Саккиз устувор тамойил

Хайриддин Султон

 

Ҳаммамизга маълумки, “Бобурнома”нинг сўнгги саҳифаларида мусаввади авроқ – варақларни қоралагувчи шахс, яъни, мазкур асардан нусха кўчирган номаълум котиб Бобур Мирзо ҳазратларининг саккизта энг муҳим фазилатини санаб ўтади.

Ана шу тарихий анъанага амал қилган ҳолда, мен ҳам Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг асосчиси, маънавият фидойиси Зокиржон Машрабовнинг миллатимиз ва халқимиз олдидаги энг муҳим ва улкан саккизта хизматини мухтасар тарзда айтиб ўтмоқчиман.

Биринчиси шуки, Бобур фонди ва унинг илмий экспедицияси истиқлол тенгдоши сифатида 1992 йилдан бошлаб ўтган ўттиз йил мобайнида тинимсиз сафарларда бўлиб, мус­тақил Ватанимизни, улуғ аждодимизнинг киндик қони томган Андижон заминини бутун дунё бўйлаб танитишга катта ҳисса қўшди ва бу ишни бугун ҳам изчил давом эттирмоқда. Фонд миллий мустақилликнинг қандай бебаҳо неъмат ва чексиз имкониятлар сарчашмаси эканини ўз фаолияти мисолида амалда исботлаб бергани айниқса эътиборлидир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг таъбири билан айтганда, “Мамлакатимиз тарихида бундоқ хайрли ва ўзига хос илмий сафар ғоят ноёбдир. Унинг ўзи бир тарих бўлиб, кечмишимизда ўчмас ҳарфлар билан ёзилиб қолади”.

Иккинчиси – Бобур фонди Ўзбекис­тонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида муносиб   хизмат қилди ва қилмоқда. У турли миллат, касб ва   соҳага мансуб ўнлаб-юзлаб фуқароларни азалий қадриятларимиз, бой маънавий меросимизни тиклашдек олижаноб ғоя атрофида жипслаштириб, жамоатчилик кучи билан қандай йирик ташаббус ва дас­турларни амалга ошириш мумкинлигининг ёрқин намунасини кўрсатди. Бугунги кунда қатор нодавлат ноҳукумат ташкилотлар Бобур фондидан ўрнак олиб, самарали фаолият юритиб келмоқда.

Учинчиси – Фонд дунё бобуршуносларини бирлаштириш, умумий мақсадлар сари сафарбар этишда алоҳида фаоллик ва жонбозлик кўрсатмоқда. Ҳар йили 14 февраль – Бобур Мирзонинг таваллуд кунида Андижон шаҳрида ўтказилаётган халқаро бобурхонлик анжуманлари бунга бир мисол бўла олади.

Маълумки, мустақилликка қадар халқаро бобуршунослик марказлари сифатида Ҳиндис­тон, Афғонистон, Буюк Британия давлатлари тан олинар эди.

2013 йили Бобур фонди ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган халқаро илмий конференцияда ғоят муҳим бир қарор қабул қилинди. Яъни, Бобур Мирзо ва бобурийлар меросини тадқиқ ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилган катта илмий изланишларнинг натижалари инобатга олиниб, эндиликда Ўзбекис­тон Республикаси, Тошкент ва Андижон шаҳарлари бобуршунослик илмий маркази, деб эътироф этилиши белгилаб қўйилди.

Тўртинчиси – шу пайтга қадар жаҳон шарқшунослик илм-фанида шавкатли аждодларимиз асос солган улкан салтанат “Буюк мўғуллар империяси” деган, аммо тарихий ва илмий нуқтаи назардан асоссиз бўлган бир ном билан аталиб келинмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз олимларининг саъй-ҳаракатлари билан бу ибора халқаро майдонда аста-секин “Буюк бобурийлар империяси” деган атама билан алмашмоқда. Бу тарихий адолатнинг қарор топишида, ҳеч шубҳасиз, Бобур фондининг алоҳида ўрни ва таъсири бор.

Бешинчиси – Бобур фонди ўтган давр мобайнида халқ дипломатиясининг ажойиб намунасига айланди. Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъаларидаги кўплаб мамлакатлар бўйлаб қирқдан ортиқ илмий экспедицияларнинг муваффақиятли амалга оширилгани, Фонд аъзоларининг турли миллат ва элат, диний конфессияларга мансуб, ранг-баранг дунё­қарашга эга юзлаб олим ва уламолар, сиёсат ва жамоат арбоблари билан эзгу мақсадлар йўлида умумий тил топишиб, самарали фаолият олиб бораётгани бу фикрнинг тасдиғидир.

Олтинчиси – Бобур фонди бугунги кунда ўзига хос илмий-тадқиқот муассасаси, таъбир жоиз бўлса, мўъжаз бобуршунослик академиясига айланди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Фонд ташаббуси ва ҳомийлигида “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабуриды. Библиография” каби фундаментал тадқиқотлар, “Бобурнома”нинг турли тилларга қилинган таржималари ҳамда ўзбек тилидаги замонавий тадбили, элликдан ортиқ илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильмлар яратилганини тилга олиш кифоядир.

Еттинчиси – Бобур фонди халқаро хайрия жамоат фонди сифатида мамлакатимиз ва чет элларда ҳам кўплаб эътиборга молик муҳим маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга оширмоқдаки, бу тўғрида атрофлича сўз юритилиши табиийдир.

Ва ниҳоят,   саккизинчиси, Бобур фонди Ўзбекистонимиз ва хорижий юртларда бобуршунос олим ва адибларнинг янги, навқирон авлодини вояга етказишга хизмат қилаётган илм-маърифат ва тарбия мактаби бўлиб қолмоқда.

Албатта, бу ишлар ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки аксарият одамлар боболари у ёқда турсин, ўз ота-онасининг қаб­рини, хотирасини йўқламай қўйган бир пайтда Бобур фондининг бундан неча юз йиллар аввал яшаб ўтган аждодларимиз изларини излаб, уларнинг шонли ҳаётини ўрганиш, қутлуғ меросини тиклаш йўлидаги хизматлари тарбиявий нуқтаи назардан бениҳоя ибратлидир.

Яқин-яқингача барчамиз Бобур Мирзо ва унинг сулоласи вакилларини қандайдир мавҳум сиймолар сифатида, фақат турли расмлар орқали ўзимизга ғира-шира тасаввур қилардик, холос. Эндиликда Бобур фондининг саъй-ҳаракатлари ва кенг миқёсдаги амалий ишлари туфайли ушбу буюк аждодларимиз бизга ҳамоҳанг бўлиб, бизнинг қалбимизда, юрагимизда барҳаёт яшаётган замондошларимизга, уларнинг тарихий, илмий-ижодий мероси эса ҳаракатдаги эстетикага, халқимиз учун улкан куч-қувват, ғурур ва ифтихор манбаига айланмоқда.

Сўзимиз якунида тилак шулким, Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг ўз раҳбари, муҳтарам оқсоқолимиз Зокиржон Машрабов бошчилигида олиб бораётган эзгу ва хайрли ишлари, илоҳим, бардавом ва барокатли бўлғай.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 17 =