«Армоним биттадир, Ўзбекистонни Ишончли қўлларда кўриб ўлсам бас…»

Гелди БЕРДИЕВ

 

БАҲОР ҚАЙГА КЕТДИ ОДАМЛАР?

Нимдош дала, бўм-бўш, яланғоч,

Қуёш нури – қайнаётган сут.

Олис уфқ ҳансирайди оч,

Лолазорим, сен қайда унут?

Юрагимга ҳамоҳанг дамлар,

Баҳор қайга кетди одамлар?

 

Мен излайман мангу яшиллик,

Адирлардан топмадим нишон.

Чўкиб кетдим бағрингга бўшлиқ,

Рангсиз осмон бунча паришон!

Қайга кетди қирдаги намлар,

Баҳор қайга кетди одамлар?

Ҳалқоб кўлдек кўзим косаси,

Жавлон урар унда юлдузлар.

Сен қайдасан умрим баҳоси,

Қайлардасан мен кутган кўзлар.

Сиз қайдасиз алвон гиламлар,

Баҳор қайга кетди одамлар?

 

Ёлворурман топиб беринг деб,

Тўзонларда қолмай ёз бўйи.

Термулайин юзига тўйиб,

Чўққиларда йиғлаган кўйи.

Ёшлигим деб аталган дамлар,

Баҳор қайга кетди одамлар?

 

                 ТАРОЗИ

Уни яратдилар одамлар ўзи,

Ўғриликка қўямиз деб чек.

Баъзида нафс учун қўйдилар бузиб,

Яна уялмасдан сақладилар кек.

 

Тарозидан урманг, доим тенг қилинг,

Учрамасин ҳаргиз бизга носози.

Одамлар, Оллоҳ бор, ҳамиша билинг,

Қўлингизда турар дунё – тарози…

 

                    ҲАЙРАТ

Улуғ Алишерни яратган она,

Ўзингсан табиат, эй доно ҳаёт.

Олам тепасида гоҳ Ҳайёмона,

Рубоий ўқидинг, ўқидинг баёт.

Бунчалар улуғ деб шеър илоҳаси,

Жомий қаршисида таҳсин айтдим жим.

Бунчалар буюк деб ҳаёт даҳоси.

Мен ёқа ушлайман улар ёнида,

Улар бир тоғ эрур, улар бир ҳайрат.

Сўнг ҳайрон қоламан шеър чаманида,

Мендек ҳаваскорга зормидинг ҳаёт?!

 

                   ҚУЁШ

Неча ёшга кирган, муаммо,

Ҳисоб тўғри келмас умрига.

Балки шундан бошланган дунё,

Балки шундан жон кирган ерга.

Ҳеч шубҳасиз унинг умридан,

Босган йўли кўпдир минг бора.

Абадлигин сабаби аён,

Адашмайди йўлидан сира.

 

              ЁМҒИР

Томчилаб турган ёмғир,

Сенда баҳор ҳиди бор.

Қисмат сели кўп оғир

Умр эса беқарор.

Ким кечани ўйласа,

Биров сўйлар эртани.

Ким ишониб куйласа

Чиқар бахтни кутгани.

 

Иккиси ҳам хотира,

Иккисига шараф-шон.

Кимга иккиси сира

Бўлмагани-чи ёмон.

 

Мени эса ҳар нафас,

Савалаб тур, ёмғиржон,

Шундай экан ҳозир бас,

Ёмғир, сенга шараф-шон.

 

Чунки ёмғир ичида

Кўрдим ўзимни бу кеч.

Зарра-зарра томчида

Насибам бор бир ҳовуч…

 

                      СУҲБАТ

— Оташларда ёнмагин ўғлим,

Умринг менга умримдан қиммат.

— Оҳ онажон, қандай юрай жим,

Нега баъзан учрар хусумат?

 

— Тўлғонмагин, тинчлан, жигарим,

Умринг менга умримдан азиз.

— Саманимда йўқ-ку эгарим,

Қачонгача жим юрамиз биз?

— Нега сенга ёнмоқ, оҳ урмоқ,

Менга умринг керак қароғим.

— Ҳеч бўларми она, тинч турмоқ,

Қачон ундов бўлар сўроғим?

 

— Ўғлим, менга шеъринг керакмас,

Умринг менга керак болажон!

— Ишонганим шеър-ку, тўхта, бас,

Менга шеърим керак онажон!

 

                      АРМОН

Тиғларга тутаман ўзим гоҳида,

Тунлари уйғониб кетаман бехос.

Армоним биттадир, Ўзбекистонни

Ишончли қўлларда кўриб ўлсам бас!

 

                            КУЗ

Маъюс хаёлларим жонланди яна,

Боғлар куз қўйнида, хомуш, паришон.

Фақат ой фалакда кезар мардона,

Қайдан билсин кузни етти қат осмон.

 

Хазон қўшиғидан заъфарон кундуз,

Сўниқ гул баргидай титрар томчи ёш.

Боғларда баргларин тўкаётир куз,

Қайдан билсин бу кўк тожи — Қуёш.

 

Турналар юрт излаб ўтишди тағин,

Уларнинг оҳида сўнгги нидолар.

Ўй тушган кексадек тоғлар ҳам ғамгин,

Буни асло билмас худбин чўққилар.

 

Борми деб баҳордан сўнгги нишона,

Хазон титкилайди шамол лол, ҳайрон.

Сўнгсиз ўйларига ғарқ бўлиб яна,

Боғ кезиб юрибди умри Куз инсон.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =