Холислик — андишасизлик эмас!

Гапни энг оммавий, доим эл назари олдида бўлган телевидениедан бошласам. Ҳақиқатан, ҳаётимизни телевидениесиз тасаввур этиш қийин. Инсониятнинг буюк кашфиётларидан бири бўлган “Ойнаи жаҳон” бугунги кунга келиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Тележурналистика журналистиканинг муҳим йўналиши сифатида ҳаётимиздан муқим ўрин эгаллаган. Ҳақиқатан, турли-туман кўрсатувлар, рекламалар, сериаллар экрандан тушмайди. Соҳада кўплаб таниқли, тажрибали касбдош­ларимиз фаолият юритиб, уни ривожлантириш, янги имкониятларни излаб топишда фидойилик кўрсатмоқдалар.

Бугунги тележурналистикани эса бошловчисиз, сухандонсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо маънавий ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлган тележурналистикада ҳам бир қатор муаммолар бор: айниқса, бошловчиларнинг ва тележурналистларнинг тил ғариблиги сезилади.

Яқинда “Ўзбекистон-24” каналида бир ёш бош­ловчи сўзамоллигини намойиш этмоқчи бўлдими, “биринчи план”да унинг ўзи намоён бўлди. Одатда суҳбат жанрида суҳбатдошга кўпроқ эътибор қаратилади. Ушбу кўрсатувда эса суҳбатдош мухбирнинг бир неча саволига ярим-ёрти жавоб бериш билан чекланди. Ёш ҳамкасбим негадир жўн, оддий саволларни қалаштириб ташлади.

Оқибатда кўрсатув учун танланган мавзу, унинг иштирокчиси томонидан очилмай қолди.

Бундай “думбул” лавҳалар, кўрсатувлар ҳар бир телеканалда учрайди.

Соҳамизнинг “кекса” йўналишларидан бири, радиожурналистика ушбу йўналишда сўз маъноси, талаффуз меъёри асосий ўрин эгаллайди. Бироқ сўзни такрор-такрор тилга олиш, ноўрин таъриф ва ўхшатмалар кўп учрайди.

Яқинда қизиқчилардан иккитаси қандайдир эшиттиришни эфирга узатишди. Уларнинг она тилимизга эътиборсизлиги шунчалик ғашга тегдики, беихтиёр радиони “ўчириб” қўйгим келди. Улар бачкана, ҳаттоки ҳаёсиз сўзларни ҳам ишлатишдан чўчишмади.

Тошкентча шевада “вотти”лаб сўзлашиш телевидение ва радиода одатга айланган. Қизиқчилар суҳбатидан бирон-бир маънони уқиш осон бўлмади. Шундай қўпол, ножўя ўхшатишларни Тошкент шевасида “қойиллатиб” эфирга узатишди. Ўша эшиттиришнинг муҳаррири қаерга қараяпти, деган савол туғилади. Телерадиожурналистлар, бошловчиларнинг кўпчилиги “шева касаллиги”га чалинган. Адабий тилда эмас, шевада сўзлаш кўрсатув ва эшиттиришнинг таъсирчанлигини оширмайди-ку!

Ижтимоий тармоқдаги яшин тезлигида тарқалаётган хабарлар узоқ-яқин масофаларни ҳам бир неча сонияда босиб ўтиб, сиз ва бизга етиб келади.

Ахборот тарқатишнинг бу усули журналистикада янги йўналиш ҳисобланади. Бугун бу соҳага қўл урмаган журналист қолмади, ҳисоб. Бироқ интернет журналистикасида ҳам тилга эътиборсизлик, адабий тил мезонларига беписандлик сезилиб туради. Албатта, шов-шувли хабарнинг бозори чаққон бўлади. Интернет журналистикасининг таҳлил ва услубдан йироқлиги соҳанинг жиддий камчилигидир. Камчиликни ўзимиз яратмоқдамиз. Ҳаттоки, бирон-бир воқеа, ҳодиса ҳақида бошқаларни тезроқ хабардор қилиш мақсадида таҳлилга, ўрганишга эътибор қаратмаймиз. Оқибатда бугун интернет тармоқларини “палағда шов-шув”лар босиб кетди.

Холислик – андишасизлик эмас-ку!

Давр тўқмоғи босма нашрлар бошида синаётганлиги бор гап. Ижтимоий, молиявий қийинчиликлар босма нашрларга жиддий хавф солмоқда.

Яқинда туман газеталаридан бирининг муҳаррири жамоасида ёш кадрлар йўқлиги, барча ижодий ходимлар нафақа ёшидан ўтганлигини ёзғириб қолди. Бу — бор гап. Ёшлар негадир бугун тележурналистика ва интернет журналистикаси йўлини танлашмоқда. Балки тезроқ кўзга кўриниш учун бу соҳаларда имконият кенгроқдир. Нима бўлганда ҳам бизнингча ёш кадрлар босма нашрлар чиғириғидан ўтиб, тажриба тўпласалар эртага соҳанинг барча йўналишларида эркин фаолият юритиш имконига эга бўладилар. Босма нашрнинг бошқа турдош ахборот нашрларидан устунлик томони бор. Бунда мавзуни чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, хулоса чиқариш имконияти катта.

Хуллас, бугунги ёш ҳамкасбларим орасида тезроқ танилиш, ўз қиёфасини яратишга бўлган иштиёқ кучли. Бу нарса эҳтимол яхшидир. Аммо минг афсуски, бу иштиёқ ўқиш-изланиш билан ҳамоҳанг ҳолда олиб борилмаяпти. Сабаби маълум: тезроқ ном чиқариш, машҳур бўлиш. Пала-партиш, таҳлилдан йироқ, таҳрирталаб эшиттириш, кўрсатув ва мақолалар кун сайин кўпаймоқда. Афсуски, юлдузлик касали баъзи ҳавойи хонандалардан айрим ҳамкасбларимизга юқмоқда, шекилли…

Бу фикрларни сизлар билан ўртоқлашишдан мақсадим асло кимларнидир танқид қилиш эмас. Фақат ўз касбимизга фидойи бўлган ҳолда фаолият юритсак, ўйнаб ёзсак ҳам ўйлаб ёзайлик, демоқчиман. Кейин ахборот майдонида танлов жараёни қийин кечади.

Қувондиқ ХАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Самарқанд” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + nine =