Келинойи

Маъмура ЗОҲИДОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Маъмура ЗОҲИДОВА — 1973 йилда Чуст туманида туғилган. Наманган давлат университетида таҳсил олган. Таълим соҳасида, Қуролли Кучлар тизимида фаолият олиб борган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўқув-методика бўлими бошлиғи вазифасида ишлайди.

“Айтилмай қолган гаплар”, “Ҳикоялар”, “Нажот куйи”, “Манглайдаги ёзиқ” китоблари чоп этилган. Қисса ва ҳикоялари инглиз, рус ва турк тилларига таржима қилинган.

 

КЕЛИНОЙИ

(Ҳикоя)

Учрашувга чиққанимга афсус едим. Йўқ. Сира бўлмайди. Энди тақдирга тан бермоқчи бўлиб тургандим. Хато қилиб қўйишимга бир қадам қолган экан. Ўзини сипо тутиб юрганди. Бир оғиз гапда асл қиёфаси очилиб кетди. Ўзи ҳам қайтиб кўзимга кўринмайди, аниқ. Бу учинчи марта мени ахтариб келиши эди. Йўқ-йўқ. Мен унга масхараманми?!

Уйдагиларга нима дейман энди?

Тугунини ечиб-тугиб, чоғини чоғлаб, ўзини тўй қиладигандай тутаётганди аям. Яна қовоқ уяди, кечки овқатда ҳам гапирмай уф тортиб ўтиради энди. Мендан бошқа ташвиш-ғами йўқдек. Ўз уйим эшигида ҳали ҳам юрганим энг қора кун бўлгани каби.

Дадам ҳам аввалгидек ёнимни олмайди. Ўйланиб, ер чизиб ўтиради-да, устахонасига чиқиб кетади.

Илмий ишимни қилай. Янги таржима китобларни ўрганиб чиқаман, диссертациямнинг иккита боби ҳали ишланмаган. Эр топиб тегишдан бош­­қа ғамим йўқмиди.

Уйга боргим келмади. Гулбоғ тарафга юрдим, бирор ўриндиқ бўш бўлса, китоб ўқиб ўтираман.

Сумкамдан китобимни олдим. “Тил ва таржима” – бети сарғайиб кетган. Йўқ, бундан аввал Ойбекнинг таржима китобини ўқиб чиққаним тўғри.

Китобни алмаштирдим.

Ёнимдан 18-19 ёш атрофидаги севишганлар қўл ушлашиб ўтиб кетди. Жиним баттар қўзиди. Хаёлимни йиғиб олдим. Бир оғиз гап билан қочиб кетган ана у куёвликка номзод аввалги, ҳатто биринчи гал келганда ҳам менга қўрс-қўрс гапирган экан. Энди билиняпти.

Уни сира эсламаслик учун китобни тезгина очдим. Йўқ, юзи кўзимда, айт­гани қулоғимда турибди. Гапининг мазмунидан, “ўтириб қолган қиз бўлсанг”, демоқчи бўлган экан-ку. Ҳа, яна “шаҳарда қачонгача ишламоқчисиз?” деб сўроқлабди. Бундай олганда бугунги гапни зап айтибман. Қўрқиб кетди.

Ээ! Ҳозиргина сира эсламайман деб янами?.. Ё тавба, тишим ғичирлаб кетяптими. Ўзимни босиб олай деб китобни варақладим. Шунда…

Сурат учиб тушди. Эйй, эҳҳ. Келинойимнинг сурати. Орзу келинойим… Кўнглим алланечук бўлиб кетди. Қош­ларини-чи. Кўзининг чўғига… қараб бўлмайди. Чиройли эди-да ўзиям. Ойим айтганидек, катта келинойим.

Китобни яна ағдардим. Зора болалигимдаги бошқа суратлар ҳам чиқиб келса. Йўқ. Йўқ экан. Яна келинойимнинг суратига қарадим. Кўзларининг ичида нимасидир мени сўроққа тутгандек бўлди – ичим зирқираб кетди. Йилт этиш ҳам гапми, шундоқ юрагимга санчилиб қолди нигоҳлари.

Бошимни қаттиқроқ силкидим. Эсимга ўйилиб қолган, кўзимга ўрнашиб қолган бирам воқеалар бор. Эҳҳ. Томоғим ачиша бошлади.

Атрофга қарадим. Кун оғиб, ботишга яқинлашган. Юриб-юриб уфқдан нарига, ердан ташқарига чиқиб кетгим келади. Суратга қайтиб қаролмайман.

* * *

Олтинчи синфда ўқиётган йилим акам хизматдан келди. Уйимиз одамга тўлиб кетди. Акам ўзини бир бошқача тутади. Ҳаммага ақлли-ақлли қарайди, бир меҳрибон, тили ҳам бош­қача. Дадамни юк кўтаргани қўймайди. Худойига деб унми, гуруч келиб қолса, қопдаги оғир юкларниям шартта елкасига олиб жойига элтади. Худойи учун акамнинг ўзи икки ошнаси билан шаҳарга тушиб тағин бозорлик қилиб келди.

Ўша куни кўп синфдошлари ишларга қарашиб, кейин ошхонамиз ёнида жойда нималарнидир гап­лашишди. Деразадан уларга битта-битта билдирмай қараб чиқаман. Ошналари орасида ажралибгина туради акам, ҳаммадан баланд, келишган эканини кўриб керилиб қўяман.

“Бўйи ўсиб кетганини қаранг. Кўчада миттигина бўлиб ўйнаб юргани шундоқ кўзимда-я. Қош-кўзи қорайиб, жа бошқача бўпкетибди. Опа, Ҳафизани келин қиласиз энди. Иккаласи жудда бир-бирига мос”.

Каромат холам худойидан кейин ҳам бу гапни кўп айтадиган бўлди. Аям қўшнимизнинг олдида, “бўпти-да, ўзи нима деса шу-да”, деб кулиб қўяқоларди-ю, чиқиб кетгандан кейин “Минғирламай ўл-э, қамғоқ ўзини тоғ биларкан. Қизинг қаёқда-ю, Маҳмуджоним қаёқда”, дерди. Бу гапни мен кейин ҳам кўп эсладим. Ҳафиза опам катта магазинимизнинг мудирига келин бўлиб уч ўғил кўрди, гавдали, бўйни тўла тилла тақинчоқ – аёл бўлди.

Акам эрталаблари югурар, икки ёғи ғилдиракка ўхшаш катта-катта тошларини кўтариб машқ қилар эди. Ке­йин-кейин армияда ўрганганлари бир-бир унутилиб, ўзимизга мослашиб кетди.

Кузда дадам, аям, акам – тўрталамиз ғўзапояга чиққан кунимиз ҳам шундоқ эсимда: ҳаммалари висир-висир қилиб иш пишитишди. Хузрум маҳаллада аллакимбой (кейинроқ билиб олдим: Абдураимбой) деганининг катта қизи жуда кўҳлик бўлганмиш. Аям бир жойда тўйда қарашиб юрганини кўриб, “шу қизни келин қиладиган экан”, деб пайтавасига қурт тушиб қолганмиш.

Акам сир бой бермагандек кўрингани билан ўйланиб турганидан сездим, энди ўша қизни кўргани боради. Аям, “Мен тезроқ келин олай дейман, бу бўлса ҳалимас, ҳалимас дейишни билади”, деб янийди.

Чиндан ҳам маҳалламизда тўй бўлган кунлари акам тўйхонада кўринмас эди. Кейин ўзгариб, кўзлари бир бош­­қа ёнадиган, хаёлпарастроқ бўлиб қолди. Аям бўлса, “бир гапини айт­майди”, деб кулгимни қистатадилар.

Қиш арафасида тоққа яқин маҳаллага – аямнинг бир қариндошлариникига тўйга бордик. Аям бундай узоқ қариндошлариникига боравермасдилар. Ҳайрон бўлгандим – гап бошқа ёқда экан.

Кун совуқ бўлганига қарамай, базм­ниям ўтказиб келдик. Ўшанда менга “Орзу деган қиз ҳов ана”, деб кўрсатишди. Айтганларидек чиройли экан. Ийманибгина турибди. Фақат бир томонга ўғринча қараб қўяётганини сезиб ўша томонга қарасам, дарахт тагида акам бор экан. “Ҳа, ана, қўлга тушишди-ку”, дедим ўзимча. Ҳозир ўйласам, унда анча ёш эканман, лекин акамга ҳам, ана бу чиройли қизга ҳам роса ҳавасим келганди. Уларнинг бундай кўз уриштиришларидан тортиб, бир-бирларига интилишигача жуда ажойиб, ғаройиб, аллақандай сирли эди.

Ўша қиш роса қор ёғди. Баҳорнинг бошида ҳам совуқ қаттиқ бўлди. Онам у-бу камлигидан нолиб, ҳали дадам, ҳали акам билан ғижиллашиб, тўйни тезлаттира бошлади. Холамми, аммамми келса, уларга дадамнинг “камчиқимроқ тўй қилиш” тарафида экани, ҳамма нарсани “шу етади” деб кам-кам ғамлаётгани, акамнинг тоғам топиб берган ишга кириб ишламаганидан ёзғирадилар.

“Иликузилдида ҳамма ҳам тўй қилолмайди, опа. У ёғингизда бор экан, мана бошладингиз-вордингиз. Поччамнинг топганларига барака берсин”, деди холам бир куни.

Гапни чўзаверганларидан катталарнинг сўзини эшитгим келмайди. Бир-бирларига қўшилишса, икки оғизда тушунса бўладиган ишни аллақандай сўзлар билан эзғилайверишади. Йўқ, ҳарқалай, кенгашиб-кенгашиб, тўйни белгилашди.

Тўйимиз куни, хира бўлса ҳам, қуёш чиқиб турди. Катта машинада юк келди, келинни ҳам тушириб келишди. Шунақа зўр кун бўлди, эҳ. Маҳалладаги ҳамма хотинлар, қизлар келинимиз билан овора. Бир кўрай дейди. Орзу келинойим бошини эгиб олган. Ёпинчиғи ерга теккудек. Тўйнинг даранг-дурунги зўр бўлди, жанжал ҳам чиқди, кечаси қиз-хотинлар билан ялла ҳам бўлди.

Тўйнинг эртасига яна хотинлар келди. Келинсаломлар бўлди. Орзу келинойим менга ҳам тўқилган рўмолча берди. Ипи оппоқ, гули қизил. Ҳали ҳам жавонимда турибди.

Келинойимнинг сеплари бир ҳафта уй деворида илиғлиқ турди. Ҳамма қўшнилар кириб кўришди. Сепйиғдидан кейингина тинчиб қолдик. Келин­ойим ҳеч ким уйғонмасдан, ғира-ширада туриб, ишга киришиб кетади. Уйғонаман-у, уни қидираман. Чунки ҳар куни бир бошқа кийиниб чиқади. Кўйлаклари бирам чиройли, кейин қилаётган ишлари завқимни келтиради. ҳаммаси жой-жойида. Ўзи бўлса доим кулиб туради. Ҳовлини, уйларни топ-тоза қилиб супуради. Ҳовлимиз четида тўпланган тош устидаги кузги барглар хунуги чиқиб ётарди. Қор эриганидан кейин янаям очилиб бир ғалати бўлиб қолган экан. Буни мен келинойим ўша ерларгача супуриб тозалаганидан кейин билдим. Тошлар устини супуриб бўлмайди, деб ўйларканман.

Келинойим бирор ишда хато қилиб қўймайди. Менга ўхшаб йўл-йўлакай потирлаб қоқилиб ҳам тушмайди. Бунинг устига аям айтгандек, “сурпа-тахтага уста”. Манти, чучвара, ҳамма овқатни ширин қилади. Дадам дастурхонда мамнун ўтиради. Аям дадил, кўп гапирадиган бўлиб қолган. Ҳали у қўшнини, ҳали бунисини, ҳали холамни меҳмонга чақиради. Сезаман, келинининг пазандалиги, саранжомлигини кўрсатиб мақтангиси келади. Акамниям бошқача қилиб, “отам-болам” дейди.

Ҳаммаси зўр. Энг яхшиси, келин­ойим мени мактабга кузатаётганда сочларимни бирда ундай, бирда бундай қилиб турмаклаб қўяди, майда ҳам ўриб, ҳар бир ўримига кичкина мунчоқли боғлам тақиб чиқади. Синфимизда сочимга ҳавас қилмаган, ушлаб кўрмаган қиз йўқ.

Акам келинойимни бирам яхши кўради. Кўчадан келиши билан уни сўрайди. Ошхонадами, сигирнинг олдидами бўлса, бир кўзига қараб қўймагунча кийингани ҳам кирмайди, бир ишини қилолмайди. Дадасиникига кетган бўлса, келгунича калавасининг учини йўқотгандек каловланади. Ҳаммасини кузатаман, кулгим келади. Катталар ўзларининг яширмоқчи бўлганларини яширолдим деб ўйлайдилар, аммо ҳеч уддалолмайдилар. Уддаламаганларини эса сезмайдилар ҳам.

Келинойимни жуда яхши кўраман. Менга аямдан кўра меҳрибон, дейман ичимда. Далага ишлашга борсак ҳам ҳазил-ҳузул қилиб, худди ўртоқдек ўйнаб-кулиб юрамиз. Келинойим уйда бўлмаган кунлари бир нарсамни йўқотгандек қийналиб кетаман.

Саккизинчида янаям аълога ўқий бошладим. Ҳар йил бошидагидек, ўзимга сўз бердим: бирорта фанни чала ўқимайман, дангасалик қилмайман, ёзувимни доим чиройли қиламан, деб. Қаёқда. Гоҳида “4” баҳо ҳам олиб қўяман. Ҳеч нарсага вақтим етмайди. Тўқишни ўргангани боряпман. Бу ёғи – мактабда камолотчиман.

Бир куни дарс қилаётсам, келин­ойим ёнимга келиб ўтирди. Ишим кўп­лигидан тажанг бўлиб тургандим. Тарих ўқитувчимиз жуда инжиқ. Бутун мавзуни уч-тўрт бет конспект қилишим керак, яна адабиёт билан литературадан шеър ёдлаш.

“Келинг, мен ёзиб бераман”, деди келинойим. Ҳайрон бўлиб турсам, “менинг ҳам ёзувим сизникига ўхшайди”, деб китобни олиб ўқиб-ўқиб ёза бош­лади. Қарасам, чин. Фақат меникидек тартибсиз эмас, чиройли.

Шу-шу кўп конспектларимни келин­ойим ёзадиган бўлди. Мазза-мазза менга эди. Қизиғи, хатларимизни ҳеч ким икки хил демасди. Ҳатто она тили ўқитувчим вазифамни текшираётиб, “хатниям териб қўясан-да”, деди. Шундан кейин мен келинойимга ўхшаб ёзадиган бўлдим ва ёзувим анча чиройли бўлиб кетди.

Аммо бир гал келинойимга ишониб, далага кетаверибман, ёзиб ҳам, машқни бажариб ҳам қўймабди. Пешиндан кейинги дарсга бориб дакки еб, географиядан икки ҳам олиб келдим. Аразлаганимни билдириб, эшикни тарақлатиб ёпиб, сумкамни ирғитиб, ғарс этиб каравотга ўтирдим ҳамки, доим олдимга чиқиб келадиган келинойим ошхонада нимадир билан овора, ортимдан кирмайди, “нима бўлди”, деб сўрамайди. Ошхона ёнидан томоқ қириб у ёққа ўтаман, бу ёққа ўтаман, келинойим бўлса, индамай орқа ўгириб ишини қилади. Сўрашгиси ҳам келмаётгандек. Шу вақт айвон томондан аям кўринди. Энди унга шикоят қиламан деб турсам, ошхонага бурилди-да, келинойим олдига кириб, нималардир деб кесиб-кесиб гапирди. Қулоғим динг бўлди. Келинойим чиқиб, юзини чала яширганча ўз уйига кириб кета бошлади. Қарасам, юз-кўзлари қизарган, йиғлайвериб шишиб кетибди. Шундан кейин катталарга ўғринча қулоқ сола бошладим. Кечгача билганим шу бўлдики, акам билан келинойим болали бўлишолмаётгани учун дўхтирга кўрингани боришибди. Бу чоққача беш марта боришган экан. Тавба, нега шунча марта билмабман. Бугун вилоятдаги бир дўхтирга боришибди, у ҳам айбни келинойимда деганмиш. Ҳозиргача олган даволари сира кор қилмаганмиш. Шундагина бир неча ойдан бери аямнинг салдан-салга келинойимни жеркийдиган бўлиб қолганини ўйладим.

Бир куни аям тоғамнинг ўғлини келини, чақалоғи билан чиллақочди қилиб меҳмонга чақирди. Ўша куни ҳамма чақалоққа бирам меҳрибон бўлиб кетди. Аям у ёқда, дадам бу ёқда. Мен бўлса акам билан келинойимнинг мулзам бўлаётганларини сезиб, иккисига раҳмим келади. Меҳмонлар тезроқ кета қолишса дейман.

Уйимизда бўлар-бўлмаснинг жанжали каттароқ чиқадиган бўлди. Аям келинойимни сира аямасди. Ишларни кетма-кет ва кўп буюриб ташлар, овқатдан, қилган ишларидан у-бу деб хато топарди. Акам ҳам тобора қўрс бўлиб борар, кун сайин ичиши ортиб бораётган эди.

Аямнинг чингиллаб уришишлари авжига чиқиб бораверди. Дадам аввалига келинойимнинг ёнини оларди. Кейинги вақт индамай ерга қараб ўтирадиган бўлди. Аввалгидек сўрида “келин, у қилинг, бу қилинг”, деб гапириб, ҳаммамизни ҳазил айтиб кулдириб ўтирмай қўйди. Кейин сал даҳанаки вайсаш бошланса, устахонага кириб эшикни зичлаб ёпиб оладиган ё йўқолиб қоладиган бўлди.

Бир куни акам билан келинойимнинг айтди-дедиси кўтарилиб кетди. Қулоғимга келинойимнинг сўкиниш, камситишларга чидолмай қаттиқ-қаттиқ гап қайиргани эшитилди. Ичкарида кийимимни тахлаётгандим, югуриб чиқсам, акам келинойимни билагидан тортиб турткилаб уйига олиб кириб кетди. Эшик қаттиқ тарақлади. Ингроқ овоздан титраб қолдим, чопиб уйларига кирдим. Бечорагина Орзу келин­ойим – ерга тиззалаб қолибди, овозим чиқмасин деб кафти билан оғзини маҳкам тўсибди. Йиғидан киприклари қайрилиб кетибди. Кўзёшлари бармоқлари устидан ерга тушяпти. Жонҳолатда акамни нарига итардим. Дод деб бақирдим. Дир-дир қалтироқ зўридан тилим ғўлдираб қолди. Нима деганимни ўзим ҳам билмадим ўшанда. Барибир бирпасда – шундоқ кўзим ўнгида келинойим икки марта мушт еди. Акамнинг эгнига осилдим. Акам жаҳл устида менга ҳам шапалоқ тортди. Келинойим ана шунда вой деб баттар инграб юборди, ўрнидан даст туриб, мени бағрига босди. Юзини юзимга қўйиб ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Акам сўкиниб-сўкиниб, ярим очиқ турган эшикни тарақлатиб тепди-да, қарс этиб ёпиб чиқиб кетди. Шом тушгунча келинойим иккимиз у келин бўлиб тушган уйда – ўтирган жойимизда қолиб кетдик. Аям қўшнимизникида эди. Келиб аҳволни тушунди-да, гап тополмай менга юзланди: “Сен бу ерда нима қиляпсан…”, “…нима қиласан эр-хотиннинг орасига тушиб?”

Орзу келинойим ўшандан кейин уч марта уйига кетиб қолди. Биринчи гал акам ичиб келиб, каттароқ жанжал чиқарганида. Иккинчи гал, ойимнинг пичинг гапларидан безиб юрган кунлари: “Дадамларни кўриб келай”, деб кетганича қайтмади. Ойим “Ўз оёғи билан кетди, энди ким унга ялинади. Биттагина ўғлим, бола-чақа кўрсин, дейман-да”, деб дадамга, холамга, бошқа сўраганларга ўзини оқлар эди. Бир гал холам ойимни кўндириб, олиб келиб қўйди.

Барибир уйимизда тинчлик бўлмади. Мактабдан келаман, кўча эшикдан киргим келмайди. Худди бола кўришдан бошқа ташвиш йўқдек, ойимнинг пешоналари тиришган. Бўлаётган қанча яхши ишларни кўрмайдилар, Орзу келинойимнинг юзига қарагилари келмайди.

Акам тез-тез ичадиган, келиб ғишғиша қилиб, идиш отадиган, дераза синдирадиган одат чиқарди. Бир куни девор устида тут қоқиб турганимда кўчадан келаётган акамни кўрдим. Юзи тўла ғазаб. Дадилликка озгина ичиб олиб келаётган жойи экан. Тошқўрамдан тап этиб пастга сакрадим-да, келинойимга шипшитиб қўяй деб уйга югурдим. Аямми, дадамга эшиттирмаслик учун келинойимнинг уйи эшигини оҳиста очдим. Ичкарида бир майин овозда қўшиқ айтар эди келинойим. Парда орасидан қарасам, қўлида менинг болаликда ўйнаган қўғирчоғим. Эҳтиётлаб кийимжавон устига олиб қўйгандим. Уни бағрига босиб, каравотга ўтириб олганча, алла айтяпти. Бирдан мени пайқаб қолиб, ортига яширди. Юзи дув қизариб кетди. Гапимни йўқотиб қўйибман. “Келинг, Сожи, кираверинг”.

“Қаердасан ҳой?”

Келинойим бир ҳатлаб остонага етиб келди. Чиройли кўзлари қўрқувдан катталашиб, саросимага тушиб қолди. Ташқарига чиқдик. Келинойим бечора шоша-пиша ошхонага – аямнинг орқасига қочди. Аммо акам важоҳат билан келиб, келинойимни сочидан тортиб ерга йиқитиб, тепкилай бошлади. Онам ҳайҳайлаб, тит­раб-қақшаб акамнинг қўлига ёпишди. Мен чидолмадим. Акамга осилдим. Сабзи тахта билан орқасига урдим. Акам қўлимни қайириб, тахтани олиб деразадан кўчага отди. Келинойим туриб қочмоқчи бўлди, аям яна ораларига тушди. Ошхонадаги ҳамма нарса нари-бери бўлиб кетди, сингани синди, учгани учди. Яхшиям ўшанда дадам келиб қолдилар. Бўлмаса келинойимга бир нарса бўлиб қолар эди. Ке­йинроқ аямнинг уришиб айтишларича, бақирганимда маҳаллани бошимга кўтарибман.

Эртасига яна кетди.

Орзу келинойимни учинчи марта маҳаллада ишлайдиган Изолат хола бошлаб келди. Ортида келинойимнинг онаси ҳам бор экан.

Сўрида совуққина ўтиришди, гап-сўз, мулозамат кам бўлди. Кетадиганлар қўзғалишганида Орзу келинойим онасининг бағрига бошини қўйиб узоқ йиғлади. Изолат холанинг ҳам кўзига ёш келиб кетди. Ана шунда аямнинг жуда жаҳли чиқди. Кейин ҳам буни кўп марта пичинг қилиб гапирди. Бир гал: “Сизга бир иш буюришга ҳам қўрқади одам. Қудамга йиғлайсиз, маҳаллани бошимга йиғиб келасиз, худди мен сизни қўшга қўшиб юргандек”, деди.

Шу охирги гал келиши экан. Кўзида нур йўқ, уй ишларига ҳам истамайгина уринарди. Кўчадан эри кириб келганда бир ялт этиб қарар, кўзи жовдирар, нимадандир умид қилар, аммо акамнинг тунд юзига қараб баттар бош эгар, ўз ишига тутиниб кетар, кайф бўлса, келинлик уйига кирмасликка уринар эди.

Тўрт-беш кундан сўнг, ўқишдан уйга келсам, аям билан келинойим яна диқиллашиб айтишиб қолишибди.

– Шу умидда хотин олиб берганим йўқ эди. Биттагина ўғлим бўлса. Соғ бўлсангиз бормиди, ҳалигача бола уч яшар бўларди-я. Сиз ҳам ўзи захни зах, намни нам демас экансиз-да. Тамом шамоллаб кетган экансиз. Одам деган сал ўзига қарамайдими? Нимтилиқ бўлганидан кейин қалинроқ кийиниб юрмайдими? Энди бир уй жаҳон одам сизга тикилиб ўтамизми? Беш кунимиз борми, йўқми, худо билади.

– Қаратяпмиз-ку, ая. Бериб қолар. Мен ҳам бўлганимча бўлиб юрибман. Нима қилай энди. Кетайин десам ўғлингиз…

– Э, бўлди қилинг, кетаман деб қўрқитасиз. Ўзиям бўлганича бўлди болам. Тенг-тўшининг ичида мулзам бўлиб, бир қарич пасайиб, овозиям чиқмай юради-я.

Кечки овқатда ҳамма жим, келинойим бир бурчакка қараганча паришон ўтирар, чой қуйиб узатгани, сочиқни олиб бергани билан жуда ғалати кўринар эди. Эртасига келинойим саҳар ҳовлини супурмади. Аям уларнинг уйига қараб-қараб қўйди. Акам ҳам ишга индамай, қовоқ уйиб чиқиб кетди.

Кун анча ёйилганда келинойим уйи­дан чиқиб аямнинг олдига келди. Ҳеч айтмаган гапларини айтди. Кўз ёшлари тинмай оқди. “Сизларни ҳам шунча қийнадим. Ўғлингиз ҳам ичадиган бўлиб қолдилар. Бундай бўлмасдилар, агар… Мендан рози бў­линглар, дадам ҳам, сиз ҳам. Бунақа бўлишини билганимда, эр қилармидим, сизни куйдирармидим”.

Аямнинг кўзлари жавдираб қолди. Кўзига ғилт-ғилт ёш келди. Келин­ойимнинг ортидан уч-тўрт қадам ташлади-ю, тўхтаб қолди. Йиғлайвериб қовоғим шишиб кетди, мактабга ҳам бормадим ўша куни.

Уйимиз бир ғалати, совуқ бўлиб қолди. Қўлим бир ишга бормайди, дарсдаям паришон ўтираман, хаёлим кетиб қолаверади.

Акам уйланди. Икки ойлик келинлигида эри трактори тепадан юмалаб кетиб ўлган, бўйида бўлган боласи ҳам туғилмасдан нобуд бўлган экан. Акамга теккан вақтда менга катта хотин бўлиб кўринганди. Энди ўйласам, 24 ёшда, ҳозирги ёшимдан уч ёш кичик бўлган экан. Гавдали, қўполгина.

Бир куни аямга унинг фаросатидан ёзғирган бўлдим. Аям менга: “Ис-тис қилма. Бўйида бор. Туғиб берса бўлди. Ҳали ёш, ўнгланиб кетади”, деди.

Ҳеч ўнгланмади ё мен билмадим. Орзу келинойим қаёқда-ю, бу қаёқда.

Аммо акам унинг йўриғидан чиқмайди. Ичмай, овозини ҳам кўтариб гапирмай қўйди.

Бир куни далада жўхори ўрдик. Дала еримизга ери яқин бўлган Орзу келинойим ҳам дадаси билан ишлаётган экан. Қўлим ишда-ю, акам билан хотини кўриб қолмасин, деб ҳалакман. Йўқ, акам илғаб қолиб, ранги бир ўчди, четда ўтирганича тинмай кузата бошлади. Энди акамнинг қараётганини хотини билмасин деб турсам, қаёқда, бирпасда далани бошига кўтариб аччиғини кўрсатди. Ўрнидан туриб шартта кетиб юборди. Ишни апил-тапил тугатиб, уйга келсак, хайрият, хотини кетмабди. Лекин акам роса ялиниб юрганини билдим.

Эҳҳе, эсласам қанча гаплар бор. Ҳозир ўша йиллар бир кино тасмасидек ўтиб кетади.

Бугунги куёвликка номзодни қўятурай. Сал аввал совчи қўйиб юрган тадбиркор йигит билан танишишга, гаплашишга чиқаришди. Фарғонадан мени деб келганмиш, йўқса қиладиган қанча иши бор экан.

Ўшанда у йигитнинг юзини акамнинг юзига солиштириб кўрдим. Шундай яхши акам яхши кўриб олган хотинига нималар қилди. Бу йигит акамчалик яхши эмас-ку. Ишхонамга келганда, “Бирон йилдан кейин ишни тўхтатасиз”, деб шарт қўйган эди. Мен титраб кетдим. Орзу келинойим каби уй ишларини беш йиллаб бажариб юришим, кейин барибир ҳеч кимни рози қилолмаслигим. Ким билсин, мен ҳам Орзу келинойим каби бола кўрмасман. Ахир келинойим билан ёзувларимиз, ҳазилларимиз, гап­ларимиз, ишларимиз, ҳатто, ҳозирги бўйимга тенгласа, бўйларимиз бир хил.

Унда нима бўлади? Катталар рўзғорнинг хизматини қойиллатсанг, рози бўладими, куёв эса бола керак менга, деб уриб-сўкиб, сочимдан тортиб хўрлайдими? Йўқ.

Куёв учрашувларига бормайман. Уларнинг ҳаммаси бола кўриш учун уйланади. Бола кўриш, бола кўриш, бола кўриш. Балки, тўртта бўлишини истаса, яна битта бола кўриш.

Бир ой аввал, аям айтганидек, эсимни йиғиб эдим. Бу ўқимишли, ҳамма бирдек мақтаётган йигит мана, бугун учинчи марта мен билан гаплашиш учун келган. Ҳар гал шу: синчков қарайди, мендан нимадир ахтаради.

– Чарчамадингизми? – у бош чайқаганимдан сўнг яна гапида давом этди. – Уйдагилар ҳам бир гапингни айт, деб қўймаяпти. Шунга мен ҳам бир гапингизни айтинг деб келдим.

– Бир гапимни? Сиз… Бошқа бирорта қиз билан гаплашиб кўрсангиз бўларкан.

– Қизиқмисиз? Бошқа қизни нима қиламан? Сиз менга ҳам, уйдагиларга ҳам бирдек маъқул бўлиб турибсиз.

– Мен сеп-сидирға қилишни ёмон кўраман. Латта-путтага ҳушим йўқ.

– Нималар деяпсиз? Қандай латта-путта? Менга ўзингиз бўлсангиз, соғ бўлсангиз бўлди.

Бирпас турдим-да, ўзимни тутолмай шартта айтдим:

– Ўзим бўлсам бўлдими?

Йигит юзига мамнунлик ифодасини чиқарди, яна аввалги сўроғининг маъносини ҳам.

– Бир гапим керак бўлса, бор сизга, чиндан ҳам. Айтайми? Мен болали бўлолмаслигим мумкин.

У анграйиб қолди. Кўзлари олайиб кетди.

– Н-нима? Ҳазиллашманг-эй.

– Ҳазиллашаётганим йўқ. Сизга бола керак-ку, тўғрими?

– Энди… Ссиз нега…

– Шундай бўлгач, ўйлаб иш қилинг. Боламиз бўлмаса, уриб-суриб ҳаётимни заҳарлагандан кўра, ярим йўлда қолдириб кетганингиздан кўра… Ё майлими?

– Нималар деяпсиз? Ии… ростдан шунақами?! Бола кўрмасак, оила қуришнинг нима кераги бор?

– Нари қочинг йўлимдан!

Йигит нималардир деди. Аммо ранги оқариб кетганди. Мен терс ўгирилиб узоқлаб кетдим. Унга бир қараганимда ортимда ўша жойда анг­райиб турганди.

Сурати бор китоб қўлимни қиздиради.

Осмонга қарайман. Юрагим тошиб кетади. Йиғлай дейман, бўлмайди.

Йўқ! Аввал севги, аввал меҳр, аввал ишонч. Кейин…

Йўқ! Орзу келинойим ўксийди ахир…

Мен бир дўмбоқ болачани етаклаб юргандим. Тушим эди у. Ҳа, бола меники эди. Тушимдаги болажоннинг қўлларини ўнгимда ўпгим келади. Аммо тушимда мен – ўзим эмас, келинойим… Орзу келинойим эди у…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 4 =