Ўтмишдаги халқ қабулхонаси

Хива хонлиги даврида ҳукмдор ва бошқа давлат амалдорларининг   жойларда бўлиб турган вазият ҳақидаги хабардорлиги ва муаммолар ечими билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиши учун Ичан қалъадаги Кўҳна Арк­­да арзнома қабулхонаси ташкил этилган. “Хонга арз” тарзида келган ҳар бир фуқаро ҳеч қандай тўсқинлик ва қаршиликсиз ўз арзу-доди, қандайдир муаммоси бўйича бевосита ҳукмдорга мурожаат қила олган.

Ушбу қабул жараёни билан боғлиқ кузатувлар, айнан Хивада бўлган Россия элчиси Г. Данилевский, венгриялик сайёҳ Ҳ. Вамбери, эронлик элчилардан Ризоқулихон Ҳидоят, Муҳаммад Алихон Ғофурларнинг, шунингдек, 1854-1864 йилларда Хивада асирликда сақланган Эрон генерали Исмоил Мирпанжийнинг хотираларида ёзилган. Ушбу шахслар ўзлари хон қабулида бўлиш билан бирга, Хивада бўлган вақтларида Кўҳна Аркга келган хонлик фуқароларининг ҳукмдор ҳузурига кириш жараёнига бевосита гувоҳ бўлишган. Жумладан, Исмоил Мирпанжийнинг хотираларида шундай маълумот бор: “…Хон келганларни   қабул қилиш учун   девонхонада   ўтиради. Саломга кирувчи шахслар   муайян аниқ кишилар   эмас. Балки ким хоҳласа, ўша одам бемалол унинг   олдига кира олади.   Ҳар кимнинг хонга   арзи бўлса муайян   пайтда, ҳеч қаршиликсиз унинг   ҳузурига кира олади. Хонга тааллуқли ҳар нима   бўлса, унинг ўзи чуқур   текшириб кўриб ҳукм   қилади. Агар шариат билан   боғлиқ иш бўлса, қозига мурожаат этади. Маҳаллалардаги майда-чуйда ишларни   эса зикр этилган   кичкина муллалар ҳал   этади. Хон девонидан чиқадиган ҳукм ва фармонлар   қисқа, лўнда ва аниқ   бўлади”.

Бундан ташқари, 20 та беклик ва 2 та ноибликдаги ҳукмдорнинг расмий вакиллари — ҳоким ва ноиблар ҳам ҳар ҳафтада бир кунни фуқаролар қабули учун ажратган. Шунингдек, жойлардаги қозилар ва раис дея аталган лавозим эгалари, қишлоқ оқсоқоллари ҳам ўзларига ажратилган биноларда фуқароларни қабул қилишган ва халқ билан мулоқот энг қуйи лавозим эгасидан юқоридаги ҳукмдор — Хива хонигача доимий олиб борилган.

Бугунги кунда Ичан қалъадаги Кўҳна Арк, яъни хон қабулхонасидан ташқари яна бир тумандаги арзхона, ҳокимнинг расмий қабулхонаси ҳам сақланиб қолган.

Жиноят ишлари бўйича судининг боғ томонида, 1900-1903 йилларга оид ҳоким ва қози қабулхонаси биноси сақланиб қолган. Афсуски, ушбу бино ҳозиргача маданий мерос обидалари рўйхатида йўқ. Бироқ икки қаватли, миллий услубда қурилган ушбу бино яхши ҳолатда сақланиб қолган. Иккинчи қавати Хоразмга хос чертакли, миллий ўймакорлик услубидаги ёғочлар, устун билан жило берилган, пишган ғиштлардан тикланган бино ҳар қандай сайёҳнинг кўз ўнгида ХХ аср   бошидаги ҳокимнинг фуқаролар билан мулоқоти — хон қабулхонаси қандай бўлганлигини кўз ўнгида намоён қилади.

Ушбу бино яхши ҳолатда сақлангани ва тарихий обида эканлигини инобатга олиб, уни Хонқа туманидаги Ҳожихон Болтаев ёки Алишер Навоий музе­йига айлантириш мумкин. Қолаверса, бино Хонқа туманининг марказий кўчасида жойлашган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйи­­ча суд биноси билан оралиқдаги тадбиркор дўкони орасидаги пахса девор олиниб, ҳоким қабулхонасига кириш йўлаги очилса,   кўчадан кириб борувчи сайёҳлар учун ҳам қулайдир. Музейга ХХ аср бошидаги Хонқа ҳокими ва арзга келган фуқаронинг тасвири ўрнатилса, ҳар икки қаватдаги бино хоналарида Хонқага оид экспонатлар, қабулхоналар билан боғлиқ тас­вирий санъат асарлари, умуман тарихий буюмлар қўйилса тарихий бинодан унумли фойдаланилган бўларди.

Умид БЕКМУҲАММАД,

Хоразм Маъмун академияси

таянч докторанти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =