“Ватан манзумаси” дилларни манзур этди
Ватан… Унинг улуғлигига, буюклигига, суюклигига бирор мезон борми?
Нега биз уни онадек азиз, мукаррам, танҳо атаймиз? Ахир ватанини севмаган, қадрини билмаган, ёвдан ҳимоя қилмаган кимсани одам ўрнида кўриш мумкинми? Асло!
Ватан, она тупроқ туйғуси шу қадар азиз, муқаддаски, уни севиш, ҳис этиш тирикликнинг, одамийликнинг белгиси.
Эҳтимол шу сабабдан ватаннинг ҳар қаричини, гарди, заррасини ҳам бебаҳо атаймиз. Ундан бир муддат айро тушганда ҳаловатимизни йўқотамиз, ичикамиз, дилимиз ҳуфтон тортади.
Ҳа, Ватанга муҳаббат, уни ардоқлаш туйғуси ҳар бир қалб фитратида, табиатида мужассам. Шу боисдан ҳам она юртни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ҳар бир иймонли зотнинг муқаддас бурчидир.
…Пойтахтимизнинг Анжуманлар саройида йиғилган қарийб икки мингга яқин ватандошимиз Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърига басталанган қўшиқ эшитилиши билан беихтиёр ўрнидан қалқди. Юртдошларимиз она Ватанга муҳаббатини, садоқатини, юрт равнақи йўлида бир тан-у бир жон эканлигини шу тарзда намоён этди.
Суюкли шоиримиз битган сатрларни юракларга ҳаяжон солиб куйлаётган хонандани олқишлаб, қўшиққа беихтиёр жўр бўлишди:
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним.
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним.
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…
“Ватан манзумаси!” Шу йилнинг 26 январь куни ўтказилган адабий-маърифий кечада иштирок этарканман, ундаги ҳар бир чиқишни кузатиб, Ватан туйғусини қалбда ўзгача ғурур ва ифтихор билан ҳис этдим. Президентимизнинг яқинда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан халқимизга йўллаган табригида таъкидланган “Ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур” деган ибратли фикрлари қайта-қайта хаёлимдан ўтди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан Ватан ҳимоячиларига билдирилган юксак ишонч, улуғ вазифа ушбу адабий-маърифий тадбирнинг асосий ғояси этиб белгиланган эди.
Тошларин тавоф қил, тупроғини ўп,
Гардин кўзга суртиб туғросини ўп,
Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп,
Бу Ота Макондир, Бу Она Юртдир…
Назаримда адабий, маънавий-маърифий кечанинг қалбларни жунбушга келтирувчи, юракка қувват ва умид берувчи ушбу ашъор билан бошланиши бежиз эмасди. Зеро, унда Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган янгича ислоҳотлар туфайли юртимизда шаклланган “Халқ билан армия – бир тану бир жон” деган эзгу анъанани, айниқса, ижодкорлар ва ҳарбий хизматчилар орасида якдилликни янада мустаҳкамлаш, олий мақсад — ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар қалбида она юртга садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини юксалтириш, бу борада самарали тарғибот ишларини олиб боришдек эзгу мужда мужассам эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2023 йил 13 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш бўйича давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қатор тавсиялар берилгани ва айни пайтда ушбу тавсиялар асосида ҳарбий қўшинларда маънавий-маърифий, маданий ишларни ривожлантириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Дастур қилса оталар Амир Темур тузугин,
Тақса оқил оналар Тўмариснинг узугин.
Алломалар ҳақ сўз-ла бутласа юрт бузуғин,
Ёвқур боболар руҳи бўрон бўлса юракда,
Истиқлолу истиқбол Турон бўлса юракда.
Ўзбекистон бўлажак Худо хушлаган Ватан,
Ватанки Туғ, Туғросин Хумо ушлаган Ватан!
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир шубҳасиз миллий армиямизнинг кучи ва қудратини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири — ҳарбий хизматчилар қалбидаги ватанпарварлик туйғуси билан бевосита боғлиқ, пайваста эканини намойиш этди.
Шу боис бундай маънавий-маърифий тадбирларнинг ўрни, аҳамияти бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим, деб бемалол айта оламиз.
Негаки, бугун дунёда турли хавф-хатар ва таҳдидлар, қуролли можаролар ва тўқнашувлар кучайиб бораётган бир даврда ҳарбий хизматчилар ва ёшларимизнинг юксак ватанпарварлик туйғусини, жанговар руҳини камол топтиришга қаратилган бундай анжуманларнинг аҳамияти беқиёс.
Кечада Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Ватан посбонларига” деб номланган шеърини ўқиркан, беихтиёр Президентимизнинг “Бизга бу кучни четдан излашнинг ҳожати йўқ. Шонли тарихимиз, бой илмий ва маданий меросимиз, баҳодир аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактаби” деган сўзлари қайта-қайта дилдан ўтди.
Жаҳон холи эмас хавфу хатардин,
Диёру ёрга қалқон, посбонлар.
Тўкиб юлдузларини елкангизга,
Эгилсин сизга осмон, посбонлар.
Кўкаргай ҳурлигу тинчлик билан эл,
Замону давру даврон, посбонлар.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Билга ҳоқон” романидаги Билга ҳоқон тилидан айтилган қуйидаги чақириқ эса она юрт учун, озод ва ҳур кунларимиз учун бебаҳо мерос, улуғ қадрият эканлигини қайта уқтиргандек бўлди:
“Менинг бекларим, будуним. Хоқонингдан, бекларингдан, ер-сувингдан айрилма!
Туркий будун, тўғри бўл – эзгу бўласан. Уйингга кирасан, қайғусиз бўласан.
Мангу тош ўйдириб ёздирдим. Кўнглимдаги сўзимни ёздирдим.
Кўнглимдаги сўзим шудир:
Эрдан қул бўлмас!
Алпдан қул бўлмас!
Биздан қул бўлмас!”
Ҳа, Яратганга шукрки, юртимизда не-не улуғ боболаримиз, аждодларимизнинг неча-неча асрлар давомидаги орзу-армонлари ушалганига мана ўттиз йилдан ошди. Истиқлол бахти, шарофати билан халқимиз ўз эркига эга бўлди. Ўзгаларга қарам бўлмаган, ўз она тупроғимизни, элимизни мард ва жасур ўғлонларимиз ишончли ҳимоя қилиш салоҳиятига эга бугун.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий армиямизни ислоҳ қилиш, жумладан, замонавий ҳарбий кадрларни тайёрлаш, уларнинг жанговар руҳини ва маънавий тафаккурини ошириш борасида муҳим ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Қуролли Кучлар тизими ҳарбий хизматчилари, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари учун “Мард аскарга совға” туркумида ихчам китобларни нашр этиш йўлга қўйилгани савобли амаллардан бири бўлди. Бундан ташқари, шоир ва ёзувчилар, тарихчи олимлар, санъаткорлар, театр ва кино актёрлари, рассомлар доимий равишда ҳарбий қисмларда бўлиб, аскар ва зобитлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Замонамиз қаҳрамонлари бўлган мард ва ватанпарвар ҳарбийларимиз ҳақида турли бадиий асарлар яратилмоқда. Хусусан, Мудофаа вазирлиги қошида тузилган Жамоатчилик кенгашида кўплаб таниқли ижодкорларимиз фаолият олиб бормоқда.
“Ватан манзумаси” ҳақидаги фикримизни давом эттириб шуни қайд этиш жоизки, унда она халққа садоқат туйғуси улуғланган, тингловчиларнинг маънавий оламини юксалтирадиган энг сара шеърлар таниқли ва ёш шоирлар, истеъдодли актёрлар томонидан ўқилди. Ватанни шарафловчи таъсирчан қўшиқлар ижро этилди. Айниқса, таниқли шоира Зебо Мирзо “Кишан кийма” шеърини ўқиганда кўзлардан ёш қалқди:
Кишанлар кияйми,
Бўйин эгайми,
Эркимни берайми сенга қайтариб?
Ўзни унутайми,
Қонлар ютайми,
Турайми қошингда муте, музтариб?!
Чопайми
Чопилган томирларимни,
Суғуриб берайми тилимни?!
Бир “ҳайт!” деб,
Сермасанг қамчининг,
Қул қилиб берайми Элимни?!
Кўзимни юмайми,
Энди очилган
Тарихнинг асотир китобларидан?
Юзимни бурайми,
Ёвдан юзини
Бурмаган аждодим хитобларидан!?
Ёхуд ушбу шеър давомидаги қуйидаги ўтли, мардона сатрлар кимни ҳаяжонга солмади дейсиз:
Ўйнашма
Миллатнинг ғурури билан,
Миллатнинг Номуси, Оридир – бу Эрк!
Она дегани бу – Она тилидир!
Ва бутун бир халқнинг боридир – бу Эрк!
Жонини жаҳонга
Жон деб улашган
Улуғ бир Онамиз – шу Ватан ҳаққи,
Келсанг,
Одамдай кел! –
Бағримиз очиқ,
Нон ҳаққи, туз ҳаққи, жону тан ҳаққи!..
Истибдод сиртмоғин
Бўйнимга солмоқ –
Бўлса агар қасдинг,
Умидингни уз!
Коинот қалбида
Порлаб турибди
Бугун Ўзбек деган мунаввар бир Сўз!
Эътиборлиси, муҳташам Анжуманлар саройидаги катта экранда ана шундай ҳар бир чиқишларнинг маъно-мазмунини ифодалайдиган, унинг таъсирчанлигини оширишга қаратилган видеолавҳалар, театрлаштирилган бадиий композициялар намойиш қилинди. Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотираси ёд этилди, марҳум шоирларнинг овозларидан – ўзлари ўқиган шеърлардан ҳам унумли фойдаланилди. Она юртнинг улуғ фарзандлари, бетакрор ижодкорлари ёдга олинди…
Тадбирда халқ вакиллари — депутатлар ва сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, аскар ва сержантлар, зобитлар, ҳарбий таълим муассасалари ва “Темурбеклар мактаблари” курсантлари, мактабгача ва умумий ўрта таълим ҳамда олий ўқув юртларининг ўқитувчи ва мураббийлари, нуронийлар, маҳалла, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари вакиллари, илмий ва ижодий зиёлилар, кенг жамоатчилик намояндалари, ОАВ вакиллари ҳам мазкур адабий-маърифий кечанинг шунчаки меҳмони эмас, балки иштирокчиларига айланди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Сабаби бу тадбир барча-барчани она Ватан, азиз юртимиз, меҳнаткаш ва фидойи элимизнинг нафақат бой ва узоқ тарихи, балки елкасига чўнг мақсадлар, орзу-ниятларни олган буюк миллатнинг бугуни ҳамда эртаси ҳақида ўйлашга, мушоҳада қилишга, бир кучга, бир муштга айланишига илҳом ва шижоат бахш этди.
Адабий-маърифий анжуманда она Ватан ва халққа садоқат туйғуси улуғланган, тингловчиларнинг маънавий оламини юксалтирадиган энг сара шеърлар муаллифлар ва истеъдодли актёрлар томонидан ўқилгани кечанинг янада жонли, мазмунли кечишига хизмат қилди, иқтидорли ёш ижодкорларни кашф этди.
Эҳтимол, шу сабабдан ҳам бир неча кунлардан буён оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мазкур адабий-маърифий кеча ҳақида қизғин ижобий фикр ва муносабатлар давом этмоқда. Масалан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али шундай ёзади:
“Ишонч билан айтиш мумкинки, Анжуманлар саройида ўтган кеча кўнгиллардан жой олди. Президентимизнинг маънавият ва маърифатга бўлган эътибори, ўзлигимизни англашга, она тилимизни янада қадрлашга бўлган даъватлари унда мужассам тараннум этилди. Ватанимиз посбонларининг бугунги шижоати, ёвқур боболаримизнинг маҳорати ва жасоратини ўзида мужассам этган аскарларимиздан фахр-ифтихор туйдик”.
Ёки шоира Маҳфуза Имомова ўз таассуротларини ижтимоий тармоқларда қуйидагича ифодалайди:
“Ватанни севмоқ — иймондандир, дейдилар. Иймони бут инсон — Ватан дейди, элим дейди. Ўзлигини шу эл, Ватанидан айро тушунмайди. Шунинг учун ҳам иймонсиз кимсаларда Ватан, ор-номус нима қилсин? Ундайлар бир манфаатнинг қули бўлишади, холос. Кечада қатнашар эканман, улуғ ўзбек миллатининг фарзанди эканлигимдан янада фахрландим. Томирлари она заминга узоқ кетган, ўтмиши бой, бугуни олий мақсадларни ўзида бор этган, эртаси ёруғ, нурафшон юртда яшаётганимдан ғурурландим. Қалбларга ана шундай фахр ва ифтихор туйғусини янада аланга олдирди ушбу кеча. Ватанимиз ҳамиша омон бўлсин!”.
Шуниси эътиборлики, бундай самимий, юракдан билдирилаётган фикрлар тадбирнинг ҳар бир иштирокчиси кўнглидан кечди.
Шу боисдан ҳам “Ватан манзумаси” адабий-маърифий дастури мамлакатимиздаги барча ҳарбий қисмлар, округлар, ҳарбий таълим муассасаларида, мактаблар, олий ўқув юртлари ва маҳаллаларда, айниқса, уюшмаган ёшлар орасида кенг намойиш этилса, Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши, Маданият ва туризм вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ана шундай адабий-маърифий кечалар ҳар чоракда ёки ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилса хайрли иш бўлур эди. Телеканалларимизда кўпроқ намойиш қилиниши, ОАВда кенг ёритилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бундай тадбирлар ватан посбонларининг, ёшларнинг маънавий-маърифий ҳамда ҳарбий-жанговар салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Олимжон ЎСАРОВ