Данғара йўллари

Йўл қурмоқ – улуғ иш, савоб амал, дейилади муқаддас китобларда. Ҳа, йўллар шаҳару қишлоқларни, айтиш жоиз бўлса, кўнгилларни бир-бири билан боғлайди, текис ва равон йўллар эса дилларни хушнуд этади. Ҳар бир мамлакат ва ҳудуднинг тарақ­қиёти, одамларининг яшаш тарзи ва кайфияти айнан шу манзилдаги йўллар сифатига қараб баҳоланиши ҳам бор гап.

Бугун Фарғона вилояти Данғара туманига келган одам борки, бу ердаги бунёдкорлик ва ободончиликни кўриб, бир ҳайратига ўн ҳайрат қўшилади, турли соҳа фидойилари меҳнатига тасанно айтади. Айниқса, кейинги йилларда туман “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси амалга оширган ишлар таҳсинга сазовор.

Туман марказининг шундоқ биқинидаги Увайсий маҳалласи йўллари турли сабабларга кўра кўп йиллардан буён таъмирланмай келинарди. Абгор ҳолатга келиб қолган маҳалла кўчалари айни кунларда асфальтлаштириляпти. Эътиборлиси, 2 км. масофадаги ички йўллар кенгайтирилиб, замонавий инфратузилма асосида янгича қиёфа касб этяпти. Эски симёғочлар ўрнига темир-бетонли таянч устунлар ўрнатилиб, кўчани ёритиш учун алоҳида тармоқ тортиляпти. Йўлнинг икки томонига гулу райҳонлар экиш учун жой ташланиб, пиёдалар ва велосипед йўлаклари тайёр ҳолга келтирилмоқда. Маҳалла кўчалари тўлиқ асфальтлаштирилиши, шу билан бирга, электр, сув тармоқларини тортиш ишлари Истиқлолимизнинг 31 йиллиги байрамида элдошларимизга туҳфа бўлди.

— Гарчи туман марказида яшасак-да, кўчаларимизнинг аҳволидан кайфиятимиз тушиб кетарди, — дейди Деҳқонбой Алимсаидов. — Йўлсозларга, туман раҳбарларига минг раҳмат, кўчаларимиз бутунлай янги кўринишга келяпти. Туман электр тармоқлари корхонаси, “Сувоқова”, Ободонлаштириш ташкилотлари мутасаддилари ҳам ҳар куни шу ерда. Халқимиз фаровонлиги йўлида тиним билишмаяпти.

Данғаранинг “Қашқар” ва “Истиқлол” МФЙларида ҳам “Обод қишлоқ” дастури асосида ободонлаштириш ишлари кетаяпти. “Қашқар” МФЙ.да жами 4 км. масофада цементо-бетон йўл, 3 км. асфальтбетон йўл қурилиши, 10,2 км. масофадаги йўлларга шағал ётқизиш ишлари белгиланган бўлса, “Истиқлол” МФЙда жами 12,5 км. асфальтбетон йўл қуриш ва 6,4 км. ички йўлларга шағал тўкиш юмушлари давом этмоқда.

— Иккала қишлоқнинг жами 36 км. масофадаги ички йўлларини тўлиқ таъмирлаш ва замонавий кўринишга келтириш кўзда тутилган, бунинг учун 11 295 млн. сўм маблағ ажратилган, — дейди Данғара туман “Йўллардан фойдаланиш” УК директори Зарифжон Назиров. – Шунингдек, захира маблағлари эвазига қўшимча қурилиш-монтаж ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг олти ойи давомида йўл қурилиши соҳасида салмоқли ишлар қилинди. Юртимиз ободлиги ва халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Бундан ташқари, туман ҳудудидаги умумфойдаланувдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларининг 154 км. қисми асфальтбетон қоришмаси ёрдамида таъмирланди. Давлат аҳамиятидаги 4Р-150 “Қўқон-Мулкобод-Гулбоғ-Пунгон”, маҳаллий аҳамиятдаги 4К-889 “Қўқон-Қирқлар-Оқжар”, “Кичик Оқтепа қишлоғига кириш” ва “Данғара шаҳарчасига кириш”, 4Н-957 “Собиржон-Ганжиравон” автомобиль йўллари четига 5,6 км. масофада пиёдалар йўлакчаси қурилди, 4Р-126 “Балиқчи-Мингбулоқ-Жомашўй-Пунгон”, 4Р-150 “Қўқон-Мулкобод-Гулбоғ-Пунгон”, 4К-888б   “Қумқиялига кириш” авто­йўлларига 55 дона ҳаракат хавфсизлиги учун йўналтирувчи устунчалар ўрнатилди.

“Очиқ бюджет” портали орқали йўналтирилган маблағлар эвазига Яшик, Манғит, Қора Кўрпа, Қашқарлик, Навбаҳор, Санам МФЙлардаги кўчалар тўлиқ асфальт қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Кейинги пайтда йўлсозликда ҳам инновацион ва тежамкор технологияларни қўллашга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, ҳар бир йўлнинг хусусиятига қараб, мос аралашмадаги қопламалардан фойдаланилмоқда. Шунингдек, йўллар четига кўкаламзорлаштириш объектлари, вело ва пиёдалар йўлаклари, тунги ёритиш мосламалари ўрнатилмоқда. Буларнинг барчаси одамларимиз олқишига, шунингдек, юртимизга келаётган сайёҳлар таҳсинига сазовор бўлмоқда.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 5 =