“Мен интилган чўққилар Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳонлар эди”

Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов билан суҳбат

Газетамизнинг бу галги меҳмони кўпчиликка илк бор “Мафтунингман” фильмидаги Бакир Назаров роли орқали танилган актёр, Ўзбекистон халқ артисти, давлат мукофоти совриндори, режиссёр ва педагог, профессор Турғун Азизов. “Актёрнинг ўз интилган чўққиси бўлади. Мен интилган чўққилар Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳоновлардир”, — деди устоз санъаткор. Ҳа, чиндан ҳам икки буюк актёр яратган машҳур Отелло ва Мирзо Улуғбек сингари образларни қайтадан саҳнада жонлантириш унга насиб этди. Бу санъаткор учун катта бахт, жасорат ва ўзига хос масъулият ҳам эди, албатта.

Турғун Азизов кино санъатида ҳам фаол иштирок этиб, ўттиздан ортиқ фильмларда суратга тушди. У режиссёр сифатида “Қаллиқ ўйини”, “Чимилдиқ”, “Ўзбекча рақс”, “Ҳамлет” каби қатор спектаклларни саҳналаштирган. Биз халқимизнинг севимли санъаткори билан унинг 90 йиллик ҳаёт ва ижод йўли, устозлари, муҳаббат тарихи ҳамда бугунги кино ва театр хусусида суҳбатлашдик.

 

— Устоз, эшитишимизча, актёр бўлишингизга отангиз қарши бўлган экан. Лекин сиз барибир шу касбни танлагансиз. Бунга нима сабаб бўлган?

 

— Болалик пайтларим. Бир куни онам билан опам чиройли кийимларни кийиб, хурсанд бўлиб юришибди. Нимага экан, деб сўрасам, “Тоғанг (ҳа, машҳур артист Аброр Ҳидоятов менинг тоғам эди) “Отелло”га таклиф қилди, шунга кетяпмиз”, дейишди. Мен ҳам бораман, дедим, улар ҳали ёшлик қиласан, дейишди. Жанжал қилдим, йиғладим, кейин дадам олиб боринглар, деб мени ҳам юборди. Ўша пайтлар Пушкин боғининг ёнида, Миллий театрнинг ёзги боғида спектакль бўлди. Бола эдим, ҳеч нарсага тушунмаганман. Лекин саҳнада бир чиройли аёлни бир қоп-қора одам — ке­йинроқ билсам, менинг тоғам бўғиб ўлдириб қўйгани қаттиқ таъсир қилиб, шу нарса хотирамда муҳрланиб қолган.

Бир куни холамнинг қизи Маъмура опам уйимизга келди, у театр институтида ўқирди. “Институтимизда имтиҳон бўляпти, хоҳласанг, олиб борай томоша қилишга”, деб айтди. У пайтда 15 ёшдан ошган ўсмир эдим. Бордим. Турк ёзувчисининг асарини қўйишган экан. Менга жуда ёқди. Шу билан “актёр бўлсаммикан?” деган ўй кирди менга. Уйдагиларга билдирмай, театрга бориб юрдим. Чунки актёр бўлишимга отам қарши бўлган, у киши иқтисодчи бўлишимни истардилар.

 

— Турган гапки, бу қарорингиз уларга маъқул келмаган…

 

— Ҳа, шундай. Мактабни тамомлаб, “Ҳужжатимни қаерга топширсам экан?” деб юрган кунларнинг бирида отам нонушта пайти: “Ўғлим, мактабни битирдингиз, энди иқтисод­­чи бўласизми?” деб қолдилар. Мен эса: “Инс­титутга кириш ниятим бор, лекин иқтисодга эмас, театр институтига топширмоқчиман”, дедим. Шу пайт дадам оғзига олиб борган қошиғини тушириб юборди ва ойимга қараб: “Сизнинг авлодингизда артист бор, шунинг учун бу ҳам тортиб кетди”, дедилар. Ойим ҳам ҳазилкаш эди, “Ўлманг, хўжам, ўзингиз ҳам “артистка”ларни яхши кўрасиз-ку”, — деди. Дадамнинг жаҳли чиқиб, столни бир тепиб уйдан чиқиб кетди. Шундан кейин мен ҳам индамай, аттестатимни тўғри театр институтига бориб топширдим.

 

— Сиз рус мактабида таҳсил олган экансиз. Лекин театр институтига ўқишга кирдингиз. Ўзбек тилида моно­логлар ўқиш, роль ижро этиш қийинчилик туғдирмаганми?

 

— Рус мактабда ўқиганим учун театршунослик институтига ҳам имтиҳонларни рус тилида топширдим. Профессор И.Радун имтиҳон олганди. Бирдан иккинчи курсга оламиз, деб қолдилар у киши. Хурсанд бўлиб Аброр тоғамга келиб айтсам, “Сен ўзбек тилини яхши билмайсан, биринчи курсдан ўқишинг керак”, дедилар. Институтга телефон қилиб: “Жияним биринчи курсдан ўқийди, олдин она тилини пухта ўргансин, ўзбек саҳнасига чиқолмайди бу туришда”, дедилар. “Хафа бўлма, она тилинг­­ни билмасанг, кўзинг­­га ёш ҳам, ҳис ҳам келмайди, театр шундай”, деб айтдилар.

Биринчи курсдан Тошхўжа Хўжаев қўлида ўқиганман. Улар русийзабон эканимни билгач, бир рус драматургининг пьесасини бериб, ҳар куни 10-12 бетдан ўзбекчага таржима қилиб қўйишимни айтдилар. Мана шундай қилиб менга ўзбек тилини чуқур ўргатган одам Тошхўжа Хўжаев бўлади. Бу одамдан умрбод қарздорман.

 

— Буюк ўзбек актёри Аброр Ҳидоятовнинг жияни экансиз. Демак, санъат йўлидаги ютуқларингизда уларнинг ўрни катта бўлган…

 

— Тўғри, уларнинг ўрни катта. Аммо биласизми, мен тоғам ўйнаган ролларни худди улардек ўйнасам, шунчаки нусхалаган бўлардим. Актёрлик маҳоратим ўсмай ҳам қоларди. Масалан, тоғам даврида “Отелло”ни поэтик ўйнашарди, биз эса бошқача қилганмиз. Замонавийлаштирардик. Актёр давр фарзанди, бир неча ўн йилдан кейин саҳна ҳаёти ҳам ўзгариб боради, замонга яқинлашади.

Бундан ташқари, менинг дунёқарашимда романтика бўлгани учун бўлса керак, кўпинча мана шундай ролларни беришарди. Биринчи марта Монсерра ролини беришган. У ролда деярли сўз йўқ эди. Шундан кейин секин-секин бошқа ролларни ҳам ишониб топширишган. Театрда Тўти Юсупова билан кўп ролларни бирга ўйнаганмиз. Рихси Иброҳимова билан ҳам кўп роллар ижро этганмиз. Театрда парт­нёрларим Яйра Абдуллаева, Эркли Маликбоева, Зебо Солиева, Римма Аҳмедовалар бўлган. Римма Аҳмедова билан, асосан, телевидениеда партнёр бўлганмиз. Айтганимдек, Монсеррадан кейин менга романтик ролларни бера бошлашди. Отеллони ҳам ўйнадим. Мос­квадан машҳур режиссёр Рубен Симонов келиб, “Отелло”ни саҳналаштирганмиз. Мендан кейин Отелло ролини Ёқуб Аҳмедов ўйнаган.

 

— Шу ўринда бир саволни берсам. Халқ орасида Шукур Бурҳоновнинг театр­дан ҳайдалгани, ҳатто унинг меҳнат дафтарчаси уйига олиб бориб ташлангани ҳақида турли хил гап-сўзлар юради. Сиз шу инсон билан замондош бўлгансиз, бирга ишлагансиз, унинг кўплаб ролларини қайта гавдалантиргансиз. Аслида, бу гаплар ҳақиқатга қанчалар яқин?

 

— Бу бўлмаган гап. Назаримда, бундай гап­лар одамлар томонидан тўқиб чиқарилган. Шукур акам (Шукур Бурҳонов) Аброр Ҳидоятовдан кейинги профессионал актёр бўлганлар. Улар нафақат Аброр тоғамнинг жияни бўлганим, қолаверса, истеъдодимни кўриб туриб ҳам доим мени қўллаб-қувватлаганлар. Мен уларнинг кўплаб ролларини дублёр бўлиб ўйнаганман. Биласизми, у кишининг ҳар бир ўйнаган ролларини қайта ижро қилишимга тўғри келиб қолса, ижродан аввал уларнинг олдиларига бориб, оқ фотиҳаларини олишни канда қилмасдим. Кунларнинг бирида театр раҳбарияти менга “Мирзо Улуғбек” ролини беришди. Турган гапки, бу катта масъулият эди. Одатдагидек, бу ролни ҳам ўйнашга розилик сўраш учун уйларига бордим. Борсам, машиналарини тузатаётган экан. Бироз уларга қарашгандек бўлдим. Иш тугагандан кейин: “Кел, Турғунжон, нима гап, нима иш билан келдинг?” деди. Мен эса бироз хижолат оҳангида: “Шукур ака, яна оқ фотиҳангизни олгани келдим”, дедим. Улар бирдан жиддий тусга кирдилар ва: “Бу сафар қайси роль экан?” деди қошларини чимириб. “Мирзо Улуғбек”, дедим. Менга бир қараб қўйдилар-да, индамасдан ўрниларидан туриб кетдилар. Шу пайт уларнинг аёллари Шакар ая келиб қолдилар. Улар мени жуда яхши кўрардилар. “Турғунжон келинг”, дея салом-аликдан сўнг келишим сабаби билан қизиқдилар. Уларга ҳам келиш сабабини айтдим. Шу пайт Шакар ая: “Бек, бу қандай бахт, шогирд устозининг ролини ўйнаш учун изн сўраб келса! Тихирлик қилманг. Оқ фотиҳа беринг. Турғунжон шу пайтгача сиз ижро қилган ролларни маромига етказиб ўйнаган. Ишончим комил, бу сафар ҳам уддалайдилар”, деди. Шукур акам бироз сукут сақлаб турди. Шу гап­лар таъсир қилдими, ижодий рашкларини енгиб, менга фотиҳа бердилар. Мен эса ролни қайта ижро қилдим.

 

— Демак, Шукур Бурҳонов “Мирзо Улуғбек”ни сиздан қизғонган экан-да?

 

— Ҳа. Бошида бироз ғашлари келган. Бу табиий. Актёрнинг ҳар бир ўйнаган роли ўз фарзандидек бўлиб қолади. Буни тўғри тушуниш керак. Лекин барибир рози бўлганлар.

 

— Устоз, мана сиз ҳам узоқ йиллик таж­рибага эга профессионал санъаткорсиз. Жуда кўплаб ролларни гавдалантиргансиз. Масалан, Отелло, Гамлет, Мирзо Улуғбек образларини. Айтинг-чи, бугунги ёш актёрлардан қайси бирлари сизнинг ҳам ролларингизни қайта ижро этишга қодир деб биласиз? Ана шундай талантлар борми?

 

— Ҳозир сизга бу ҳақда аниқ бир гап айтолмайман. Лекин театримизда иқтидорли актёрлар жуда кўп. Уларнинг ҳаммалари ўзига хос услубга, талантга эга. Бироқ ҳозиргача театр маъмурияти мен ўйнаган ролларга тегишмади. Ёки кимгадир қайта ижро этишга беришмади.  Яна бир ҳақиқат борки, ҳар бир ролнинг чегараси бор. Ёшинг ўтган сайин ўйнаган ролларингни қайта ўйнай олмайсан. Маҳорат кўпаяди, аммо куч йўқолади, ёшинг тўғри келмай қолади.

 

— “Мафтунингман” фильмидаги Бакир Назаров. Сизни ҳамон шу фильмдаги ролингиз билан эслашади, танишади ва кўп давраларда олқишлашади. Фильмдаги қўшиқни ўзингиз ижро қилганмидингиз?

 

— Бир куни трамвайда бир киши: “Театрда ишлайсан-а, репетициядан кейин киносту­дияга кир, гап бор”, деб тушиб кетди. Ўша куни театрдан чиқаётгандим, Шукур Бурҳонов мени тўхтатиб: “домино ўйнаймиз”, деб қолдилар. “Бир режиссёр чақирган, ўша ерга боришим керак эди”, деб айтдим. “Ҳа, у Йўлдош Аъзамов. “Мафтунингман” деган кино оляпти. Қўшиқ айтадиган актёрлар керакмиш, сен айтолмайсан-ку, борсанг боравер, барибир ўтмайсан”, дедилар. Ёши катта одам чақирди, бир ўтай-чи, деб кетдим.

Бордим. Йўлдош ака секин менга қараб чиқиб, кийинтириб: “Сўзини беринглар”, деди. Қизнинг оёғини босадиган жойимдан синов қилишди. Ашула айтолмасам ҳам ўша ролга ўтиб кетдим. Кинодаги мен айтадиган қўшиқни Насим Ҳошимов айтган. Фильмдаги қўшиқларим Насимжон аканики. Ҳа, шу сабабли бир қизиқ ҳолатга ҳам тушиб қолганман. 1958 йилда ижодий сафар билан Москвага борганмиз. Бўш вақтимда Москва дўконларида юрсам, бир киши менга қаради-да, атрофидагиларга русчада: “Ўртоқлар, қаранглар, бу гастролга келган “Мафтунингман” фильми қаҳрамони-ку! Унинг овози шунақанги ажо­йибки…” деб қолди. Яна атрофига одамларни йиғиб, мени қуршаб олишди. Ўшанда ҳозир ашула айтиб бер, деб қолишмасин-да деб юрак ҳовучлаб турганман.

 

— Нега айнан театр ва режиссёрликни танладингиз, киноларда ҳам кўплаб ролларни ўйнаб, халққа танилган эдингиз-ку?

 

— Кинода режиссёрлар қайсидир актёрни ўша ролда кўрса, таклиф қилади. Театрда бу нарса йўқ. Ижодий жамоадан актёрларни олишади ролга. Кинода ҳаётида саҳна кўрмаган одамларни ҳам кинога олишаверади, имконият кўпроқ бу борада кинода. Актёрнинг камчилиги чиройли ракурсдан олинган кадрлар билан билинмай кетади. Кинода ҳам 30 дан ортиқ роль ижро этганман. Режиссёрликка ўтишга келсак. Бу жараён бирданига содир бўлгани йўқ. Ўзим қатнашган ҳар бир спектаклдан олган таассуротларим, машқ, ижро жараёнида туғилган фикр-мулоҳазалар, кузатишлар охир-оқибат кинога суратга тушишлар жараёнида орттирган тажрибаларимни амалда қўллашга ундади.

Биласизми, ҳар бир актёр ўз ролини ўйнайди, режиссёр эса бутун бир ансамблни ўйнайди. Яхлит саҳна асарининг дунёга келиши режиссёрнинг дунёқараши, билими, савияси, ҳиссий кечинмалар кўламига боғлиқ. Демак, режиссура мен учун қўшимча мажбуриятлар ва имкониятлар эшигини очди. Асар устида ишлаш, актёрлар билан репетициялар ўтказиш жараёнида устозларим билан бирга ишлагандаги кўрганларим асқотди. Яна Маннон Уйғур, Етим Бобожоновлар тажрибаларидан сабоқ олдим. 17 та режиссёрлик ишим бор. Академик Мамажон Раҳмонов театр инс­титутига таклиф қилгач, ўша ерда дарс бера бошладим. Институтда талабаларни актёр сифатида шакллантириш учун қилган ҳаракатларим ҳам режиссёрлик қилишимга сабаб бўлган. Талабаларни ўқитишда унча қийинчилик бўлмаган. Етарли тажрибага эга актёр эдим. Кириш имтиҳонларида курсимга истеъдодли болаларни танлаб олишга эътибор берардим. Дарс машғулотларида индивидуал шуғулланишга ҳаракат қилардим. Чунки улар менинг “мактабим”ни давом эттиришади.

 

— Адашмасам, раҳматли рафиқангиз Роза Азизова ҳам санъатга дахлдор аёл бўлган…

 

— Ҳа, шундай. Аёлим ҳам Москвада театр­шунослик бўйича ўқиган… Тўти Юсупованинг тўйидан совуқ кунда юк машинада қайтганмиз. Қарасам, Роза совуқ қотиб турган экан. Устимдаги пальтоимни ечиб унга кийдириб қўйганман. Ўшанда уни яқиндан ҳис қилдим. Қарорим қатъийлашди. Кейин тўйимиз бўлган.

Роза санъатшунос бўлгани учун Наби Раҳимов билан Сора Эшонтўраеванинг “Кулгили трагедия” (“Оптимистик трагедия”) спектаклини танқид қилиб мақола чиқарган. Чунки улар қариб қолишган эди ва ижро этган ролларига ёшлари мос келмасди. Наби акам менга ёмон қараганди ўшанда. Ҳатто анча пайтгача гина сақлаб юрдилар. Лекин Сора опам индамадилар.

Шу бўлди-ю, Роза санъатшуносликни ташлаб кетди. Қишлоқ хўжалиги институтига ишга кириб, рус тили ва адабиётидан дарс берди. Профессор бўлди ўша ерда. Кафедра мудири бўлиб ишлади. Қандли диабетдан вафот этди…

 

— Яқинда маданият вазири Озодбек Назарбеков бугунги театр хусусида фикр билдирар экан, шундай деди: “Бугунги театрларга замонавийлик етишмаяпти. Қотиб қолган мавзулар ҳали ҳам. Мухлислар янги мавзу талаб қиляптими, шуларни яхши чиқариб берадиган ёш авлодни тарбиялашимиз керак. Бугун биз мухлислар хоҳлаган шаклда ўз сўзимизни айтишимиз лозим. Шакл улар истагандек бўлар, лекин мазмун биз истаётгандек бўлгани яхши. Жамият маданиятини тўғри шакллантириш мақсадидан оғмаслигимиз керак”. Сиз ҳам театр дарғаларидан бирисиз, кўплаб шогирдларни тарбиялаб шу даргоҳга олиб киргансиз. Бу фикрларга муносабатингиз?

 

— Эҳтимол, камчиликлар бордир. Лекин мен бу билан бугунги театрни ёмон дейишдан йироқман. Менинг фикримча, ижтимоий ҳаётга, маънавиятга дахлдор соҳа сифатида театр ҳамиша давр билан ҳамнафас бўлиши керак. Бугун барча театрларимиз имкон борича замонавий, давр талабига мос асарларни саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қиляпти. Масалан, бизнинг театр репертуаридаги асарлар ёшлар устозлар анъаналарини давом эттираётганини кўрсатиб турибди. Ёшларимизда маҳорат бобида буюк актёрлардагидек интилиш бор. Лекин яна бир ҳолат бор. Даромад кимга ҳам керак эмас дейсиз. Кимдир моддий жиҳатдан ўзига тўқ бўлиши мумкин. Бу дегани ҳамма ҳам бирдек дегани эмас. Шу сабаб­­ми баъзилари тўйларга, турли тадбирларга югур-югур билан репетицияларга, спектаклларга етарли тайёргарлик кўрмай келяптилар. Бу албатта, ўткинчи ҳолат. Бугун саҳналаримизда савияси юксак асарлар кўп. Улар сони ҳали яна ошади. Мен бунга ишонаман. Бунга имконият бор. Давлатимиз томонидан санъат аҳлига катта эътибор бериляпти. Театрлар учун энг яхши замонавий бинолар ажратилаётгани, янгилари қурилаётгани, кўп­лаб театрлар таъмирдан сўнг чирой очаётгани бунинг далилидир.

Биз санъаткорлардан эса касбга фидойилик ва юқори савиядаги саҳна асарлари яратиш талаб этилади. Айниқса, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга жиддий аҳамият беришимиз зарур.

 

— “От ўрнини той босар” дейишади. Фарзандларингиз, набираларингиз орасида сизнинг изингиздан кетганлар, санъат йўлини танлаганлар борми?

 

— Афсуски, йўқ. Агар бўлса хурсанд бўлардим. Мен ўғлимга ҳам, қизимга ҳам “Шу йўлни танлайсан”, деб шарт қўймаганман. Шундай қилганимда хато бўларди. Бу соҳани зўрма-зўраки танлашганида, улардан профессионал эмас, ўртамиёна актёр, санъаткор чиқиб қоларди. Буни эса мен истамайман. Бўлсанг, зўри бўлишинг керак. Ўзида иқтидор бўлиши, ичидан нимадир отилиб чиқиши, санъатга нисбатан муҳаббат шаклланиши, ўз касбини севиши керак.  Санъатда “яшаб” кета олишига ишониши, кўнгли совиб қолмаслиги керак эди.

 

— Устоз, самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Доимо соғ-саломат бўлинг!

 Ислом АСИЛБЕКОВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − three =