Гўзал қиёфага кирган Миллий боғ
Янгича қиёфада очилган Ўзбекистон миллий боғи Тошкенти азимнинг биз яшаб турган Камолон дарвоза маҳалласига, ишхонамиз — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига жуда яқин жойда. Пиёда беш-ўн дақиқалик йўл.
Оқтепа анҳори бўйида қад ростлаган уйларимизни Адиблар шаҳарчаси десак бўлади. Сабаби Президент қарори асосида ёзувчи-шоирлар учун қурилган кўп қаватли еттита уйда Ёзувчилар уюшмасининг 100 нафардан ортиқ аъзоси яшайди. Имтиёзли ипотека кредити асосида 20 йил муддатга берилган бу хонадонлар ижарада ё кам хонали квартираларда яшаётган кўплаб адибларга бошпана бўлди. Ижодкорлар энди бу уйларда яшашяпти, янги-янги асарларини ёзишяпти.
Бу бахтли инсонлар орасида мен ҳам борман. Уч хонали квартирамизда аёлим, ўғлим, синглим ва укам билан яшайман. Аёлим Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистранти, синглим Тошкент тиббиёт академияси талабаси, укам Абдулла Қодирий ижод мактаби ўқувчиси.
Ўғлим янги уйларнинг биринчи қаватида жойлашган болалар боғчасига боради.
Мен ишлаётган жой – Адиблар хиёбони ҳудудидаги Ёзувчилар уюшмаси биноси эса Миллий боғ билан ёнма-ён жойлашган. Тошкент шаҳар тарихи музейи, “Сеҳрли шаҳарча” (“Magic сity”) кўнгилочар маркази ҳам шундоқ яқинимизда. Ишдан бўш вақтларимизда касбдошлар билан бу жойларни айланамиз. Адиблар хиёбонидаги марҳум адиблар ҳайкалларини томоша қиламиз.
Боғ ҳудуди ё унга ёндош жойларда қилинган бу каби масканлардан сўнг Миллий боғнинг тақдири нима бўлар экан деган хавотирим ҳам йўқ эмасди? Ҳайрият, боғ қайта қиёфа касб этди.
Шу йилнинг 27 август куни давлат раҳбари Ўзбекистон миллий боғида қилинган ишларни бориб кўрди, нуронийлар, адабиёт ва санъат аҳли билан суҳбатлашди. Буни оммавий ахборот воситаларидан кўрдик.
Президентнинг: “Бугун шаҳарларимизда бўлаётган ўзгаришлар яхши, лекин қадриятларимизни эъзозлаш, хотира ҳам керак”, дегани янада хурсанд қилди. Чунки замонавий шаҳарсозлик аввалги Тошкент қиёфасига путур етказмаслиги шарт. Шусиз ҳам аввалги Тошкентнинг кўп бинолари бузилиб кетди.
Тарихга бир назар солинг. Узоқ йиллардан бери Тошкентнинг энг машҳур жойи ва рамзи бўлган бу боққа келган одамлар мириқиб сайр қиларди. Талабаларнинг энг эсда қоларли дамлари шу ерда ўтарди, ахир. Адиблар эса кўркам табиатдан илҳом оларди. Энди бу ерда бемалол шеърият, китобхонлик кечаларини, китоб тақдимотларини ўтказиш, мазмунли концертлар қўйиш мумкин. Шу йўл билан келганларни адабиётга, санъатга ошно қилса бўлади. Шунда тарих билан бугунги кун уйғунлашади.
Мени боғдаги яна икки жиҳат жуда хурсанд қилди. Жами майдони 40 минг квадрат метр бўлган кўл қайта тикланибди. Ажойиб! Сув сизмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилибди. Худди ривожланган мамлакатлардаги каби. Қирғоқлар тартибга келтирилиб, чўмилиш ҳавзаси ташкил этилибди. Мингдан зиёд дарахт, 200 мингга яқин бута кўчатлари экилибди. Бу хайрли ишлар нафақат мени, балки бутун пойтахтимиз аҳлини, табиатни севувчи бошқа юртдошларимизни ҳам хурсанд қилаётганига шубҳа йўқ.
1932 йилда ҳашар йўли билан қурилган, энди эса замон билан уйғунлаштирилган бу масканни бориб кўриб завқландим. Жудаям сўлим ва сокин гўша бўлибди. “Маҳаллада дув-дув” фильмидаги ўша машҳур “Гўзал Тошкент” қўшиғи янграб турибди. Энди боққа оилам билан бормоқчиман. Чунки у ерда дам олиш учун ҳамма шароитлар яратилибди. Боғда нафақат сайр қилиш, балки овқатланиш, шахмат-шашка ва теннис ўйнаш, велосипед ҳайдаш ҳам мумкин экан. Айниқса, мени боғдаги пиёдалар йўлаги кўпроқ қизиқтирди. Сабаби йил бошидан бери ҳар куни 10 000 қадам юраман ва буни бошқаларга ҳам тарғиб қилиб келаман. Энди ушбу боғ ҳам менинг пиёда юрадиган масканларимдан бирига айланади.
Хуллас, бир ёш ижодкор ўлароқ бу каби хайрли ишлардан жудаям миннатдор бўлдим. Нафақат Тошкентимиз, балки бутун Ўзбекистонимиз бундан-да гўзал қиёфага киришини, дунёдаги энг кўркам юртга айланишини истайман. Бунга ишонаман ҳам.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати раҳбари