Ҳасратим тинглайди энди дарахтлар

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Муаллиф ҳақида:

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ — Самарқанд ви­лоятида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналис­тика факультетида таҳсил олган. Ҳозирда мудофаа вазирлигининг марказий матбуот нашри – “Ватанпарвар” газетасида фаолият юритади. “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида “Сени излайман” номли китоби нашр этилган. Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

          БОБОМНИНГ НИГОҲИ

   (Нормамат бобом хотирасига)

 

Бобо, тушларимга кирасиз такрор,

Нигоҳингиз савол – тиғдай дил тешар.

Шундоқ ҳам кўксимнинг ямоқлари бор,

Шундоқ ҳам ямоққа тўла-ку башар.

 

Бобо, нигоҳингиз ўтга туташдир,

Бунга дош бермоққа топилмас имкон.

Фарзандлар… кўрдингиз кўргани ташдир,

Кўнгилга етмасдан совиб қолган қон.

 

Сиз қурган уйларни буздик тунов кун,

Ичим ич-ичидан бўлиниб кетди.

Қулоғим остида ингради бир ун,

Момом кўзларимга кўриниб кетди.

 

Ай, момом, юзидан офтоб нур олган,

Бир умр эшикка термулган дилгир.

Кўкламдек бир келиб, кейин йўқолган

Кенжаси қошида айланган гир-гир.

 

Бобо, тушларимга кирасиз такрор,

Нигоҳингиз савол – тиғдай дил тешар.

Мен ўйлаб олгунча ҳеч йўқса бир бор

Айланмай турса-чи бу юмалоқ шар.

 

             СЕНИ ИЗЛАЙМАН

Гарчи навосидан айрилган қушман,

Сенсиз боғларимда сассиз бўзлайман.

Ишқинг шаробидан мудом сархушман,

Сени излайман.

 

Биламан, сен ҳам шу шаҳарда далли

Девона юрибсан мастона бўлиб.

Кутаман хабаринг келган маҳали

Кўнглим билан бирга остона бўлиб.

 

Нетай хабаринг бор, хушхабаринг йўқ,

Ишқсиз давраларда ишқдан сўзлайман.

Вужудимда олов, кўзларимда чўғ,

Сени излайман.

 

Бўлмаган ҳеч қачон ишқнинг ҳоли ҳал,

Авжи саратонда ахир музлайман.

Дунё кафтимчалик торайган маҳал,

Сени излайман.

 

Ўшанда бор бўлгин, йўлларимга чиқ,

Соғиндингми, дегин, соғиндим, дегин.

Кетганинг – шу кўнглим кўзимдек очиқ,

Сенсиз яшашга ҳам оғриндим, дегин.

 

Унутдингми, дема, дема ҳеч бир сўз,

Кўзларимга тикил, нени сўзлай ман.

Келаринг чин бўлса, қўлларингни чўз,

Дунё дунё бўлган кунидан бери

Сени излайман,

Сени излайман.

 

                         ДАРАХТЛАР

Сизнинг даврангизга йўқ менда бардош,

Соппа-соғ кўринган карлар, карахтлар.

Мен ўзимга топдим янги суҳбатдош,

Ҳасратим тинглайди энди дарахтлар.

 

Ҳа, улар жимгина осганча қулоқ

Гоҳида шовқинсиз тебраниб қўяр.

“Елкадош” дўстгинам, аҳволимга боқ,

Йиқилсанг дарахтлар беминнат суяр.

 

Дарахтлар қуёшга интилиб ўсган,

Марра қилиб олган нурни, зиёни.

У ташлаб кетмоқчи бўлаётгандек

Одамлари меҳрсиз, олчоқ дунёни.

 

Унинг хаёллари кўкка етадир,

Юлдузлар сайлида юради хушҳол.

О, машъум ўтмишим таъқиб этадир,

– Мен кетдим, юлдузим, хайр, яхши қол…

 

Дарахтлар – суҳбати оромижонлар,

Таскин ахтарурман сиздан эҳтимол.

Бошимда тегирмон айланган онлар,

Бир сизга юкиндим, қилдим дардиҳол.

 

Хўрсиндим, оҳ урдим ва шунда сизнинг

Англадим ташвишли титроғингизни.

Мен учун ҳар кузда бандидан узиб

Кўзёшдек тўкдингиз япроғингизни.

 

Дарахтлар – суҳбати оромижонлар…

  

                     * * *

 Сочларинг жингалак,

сочларинг чалкаш,

Бетартиб умримнинг кўчаларидай.

Анов икки кўзинг бунча жафокаш,

Қоп-қора зулмнинг кечаларидай.

 

Изингда гул унар, пойингга юлдуз

Ўзини оташга отгандек ташлар.

Бўғзимда жон таслим қилаётган сўз

Жоним тарашлар.

 

Энди бу ерлардан ўтмагин қайтиб,

Сармаст кўчамизнинг кўзлари гирён.

У кутар барибир исмингни айтиб,

Соғинчи бир ёну… соғинчи бир ён.

 

Қол десам не бўлар, қоласанми ё?

Бахшида эт десам кеча-кундузинг.

Остин-устун бўлиб ётибди дунё,

Тартибга келтириб берсанг-чи ўзинг.

 

Товоним – шу жоним, иста ўтда ёқ!

Бир бошга оғирлик қилар божларинг.

Ҳажринг дорга бошлар, қаршимда сиртмоқ –

Жингалак сочларинг, қора сочларинг.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 16 =