Илдизи бақувват халқмиз

Ватан остонадан бошланади, дейишади. Мен ҳам мана шу Ватанда туғилдим, ўсдим, вояга етиб, камол топдим. Ватаним тараққиёти ва ривожига озгина бўлсада ҳисса қўшмоқ мақсадида, бугун Фарғона политехника институтида меҳнат қилмоқдаман. Юрт олдидаги фарзандлик бурчимни оқламоқ ниятида, келажагимиз ва эртамиз бўлган ёшларга таълим-тарбия бериб келяпман. Ҳамиша Ватанни севган, ардоқлаган инсон сифатида, беихтиёр “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” деган муборак ҳадис кўнглимдан ўтади…

Бугун дунёнинг айрим мамлакатлари уруш олови ичида ёнаётган дамларда юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон остида яшаётган одам борки, барчаси, бахт­дан масрурдир. Истиқлол берган бебаҳо неъматлардан баҳра олиб, юрт корига камарбаста бўлмоқ нияти дилларга жойланган. Ана шундай нурли ўйлар оғушида тарих саҳифаларини варақлайман, Алишер Навоий, Ҳаким Термизий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Форобий, Қошғарий, Беруний, Фарғоний, Хоразмий, Марғиноний… Бундай улуғ зотлар номини яна ва яна давом эттириш мумкин. Шу ўринда улуғларимиздан бирининг “Илдизи бақувват халқнинг фарзандларимиз” деган сўзлари ёдга келади. Албатта, бу сўзлар топиб ва тан олиб айтилган. Бу каломлар замирида эртанги кунга ишонч ҳисси бор эди. Наз­димда, бу сўзлар юртнинг ёшлари, дунёларга алишмайдиган фарзандлари келажаги қандай бўлишига бир ишора, гўёки, уларнинг аждодларга муносиб ворис бўлиб тарбия топиши ва билдирилган ишончни оқлашидан дарак эди. Ҳа, бугун бу сўзларни бежиз ёдга олмадим. Бугун юртимиз ёшлари кун талабидан келиб чиқиб, Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга жавобан, фақат олдинга интилиб, юксак марралар сари бориб, улкан ютуқларга эришмоқдалар. Бошқача айтганда, Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — мустақиллик айёмини муносиб тўёналар билан кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида Фарғона политехника институтида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Сизу биз учун муқаддас ва азиз маскан бўлган Ўзбекистоннинг мустақиллигини муносиб тарзда нишонлаш ниятида куни кеча Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланганлиги бугунги кунимизнинг ҳаётий ҳақиқати ҳисобланади.

Азиз юртдошим, Ватан ҳақида сўзлаб, Энг улуғ ва энг азиз байрамимизни юксак савияда нишонлаш ва уни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш ҳақида сиз билан ўртоқлашгим кел­япти…

Институтда шундай талабалар борки, беихтиёр дунёларга алишмайдиган ютуқларга эришаётган шундай фарзандларимиз борлигидан фахрланасан.

Демак, қисқача олийгоҳимиз иқтидорли ёшлари ҳақида: ФарПИ талабаси Мирзажонов Тўлқинжон Эркинжон ўғлининг Республика миқёсида ўтказилган спортнинг ушу-самбо турининг Ушу-самбо йўналиши бў­йича 1-ўринни эгаллаб, Осиё ўйинларига йўлланмани қўлга киритиши, айнан шу талабамизнинг яна спортнинг таэквондо до ИТФ йўналиши бў­йича Осиё ўйинларида 3-ўринни эгаллаши, Енгил саноат ва тўқимачилик факультети талабаси Абдуллажонова Нафисахоннинг спортнинг баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш тури бўйича 55 кг. вазн тоифасида Ўзбекис­тон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлгани, ушбу спортчимизнинг фао­лияти жараёнида 11 марта Ўзбекис­тон чем­пиони, 1 марта Осиё чемпиони бўлгани ҳамда Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритганлиги, Компьютерлашган лойиҳалаш тизимлари факультети талабаси Мирсултонов Асадбекнинг спортнинг ушу-санда тури бўйича Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаши, Россиянинг Уфа шаҳрида Евро Осиё чемпионлик аралаш санъати бўйича бўлиб ўтган мусобақада Шоҳжаҳон Йўлбарсовнинг ғолибликни қўлга киритиши, Умар­алиев Жавлонбек Ҳамзабек ўғлининг Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, Муродилов Ҳасанбой Толибжон ўғли, Сиддиқов Муҳиддин Зайниддин ўғли, Мирзараҳимов Мирзоҳидбек Алишер ўғлининг Ўзбекистон Респуб­ликаси Беруний номидаги давлат стипендияси, Шоҳсанам Тўйчиеванинг Ўзбекистон Республикаси Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси, Асрақулов Илҳомжон Жумабой ўғлининг Ўзбекистон Рес­публикаси Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиб ва соҳибалари бўлганлиги, Республика миқёсида ўтказилган “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг якуний босқичида ФарПИ талабалари Муҳаммаджонов Қудратбек Улуғбек ўғли, Сайидахметов Саидакрамхон Тоҳиржон ўғли, Исмоилов Исломбек Жаҳонгир ўғли, Нишонов Камолиддин Аҳроржон ўғли, Обиджонов Зафаржон Одилжон ўғлиларнинг ғолиб­лар сафида бўлиши, ОТМ талаба ёшлари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол талабалар театр сту­дияси” рес­публика танловида институтнинг “Қиргули” театр жамоасининг ғолибликни қўлга киритгани, бундан ташқари жорий йилда институтнинг таниқли олимларидан Лола Мамадалиеванинг техника фанлари доктори (DSc) ҳамда Муяссар Умурзакованинг техника фанлари доктори(DSc) илмий даражасини олиши ва институтнинг профессор-ўқитувчиларидан 22 нафари фалсафа доктори илмий даражаси учун диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилганлиги, халқаро ло­йиҳалардан MechaUZ лойиҳаси дои­расида Латвия, Литва, Португалия давлатларига, SPACECOM ло­йиҳаси доирасида Франциянинг Сарбонна университети ҳамда Бельгиянинг Антверпен шаҳридаги AP Hogeschool университетига институт профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация ташрифининг амалга оширилиши…

Бундан ташқари олий таълим ўчоғимизга 20 дан зиёд хорижий ОТМ ва ташкилотлар делегациялари ташрифи уюштирилганлиги, ўз навбатида учрашувларда 40 га яқин ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар имзоланганини алоҳида эътироф этишни жоиз деб ўйлайман. Яна ғурур билан айтишим мумкин: Туркияда Туркия-Ўзбекистон олий таълим муассасалари Форумида Туркиянинг нуфузли университетлари билан 4 та ҳамкорлик шартномалари, 6 та англашув меморандуми имзолангани, Хирошима, Каназава, Осака университетлари билан турли йўналишларда ҳамкорликларни йўлга қўйилгани, институт тарихида биринчи маротаба халқаро эътироф этилган ташкилот Times Нigher Education рейтинг агентлиги томонидан эълон қилинган рейтинг­­га киритилиши, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Ижодкорлиги учун” олтин медали билан инс­титут жамоасининг тақдирланиши, Фарғона политехника институтида илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган жами 15 та марказ ва спин-офф компа­ниялар, 2 та Фарғона политехника институти таъсисчилигида масъулияти чекланган жамиятнинг фаолияти йўлга қўйилганлиги, дунёнинг нуфузли топ-1000 талигига кирувчи ОТМларида институтнинг 72 та профессор-ўқитувчилари ўқув машғулотлари ўтказиши, институтга 81 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар келиб дарс машғулотларини олиб бориши… бундай ёқимли маълумотларни айтсам “адашиб” кетаман: Институтимизда “Қувноқлар ва зукколар” клуби фаолияти йўлга қў­йилган. “Талабалар театр студияси”нинг ташкил этилиб улкан ютуққа эришиши, бошланғич ташкилот қошида “Мобил гуруҳ”, “Ёшлик ансамбли” номли ҳаваскорлик ижодий клуби ҳамда “Заковат” интеллектуал клублари режа асосида белгиланган вазифаларни амалга оширмоқда. Шу билан биргаликда, талаба ёшлар учун #Hayot uchun, donorlik, “Mehrli qo‘llar” va “Sahovatpesha talaba”, “Kitob ulashaman”, “Yashil makon”, “Inson qadri uchun”, “Qadr va_ezgulik_beshigi_mening_mahallam” nomli акция ва лойиҳалар амалга оширилган. Республика ижодкор ёшларининг “Ҳилол” номли шеърий тўпламига 8 нафар иқтидорли ижодкор талаба ёшларимизнинг мақола ва шеърлари киритилди. Уларнинг ижод намуналари вақтли матбуот саҳифаларида мунтазам чоп этиб борилади. Иқтидорли ёшларимизнинг телевидение ва радио дастурларида чиқишлар қилаётганлиги эса бу соҳада олиб борилаётган ишларнинг кўлами қай даражада кенглигидан далолат.

Бугун қалби ёниқ, шижоатли ёшларимиз гўзал Фарғонамиз, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, она Ватан олдидаги фарзандлик бурчини бажармоқда. Буларнинг барчаси табиийки, истиқлол берган имкониятлар ва Президентимизнинг ёшларга бераётган эътиборидан мамнун ҳолда мақсад сари интилмоқдалар.

Шубҳасиз, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон борки, дилда бир ғоя. Барчасининг юрагидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган эзгу ўй кечмоқда. Ҳа, бу ғоя замирида нелар ётганини шу юртни асрамоқчи, авайламоқчи, қадрламоқчи бўлган фарзанд борки, англаб етади. Бугун Ўзбекистон ўз йўлини топиб олган ва замонавий юксалиб бораётган давлатлар қаторига ўтиб олгани сир эмас. Албатта, юртда эришилаётган барча ютуқлар борки, бари истиқлол туфайли.

Бугун Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан ўсиб бораётган, салоҳиятли давлатга айланди. Бу давлатда барча нарса инсон учун қилиняпти. Олиб борилаётган ишлар замирида инсон саломатлиги ва унинг фаровон ҳаёт кечириши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши, инсон эрки, шаъни, ғурури, қадри назарда тутилган. Муқаддас истиқлолимиз сабаб бугун юртимиз жаннатий гўшага айланиб боряпти. Таълим даргоҳларимизда яратилган имкониятлар ёшларимизнинг ўқиб билим олиб, юрт оғирини енгил қиладиган фарзандлар бўлиб камол топишида алоҳида роль ўйнайди ҳамда бундан тўғри ва оқилона фойдаланган, Ватан номини доим дилида тутган, юртни саждагоҳдек муқаддас деб билган, Ватан қадрини баридан устун қўядиган Фарғона замини фарзандлари бундан-да улкан ғалабалар сари интилиб, ютуқлар карвонини ҳозирлашда давом этишига шубҳа йўқ.

Ўктам САЛОМОВ,

Фарғона политехника институти ректори,

техника фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − seven =