Исмингда Ватан бордир

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

Диёра Келдиёрова. Париж – 2024

 Исмингда Ватан бордир,  насабингда ҳам – Ватан.

Ичдан қасд қилиб ичган қасамингда ҳам – Ватан.

Бу қандай юксак шараф, қандай буюк тан олиш,

Миллат Раҳнамосининг қутлови сенга болиш.

Келдиёр боболарнинг шаҳду шакар дилбанди,

Бир номингдан намоён ёру диёр пайванди.

Эй, нописанд дунёни бир ҳамлада енгган қиз,

Париж, Лондон, Румода топилмагай сендай қиз!

Бир ярқ этди оламнинг кеча ва кундузлари,

Порлагандай Парижда Самарқанд юлдузлари.

Қизим десам ярашгай, синглим десам жуда соз,

Бир лаҳзада бир халқни эта олдинг сарафроз.

Сен олган тилло туғро кўксингда ярқ этган дам,

Хира тортди Фарангнинг фаранг қандиллари ҳам.

Бу энг юксак шарафдир, бу бир буюк тан олиш,

Миллат Раҳнамосининг сўзлари сенга болиш.

Ўттиз беш миллён қалбдай жимирлаб кетди кўнглим,

Эй, менинг полвон синглим, Диёражон, жон синглим!

Бу бир кибор дунёдир – Чироқчи ё Косонмас,

Оврупо панжасига панжа урмоқ осонмас!

Олдингилар, қарасанг, чангларингда қолибдир,

Бир ўзингмас – бутун эл, яхлит Ватан ғолибдир!

Осиёдир бу олам “о”дан токи “ё”гача,

Токи Токиогача, токи Токиогача.

Ўшал ёпон қизга ҳам менинг раҳматларим бор,

Ёпон қизмас, аслида йиғлади номус ва ор.

Юракларим жимирлаб йўллай шеърий каломлар,

Шарққа бўлсин саломлар! Ғарбга бўлсин саломлар!

Мен шаънингга сўз излаб ҳалакман, оворажон,

Диёражон, жон синглим, жон синглим Диёражон!

Олдингилар агарчи зару олтинлилардир,

Энг гўзал олтинлилар – сендай олтинлилардир.

Шу боисдан кўксимда завқу сурурим лим-лим,

Эй сен, онажон синглим, эй сен, жонажон синглим!

Мабодо кайвонилар чорасиз қолсайдилар,

Эйфел минорасини курашга солсайдилар;

Шак-шубҳасиз шу заҳот курашчан ва шиддаткор,

Жисму жонингда жўшиб момомерос ғурур, ор –

Она юрт байроғини энг тепасига қадаб

Ва бу зўр ғалабангни элу юртингга атаб,

Эйфел минорини ҳам ҳалол уриб майдонда,

Қўлтиқлаб келар эдинг она Ўзбекистонга!

28-30.07.2024 й.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =