Ғурур ва ифтихорга йўғрилган йиллар

Шу йилнинг 30 июлида Андижон шаҳрида Бобур номли халқаро жамоат фонди ва илмий экспеди­цияси ташкил этилганининг 30 йиллиги   ҳамда мазкур Фонд раиси Зокиржон Машрабовнинг қутлуғ 90 ёшга тўлиши муносабати   билан “Бобур номли халқаро жамоат фонди: изланиш, натижа, режалар”   мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди. Уни рес­публика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов олиб борди.

Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолиятини бугун нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда яхши билишади. Чунки жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида мазкур фонднинг жамоатчилик асосида иш олиб борадиган бўлимлари мавжуд.

Бобур фондининг 30 йиллик фаолияти, Фонд раиси Зокиржон Машрабовнинг умрини, бутун ҳаётини мазкур фонд ривожига, юртимиздан етишиб чиққан улуғ боболаримиз меросини ўрганишга, тадқиқ қилишга бағишлаганига оид анжуман ишида қатор хорижлик олимлар, жумладан, профессор Мунаввер Текжан (Туркия), профессор Муҳаммад Ризо Носирий (Эрон), Зера Бекирова (Қрим-татар мухтор рес­публикасида чоп этиладиган “Nenktcan” журнали бош муҳаррири), профессор Бахтиёр Меммедов (Озарбайжон), профессор Ислом Жеменей (Қозоғис­тон), Фонднинг Эрон бўлими раҳбари, Теҳрондаги форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари, профессор Муҳаммад Ризо Носирий, академик Бобожон Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университети ўқитувчиси, доцент Бахтиёр Файзуллаев (Тожикистон), Ўзбекистондаги Ҳиндистон маданият маркази раҳбари Чандра Шекхар сингари кўплаб хорижлик меҳмонлар қатнашишди, сўзга чиқишди, ўзларининг фикрлари, дил сўзларини айтишди.

Шунингдек, халқаро илмий-амалий анжуманда Швеция давлатидан Бобуршунос олимлар Шафиқа хоним Ёрқин, Ҳалим Ёрқин, Абдулҳаким Журжоний, Покистондан Бобур форуми директори жаноб Рамзам Муҳаммад, озарбайжонлик профессор Алмаз Улви Биннетова, Қирғиз Республикасидан таниқли адиб Бегижон Аҳмедов ҳамда Ҳиндис­тоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Маниш Прабхат сингари таниқли кишилар онлайн тарзда иштирок этишди.

Шубҳасизки, анжуманда юртимизнинг кўплаб адабиёт, маданият ва санъат намояндалари ҳам иштирок этиб, эзгу тилакларини билдирди. Хусусан, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Минаваров, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбек миллий Мақом санъати маркази бош директори Сойибжон Бегматов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ артистлари Исроилжон Ваҳобов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мирзо Кенжабек, СамДУ профессори Дилором Салоҳий, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқа таниқли юртдошларимиз, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган   бобуршунос олимлар, шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат, маънавият вакиллари иштирок этди.

Анжуман давомида Бобур номли халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг 30 йиллик фаолияти таҳлил қилинди.

Тадбир доирасида ушбу санага ўзига хос катта тўёна – Бобур фонди ташаббуси ва ҳомийлигида нашр этилган ҳазрати Бобур Мирзонинг олти жилдлик “Куллиёт”, яъни тўла асарлар тўплами тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Маълумки, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди 1992 йили Андижонда ташкил этилган эди. Унинг ташаббус­кори ва раҳбари Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби, геолог олим Зокиржон Машрабовдир.

Фонд таркибида халқаро илмий экспедиция, 300 гектардан иборат Бобур номли миллий истироҳат боғи, “Бобур ва жаҳон маданияти”, “Андижон шаҳарсозлик маданияти тарихи” музейлари, шунингдек, “Бобур ва дунё” журнали фаолият юритади.

Илмий экспедициянинг биринчи сафари 1992 йил май ойида амалга оширилган. Шу кунгача 50 дан ортиқ давлатга 40 га яқин халқаро сафарлар уюштирилиб, Африка қитъасидан   Ҳинди-Хитой ярим оролигача, Европадан АҚШгача бўлган салкам 420 минг километрдан ортиқ масофа автомашинада босиб ўтилди.

Бу илмий сафарлар натижасида жаҳон илм-фани, маданияти, адабиёти ва санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Али Қушчи, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб сингари кўплаб буюк зотларнинг сўнгги манзиллари зиё­рат қилинди, уларнинг айни ҳолати ўрганилди. Афғон юртида қаровсиз қолиб, деярли харобага айланган мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод каби буюкларимиз қабр-мақбаралари шарқона лойиҳалар асосида бугунги кун талаб­лари даражасида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди.

Шунингдек, Абу Райҳон Берунийнинг Ғазнадаги, Форобийнинг Дамашқдаги, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг Кашмир вилоятидаги, Али Қушчининг Истанбул шаҳридаги қабрларини ҳам обод этиш лойиҳалари режалаштирилмоқда.

Ўтган даврда илмий экспедиция томонидан олиб борилган изланишлар натижасида 1000 дан зиёд ноёб китоб ва нодир қўлёзма асарлари юртимизга олиб келиниб, фонд қошидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида жамланди ва илмий истеъмолга киритилмоқда.

Сафарлар давомида “Бобурнома”нинг Ҳиндистондаги “Саларжанг” музейида сақланаётган Ҳайдаробод нусхасидан кўчирма, Машҳад шаҳрининг Имом Ризо маж­муасидаги Ар-Ризо кутубхонасида Бобур Мирзо томонидан ихтиро қилинган Хатти Бобурийда битилган “Қуръони карим” ва Теҳрон шаҳридаги Бобур Мирзо “Куллиёт”идан нусха олишга мушарраф бўлинди. Айни пайтда музейда “Бобурнома”нинг 30 дан ортиқ тиллардаги таржималари ҳам мавжуд.

Улар асосида 60 дан зиёд китоб рус, инг­лиз, немис, уйғур, урду ва ҳинд тилларидан таржима қилиниб, ўзбек китобхонлари ҳукмига ҳавола этилди, илмий истеъмолга киритилди.   Бобур номли жамоат фондининг Қирғизистон, Афғонистон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Япония, Германия, Швеция ва бошқа хорижий давлатларда юридик мақомга эга бўлмаган бўлимлари мавжуд бўлиб, улар билан Ўзбекистон Рес­публикасининг “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ   илмий-маданий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Заҳириддин Муҳаммад   Бобурнинг бизгача етиб келган барча асарлари яхлит ҳолда тарихимизда ҳали бирор марта чоп этилмаган эди. Илк тажриба сифатида Бобур фонди ташаббуси ва ҳомийлигида янги нашр ҳазрати Бобур Мирзонинг олти жилдлик “Куллиёт”ини тўлиқ чоп этишга муваффақ бўлинди. Куллиётнинг чоп этилишида Бобур халқаро илмий экспедицияси сафарлари давомида қўлга киритилиб, “Бобур ва жаҳон маданияти”музейи эскпонатлари қаторидан ўрин олган ноёб манбалар – япониялик олим, профессор Эйжи Манонинг “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхаси асосида тайёрланган танқидий матни, профессор Шафиқа Ёрқин нашр эттирган Девон нусхасига асосланиб Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмон ҳамда шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек таҳрири остида нашр этилди. Бу нашр халқимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида улкан воқеа, маънавий жасоратдир.

Ўтган қисқа вақтдаги бундай катта ютуқлар Ўзбекистон дунё бобуршунослигининг марказига айланишига хизмат қилди, десак асло муболаға бўлмайди. Бу эътироф Бобур Мирзонинг 530 йиллиги муносабати билан 2013 йили Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда дунёнинг таниқли бобуршунослари Эйжи Мано (Япония), Клаус Шонинг (Германия), Магда Махлуф (Миср), Билол Южел (Туркия), Фоиза Заҳро Мирза (Покистон), Мансура Ҳайдар (Ҳиндистон) ва бошқалар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Фонд Бобур ва бобурийлар маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқлар ўртасида дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, юксак савияда бажарилган илмий тадқиқотлар, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги асарлар учун Бобур халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббускори ҳамдир. Бугунгача ушбу нуфузли мукофотга 30 дан зиёд хорижлик ва юртимиз олимлари, ижодкорлари сазовор бўлдилар. Бу галги анжуманда ушбу нуфузли мукофотга бобуршунос олим, таржимон Ансориддин Иброҳимов (марҳум), шоира Замирахон Рўзиева муносиб деб топилди.

Бобур халқаро жамоат фонди Андижон шаҳрининг ёшини аниқлаш бўйича ҳам Ўзбекистон ФА Археология институти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Таниқли тарихчи Боқижон Матбобоев билан биргаликда Андижоннинг миллий давлатчилигимизга бевосита дахлдор бўлган кўплаб тарихий ёдгорликлари ўрганилиб, янги манбалар қўлга киритилди.   Бунинг натижасида Фонд тасарруфидаги иккинчи мозийгоҳ – “Андижон шаҳарсозлик маданияти тарихи” музейи ташкил қилинди. Музейда Бобур номли халқаро жамоат фонди ва ЎзФА Археология институти билан ҳамкорликда Андижон шаҳрининг ёшини аниқлаш борасида олиб борилган илмий-тадқиқот ва археологик қазишмалар натижасида топилган асори-­атиқалар мавжуд.

Албатта, Бобур номли халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси ҳақида кўплаб ёзилган, ўнлаб фильмлар, юзлаб телекўрсатувлар намойиш этилган. Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асари ёки ёзувчи Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сори ва буюклар изидан”, “Андижондан Даккагача”, “Андижондан Бағдодгача”, “Соҳибқирон юрган йўлларда”, “Бобурийлардан бири” каби асарларини ўқиган, мутолаа қилган киши борки ушбу фонд, экспедиция фаолияти ва жаҳонгашта инсон Зокиржон Машрабов билан қалбан бирга бўлишига шубҳа йўқ.

Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 1 ноябрь куни Андижонда бўлиб ўтган сайловолди учрашувида буюк боболаримиз, жумладан, Бобур Мирзо ҳақида сўз юритиб Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов ҳақида ҳам илиқ сўзларни билдирган эди: “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мана шу ватанига бўлган буюк муҳаббатини, эзгу фазилатини мерос қилиб қолдиргани, бу ҳаммамизга аён. Эл-юрт тақдири учун куюниб, тиним билмай яшаган ана шундай ажойиб инсонларнинг давомчилари бугун ҳам Андижон заминида кўплаб топилади. Ҳаммамиз яхши танийдиган Бобур халқаро фондининг раиси ҳурматли Зокиржон ака Машрабовни мен худди шундай мард, ватанпарвар инсон деб биламан. У кишининг қилган ишлари ҳақида тўлиқ маълумот бериш учун алоҳида бир конференция ташкил қилсак ҳам кам бўлади. Зокиржон аканинг саъй-ҳаракатлари билан Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рамзий қабри, ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Бобур ижодий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича катта-катта ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум”.

Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари, юксак ишонч ва эътирофлари ўтган 30 йил давомидаги изланиш, меҳнат, шижоат, матонат ва босиб ўтилган минг-минглаб чақирим йўлларга берилган муносиб баҳо десак хато бўлмаса керак.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − one =