“Усмон Носир” спектакли теграсидаги ўйлар

Миллатимизнинг ҳассос ва жунунваш шоири, чин истеъдод соҳиби, “Шарқ Пушкини” деган юксак мақомга эришган оташин ижодкор Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати ила яқинда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театрида премьера сифатида намойиш қилинган “Усмон Носир” спектакли маданий жамоатчилик орасида қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Бунинг ўзига хос омиллари бор, албатта. Аввало, неча йиллар маиший мавзулар теграсида ўралашиб, асл тарихи ва анъаналарини унутаёзган Муқимий театрининг яна жиддий асарларга қайта бошлагани, миллат ойдинларини саҳнага олиб чиқаётгани ғоят қувончли ҳодиса эди. Яна бир эътирофли ҳолат шуки, ўзбек театрининг истиқболи, ёш авлоднинг тақдири хусусида анчайин хавотирли мулоҳазалар айтилаётган бир пайт­­да “Қўрқма” романи муаллифи, ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев драматург ўлароқ кашф этилиб, тенгқури, навқирон режиссёр Дос­тон Ҳақбердиев билан ижодий тандэмни юзага келтирди. Қолаверса, спектакль дирижёри, рассоми ва актёрлар жамоаси ҳам ёшлардан иборат, шу жиҳатнинг ўзиёқ кўнгилга тасалли берарди. Ва наздимизда, энг муҳими, ўртада Усмон Носир шахси бор, бу буюк шоир ҳақида ўртамиёна асар яратиб, тасаввуримиздаги кўримларни хира торттирмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Спектакль ҳақидаги мулоҳазаларимизни бевосита драманинг ўзидан бошласак, мантиқан тўғри бўлар. Жавлон Жовлиевнинг ижодий эволю­цияси тизимли ривожланмоқда, дастлаб ҳи­коялар, кейин роман ёзган ёзувчи энди бадиий адабиётнинг энг мураккаб йўналиши – драматургияга қўл урди. Дарҳақиқат, бу осон жанр эмас. Ҳатто дунё адабиёти “метрлари” Толстойю Достоевскийлар ҳам иқрор бўлган бунга. Оқсоқол адибларимиз Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Саид Аҳмадлар ҳам насрда анча-мунча қалам тебратиб, ном чиқаргач, драматургияга кириб келгани маълум. Шу маънода Жавлоннинг йўли тўғри, мақсадли ва энг муҳими, у илк драматик асаридаёқ талайгина муваффақиятларга эриша олган. Хусусан, драматургия, умуман, бадиий адабиётга хос типиклаштириш, давр ва шахс фожиасини умумий фонда ифодалаш, монологу диалогларга ижтимоий руҳ сингдириш, драмани лирика билан уйғунлаштириш сингари жиҳатларда муаллифнинг истеъдоди, савқи табиийси яққол кўринади. Айниқса, Усмон Носир тилидан янгровчи хитоблар ғоят жўшқин, оҳорли, эҳтиросли, устоз Абдулла Ориф айтмоқчи, бамисли “теккан жойни куйдирадиган олов”дек ҳароратли. Дарвоқе, драманинг илк номи “Иссиқ қор” эди, каминага шу ном маъқул бўлганди. Бу манфур тузум тирик ҳужайраларнинг барини музлатган, ҳақиқатни айтувчи тиллар яхдек қотирилган эди, шу боис бош қаҳрамон саҳнага музлатгичда олиб чиқилар ва драма интиҳосида азобу хўрликлардан абгор бўлиб, ўтинч­­ли ёзғирарди: “Ё, Аллоҳ, ўзинг илит бу тошюрак­ларни… Ўзинг бу ўлкаларга ҳам иссиқ қорларни ёғдир…”. Кўринадики, ёзувчи драмада метафоралардан унумли фойдаланади, қаҳрамонини рамзлар тили орқали сўзлатади. Шунингдек, пьесада бош қаҳрамон тилидан айтилувчи “Адабиёт йўқ, Усмон ҳам йўқ!”, “Мен кўп яшамайман, шеърларим қарийди, мен эмас…”,   “Сутнинг таъми қолган “она” деган сўзда”,   “Мен адабиётга эмас, урушга кирдим” каби монологлар томошабинни ҳаяжонга солади, оташқалб шоирнинг руҳияти, ҳис-туйғуларига ошно этади.

Жавлон Жовлиевнинг истеъдодига ҳеч шубҳа қилмаган ҳолда, “Суқрот – менинг дўстим, лекин ҳақиқат ундан афзалдир” деган кўҳна ақидага риоя қилиб, драманинг том маънода баркамол чиқишига соя солган икки жиҳатни таъкидлашни хоҳлардик: биринчиси, асарда насрий тил устуворлик қилади. Монологу диалоглар ҳар қанча таъсирчан, ижтимоий дардга йўғрилган бўлмасин, уларда ортиқча тафсилот, чўзиқлик бор. Насрда бу ўзини оқлайди, лекин драмада эмас. Драматик турда сўз ортидаги фикр, ҳолат, эҳтиросу туйғулар ҳаракатланиши лозим, драматургнинг ёзувчидан фарқи у қаҳрамонлари тақдирига бевосита аралашолмайди, фақат онда-сонда ремаркалар орқали муносабат билдиради. Насрнинг тили-ю жозибасини пухта ўзлаштирган Жавлон эса персонажларига бирмунча кўпроқ сўз юклайди, натижада, асар саҳнага чиққач, воқеалар чўзилгани аён бўлади. Иккинчиси, драматургиянинг қон томири бўлган характер масаласи. Пьесадаги барча образлар хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, бир хил рангу тусда намоён бўлади, яъни муаллиф ҳукмни бошиданоқ ўқиб қўяди: оқ-оқ, қора-қоралигича қолади, қаҳрамонлар сажиясининг турфа товланиш­лари, ранг-баранг эволюцияси кўрсатилмайди. Буюк Аристотелнинг назарияси бўйича, асарда персонажлар “бахтдан – бахтсизликка ёки бахтсизликдан бахтга қараб ҳаракатланади”, шундан келиб чиқсак, Усмон Носирни сотган Шокир Абди, Қўчқор Самадларнинг асл характери қандай эди? Онасининг қорнидан сотқин бўлиб туғилмаган-ку, ахир?! Айни шу масалаларда драма ҳали тўла қиё­мига етмагани кўринади. Бироқ ишончимиз комилки, Жавлоннинг истеъдоди ва маҳорати бундай камчиликларни бартараф этишга етади.

Энди режиссёр талқинига тўхталсак, Достон Ҳақбердиевнинг кўримлари, топилмалари, режиссёрлик уқуви ва салоҳиятини эътироф этмаслик мумкин эмас. Биринчи навбатда, Достон ўз атрофида яхши жамоа шакллантира олган ва уларга тўғри йўналиш берган. Актёрлар, композитор, дирижёр, рассом, либос устаси, хореограф ва бош­­қа ижодкорлар режиссёр маслагини ҳис қилгани кўриниб туради. Спектакль аввалида шоирнинг музлатгичда олиб чиқилиши ва бу восита томоша давомида турли функцияларни бажариши, шартли мизансаҳналар – Шўро талотумларидан зада бўлган ижодкорнинг машҳур “Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!” мис­раларини ўқиб, қоғозларни жаҳд ила сачратқи қилиши, шоир шеър­лари ва арияларнинг спектакль компози­цияси ва руҳига мос тарзда киритилгани сингари режиссёрлик ютуқларини алоҳида таъкидлаш зарур. Айниқса, спектакль финалида рус зобитидан ўқ еган сотқинларнинг “биз ҳали кўп яшаймиз” – дея томошабинлар (халқ) орасига кириши ва яна шу даврадан чиқиб, Усмон Носир ҳайкалига гул қўйиши – образли топилма, бу орқали режиссёр хоинлар орамиздан чиққанига ишора қилади. Аммо наздимизда, режиссёрнинг якдил ечими, мантиқий якуни борасида аниқ фикр айтиш қийин. Режиссёр камида учта саҳнада спектаклга интиҳоловчи нуқта қўяди: боя эслаганимиз, “Ўша жонман…” шеъри ўқилаётганда, она билан видолашувида ва охирги саҳнада. Каминага қолса, шоирнинг волидаси билан хайр-хўшлашиши ҳам чиройли ечим бўлиши мумкин эди. Боиси оташқалб шоир онасига қарата шундай нидо қиладики, гўё бу бутун халққа   айтилаётган васиятдек янграйди: “Кут, Она! Йўлни кўздан узма, кут она… мени бутун умр кут… Бу элдан эл деганлар чиққунча кут, миллатнинг дардини даволайдиганлар чиққунча кут… Умринг кутиш она!”. Фикримизча, шу сўзлар ила спектакль хотималанса, томошабин қалбида ҳам недир умид, ёруғ бир ишонч қоларди.

Актёрлар ижроси ҳақида сўз кетганда, Усмон Носир образини гавдалантирган ёш актёр Равшан Иброҳимовнинг маҳорати ҳақида бирмунча некбин фикрлар айтишга асос етарли. Театр саҳнасидаги илк катта роли бўлишига қарамай, актёр шоир руҳиятининг нозик жиҳатлари, дақиқ нуқталарини ҳис қилишга интилади. Усмон Носир характерининг серқатламлилиги – яъни, фавқулодда оташин, эҳтиросли, айни пайтда, эркаю тантилигини назарда тутсак, бу мураккаб сажияни акс эттириш Р.Иброҳимов учун осон кечмаслиги аниқ эди. Бироқ актёр ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳассос шоир қиёфасини баҳоли қудрат яратади: сўздан арияга, ҳолатдан ҳолатга ўтиш, драма ва мусиқани ҳис қилиш, партнёрларга тез мослашиш, психологик бўёқлардан унумли фойдаланиш сингари жиҳатлар ижронинг асосий ютуқлари бўлди. Аммо Р.Иброҳимовнинг ҳиссиётларини вақтида жиловлай билмаслиги, айрим саҳналарда қуруқ декламацияга ўтиб кетиши, эҳтиросларни бўрттириш учун овозга зўр бериши том маънодаги Усмон Носир образининг яралишига монеълик қилган.

Юқорида қайд этганимиздек, актёрлар жа­моасининг деярли бари диққатга арзигулик характерлар ярата билган. Хусусан, Усмон Носирнинг сотқин “дўстлари” – Қўчқор Самадни ижро этган Олтинбек Сапаралиев, Шокир Абдини гавдалантирган Омон Йўлдошевлар қаҳрамонларининг салбий қусурлари, қора ниятларини давр фожиаси билан уйғунликда кўрсата олган. Шунингдек, Тўхта шоир (Музаффар Ҳамидов), рус зобитлари – Ваня (Аброр Маллабоев), Саша (Жавоҳир Одилжонов); Луиза (Оқила Ғуломова), доктор (Бозор Холмўминов) каби персонажларни талқин қилган актёрлар ҳам режиссёр кўрсатмаси ва ўз ижро услубидан келиб чиқиб, муайян ютуқларга эришганини таъкидламоқ лозим.

Театрнинг тажрибали актрисаси Маъсуда Отажонова яратган шоирнинг онаси – Холамбиби образи ҳиссиётларининг табиийлиги, жўшқинлиги, миллий колоритга йўғрилгани билан ажралиб туради. Она учун фарзанд камоли муҳим, у ёлғизгина ўғлининг адабиёт йўлида жувонмарг кетишидан чўчийди, уни бу хатарнок қисматдан қайтаришга уринади, оёғига бош уриб йиғлайди, зорланади. Қанийди бу қайсар ўғил қайтса! Ахир ўзи айтганидек, “Адабиёт йўқ, Усмон ҳам йўқ!”. Шўрликкина волиданинг таваллолари, оҳу нолалари шамолга соврулгандек беиз кетади, актриса онаизорнинг ана шу туғёнлари, ботиний азобу ситамларини ишонарли кўрсатади, вокал ва драматик имкониятларидан унумли фойдаланади.

Шубҳасиз, бундай тарихий асарларда томошабинни давр руҳига олиб кириш, мозий муҳитини очиб беришда саҳналаштирувчи рассомнинг ижоди алоҳида ўрин тутади. Шу маънода мазкур спектакль безакларини яратган ёш мусаввир Миржалол Холиқовнинг хизматларини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмас. Саҳна юқорисига шоирнинг энг машҳур, дардчил шеърлари битилган оқ матолар осилган, бу топилма фожиавий руҳга йўғрилган спектаклга оз бўлса-да, лирик-поэтик жозиба бағишлайди ва томошабинни шеърият аталмиш сеҳрли оламга етаклайди. Муҳими, биз шеър аталмиш гўзал ҳодисани мусаввир яратиқларида ҳис этамиз. Лекин матолар спектакль давомида деярли ҳаракатланмайди ва статик тарзда осилиб тураверади. Ваҳоланки, шоир ҳолати ва тақдирига монанд тарзда матоларни ишлатиш, яъни декорацияларнинг ўзида ажойиб шеърий композиция яратиш мумкин эди. Натижада, томошанинг бадиий-эмоционал ҳарорати, рассом фантазиясининг оҳорию жозибаси янада ошарди.

Спектакль учун атоқли композитор Мустафо Бафоев мусиқа ва ариялар ёзган. Композитор Усмон Носир лирикасини гўзал оҳангларга кўчиради, мусиқаларда шоир қалби, руҳиятининг ажиб ҳароратини туйгандек бўламиз. Айниқса, томоша экспозициясидаги “Юрак” ва финал саҳнасидаги “Унутмас мени боғим” шеърлари учун ёзилган мусиқалар спектаклнинг чинакам ютуғи бўлди.

Мухтасар айтганда, Муқимий театри жамоасининг ҳассос шоир Усмон Носир ҳақида спектакль яратишини маданий ҳаётимиздаги эътиборга молик воқеа деб аташ мумкин.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ

санъатшунос

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 10 =