Ўйлаб топилмаган ҳикоялар

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ

 

ОТА ЕЛКАСИ

Менинг болаликдаги илк кўрган, ҳис қилган нарсам – отам (яъни дадам)нинг елкаси эди. Оппоқ, топ-тоза яктак кийилган кенг елка. Дадам мени биринчи бўлиб елкасига кўтариб юрган пайтлар бўлса керак-да. Мен ўша елкадан туриб нималарнидир – ҳовлиними, кўчаними, одамларними кўрганман, яъни мен отамнинг елкасидан туриб оламни кўрганман.

Кейин мен бу елкани мактабда ўқиб юрганимда ҳам, Тошкентга келиб дорилфунунда таълим олганимда ҳам, ишлаб юрганимда ҳам доимо сезиб турдим. Бу– билимли, фикрли инсон бўлган падари бузрукворимга доим таяниш, у зот билан фахрланиш,   ҳамиша у кишидан яхши маслаҳатлар, маънавий мадад олиш эди. Бу елка менга бутун умрим бўйи таянч тоғи, ишонч манбаи, доимий кўмак хазинаси эди. Гарчи ҳозир бу елка йўқ бўлса ҳам мен уни ҳамон сезиб тураман, унга ишонаман, уни қўмсайман, ундан доимий имдод оламан.

Ҳа, ота елкаси – олам таянчидир.

 

КИТОБ ТАЛАШГАНЛАР

Бувим (онам)нинг айтишларича биз, акам икковимиз тўққиз фарзанддан ўлмай тирик қолганлари эканмиз, шунинг учун ота-онамиз бизни жуда авайлаб, эрка қилиб ўстиришган эканлар. Бурхон акам билан биз босалқи, яъни ёшида фарқи кам эканмиз, шу боисдан доим талашиб-тортишиб ўсганмиз. Ўша пайтда амакиларимдан бири менинг номимдан тўқиган:

Бурхон олакўз,

                                           Бўйнингни чўз,

                                           Сенга гўшт йўқ,

                                           Умидингни уз,

 

деган тўртликни кула-кула айтиб юришарди. Аммо мен акам билан гўшт талашганимни билмайман-у, лекин китоб талашганимиз рост. Негаки, акам ҳам китобни яхши кўрарди, мен ҳам. Дўкондан бирор китоб сотиб олгудек бўлсак акам менга кўрсатиб мақтанарди, мен унга. Аммо мен – кичкина, инжиқроқ эканманми, ҳар қандай китобни олдин мен ўқирдим.

Яқинда қишлоғимга борганимда акамнинг чеваралари бўлган тўрт ёшли қизчага китоб совға қилсам унинг икки ёшли укаси келиб талашиб, тармашиб қолса бўладими? Икки ёшли бола опасини йиғлатиб бўлса ҳам китобини олиб қўйди. Бу талашув менга ҳув ўша, бундан неча-неча йиллар болалигимдаги акам (ҳозирда марҳум) билан китоб талашганимни эсга солди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =