Ватан бир бутундир, Ватан ягона
Мен ҳаёт синовларида тобланган
қорақалпоқ халқининг
донишмандлигига ишонаман.
Ш. Мирзиёев
Тақдир ҳаёт денгизида сузаётган кема,
Эшкак эшган қўлларингни асра одамзод.
Англаб етгин Ватан нима, халқ, миллат нима?
Ўзинг бир ҳовуч тупроқда минг сирли хилқат.
Ким деб аталар эл-юртнинг тинчин бузганлар,
Агар инсон азиз бўлса, унда сен кимсан?
Яхшиликнинг савоб ришталарин узганлар,
Юртин пулга сотган одам сотқин аталар.
Бир оила фарзандидай аҳил инсонлар,
Минг йилларким, асрларким бирга яшарлар.
Бир дарёдан сув ичиб, бир қуёшда куйиб,
Бир-бирига бағрин очган азиз одамлар.
Эй, сен кимсан исмингни ҳам билмайди ҳеч ким,
Фақат буздинг кир нафас-ла тоза ҳавони.
Сен ўзингни мол-дунёга айладинг маҳкум,
Унутдингми, Одам Ато, Момо Ҳавони.
Бу заминга кимлар келиб, кимлар кетмаган,
Бу тупроқнинг ҳар қаричи қўшилган жонга.
Ким адолат уруғини эккан, экмаган,
Ким суянса, Оллоҳ мадад бўлган инсонга.
Тарих варақлари сўзлаб турибди очсанг,
Қорақалпоқ аждодларнинг ҳикматларини.
Агар билсанг ушбу Ватан доим асраган,
Тарқаб кетган қорақалпоқ миллатларини.
Унутдингми, Бердақ бобо дуоларида,
Бағрикенглик, биродарлик меҳри яшайди.
Ерназар-у, Маманбийнинг нидоларида,
Оғизбирлик деган улуғ ҳикмат яшнайди.
Тўлапберган, Ибройимдан қолган ҳар китоб,
Бир бўлайлик, бўлинмайлик, деб меҳр кўзлар.
Қулоғингга кирмаганми бу олий хитоб,
Сен топтаган миллатингнинг ғурурин сўзлар.
Эй бузғинчи, юрт тинчини бузган бадкирдор,
Нодон бошдан туширдингми сен қалпоғингни?
Боболаринг азиз тутган бош кийим номдор,
Оёқ ости қилма миллат қорақалпоғингни.
Мен биламан, сен халқ эмас, нодон оломон,
Яхшилик кўп қорақалпоқ халқин кўксида.
Сен эътиқод, иймонидан айрилган инсон,
Ўз миллатинг не кўйларга солдинг ўкситиб.
Боболаринг қачон кўрган бундай улуғвор,
Обод, бахту-саодатли давру-давронни.
Тинчлик учун шукроналик ҳамма қалбда бор,
Нега тинчин буздинг бу ҳур, озод замоннинг.
Юрт раҳбари қорақалпоқ халқин деб куяр,
Зўр бўлсин деб қорақалпоқ элин эртаси.
Ўғил-қизин, оталарин меҳр-ла суяр,
Бешикдаги нораста ҳам унинг эркаси.
Биз бир Ватан, бир тупроқмиз, битта давлатмиз,
Биз бир халқмиз, ажратолмас ғайри рақиблар.
Биз бир юртмиз боболари айтган ҳикматмиз,
Карвон ўтар ҳуриб-ҳуриб қолади итлар.
Менинг доно, кўкраги кенг қорақалпоғим,
Онаман мен, қорақалпоқ невараларим.
Қони-қонга, жони-жонга қўшилиб кетар,
Ўзбек онасининг қорақалпоқ эвараларин.
Яшна, менинг юрагимнинг парчаси бўлган,
Қорақалпоқ кенгликларин боғу-бўстони.
Келажаги бахт-саодат нурига тўлган,
Янги Ўзбекистоннинг Янги Қорақалпоғистони!
Гулистон Матякубова,
Қорақалпоғистон
халқ шоири