнинг бошига келиб, тош ўлчами катталаштирилиб, унга тўртта варақ жойлашадиган бўлган.Тошбосма дастгоҳи қўлда ишлатилади. Ишни уста бошлиқ уч киши бажаради. Бир киши тошбосма дастгоҳининг ғилдирагини айлантириб туради. Иккинчиси, қоғозни алмаштиради, учинчиси эса алоҳида столда валикка бўёқ суртиб туради”.

Шу тариқа иш юритилган матбаахонада 1910-1915 йилларгача қирқдан зиёд китоб чоп этилган. 1910 йили маърифатпарвар Хива хони Феруз вафот этгач, ишлар ўлда-жўлда қолди. Ҳатто, Исфандиёрхон Отажон Обдаловни исёнкор шоир Аваз Ўтар ғазалларини тош­босмада чоп этгани учун зиндонбанд қилди. Гарчи у яхшилар ёрдами билан бўғизланишдан омон қолиб, озодликка чиқарилган бўлса-да, матбаахона иши тўхтаб қолган эди. Тараққийпарвар Отажон босманинг жадидларга қўшилганини эшитган Саид Абдуллахон уни 1919 йили яна қамоққа олдирди.

1920 йил. Ҳибсдан чиққан олтмиш тўрт ёшли Отажон босма кексалигига қарамай, шижоат билан ишга киришди. Матбаахонада ишлар жонланиб, энди нафақат китоблар, 1920 йилнинг 8 мартидан “Инқилоб қуёши” газетаси, ҳатто, Хоразм республикасининг шойи, қоғоз пуллари ҳам босиб чиқарилди.1920-30 йилларда Хивадаги матбаахонада Хоразмнинг ўнга яқин, Қорақалпоғистоннинг эса олтита газета, журналлари чоп қилинган.

1929 йили Отажон Обдалов замонавий полиграфия сирларини ўрганиш, таж­риба орттириш ниятида Тошкент ва Мос­квага бориб, иш жараёнини ўзлаштириб қайтди. Бу пайтда 73 ёшга кирганди. Ўзбекистон раҳбарияти унинг матбаачиликка қўшган ҳиссаси, фидойилигини эътиборга олиб, “Меҳнат қаҳрамони” унвони билан тақдирлади.

Отажон Обдалов ҳаётининг олтмиш йилини матбаачиликка бағишлаб, Низомиддин Шамсиддинов, Содиқ Ҳалимов, Дурди Паноев, Оллаберган Раҳимов, Ота Мискинов, Бойжон Отажонов, Мадраҳим Сайдалиев, Қодир Абдуллаев сингари шогирдларни етиштирган. Оллаберган, Жабборберган, Раҳмонқул исмли уч фарзандни вояга етказиб, кексалик гаштини суриб юрганида 1937 йилда “халқ душмани” дея қамоққа олинади. 80 ёшли кекса матбаачи қамоқдаги азобу уқубатлар натижасида 1938 йилда 81 ёшида отишга ҳукм қилинади…

Аммо Отажон босма юртимизнинг илк маҳаллий, маърифатпарвар матбаачиси сифатида тарихда қолди.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × one =