Бойларнинг боласи…

Бир одам ҳаёти давомида қайсидир масала бўйича бирор қийинчиликка дуч келиб, не-не машаққатлар билан унга ечим топдими, албатта Яратганга шукрона келтириб, бошқа яқинлари унингдек қийналмаслигини истайди. Кўрган-кечирганларидан келиб чиқиб, худди у каби қийинчи­ликларга учраган одамларга (ҳатто бегона бўлса ҳам) ёрдам бергиси келаверади. Ўзича маслаҳат қилади, йўл-йўриқ кўрсатади.

Масалан, ўқишга имкони бўлмаган одам ўзидан кейинги укалари, нари борса фарзандларини зиёли бўлишини чин дилдан истайди. “Мен ўқий олмадим, болаларим ўқисин”, деб ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам уради. Талабалик даврида ўқишга бепарво бўлгани боис диплом олганидан кейин ҳам иш топа олмаётганлар эса ўзининг хатолари бошқаларда такрорланмаслигига тиришади.

Мен ҳам қийинчиликлар билан талаба бўлганлигим туфайли укамни ўқиши учун ҳар қандай шароитни яратиб беришга тайёрман. Бир пайтлар олий ўқув юртига тайёрланиш учун арзимаган пулни топа олмай қийналганим учунми, ҳамма нарсани укамга бекаму-кўст қилиб берай дейман-у лекин укам ҳеч қулоқ солай демайди. Ўқимайдимас ўқийди, бироқ ёз вақти турли майда ишларда (дўконда, ошхонада, телефон устахоналарида) ишлаб, ўқув йили бошланганда репетиторга қатнайди. Қўй, укам бу ишларингни ташла. Ёзда ҳам ўзинг мустақил ўқиб, олийгоҳга тайёрланавер деб қанча жон куйдирмай, ўз билганини қилаверади.

Ҳар гал уйимизга борганимда шу хусусда кўп тортишамиз. Ҳамма нарсанг етарли бўлса, кийим-кечагингни рисоладагидек қилиб бераётган бўлсак, репетиторингни ҳам ойма-ой пулини берамиз деяпмиз, мунча ўжарлик қилмасанг деб ўзимча дакки бераверардим. Негаки мен ҳам худди унингдек ёз ойлари ишлаб, ўқув йили бошланганда ўқирдим. Балки шу сабабли олийгоҳга яхши тайёргарлик кўра олмай 2 йил кетма-кет имтиҳондан йиқилгандирман.

Укам мени бу гапларимни тинглаб, бўпти, хўп дейди-ю яна ўз билганидан қолмасди. Аммо бу сафар ундай бўлмади. Гапларим жонидан ўтибдими, ака биламан, мени ўйлаб меҳрибонлик қилаяпсиз. Ўзингиз қанча қийналганингизни ҳам биламан, лекин мен ҳам ҳамма нарсага ўз кучим билан эришай. Илтимос, тўсқинлик қилманг. Сиз бугун анча нарсага эришдингиз, аммо булар сиз кўп қийинчилик кўрганингиз сабабли эмасми?

Очиғи, укамнинг бу ноодатий жавобидан музладим, уялдим. Негаки унинг “ҳамма нарсага ўз кучим билан эришаман” деган гапларини сира кутмаганлигим учунми қотиб қолдим. У билан ҳисоблашмай ўзимча унга меҳрибонлик қилганим учун уялдим. Менинг ёрдамимни рад қилиб, ҳамма нарсага худди мендек тенгдошларидан ортда қолиб эришиши мумкинлигини ўйлаб сиқилдим. Аммо энди укамга ёш болага қарагандек қарамай қўйдим. Ростдан ҳам у анчайин улға­йибди, сезмаб­ман.

Шу топда маҳалламиздаги бир бадавлат қўшнимиз билан бўлган суҳбатни эсладим. У ҳам ўғилларини ўзи ўқитиб, иш жойини ҳам ўзи тайин қилиб, ўзи уйлаб, жойлаб қўйганди. Савдо майдонлари, ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам ўғилларининг ихтиёрига бериб ўзи нафақага чиққанди. Бир йил бўлдими-йўқми ўғиллар отаси бутун умри давомида йиғганлари, қийналиб топганларининг барини ҳавога совуришди.

Шунда ўша киши менга дардини айтиб, “ўғлим, сен шунақа нарсаларни ёзиб юрасан-ку, мени ҳам калтабинлигимни ёзгин, зора кимгадир фойдаси тегса” деганди.

Одам ўзига етарлича бўлиб олдими нафси ҳакалак отиб фарзандларимга, набираларимга деб мол йиғишда давом этавермаслик керак экан. Ахир, фарзандлар ҳам ўзи учун нимадир қилиши керак-ку! Улар учун ҳам болалигидан ҳамма нарсани муҳайё қилиб бераверсак, ақли бори-ку, ўзим ҳам нимадир қилай дер, аммо берсанг индамай олаверадигани танбалликка ўрганиб қолмайдими?

Демак, ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Ҳатто яқинларга ва фарзандларга бўлган кўмакнинг ҳам.

Авваллари бадавлат оила фарзандларига ҳавас билан боққан пайтларим ҳам бўлган, яширмайман. Энди бўлса, очиғи ўз кучи, меҳнати билан эришмаганларга ким бўлса ҳам ҳавас қилмайман, ачинаман. Негаки, ҳар ким ҳам қай даражага эришмасин, уни ўз меҳнати, билими, ҳаракати билан қўлга киритса ярашиқли бўлса керак, деб ўйлайман.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =