Истеъмолчилар хавотири ёхуд “INSOFT INVEST”да инсоф борми?

Янги уй-жой харид қилишда бошланғич тўловни амалга оширган, аммо унга ўз вақтида эга бўлолмай ойлаб, ҳатто йиллаб сарсон бўлаётган фуқаролар, афсуски, кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, таъмири охирига етказилмаган, сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланилган, майдони сатҳи шартномада кўрсатилганидан бирмунча кам чиққан уй-жойлар муаммоси талайгина. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига айнан шундай ҳолатдаги мурожаатлар келиб тушмоқда. Масалан, “INSOFT INVEST” МЧЖ томонидан 2019 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли турар-жой биносидан уй олиш ниятида бўлганлар билан шартномалар тузила бошланган. Мазкур шартномада уйни топшириш муддати шартнома тузилган кундан 18-24 ой этиб белгиланган. Шундан сўнг Яккасарой туманида мазкур МЧЖ томонидан кўп қаватли уй қуриш жадал суратлар билан бошланади. Бироз вақт ўтгач, негадир қурилиш ишлари тўхтаб қолади. Шартнома муддати ҳам ўтади, уй фойдаланишга топширилмайди. Уй сотиб олмоқчи бўлиб бошланғич тўловни амалга оширганларга бирор-бир хабар ёки маълумот берилмайди. Истеъмолчилар хавотирга тушиб қоладилар. Масалан, юртдошларимиздан Б.А. — 143 403 105 сўм, А.Х. — 119 149 600 сўм бошланғич тўлов, яъни инвестицион бадал тўлашган.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун бў­йича ижрочи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган ишлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри, етарли ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган. Агар шартнома шартларини бажаришга тўсқинлик қилувчи омиллар вужудга келган тақдирда   уй сотиб олувчиларга албатта хабар берилиши шарт. Мабодо давлат ҳокимияти органлари томонидан чиқарилган буйруқ, қарор, фармойиш ва бошқа чекловлар вужудга келса “форс -можор” деб топилиши кўрсатилган. Бундай ҳолда ўн кун ичида истеъмолчи хабардор қилиниши керак. “INSOFT INVEST” МЧЖ томонидан белгиланган муддат ичида ҳеч қандай хабарнома жўнатилмай, шартнома шартлари қўпол равишда бузилган. Шу сабабли жамият “форс-можор” вазиятларни кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Кейин бундай ҳолатларда истеъмолчининг шартномани бекор қилиши, ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳаққи бор. Аммо бу борада ҳам истеъмолчиларнинг талаблари кўпинча бажарилмайди.

Юқоридаги масала юзасидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида махсус комиссия тузилди. Иш обдон ўрганилгач, МЧЖга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. Аммо бу кўрсатма ҳам бажарилмагач, Агентлик даъвогар сифатида судга мурожаат қилди. Натижада Яккасарой туман суди ҳукми билан “INSOFT INVEST” МЧЖ истеъмолчилар — Б.А.га бошланғич тўлов сифатида тўлаган пули, жарима ва устама учун 30 млн. сўм тўлашди, А.Х.га ҳам уйга тўлаган пули қайтарилди ҳамда қўшимча 45 млн. сўм ундириб берилди.

Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида агентликга 360 тадан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 227 таси ижобий ҳал этилди. 1 950 523 488 сўм миқдордаги пул маблағлари истеъмолчилар фойдасига ҳал этилиб, қайта ҳисоб-китоб қилинди. 120 нафар аризачининг уй-жой олишдаги шикояти бўйича тушунтиришлар берилди, 14 та мурожаат тегишли ваколатли ташкилотларга йўналтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Агентлик ва унинг ҳудудий органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига берилган қарор ва кўрсатмалар ижроси таъминланмаётган ҳолатлар ҳам юзага келмоқда. Чунончи, Агентлик уй-жой масаласи бў­йича келиб тушган 10 та шикоят юзасидан Учтепа туманлараро фуқаролик судларига даъво аризасини киритди, қолган 19 та мурожаатдаги муаммолар юзасидан тегишли тадбиркорлик субъектларига бир ойда бартараф этилиши бўйича кўрсатма ва қарор ҳужжатлари берилган.

Шуни эслатиб ўтмоқчи эдикки, истеъмолчилар қурилиши ҳали битмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан квартира сотиб олишда нималарга эътибор бериши керак, деган савол туғилиши табиий. Улуш киритиш асосида уй-жой сотиб олаётганда мазкур уй Қурилиш вазирлигининг электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини билиш лозим. Бунинг учун фуқаролар https://mc.uz/ulushdor/ ҳаволаси орқали қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганлигини текширишлари лозим. Бу ҳавола орқали ҳамма учун очиқ бўлган мажмуа ва қурувчи ташкилот номи, манзили ҳамда бошқа маълумотлар берилган. Қурилиш устидан Қурилиш соҳасида давлат назорат инспекцияси томонидан амалга ошириб борилишини бу соҳада ҳуқуқлари бузилган тақдирда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат   қилишлари мумкин.

Умида МАНСУРОВА,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш

агентлиги масъул ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 5 =