Афсонавий ошиқ

Улуғ ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг 105 йиллиги муносабати билан   ўтказилган   тадбирда кўнгилдан кечган ўйлар

 

Бу йилги ёз ўтган йилга нисбатан анча иссиқ келди. Ҳатто кечалари ҳам ҳовурли. Жазирамада еру жона сиғмай ўтиргандим, опахонларимдан бири – она мақом рутбасига ноил ҳофиза Гулбаҳор Жумабоева сим қоқиб, Гавҳаржон (Гавҳар Ибодуллаева — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари) бизларни Комилжон Отаниёзовнинг 105 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирга таклиф этди, нима қиламиз, борамизми, деб қолди. Эртасига айтилган вақтда учрашишга келишиб, гўшакни қўйдим.

Урганчга бориб, тадбир иштирокчиларига қўшилиб олдим. Бир гуруҳ жамоа — ҳофизнинг фарзандлари, ижодкору санъаткорлар буюгимизнинг сўнгги   манзили Бўйрачи (Шовот тумани ҳудудига қарашли қишлоқ) томон йўлга тушдик. Кимдир енгил мошинда, кимлардир тадбир иштирокчилари учун ажратилган   автобусда. Йўл бўйи мендан ярим аср муқаддам дунёга келган буюк элдошим   ҳақида ўйладим. Афсуски, мен у инсонни кўрмаганман, у киши вафот этганида етти ёшда бўлганман. Бироқ падари   бузрукворим, фахрий журналист, шоир Ҳайитбой Солаевнинг айтиш­ларича 1961   йил август ойида Комилжон Отаниёзов уларнинг никоҳ тўйида жўшиб қўшиқ   куйлаган экан. Шовот тумани Бўйрачи қишлоғи ҳудудида жойлашган Иморат бобо қабристонига аста қадам қўйдик. Комилжон Отаниёзовнинг барча яқинлари шу маконда абадий қўним топ­ган. Ҳофизнинг ва яқинларининг   руҳи-пок­ларига атаб Қуръон тиловат қилинди.

…Катта концерт залида кўпчилик иштирокида Комилжон Отаниёзов масаласи муҳокама қилинади. Кун тартибига концертдан тушган пулларни қабристонни ободонлаштиришга сарфлагани, художўйлиги, намоз ўқигани учун ҳофизни халқ артисти унвонидан мосуво қилиш каби масалалар қўйилганди. Яхшиямки, ҳақиқат бор, яхшиямки, Яратган ўз бандаларига меҳрибон. Йиғилишга сал кечикиб етиб келган ўша даврнинг Республикадаги нуфузли раҳбарларидан бири бўлган Ёдгора Насриддинова уни туҳмату-балолардан асраб қолади. Бу ўша намоз ўқиш коммунистик мафкурага тўғри келмайдиган давр учун катта жасорат эди. Бу амали билан ҳатто раҳбар опаям урилиб кетиши мумкин эди. Алалхусус, К.Отаниё­зовни руҳан синишига йўл қўймаган Ёдгора Насриддинова санъаткор учун чинакам нажот фариштаси бўлган.

Бу кунлар эсланди. Огаҳий номли Хоразм вилояти мусиқий драма театридамиз. Гулбаҳор опа билан ёнма-ён жойлашдик. Шундай ижролар бўлди, шундай қўшиқлар куйланди, ташқарида салкам 60 даража иссиқ, аммо бизга на иссиқ билинди, на бошқа. Юртимизнинг энг моҳир санъаткорлари шу ерга йиғилган. Ўзбекистон халқ артистлари Гулора Раҳимова, ака-ука Ғофур ва Ғулом Эшжоновлар, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлатов, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Равшан Матёқубов, Тўлқин Жабборов ҳамда таниқли санъаткор Азамат Отажоновлар назаримда ҳеч қачон бугунгидай очилиб куйлашмаган эди.

Анчадан буён бу қадар мириқиб дам олмагандим. Санъаткорлар томонидан куйланган буюк ҳофиз К. Отаниёзов басталаган куй-қўшиқлар зарбидан муҳташам кошона шифтлари зириллади гўё. Ташна қалблар ором олди. Айниқса, хушовоз хонанда Очилбек Матчонов куйлаганда, уни барча гўё сеҳрлангандай эшитди. Пашша учса эшитиладиган сукунатни фақат унинг ширали овози бузарди, холос. Ҳофизнинг бетакрор хонишини тингларканман, мусиқанинг мўъжизавий қудрати ҳақида идрок қила бошладим. Зал тўла одам, ҳамма куй-қўшиқ таъсирида маст, барча бирдай ҳазрат Навоий ғазалларига монанд чайқалган, наздимда гўё эзгулик тантана қилгандай, қалблар олийжаноб туйғулар ила банд эди. Очил ҳофизга нисбатан меҳрим жўш урди. Ичимда, Илоҳим шу укамизга ҳам устанинг йўлини берсин, деб қўйдим.

Икки соатча давом этган концерт тугаб, кўчага чиқдик. Иссиқ ҳаво юзимизга урилар, аммо на менинг, на ҳамроҳим Гулбаҳор опанинг куй-қўшиқ таъсиридан чиқиб кетмаган юракларимиз бу ҳолатни сезмасди. Йўл бўйи концерт дастурини муҳокама қилиб бордик. Кайфиятлар аъло. Шу асно опа билан хайрлашдим. Эндиги манзил Урганч шаҳри марказида жойлашган Комилжон Отаниёзовнинг уй- музейи. Борсам   кутганимдек ошлар ейилган, одамлар тарқаган экан. Опа билан бафуржа гаплашиш мақсадида ўзим атай кечикиб бордим. Неча йилдирки, ҳофизимизнинг қизи Роҳатой опа айнан падарининг   таваллуд кунида элга ош   тарқатади. Бу ҳолат   каминага Комилжон Отаниёзовнинг тилларда достон бўлиб кетган хайр-саховати, унинг камбағал оилаларга, етим-есирга қилган савобли амаллари ҳақида эшитганларимни ёдимга солди. Аммо фақат шугинами?

Бировга кўз-кўзлаш, мақтаниш, маҳобат учун эмас, Оллоҳ йўлида эҳсон қилган, хайрия ишларига ҳисса қўшишдан маблағини аямаган, шахсий жамғармасининг бир қисмини ана шундай эзгу мақсад йўлида харж қилган, Урганч шаҳрида ва ўзининг туғилиб ўсган Бўйрачи қишлоғида болалар боғчаси, мактаб қурилишига жуда катта маблағ ажратган, юқорида таъкидлаганим янглиғ қабристонга бориб Қуръон тиловат қилиш тақиқланган қалтис бир замонда қабристонларни обод қилгани, ҳисоб­ласанг ҳисобдан адашасан. Ижарама-ижара юрган шогирдларини ҳам ватанли, ҳам бир бошини икки қилганларини, камбағалнинг тўйига бориб, ўртага тушган пуллардан ўзи учун бир сўм ҳам олмай, уй эгасига тортиқ қилган ҳазрати инсон ҳақида яна нима дейиш мумкин?!

Айтишларича, бир йили К. Отаниёзов бир гуруҳ санъаткорлар билан давлат арбоблари ҳамроҳлигида Ҳиндистонга сафар қилади. Улуғ санъаткорнинг сеҳрли тори, соҳир овози ҳинд халқини мафтун айлайди. Сафар сўнг­гида мезбон оғалар қанчалик лутф айлашмасин, назари тўқ ҳофизимиз уларнинг қимматбаҳо совғасини қабул қилмайди. Мана сизга ғурур, мана сизга юрт шаънини ҳимоя қилиш, мана сизга юртга муносиб фарзанд бўлиш…

Рўпарамда саволларимга илҳақ ўтирган Роҳатой опани савол-жавоб қилиб, ортиқча безовта қилгим келмади. Ростиям, опадан ниманиям сўрашим мумкин? Буюгимиз ҳақида айтилмаган гап, ёзилмаган китоб қолганми? Воҳанинг таниқли журналисти, шоир Фозил Зоҳид, халқаро миқёсда танилган адиб, Бобохон Муҳаммад Шариф, катта истеъдод эгаси, шоир Баҳром Рўзимуҳаммад, Раҳим Нур, Беҳзод Қобулов сингари ижодкорлар ҳаммуаллифлигида тайёрланган асарларда назаримда ҳамма гаплар айтилган.

Уй-музейига кирдим. Деворга илинган нодир суратлар, ойнаванд жиҳозларда сақланаётган Комилжон Отаниёзовнинг отаси Отаниёз Охунд Ниёзийнинг девони ва бошқа тарихий ҳужжатларни қизиқиш ила кўздан кечирдим.   Кираверишни тарк этиб хоналарга бўйлайман. Мана, ҳофизнинг хобхонаси. У ишлатган мебель анжомлари, ётган каравоти, шкаф, сервант. Кейинги хона Роҳатой опанинг айтишича, отасининг ижодхонаси бўлган. Болалигимдан ҳавас қилган, бироқ чалишни умуман билмайдиганим хона бурчагида турган қоп-қора пианинога яқинлашдим. Роҳатой опанинг таъкидлашича, уста шогирдларига илк сабоқни айнан пианино чалишни ўргатишдан бош­лар экан. Ким билади, не-не санъаткорларнинг қўли тегмаган дейсиз, бу мусиқа асбобига. Мана, дилларни ларзага солган тор. Яна Роҳатой опага қулоқ тутаман: “Отамиз умрларининг охирига довур мана шу рубобидан айрилмади. Оддий, ҳашамдан йироқ ушбу рубобини дадамиз жуда ардоқларди”. Жавонга териб қў­йилган китобларга ҳавас билан тикиламан. Навоий, Бедил, Фузулий, Огаҳий, Маҳтумқули, Увайсий, Нодира… Даҳлизнинг энг охирида жойлашган каттароқ хонага кирдик. Ойнали шкаф орқасида Комилжон Отаниёзов кийган кийимлар; сиёҳ ранг костюм-шим, пальто, чўгирма, чопон, оёқ кийимлар…

Улуғ ҳофизнинг лобар қизи Роҳатой опа кетар чоғим музейнинг дил изҳорлари дафтарига эсдалик битишимни айтиб қолди. Бажонидил рози бўлдим. Ахир, бугунги куним — 22 июль бағоят гўзал кечди. Тадбир баҳона Комилжон Отаниёзов ҳақида анчадан бери нимадир қоралашни режа қилиб юрган эдим. Ва ниҳоят, ушбу орзуим амалга ошадиган бўлди. Аммо кўнглимнинг бир чеккасида ҳадик-ҳавотир ҳам йўқ эмас. Оллоҳнинг инояти ила бу дунёга келган, инсонийликда беназир, саховатда ҳотамтой, суврати, сийрати гўзал, санъати тенгсиз инсон образини бир мақолага сиғдириш… Бу қўлимдан келмайди.

Дунё-дунё пул топиб ҳам, ҳашамдор уйлар қурмай, қўшхотинлик хусусида заррача бўлсин ўйламай, обрўсидан ҳаволанмай, эътиқодда собит, комил инсон бўлиб яшаш ҳам мумкин экан-да! Менимча, бу улуғ мақом. Буюк рус шои­­ри Пушкиннинг: “Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга” мис­раси ила бошланадиган шеърини менимча кўпчилик билса керак. Тириклигидаёқ афсонага айланган, одамийлиги боис ўзига ҳайкал қўйган, ҳақиқий инсон рутбасига мушарраф бўлган буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзов сингари саодатманд инсонлар неча юз йилда бир дунёга келса керак.

Қайтарканмиз, ҳофиз ижросидаги бир сўз қалбимда ўрнашиб қолди: “Мен бугун кетарман ишқнинг йўлина”.

Афсонавор шахс, комил инсон Ишқ йўлидан кетди. У Яратганга ошиқ эди. Фоний дунёни Ошиқ бўлиб тарк этди.

Сайёра СОЛАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =