Шукур Бурҳон шижоати

Айниқса, байрам кунларида Шукур Бурҳоннинг уй-музейи одамлар билан жуда гавжум бўлади. Бу озодлик, эрк туйғуларини саҳнада яратган образлари орқали инсонлар қалбига солиб келган улуғ санъаткоримизга бўлган эзгу эҳтиромдан дарак, албатта. Қуйидаги эссе улуғ санъаткор ўйида битилди.

 

Улар заркокилли Зарафшон дарёсининг кўпригидан ўтишди. Чўпонота тепалигини айланиб, Самарқандни кафтдагидай кўрса бўладиган Кўҳак тепалигига келгач, машинани тўхтатишди. “Волга”нинг эшиги очилиб, барваста, кийган либоси ярашган бир киши чиқди. У Шукур Бурҳон эди… Меҳмон атрофга зимдан разм солди. Бир пайтлар “Мирзо Улуғбек” кинофильмида бош ролни ўйнаганида келганини эслади. Кейин дарров шунча йил ўтганини эслаб юраги ҳаприқди, сценарийдаги “Наҳот, қирқ йил меҳнатимнинг эвазига мен ўз шаҳримдан икки газлик ер ололмасам…” сатрларини эслаб кўзлари намланди. Кейин ҳайдовчига юзланди:

— Қани, Кенжа аковси кетдик.

Шукур ака олис сафарга чиқса, қўшнисига машина рулини берарди. Сермулоҳаза йигит, эшитганини бировга жория қилмайди, ноўрин савол бермайди, гапга-гап қўшмайди. Қарияга эса шу керак…

Шукур ака бир пайтлар ўзи фаолиятини бош­лаган Самарқанд вилоят мусиқали драма театрига бормоқда. Бундан эллик йиллар муқаддам Маннон Уйғурнинг бир гапи билан Тошкентдаги “Роҳат” боғчадаги ҳавас­корлик тўгарагидан жавоб олиб, вилоятдаги труппага қочиб келган эди. Энди бу ерга “Отелло” спектаклини кўриш учун келаяпти. Бу спектаклнинг қўйилишига ўзи сабабчи эди. Бир куни уйда ўтирганида “Ойнаи жаҳон”да Рабиндранат Тагорнинг “Ганг дарёсининг қизи” спектаклини кўрсатиб қолишди. Телевизор олдида ўтирган актёр ўрнидан туриб кетди. Хотини Шакар опага юзланиб, мана Отелло деб юборди. Режиссёр Гинзбургнинг актёрни танлай олиш қобилиятига қойил қолди. Асардаги Жоген ролини ижро этаётган Таънаберди Қурбоновнинг Ромешни ўйнаётган Ҳамза Умаровга берган жавобида унинг кўзидан ўт чақнаб кетганини кўриб қолди. Бу чўғ гўё Шукур аканинг юрагини ёндирди. Яқиндагина бадиий кенгашда айтган гаплари вужудини қайтадан қамраб олди.

Фақат мана шу бола, Отеллони ўйнаши мумкин! У Самарқанд университети, Тошкент театр рассомлик институтини тугатган. Ўқишга киришда маҳорат бўйича имтиҳон олувчилар қойил қолган. У гримсиз ўйнай олади. Жингалак сочларига қара, лабларининг дурдоқлигичи. Асли ҳам араб бўлса керак. Иложи бўлса, Ҳамзага олиб келиш керак. Лекин иложи бўлмади. Ўзимизда шунча “Отелло” туриб, вилоятдан ундайини чақириш нафсониятимизга тегади, деганлар бўлди.

Шакар опа Шукур аканинг туйғуларига мой сепишни биларди:

— Сиз фақат бировларни ўйлайсиз, ўзингиз ўйнаб қўяқолмайсизми?

— Хоним, уста ўзига шогирд тайёрлашни билиши керак. Маннон Уйғур мени Самарқандга олиб бориб тарбияламаганида шундай актёр бўла олармидим?! Ул зот фақат мени эмас, бутун актёрлар авлодини тарбиялади. Олим Хўжани Бухородан топ­­ди, Аброрни Тошкентда, чойхонада дутор чалиб ўтирганда учратиб қолди. Театр бу — бировларнинг қўлида айш-ишрат қули, масхарабоз-найрангбозлар тўпланадиган жамоа эмас, у биринчи навбатда тарбиячидир. Ўткинчи олқишлар, гулдасталарнинг умри қисқа.

Машина ҳазрати Хизр масжидининг олдига келгач, ҳайдовчининг энди қаёққа ҳайдай, деган гапидан хаёли бўлинди. У аёлининг саволига жавоб излаб, ўзининг Отеллони нима учун ўйнамаганини эсламоқда эди. Уйғурнинг актёрларни қандай ишлатишини биларди, унинг ампуласини ўрганиш учун аксарият битта ролни икки актёрга бериб қайси муваффақиятли чиқса, ўшани саҳнага чиқарарди. Шукур акага ҳам Отеллони ўйнаши мумкинлиги уқтирилганди. Шунинг учун у ҳам тайёрланиб юрарди. Қаерда бўлмасин режиссёр Шариф Қаюмовга ўйнаб кўрсатарди. Режиссёр қойил қолар, лекин жўяли жавоб бермас, бошини сарак-сарак қилганча, “уҳ” тортарди, холос. Бу ҳолат Шукур Бурҳонни изтиробга солар, устозидан ҳадиксирарди…

— “Шоҳизинда”га ҳайда, у ерни зиёрат қиламиз. Кейин кулолларнинг олдига борамиз. Битта кўза олиб кетайлик. Отам раҳматли кўзадан сув ичишни яхши кўрарди.

“Шоҳизинда”ни зиёрат қилиб, кулоллар растасига бурилар экан, Шукур аканинг гапи билан машина яна тўхтади.

— Шу ерда кут, ҳозир битта кўза оламану чиқаман.

Шукур ака кўза ясалаётган жойга бораркан кулол билан харидорнинг суҳбатини эшитиб, тўхтаб қолди:

— Мен айтгандай қилдингизми, сизнинг довруғингизни эшитиб келганман-а…

Харидорнинг хорижлик сайёҳ эканини сезиш қийин эмасди. Либоси ҳам унинг бой савдогар экани, художўйлигини англатарди.

— Менинг аждодларим мана шу Самарқандда яшаган. Шўролар даврида, таз­йиқдан чет элларга қочиб кетган. Энди тез-тез келолмаймиз. Ҳар йили бир марта зиёрат қилиб кетамиз. Сизлар ясаб берган совғалар уйимиз пештоқида туради.

— Қаерда туғилгансиз? – сўради кулол.

Меҳмоннинг вужудини ватан туйғуси қамраб олди шекилли, кўзларига ёш келди.

— Ургут тоғлари этагида эди қишлоғимиз. Эрта тонгда қуёш чўққилар узра мўраларди. Булоқлардан сув ичардик. Сувнинг таъми ҳалигача оғзимда турибди. Ҳовучлаб ичишни яхши кўрардим. Чанқадим дегунча, булоқбошига югурардим. Тепамизда булбуллар сайраб турарди. Шунчалар кўп эди улар. Чаҳ-чаҳлаб тоғ бағрига учиб кетишарди. Озод эди улар, қани эди қанотимиз бўлса, дея ҳавас қилардик. Жийдаларни айтмайсизми, ундан таралган ифорлар. Уларни ҳис қилиш учун келамиз-да. Шунда Ватан тупроғи нақадар азиз эканини сезамиз.

У кўзани қўлига олиб, обдон томоша қилди. Лекин кўнгли тўлмагандай кулолга назар солди. Кулол буни сезди.

—       Бунга ҳали бир нарса етишмайди. Ичига сув қуйсак тасвир ўзгаради.

—       Қандай?

Кулол ясаган кўзасига сув қуйди. Ажабо, манзара бутунлай ўзгарди. Кўзанинг қоп­қоғида кўриниб турган инсоннинг бош қисмидаги лаблар кулиб турганди. Ичига сув қуйгач, кўзларидан ёш оқабошлади. Сайёҳ ўзини тутолмади, ҳаяжонини яширолмади:

— Санъатингизга қойилман! Инсон қалбини гил билан ҳам ифодалаш мумкин экан. Айтинг, қанча берай?

Кулол ҳолатни ҳис қилди:

— Бизда совғага пул олмайдилар.

Суҳбатни тинглаб турган Шукур ака ўйланиб қолди. Ўзининг ўзбеклигидан фахрланди. Нега шуларнинг образини яратиш мумкин эмас. Ахир, санъаткорнинг муваффақияти қаҳрамонларни ҳаётдан қидириши эмасми? Сулаймон ота ролини ижро этиш учун қанчадан-қанча чўпонларнинг ҳаётини ўрганди. Спектаклни томошабинлар, Шукур Бурҳонники, дея бошлади. Дарвоқе, яқинда кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедов ундан битта ватангадонинг ролини ўйнаб беришни илтимос қилганди-ку.

Ҳозирги кўрган манзарасини ўйнаб кўрсатса борми, йиғлаган ҳам йиғлайди, йиғламаган ҳам йиғлайди. Қаранг, шундай актёр икки хокисор инсондан ўрганаяпти. Аслида шу ҳолида мақтанса ҳам арзирди.

Отелло спектакли вилоят театри саҳнасида катта муваффақият билан қабул қилинди. Шукур Бурҳон сўзга чиқиб, бош роль ижрочисини менинг Баҳодирим, менинг Рус­тамим, менинг Ҳамлетим, менинг Брутим, Ваня тоғам, Незнамовим, деди. Фақат Отеллом деяолмади, истиҳола қилди, нимага шундайлиги сирлигича қолди.

Отеллони қойиллатиб ўйнаган Таънаберди Қурбонов устозини кузатишга чиқди. Йўл-йўлакай Шукур Бурҳон гулдурос овози билан ҳаяжондан ўзини босолмаётган шогирдига томошабинларнинг мақтовлари, қарсакларига учмасликни тайинлади. Гулдаста ва олқишларнинг умри қисқа эканини таъкидлади. Баъзилар учун театр санъати бир пуллик экани, фақат улар фалончи артист билан танишман, деб мақтаниш учун спектаклга келишини огоҳлантирди. Керак бўлса, бундайлар эртага ташлаб кетишини писанда қилди. Шунинг учун ҳам енгил олқишларга учган жуда кўп, ажойиб истеъдод соҳиблари ўзини қурбон қилиб қўймоқда. Актёрлар тор қобиқдан чиқиб кетолмаяпти. Енгил ҳисларни изҳор этиб, санъат олдидаги масъулиятини унутиб қўйишмоқда. Чиройли аёлларни театрга қабул қилишда ҳушёр бўлиш керак. Ҳаётни қандай тасаввур қилсанг шундай кўрсат! Жуда кўп актёрлар алаҳлаб, адашиб юрибди. Саҳна бу сирли сандиқ, унинг калитини топмасанг очолмайсан.

Таънаберди устозидан ажралгиси келмас, гапларини яна эшитгиси келарди, синалган усулни қўллади ҳам:

—       Шукур ака, бир пиёла чой…

Шукур Бурҳон самимиятга мойил илжайди, юзини табассум қоплади, лекин унамади.

— “Фурқат” киносидаги “Фиғонким”, деб бошланадиган ашулани айтган Ҳасан Султоновнинг чой ичадиган чойхонасини кўриб кетардингиз, — аврамоқчи бўлди устозини.

— Э-э, шунақами, лекин аковси ҳозир вақт тиғиз, азбаройи томошангга ўзинг таклиф қилганинг учун зўрға келдим. Эртага Болгарияга учишим керак, бир каттакон ролга ман овоз беришим керак, кейин учрашув ҳам бор, жон-ҳолимга қўйишмаяпти, депутат бўлинг деб… Гоголнинг “Ревизор”идагидай, куръер кетидан куръер жўнатишаяпти. Ман, мақтанчоқлиқ қилолмайман, депутат бўлиб ваъдани бериб бажаролмасам, деб ташвишга тушаман. Кейин яқинда битта она ўғлимни қамоқдан чиқариб беринг, деб уйимга борибди. Обрўнгиз бор – қамоқхонадагилар айтганингизни қилади, дейди. Унга тушунтираман деб, спектаклдан кечикишимга сал қолди. Иш-иш, темир интизом бўлмаса бўлмайди, буни бизга устоз Маннон Уйғур ўргатган.

Премьерадан қувончини ичига сиғдиролмай чиққан актёр устозига синчков қаради:

— Боя спектакль тугагандан кейин, фақат менинг учун кўнглингизда яшириб қолган гап­ларни айтиб кетинг…

Шукур Бурҳонга шу керак эди. Калит жо­йига тушди.

— Ҳазрат Беҳбудий театрни дарсхона, ибратхона деганлар. “Отелло”ни даврга мослаб ўйнаш учун жуда катта синчковлик ва билим керак. Драматург ёзаверади, лекин режиссёр уни бугунга мослай олса, нур устига нур бўлади. Европа режиссёрлари Гамлетни ўзларининг усулларига мослаб хоҳлаганча ўйнаб ётишибди. Дўстим Мақсуд Шайхзода айтувди, драматург асарни кенгроқ қилиб ёзиши керак, театрлар хоҳлаганча ўйнаб ётадилар. Қани энди сенга савол, сидқидилдан айт, бугун Отелло одамлар учун керакми? У саҳнани бошига кўтариб рўмолча учун рашк қилиб бўкирса, томошабин нима дейди, айниқса, хотинлар ўртасида ким деган бўлади? Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, хўрозларга қирон келган замон-ку! Шундай пайтда Отеллонинг вазифаси рашкка эмас, тарбияга қаратилсин. Шекспир ёзиб қўйибди, “малъун никоҳ нозик ёрни ҳадя қилса ҳам, унинг ҳисси бўйин эгмас, бизларга бир дам…”

Таънабердининг вужудида ўзгариш пайдо бўлди: энди устоз айтгандай ролнинг кўп жойларини қайтадан кўриб чиқиши керак. Спектакль пайтида, рўмолча-рўмолча, деб изтиробга тушганда, саҳнада ўтирган аёлларнинг кулгани қулоғига чалинганди. Наҳотки, рашкдай муқаддас туйғу бугун ўз аҳамиятини йўқотаётган бўлса? Буни устози сезди:

—Ана, – деди у, – бунда актёрнинг томошабинларни саҳнага ишонтириши катта роль ўйнайди. Жаҳоннинг машҳур актёрлари Сидденс, Сара Бернарлар аёл, лекин улар томошабинни ишонтиргани учун эркак – Гамлет ролини ўйнаганлар. Эркли Маликбоева ҳам “Ганг қизи”да ўғил бола Умешнинг ролини ўйнайди. Ишонтиради. Сен, ҳадеб “рўмолча” деб изтиробга тушганинг билан томошабин ишонмаяпти-да, чунки ҳаётда рашк деган туйғу ўз аҳамиятини йўқотиб қўйди. Хотинлар эрларини “гаҳ” деб қўлларига қўндираяпти… Энди Солиҳбойлар учта хотин ололмайди, Жамилага “ошиқ” бўлолмайди, хотинни оладику-я, – мийиғида кулди актёр,– икки шоҳга бир малай бўп қолади.

Таънаберди Қурбон ва Шукур Бурҳон Самарқанднинг Кўҳак тепалигида туришарди. Бири шогирд, бири устод.

— Ҳа, сенга айтмабман, яқинда театримизга Саъдулла Аҳмад келди. Билимдон, Шекспирни сув қилиб ичиб юборган. Талантли драматург, фожианавис. Бизга “Охун-Яккакорд” номли асарини саҳналаштиришга бермоқчи. Яхши бола экан, шундай йўлдан кетса, театримизнинг мулласи бўлади. Озодлик ҳаракати тўғрисида. Мен унда бош ролни ўйнасам дейман. Биринчи Ялангтўш бўлади-да, ўзиям… Э, бола, бу оломонни халққа айлантириш учун ўзингга ўхшаган актёрлар, қаҳрамонлар керак. Шекспирнинг Брутини ўйнаганман, қара, оломонга ишониб, озодлик бўлсин деб, севган дўстининг кўксига ханжар урди. Алданганини билиб ўлди кейин. Ҳамма ҳам қаҳрамон нима ғамда юрганини тушунмайди-да! Уларга тушунтириш учун кучли актёрлар керак. Халқ — қудратли куч. Лекин Абдулла Қодирийни қийнаб ўлдирдилар, унинг ёнини халқ деганимиз олмади-ку! Мен Жалолиддин Мангубердини ўйнадим, ғаламислар тарихни идеаллаштир­яптилар деб, КПЗга ташлашди. Яхшиям, Туркистон ҳарбий округининг қўмондони, генерал Петров чиқартириб юборди. Ҳозир уруш деди, бизга ватанпарвар қаҳрамонлар керак. Усмон Носир Магаданда совуқда қотиб ўлди, Чўлпоннинг тақдирини айтмайин. Ана шуларни халқ деганинг ҳимоя қилиб чиқмади. Менга индамасанг, бўлди, деди. Энди айт, уларнинг қалбига ким солади виж­донни! Билдингми, ҳа, актёр. Шекспир айтган, ҳаёт саҳна, одамлар актёр. Мен чўпон Сулаймон ота образини яратаман, деб бормаган жойим қолмади. Қўйдан бош­­қа нарсага фаросати етмайдиган чўпонни саҳнага чиқариб бўладими?! Гўзаллик яратамиз, аковси, виждон ҳиссини вужудига соламиз. Ўқигансан, Салтиков-Шедринни, виждон кўчада қолди, дейди. Уни мурғак боланинг қалбига ким жойлайди? Ҳа, отанг­­га балли, биз-да, биз артистлар! Отам артист бўламан деганимда, унамовди, ўзлигингни йўқотиб қўясан деб. Уйдан Маннон Уйғурга қўшилиб Самарқандга қочиб кетганимни айтувдим, шекилли. Яна одамлар бизга таъна қилиб, актёрлар мавжуд эмас, соя дейишади. Роль ўйнайди, деб билишади. Сенга айтсам, субутсиз кимсалар, кунига минг қиёфага кирадилар. Сен уларга мукаммалликни кўрсат, одам бундай бўлади, де… Агар сен ҳам саҳнада сохтагарчилик қилсанг кейин ишонмай қўядилар.

Таънаберди устозининг юзига қаради, ё тавба, асов-ғалаён-ку, бу! Кўҳна Зарафшоннинг баҳор пайтида тошганини кўргандай бўлди. Пирининг гапига кўнди. Ноилож кетишига рози бўлиб, оқ йўл тилади, лекин орадан бироз вақт ўтгач, Шукур Бурҳоннинг ўшанда нега шошаётганини ҳис қилди. У кинода муҳожир ролини ўйнаб бериш учун ошиқаётган экан. Телевизорни шундай бураса, Шукур Бурҳон ҳақида кўрсатув – ватангадо масаласи…

Таънаберди телевизор экранидан кўзини ололмай юм-юм йиғларди.

Телефон жиринглади. Таънаберди гўшакни кўтарди, ундан устознинг, телевизорни кўрвоссанми, деган овози келди. Кейин… фалон куни мени ўша тепаликда кут, деган амирона буйруғи эшитилди.

Айтилган кун Шукур ака яна келди. Самарқанднинг тарихий обидалари яна ҳам юксалгандай эди.

Улар “Феруза” чойхонасини танлашди. Бежиз эмас, устоз Мирзо Улуғбекни ўйнаганда бўш пайтлари шу ерда ҳордиқ чиқаришни яхши кўрарди. Таъсир қиларди унга, фильм­даги кенжа маликасининг сочларини силаб: оҳ, Ферузам бўлмасайдинг агар оламда, сўлар эрди юрагимнинг мусиқаси ҳам, деган сўзлари эшитилаётгандай эди. Баъзи актёрлар ролни ёдлашини айтса, Шукур ака ҳайрон бўларди, бу сенинг ролга киролмаганинг дерди, агар ролга кирсанг, образ ўз бағрига тортиб кетади. Ҳамлет бўлиб, замоннинг дард аламларидан фарёд қиласан, шаҳар ҳокими бўлиб ҳаммани сўкасан, охирида битта лўттивоз алдаб кетганидан ўзингни қўярга жой тополмайсан, Брут бўлиб Юлий Цезарнинг кўксига ханжар урасан, спектакль неча бор ўйналса саҳнада шунча озодлик бўлади, дейсан.

— Устоз бу инсоний туйғулар эмасми? Театр даврни ҳам ўзгартиради, демаганмидингиз?

— Деганман, — гап оҳангини кўтарди Шукур Бурҳон. — Ўзингиз ўйланг Россияда озодликни саҳнада трагик актёр Мочалов олиб чиқди-ку! Тургенев подшо Александрдан қўрқмай, крепостнойликни бекор қил, демадими?! Устоз Маннон Уйғур Гамлетни саҳналаштирганида, дунёни зиндон, демадими? Уни большевиклар босиб олган жойларида зиндонга айлантираяпти, деган гапга ишора қилди. Шу ерда Олим Хўжага беш! У қарашлари, саҳнадан урган фарёдлари билан озодликни унутган, ўлик қалбларни уйғотиб турди. Энди сен ўйнаган Отеллога келсак, уни ҳар хил маънода ўйнаш мумкин. Мен гримингга қойил қолмадим. Бурунла­рингни Фантомасга ўхшатиб юборибсан. У араб, занжида! Сенга гримнинг нима кераги бор? Қуйиб қўйган Отеллонинг ўзисан-ку! Томошабин жуда сезгир бўлади. Камчилик топса образингга ишонмай қўяди. Ана, Англияда етук актёрларнинг қад­рига етарканлар. Улар театрга махсус, ёпиқ машиналарда келадилар. Фақат томошада кўришади уни. Бизда эса спектаклдан кейин тўйларда ўртакашлик қилиб юрган артистларга қайси томошабин ишонади?!

— Бўлмаса, Отеллони қандай қилиб ўйнашни бир кўрсатиб беринг.

— Чойхонада ўйнасак нима қилибди. Бизга ҳамма жой саҳна… Қайси кўринишини ўйнай!

— Рашк балоси унинг қонига киргач, аросатда қолган жойини, иложи бўлса!

— Хўп, бўлади-да!

Шукур Бурҳон ўзининг ижрочилик салоҳиятини роль учун мажбурлай оладиган актёр эди. У ўтирган жойида монологни ўқий бош­лади:

“Содиқ одам кишиларнинг ишига қараб, қалбларини яхшигина била олади…”

Момоқалдироқдай гумбурлаган овозни эшитган чойхонадагиларнинг нигоҳи уларга михланди. Орадан бироз вақт ўтгач, гулдурос қарсаклар бўлди.

Таънаберди спектаклда фақат диққатни битта нарсага қаратишни эмас, одамнинг қандайлигини кўрсатишни сезди. Томошабинлар ўзининг истаган нарсаларини олаверишини билди. Томошабинлар театрга актёрни кўргани, у билан хаёлан суҳбатлашишга интиқ эканини ҳис қилди. Шукур Бурҳон унинг эмас, бутун халқнинг меҳмони эканини сезиб ғурурланди.

Шогирд устозини иззат-ҳурмат билан кузатиб қўйди.

Шукур Бурҳоннинг уй-музейида кўнгилдан кечган ўйлар эди бу. Дарвоқе, музейдаги ҳар экспонат қалбимизда маънавий бойлик бўлиб илдиз отаяпти. Эзгу ҳисларнинг шайдоси бўлганларнинг макони бу.

Пардабой ТОЖИБОЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 18 =