Сарсон-саргардон фермер ёки 23 йилдан буён адолат кутаётган инсон

Бош прокуратура диққатига!

 

Избосканлик Абдужалил Тожибоев 23 йилдирки ўзининг “Умид” деҳқон(фермер) хўжалиги фао­лиятини қайтадан тиклаш учун сарсон-саргардон. Эътибор қилинг, 3-4 йилдан буён эмас, 23 йилдан бери! Шунча йиллар давомида тадбиркорлар, фермерларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қиладиган туман фермерлар кенгашидан бошлаб туман, вилоят ҳоким­ликларидан тортиб барча давлат органларига, судларга мурожаат қилиб чиқди.

Чорак аср давомида йўл босиб, вақт сарфлаб умид боғлаб борган мутасаддилардан эса ҳалигача нажот йўқ. Уларнинг деярли ҳаммаси фермерга “Мурожаатингизни ўрганиш давомида “Шарқ юлдузи” массивидаги собиқ “Умид” боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдони 2001 йил 17 июлдан туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига олиниб “Шарқ юлдузи келажаги” фермер хўжалиги ихтиёрига ўтганлиги аниқланди” деган мазмунда жавоб беришди.

— Мен учраган ташкилот ёки давлат органлари мутасаддилари ишхоналаридан чиқиб хонадонимга, фермер хўжалиги еримга, давлат рўйхатидан чиқаришга уриниб ҳужжат тайёрлаган идораларга бориб мурожаатим моҳиятини, мақсадини, мантиғини чуқур ўрганиб, таҳлил қилганлари йўқ. Фақат ўтирган жойларида қуйидан келган жавоб хатларига қараб, улардаги хулосаларга таяниб қоғозларда иш бажаришди, оддий бир хатоликни – фермер хўжалигимни аттестация варағидаги “аттестациядан қониқарли ўтди, ерига ер қўшиб бериш учун “Шарқ юлдузи” жамоа хўжалигига тавсия этилди, деган хулосани “Фаолияти “қониқарсиз”, аттестациядан ўтмаган” деган хулосага ўзгартирилгани сабаблари ўрганилмади, — дейди фермер.

Қизиғи шундаки республикамизда фермерчиликни ташкил этиш ҳаракатлари бошланган йилларнинг бош­ларида ҳам Абдужалил Тожибоев фермер бўлиш иштиёқида берган аризасига ҳеч ким, на жамоа хўжалиги раиси, на туман ҳокимлигидаги мутасаддиларнинг ҳеч бири қулоқ тутмаганда у республика Қиш­лоқ ва сув хўжалиги вазирлигидаги Президент қарорлари ижросини назорат қилиш бўлими раҳбари Улуғбек Туробовга дардини айтганди. Унинг аралашуви билан 5 гектар майдонда пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилинади ва унга яхши мақсад-ниятларни кўзлаб “Умид” деган ном беради. Фермер хўжалиги шундан сўнг 3 йил давомида ҳар йили пахтадан гектаридан 42 центнердан кам бўлмаган ҳолатда ҳосил етиштириб, режани бажаради. “Шарқ юлдузи” массиви фермер хўжаликлари ўртасида олдинги ўринларни эгаллайди. Ана шундай бир пайтда Избоскан туман ҳокимининг чорвачилик, пахта-ғаллачилик йўналишида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликларини аттестациядан ўтказиш, фаолияти қониқарсиз бўлган фермерларни давлат рўйхатидан чиқариб, қониқарли фермер хўжаликлари ерларини 10 гектарданга етказиб, чорвачиликда 10 гектар ерда 30 бош сигир боқиб фаолият кўрсатишни ташкиллаштириш юзасидан қарори қабул қилинади.

Ана шу қарордан келиб чиқиб туманда аттестация комиссияси тузилади. Аттестациянинг 8 нафар аъзоси имзо чеккан ва берган хулосасига кўра “Умид” фермер хўжалиги қониқарли баҳоланиб, ерига ер қўшиб бериш ўрнига, хулоса “қониқарсиз” деб ўзгартирилиб, давлат рўйхатидан чиқарилади. Шундан сўнг республика нашрларидан бирида “Ислоҳот йўлига ғов бўлманг” рукни остида муаллифлигимда “Тилла занжирли тушов” сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола босилиб чиққач фермер хўжалиги бош­лиғи А. Тожибоев Избоскан туман ҳокимининг 19.01.1998 йилги 13-К-1-сонли қарори устидан вилоят хўжалик судига даъво ариза киритади. Вилоят хўжалик суди судьяси С. Нурмуҳаммедованинг 2001 йил 17 июль кунги 9-76-сонли иши билан даъво қаноатлантирилиб, Избоскан туман ҳокимининг “Умид” деҳқон фермер хўжалиги давлат рўйхатидан чиқариш тўғрисида”ги қисми ҳақиқий эмас, деб топилсин, “Умид” деҳқон (фермер) хўжалиги қайтадан давлат рўйхатидан ўтказилсин” деган мазмунда ҳал қилув қарори қабул қилинади. Хўжалик суди ҳал қилув қарорида кўрсатилган вазифаларни Избоскан туман ҳокими қисман бажариб “Умид” фермер хўжалигини қайтадан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади, аммо қарорда фермер хўжалиги ерини аттес­тацияда тавсия қилиниб 10 гектарга етказиб бериш қисми ёзилмай қолдирилади ва фермер хўжалиги қоғоздагина тикланади.

Қизиғи шундаки, қайси мамлакатда ерсиз фермер хўжалиги ташкил этилади? Чорвачиликми, пахта-ғаллачиликми ерсиз фаолият кўрсатиб, маҳсулот етиштириб бўладими? Шуларни мантиқан ўйламаган, аниқроғи атайлаб туман ҳокими вилоят хўжалик судига қайта-қайта даъво аризаси киритади ва вилоят хўжалик судининг фермер хўжалигини қайта давлат рўйхатидан ўтказиш ва фаолиятини тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорига зид равишда вилоят хўжалик суди судьяси А. Хурбоев томонидан даъво иши кўрилиб, “Умид” фермер хўжалиги фаолияти тугатилади…

Орадан йиллар ўтди. Бу давр ичида қанча давлат органлари, ташкилот ва бошқа идораларнинг фермер, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган мутасаддилари ишдан кетишди. Аммо “Умид” фермер хўжалиги бошлиғи Абдужалил Тожибоев ҳамон ўзининг адолатсизлик билан тугатилган фермер хўжалигини тиклаш, етиштирган ва жамоа хўжалигига топширган маҳсулотлари эвазига ҳалигача тўланмаган ҳақларини ундиришдан умидини узгани йўқ. 23 йилдан буён бўлиб ўтган бу жараёнларни кузатиб мавзуга қайтиб, қалам тебратар эканман, ўз-ўзидан шундай саволлар туғилади:

  1. Аттестация варақасидаги “қониқарли” сўзининг “қониқарсиз” қилиб қўйилишининг сабаби нега ўрганилмаган? Бу хатога ким йўл қўйди ва қандай мақсад билан? “Қониқарли” деб баҳоланган хулосага имзо қўйган 8 нафар комиссия аъзоси шу қадар оддий ва туман ҳуқуқшуноси билан ҳам аниқлик киритиш мумкин бўлган муаммони ўз жойида ҳал қилишга қудратлари етмаган бўлса?
  2. 2.Фермер хўжалиги ерини ўз розилигисиз, шартнома шартларини, Низомда кўрсатилган қоида-тартибларини бузмаган ҳолда, мажбуриятларини орттириб бажараётган бир пайтда нега фаолияти тугатилган эди? Фермернинг айби нимада эди, нега ерсиз фермер деб тугатилди?
  1. Фермерга оилавий пудрат асосида 14 гектар ер ажратилиб пахта етиштириш тавсия қилинса розилик бермаганлиги учун ерсиз фермер бўлиб қолди, дейиш ўрнига 14 гектар ерда фермер хўжалиги йўналишида фаолият кўрсатиши ҳақида тавсия қилиниб қарор чиқарилса бўлмасмиди?
  2. Агар фермер хўжалиги адолатли равишда тугатилса, иш ҳақлари тўла-тўкис тўланса фермер А. Тожибоев шунча йиллар давомида тиним билмай ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашармиди?..

Энг ёмони шуки “Умид” фермер хўжалиги каби ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниб, иқтисодий, маънавий зарар кўриб руҳан азоб чекканлар учун ким жавоб беради? Қолаверса, нотўғри чиқарилган, сохталаштирилган ҳужжатлар, ажримлар, қарорлар учун қонунларимизда жавобгарлик бор-ку! Шунча ташвиш, жараёнларни бошдан кечириб мақсадига етмаган фермер сўнгги умид, нажот билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га, Республика бош прокуратурасига мурожаат қилди. Лекин…

Бундай мисоллар, бундай хатолик­лар, яна очиқроқ айтадиган бўлсак, қайсики туман ҳокимига “ёқмайроқ” қолган ёхуд бошқа бировга ерни олиб қўйишга бўлган “қизиқиш” туфайли минг хил найранг, баҳоналар ўйлаб топилиб, қанча фермерлар сарсон-саргардон қилиниши, ҳа, бундай иллатлар роса болалаб кетган эди.

Худди шундай, мана ўша даврларда (хусусан, 1998-2001 йилларда) Избос­канда ҳоким бўлган Илҳом Собиров деган жанобнинг (ўтган йиллар давомида туманга қанча одам раҳбар бўлиб келиб-кетди! Й.И.) айби туфайли бир инсон шунча йилдан буён сарсон-саргардон.

“Асосий мақсад шуки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мус­таҳкамлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш зарур”. Президентимиз бу сўзларни бежиз таъкидламаганлар. Демак, адолат қидирганларнинг мурожаатларини ўрганиш, ҳал қилишда адолатсизликка йўл қўйилса, ҳеч ким таскин топмайди. Аммо халқимизда “ҳечдан кўра кеч” деган ҳикматли нақл бор.

Шундай экан, “Умид” фермер хўжалигига дахлдор бўлиб ингичка ичакдек чўзилиб келаётган бу муаммо ечимига нуқта қўйишнинг наҳотки иложи бўлмаса?!

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 2 =