“Ҳали кашф этилмаган қитъа…”
(Атоқли шоир Рауф Парфи ижодига бир назар)
Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” асаридан шеър нима, деган саволга жавоб топганман. Одам Атонинг фарзандлари Қобил ва Ҳобил ўзаро келишмай қолди. Қобил акаси Ҳобилнинг жонига суиқасд қилиб, нобуд этади. Бу қабоҳатдан Одам Ато фарзанди доғида борлиғи тутаб, қонли кўз ёш тўкади. Кўз ёши тупроққа сингадики, ер остидан қонли фаввора отилиб, аччиқ нола таратади. Ана шу нола шеърдир, дейди Рабғузий. Демак, инсон изтиробининг мундарижаси назмий тизмалардан иборат экан. Изтиробни эса инсон қалбининг бедорлиги, Тангрига муножотининг ажри деб тушунмоқ керак экан-да.
Китоб жавонимни кўздан кечирарканман, кўзим атоқли шоир Рауф Парфининг “Қайтиш” тўпламига тушди. Худди янгигина тандирдан узилган нондай юрагимга ўзгача тафт тутди. Муқовани очарканман, муаллифнинг дастхати ёдим меҳварини маёқдек порлатди: “Укам, ажойиб шоир Ўраз Ҳайдарга буюк умидлар билан Рауф Парфи. 31.07. 1981 йил”. Алланечук тарзда хаёлларим чуваланди. Умрини эски жандадай судраб ўтган шоир билан суҳбатларим яланғоч ўйларимга қанот тутди. Яхши шеър тингласа боладай суюнган, ўз юртини болишу қўналға билган, хокисорлик тожини қалб тахтига илган, улуғ аждодларнинг авлоди эканлигидан ғурур туйган, сўзларни олтин тангадай жаранглатган бу камсуқум шоир шеърияти муҳиби бўлиб қолгандим. Унгача раҳматли акам Назар Шукур туғилган кунимда шоирнинг “Тасвир” китобини туҳфа этганди. Шеърларини ўқиб қалб сайёрам янги бир галактиканинг парчасига айланганди. “Кулранг булут кезинади жим…” дея бошланувчи шеърини табиат гимни дея тасаввур этганман.
Кулранг булут кезинади жим,
Кулранг булут ўхшар уйқуга.
Кулранг булут бошлайди ҳужум,
Бақириб шивирлар руҳимга.
Кулранг булут ниманинг тимсоли экан деб кўп ўйладим. Чиркинлик, хиралик, руҳий залвор ва бўғиқ ҳаво ҳисларимда тўлғонди. Матоҳни олов қўридан чуркаши каби аччиқ таассурот уйғотди. Руҳга унсиз бақириши онг ости сезгилар, тасаввурлар қуюнини жунбушга келтиради.
Нафаслари бўғилиб гўё,
Қалдирғочлар учар ер бўйлаб.
Ғамгин-ғамгин кўринар дунё.
Ўйларини қийнайди ўйлаб.
Ажабо, савқитабиий ундама “эпкин”идан маҳзунлик ярадор қушдек оғир қанот силкийди. Мудроқ ҳужайраларга бедорлик улашиб, уйғониш азобини қалбга яловдек тикади. Дунёнинг ўткинчилигидан ўйларини ўйлаб қийналиши исёндагина ҳаловат борлигини уқади.
Кулранг булут қулади охир,
Парчаланди шу муаллақ кўл.
Совуқ хабарнинг кўланкаси бўлган кулранг булут борлиғи нафосат нафасидан ойдинлашган гўзаллик қошида сўнди. Дилхиралик “чопари” бўлган кўлнинг парчаланишини соф туйғулар тиғи билан юксак бадиий чизгиларда маҳорат билан чизолган шоир.
Ғир-ғир шамол, ғир-ғир ёмғир,
Суратимни чизиб берар йўл.
“Ғир-ғир ёмғир”сўзи бир бўғин кам бўлса-да мисрадаги мусиқийликни тўла таъминлаган. Кейинги мисрани таърифлашга сўз ожиз.
Қалқиб-қалқиб қўяди қараб,
Табассумлар ёзилган тупроқ.
Чапак чалиб, сочини тараб
Бош ювади бир ҳовуч япроқ.
Тирикликка табассум улашишдан япроқларнинг беозор чапак чалиши кўнглингиздаги ғуборни қувади. Руҳиятингиз водийсида ҳаётга муҳаббат ғунчалари кўз очади. Ўта нозик ҳислар чилторидан тўкилган тизмалар шоирнинг инжа ҳиссиётлигидан далолатдир.
Яна булут кезмоқда сарсон,
Таъқиб этиб борар изимдан.
Нафасларга тўла бу осмон
Узилмайдир асло кўзимдан.
Шеърнинг сўнгги сатрларида ижтимоий воқелик ҳам “кўз” очгандай назаримда. Шоир ўз шодлигидан қувониб бўлмайдиган даврда яшади. Фикри ҳур, қалби озод инсонни “кулранг булут”лар ҳамиша таъқиб остига олган. Балки бизнинг изоҳ ботиний ёндашишга халақит бергандир. Шоир муддаоси ва иддаосини ақл кучи билан туйғулар тилида “ўгириш” осон кечмайди. Бинобарин, содда ўқувчига шарҳлаб бериш хос ўқувчиларнинг бурчидир. Осмон оламдан кўз юмганлар руҳларига мангу ошёндир. Руҳ қулликдан эмас эркдан нафас олади. Шу нафас борлиғимизнинг мангу битигидир.
Рауф ака бу шеърини йигирма ёшида битган. Шеъриятимиз маддоҳлик ҳавосидан димиққан, кўча гапини вазнга солиб қофиялаштирган, инсоний дард “ғўзапоя”га айланган бир даврда ёзганлиги билан ҳам кўнгил кўзларига ҳайрат улашган. Чин шоир ҳар қандай замонда ўз сўзини айта олади.
Аслида шеърни шарҳлаш таржимани эслатади. Маҳорат билан ўгирилса-да, аслиятига ўхшамаган нусха. Албатта, санъаткорона битилган шеърларга тааллуқли бу гап. Шу ўринда Рауф Парфи бир суҳбатида таъкидлаганидек, “Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз. Бу айёр ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Аллоҳни таниган банда моддиятга таяниб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас. У – Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон… Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади”. Шоирнинг хиёнати шуҳратпарастлик домига тушиб ўзини улуғлаш “хаста”лигига чалинганиданоқ аён бўлади. Нега бугун шаффоф шеърлар кам? Ўқувчи шеър ўқимай қўйди, деган сўзлар бот-бот қулоғимиз тагида жаранглаяпти? Ўзича ёзиб, ўзи қувониб юрганлар кўп. Чин шоирнинг йўриғи бошқа. Аммо ёзарманлар ақл кушандасига луқма бўлишида туйғудан айри сохта битиклари битиши сабабдир. Рауф Парфи ёшлигиданоқ бу хавфни англаган, сўз масъуллигини қисматга тенглаган, ўз адабий чизиғини илғаган шоир. Шеърларида сўзлар оҳанг билан уйғунлашиб мусиқийлик касб этган.
1977 йили. Кечагидек эсимда, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)га қарашли 2- ётоқхона ўқув залида шоир билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. “Қўй, бўлди. Гапирма. Кечирма мени…” дея бошланувчи сонетини жим тинглаб ўтирибмиз. Шоир сўнгги жумлаларни ўқир чоғи оташланди:
Бу пайт фалакларга соврилар кулим,
Ерга йиқиламан сени йўқотиб,
Шивирлаб шамоллар марсиясини.
дейиши ҳамоноқ мухлислар ўрнидан туриб олқишлар ёғдирди. Аммо шоир жим. Юзида мамнунликдан кўра жиддийлик қалқиди. Бу сонет ҳали матбуот юзини кўрмаган, сиёҳи қуримаган. Тингловчилар юзу кўзида янги сўз ва оҳангга ташналик порларди. Учрашув қизғин ўтди. Руҳиятимизда юлдузлар талотўпига ўхшаш мубҳам исён барг ёзганди.
Шоир маддоҳлик кўчасига бир бор қадам қўймади. Турфа риторик кўринишдаги мадҳиялар битмади. У ҳар қандай ёлғон шеърнинг санъатга дахлдор эмаслигини билган. Мунаққид Р. Раҳмат: “Асли жазо тариқасида елкамизга ортилган бу юкдан, ҳаётдан ошкора нолишнинг фақат битта йўли бор – санъат. Агар шоир ўз ғамини гўзал шеърий шаклда эмас, балки оғзаки суҳбат шаклида сўзлаб берса, шубҳасиз уни ёмон кўриб қоламиз. Санъаткор ўз кулфатини пуллаб кун кўради, шон-шуҳрат қозонади. Лекин бу кулфат фақат санъат деган бозордагина тенгсиз қимматга эга. Кимки қайғу отлиқ маҳсулотини санъат бозоридан ташқарида сотмоқчи бўлса, уни дарров: “Бунча мунғаймасанг, бунча титрамасанг, бунча ғариб боқмасанг… кет кўзим олдимдан, кет дейман…” — деб маломат қиладилар”, дея санъат тушунчасига чуқур урғу берганда ҳақ. Санъат унсурлари инсон танасидаги қон томирлардай кесишмасдан ўз нуқтасига бирлашсагина адабиётнинг биллур қандилига айланади. Шунинг учун ҳам санъатдан йироқ асарлар қумдан тикланган қўлбола қасрдир, йиллар шамолида тўзиб қумтепага айланади.
Рауф Парфи шеъриятидан истаган мавзудаги шеърни топасиз. Шоирнинг шеър устида изланиши осмонўпар тоғни Фарҳод тешаси билан ёриб ўтишдек буюк қудратга ошнодир. Биргина “Она тилим” шеъриниг бир нечта нусхаси мавжуд. Илк вариантида шеър шундай битилган.
Офтоб фарзандидир олтин далалар,
Мўл-мўл нурин сочар бош узра балқиб.
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Офтобдек ардоқли, эй она халқим.
Сўнгги вариантида кескин ўзгартирилган.
- Абут-Турк тарихдан, балки, бир ҳикмат,
Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат,
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.
Қарийб ярим асрлик умрини ушбу шеърни таҳрир қилиш билан ўтказган шоирнинг ижодий лабораторияси кенжа авлод учун маҳорат мактаби бўлиб ўтиши керак.
Рауф ака ўз умрига ўзи оқсочлик қилди, десак янглишмаймиз. Дунёнинг моддий нарсаларидан юз ўгирди, талабалар билан талабалар ётоқхонасида, қоровуллар билан пастқам қоровулхоналарда қўноқ бўлиб яшади. Бундан ранжимади. Инсонлар қалби билан сўзлашди, оғриқларини ўз оғриғи деб билди. Балки адабиёт аталмиш “юҳо” ижодкоридан шуни талаб қилгандир? Биз оёғини муздек сувга ботириб ёки ўзини стулига ип билан чандиб ташлаб асарлар ёзган Гоголу Эмил Золялар ҳақида кўп ўқиганмиз. Адабиёт қурбон талабдир, унинг туйнуксиз қасрига ҳар ким бўйлай олмайди-да. Бу аччиқ, аммо ойдин ҳақиқат. Муҳими бу ҳам эмас. Сўзни виждон деб билганларга адабиёт эшик очишини тушуна олдик.
Кўзимга тўқинар малолат, туман,
Чексизлик қўйнида яланғоч сукут.
Руҳимда муаллақ жимлик безабон –
Неки ўтган бўлса барчасин унут.
Ҳаётнинг зарбасидан малолату зулматга йўғрилган умр ўз тоқатига овоз беришини тилаши қаҳрамоннинг ўзлигига исёнидир.
Ёрилтош, эй, ёрилтош ёрил, ахир,
Ўлимнинг қошида ёрил, айт, бақир,
Чақмоқларга айлан энди, сукунат!
Рауф Парфи таржимон сифатида ҳам ўзбек адабиётига тамал тошини қўйганлардан. Унинг Валерей Брюсов шеърини маҳорат билан ўгирганида истеъдодининг баланд нуқтасини кўрамиз.
Небо над городом плачет,
Плачет и средце мое.
Что оно, что оно значит,
Это унынье мое?
Мисраларини қўйидагича ўгирган:
Шаҳар узра осмон йиғлайди,
Ва билмайди юрагим маним.
Нима демак, ўзи нимайди,
Қайғулидир бунча куйганим.
Таржимада оҳанг ҳам, ранг ҳам, сўз ҳам тўлиқ сақланган ва бўлиқ дондай мағизга туйинтирилган. Унинг таржимасида Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари” шеърий асари аслига тенг даражада ўгирилган.
Шеърият онасини изтироб деб билган, “тилида ўзга сўз ўлган” атоқли шоир Рауф Парфи шеърияти ҳали кашф этилмаган қитъа каби ўйларимизу тасаввуримиз каҳкашонида юлдуздек порлаб, янгидан-янги тадқиқотларни кутаётганлиги сир эмас.
Ўроз ҲАЙДАР