“Юмшоқ” арматураларнинг жазоси қаттиқ бўлади

Ҳеч бир соҳа йўқки кишидан фидойилик талаб қилмаса. Ишимиз юзасидан текширув ва экспертизалар натижаси, ҳисоботлар билан танишганимда доимо кўнглимда бир савол уйғонади: маълум бир жамоада ўзига бириктирилган вазифани ҳамма билади, аммо нега уларнинг бари ўз бурчини холислик билан адо этмайди? Бунга сабаб нима?   Нима учун баъзида катта корхоналарда ҳам раҳбарлар саноқли кишиларгагина ишонч билдиради? Энг масъулиятли ишларни уларга топширади? Қолганлар-чи? Аммо ўз ишига лоқайдлик билан қаровчи ходим ёки фақат фойда илинжида хизмат вазифасига ёндашадиган раҳбарни ойлик маошидан маҳрум қилиб кўринг, уларнинг ҳақидан ҳалол меҳнат қилганларга олиб беринг, қандай аҳволга тушадилар?

Бугунги кунда кўп йиллик йиғилиб қолган уй муаммоларини бартараф этиш, одамларни уй-жой билан тезроқ таъминлаш, қолаверса, шаҳарларимиз кўркамлигига эришиш мақсадида жадал суръатларда олиб борилаётган қурилиш соҳасини олайлик. Ҳар томонлама сифатли, одамларнинг кўп йиллар истиқомат қилишларига яраши лозим бўлган уйлар, улар хизмат қиладиган корхона ва ташкилот биноларининг сифат даражасидан истеъмолчиларнинг кўнгли тўлаяптими? Афсуски, бу борада муаммолар ҳам йўқ эмас. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ўрганиш жараёнида қурилиш материалларининг сифат даражаси умуман талабга жавоб бермаётгани аниқланмоқда. Жумладан, металл прокати — арматуранинг қурилишда қанчалик аҳамияти катта эканлиги ҳаммамизга маълум. Бугун сотувда бўлган арматуралар сифати белгиланган стандарт ва техник талабларга жавоб берадими-йўқми, деган масалада агентлик мутахассислари унинг механик хусусиятлари ва кимё таркиби сифатини аниқлаш мақсадида бир неча ишлаб чиқариш маҳсулотлар юзасидан экпертиза ўтказдилар. Синов уч босқичда ташкил қилиниб, илк босқичда қуйидаги намуналар харид қилинди: А400 классидаги 12 мм. диаметрли арматура намунаси (“DIMAX sanoat-savdo ko’rgazma biznes markazi” МЧЖ, Тошкент шаҳри, Назарбек темир бозори савдо мажмуасидаги “AKRIL металл прокати”га тегишли); А400 классидаги 16 мм диаметрли арматура намунаси (“METALL CENTER” МЧЖ, Тошкент шаҳри, “Изза” темир бозори савдо мажмуасидаги “Wang Da Group” МЧЖ ҚКга тегишли); А400 классидаги 12 мм диа­метрли арматура намунаси (“Жўрабек Омад барака” МЧЖ, Тошкент шаҳри, Изза темир бозори савдо маж­муасидаги “WANGDA METAL” МЧЖ ҚКга тегишли); А400 классидаги 8 мм диаметрли арматура намунаси (Сирдарё вилояти “TECHNOBUSINESS LUX” МЧЖга қарашли савдо растасидаги “BAO XIN METALL” МЧЖга тегиш­ли).

Иккинчи босқичда танланган синов намуналари аккредитациядан ўтган лаборатория мутахассислари томонидан темир-бетон конструкциялари, металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник рег­ламенти, қурилишда ишлатиладиган қора   металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисидаги махсус техник регламентнинг ГОСТ 34028-2016 талабларига мувофиқлиги текширилди.

Учинчи босқичда натижалар таҳлил этилди. Афсуски, натижалар умуман талабга номувофиқлигини кўрсатди. Яъни металл прокати — арматура намуналари механик ҳамда кимёвий хоссалари белгиланган меъёрлар даражасида эмас. Айниқса, кичик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган, қурилиш мақсадларида ишлатиладиган металл прокатида аниқланган камчиликлар кўплаб қурилиш сифати ва хавфсизлигига катта зарар етказиши мумкинлиги аниқланди. Ахир, одамлар не-не умидлар билан қарайдиган қурувчилар яроқсиз қурилиш материалларидан фойдаланаётганликлари кишини ташвишлантиради. Қад ростлаган ва фойдаланишга топширилган кўп қаватли уй ва иншоотлар узоқ йиллар давомида мустаҳкам ҳамда хавфсиз маскан сифатида хизмат қилиши лозим-ку! Ҳатто айрим корхоналар ўз маҳсулотларини мувофиқлик сертификатисиз сотаётган ҳолатлар кузатилмоқда.

Агентлик хавфсизлик ва сифат талабларига жавоб бермайдиган арматураларни сотишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, шунингдек, вазирлик ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига тегишли маълумотномаларни юборди. Инспекция томонидан юқорида кўрсатилган талабларга жавоб бермайдиган металл буюмлардан қурилиш объектларида фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида буйруқ чиқарилди.

Агентлик қурилиш материалларнинг бошқа турлари бўйича ҳам текширувлар олиб боришни давом эттиради. Бундан кейин айбдорларга кескин чоралар кўрилиши лозим. Бироқ гап бошида айтилганидек, қурилиш соҳасида ҳар ким ўз вазифасини виждон йўриғида бажариши, истеъмолчиларнинг уй ва иншоотлардан хавсиз-хавотирсиз фойдаланишлари кераклигини зинҳор унутмаслик­лари лозим. Зеро, яқингинада юзлари яшнаб, ўйнаб-кулиб юрган одамнинг ички касаллиги қўзғалиб, тўшакка михланиб қолса, унинг уйидагилари изтиробга тушмайдими? Қураётган уйларимиз ҳам ичдан зил кетмасин.

Ўйлаб кўринг, арматура маҳсулотлари тўлиқ стандарт талабларига жавоб бермаса, “қайишқоқ” бўлса, не оқибатларни юзага келтириши мумкин? Нафс деб бундай қинғирликларга қўл ураётганлар ўз қилмишларига жавоб бериши керак, албатта. Қолаверса, қинғир иши билан тезда бойиб кетишни ўйлаб қаллоблик йўлига ўтган айрим сохта тадбиркор — арматура ишлаб чиқарувчилар қонун ва Ҳақ олдида кун келиб жавоб беришларини эсдан чиқармасликлари лозим.

Умида МАНСУРОВА,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш агентлиги ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 13 =